69

Айиқ аяган қизалоқни онаси ўлдирди

Бу хабарни эшитиб, юрагим санчиди. Чунки мен фақат болалар ва ҳайвонларнигина жуда яхши кўраман. Айнан улар энг заиф қатлам…
Охирги пайтларда юртимизда содир бўлаётган баъзи воқеалар инсонни ларзага солади. Энг ачинарлиси — бундай ҳолатлар ортида эътиборсизлик,, етарли назоратнинг йўқлиги ва тизимли ёндашув етишмаслиги ётибди.
2 август куни Тошкент вилоятида рўй берган воқеа — 34 ёшли аёлнинг 7 ёшли қизига нисбатан содир этган жинояти — бунга мисол. Қизалоқ мактабга энди қадам қўйган, ҳаётининг бошида эди. Лекин афсуски, она деб аталмиш инсон томонидан ҳаётдан кўз юмди.
Маълум бўлишича, бу аёл 2022 йилдан буён психоневрология диспансерида рўйхатда бўлган ва яқинда унга уй шароитида даволаниш рухсат этилган. Демак, савол туғилади:
назорат қайда эди?
Бу биринчи ҳолат эмас. 2022 йилда Тошкент ҳайвонот боғида ўша аёл ўз 3 ёшли қизини айиқ қафасига ташлаб юборган эди. Бу ҳолатдан сўнг жамоатчилик қўзғалди, аммо кўрилаётган чоралар натижа бермади, шекилли
Шахсий фикримча, бу фожиаларга сабаб бўлаётган асосий омиллар қуйидагилар:
Руҳий касаллар устидан тизимли назоратнинг йўқлиги;
Улар жамиятга қайтарилаётганда хавфсизлик кафолатининг таъминланмагани;
Даволаш, профилактика ва реабилитация жараёнларида ташкилотлар ўртасида ҳамкорликнинг заифлиги.
Мени энг кўп ўйлантирадиган жиҳат – бу фақатгина бир оила ёки бир шахснинг муаммоси эмас, балки бутун жамият учун хатар эканидир. Руҳий хасталик – бу жиноят эмас, лекин унга етарли эътибор берилмаса, оқибатлари жиноятдан ҳам оғир бўлиши мумкин.

Болалар хавфсизлиги эса — муқаддас бурч. Бу масалада “балки”, “негизда”, “кейин” деган тушунчаларга ўрин йўқ.
Айниқса, менинг юрагимни эзадиган жиҳат — айиқ ЗуЗу қизалоққа зарар етказмаган бўлса-да, она деб аталган инсон ўз фарзандига нисбатан қотиллик қилгани. Бу — инсонийликнинг эмас, тизимдаги муаммонинг аянчли мисолидир.
Хулоса сифатида айтаман:
Агар жамият, давлат, маҳалла, тиббиёт тизими сифатида бу муаммоларга жиддий қарамаса, эртага бунданда каттароқ фожиалар гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Наргис Қосимова

Улашинг: