Аннотация:
Мақолада яшил иқтисодиётнинг назарий асослари ва унинг жаҳон ҳамжамиятидаги аҳамияти ёритилган. Асосий тамойиллар сифатида ресурслардан барқарор фойдаланиш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, ижтимоий адолат ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар таҳлил этилган. Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ташаббуслар мисолида барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш истиқболлари кўрсатилган. Мақола соғлом муҳит ва фаровон жамият қуришда яшил иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятини очиб беради.
Калит сўзлар:
яшил иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, биохилма-хиллик, қайта тикланувчи энергия, атроф-муҳит муҳофазаси, инновация, ижтимоий адолат, иқтисодий ўсиш.
Кириш
Сўнгги йилларда глобал экологик муаммоларнинг кескинлашуви бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам барқарор иқтисодий ривожланишнинг янги йўналишини излаш заруратини туғдирди. Атроф-муҳит ифлосланиши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларнинг чекланганлиги иқтисодий сиёсатда экологик ёндашувларни кучайтиришни талаб қилмоқда. Шу асосда “яшил иқтисодиёт” концепцияси барқарор ривожланишнинг амалий механизми сифатида кўриб чиқилмоқда [1;2]. “Яшил иқтисодиёт” барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни айланма иқтисодиёт тамойили асосида қайта ишлаш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашни назарда тутади. Бу иқтисодий модель фақат иқтисодий самарадорлик эмас, балки ижтимоий адолат ва экологик хавфларни минималлаштиришни устувор қилади [3].
Методлар. Ушбу мақолада яшил иқтисодиёт концепцияси бўйича илмий адабиётлар, халқаро ташкилотлар ҳисоботлари ва Ўзбекистон қонунчилиги таҳлил қилинди. Манбалар сифатида БМТнинг атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш бўйича маърузалари [4], UNEPнинг расмий таърифлари [5], миллий қонунчилик ҳужжатлари [6] ҳамда иқтисодий-экологик назариялар бўйича илмий ишлар [7;8] асос қилиб олинди. Таҳлилда қиёсий метод, назарий таҳлил ва концептуал моделлаштириш усулларидан фойдаланилди. Шунингдек, тадқиқотда қонунчилик ҳужжатлари ва давлат стратегиялари таҳлили, 2019–2024 йилларда қабул қилинган Президент қарорлари ва фармонлари, соҳавий дастурлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳисоботларига таянилди. Сиёсат таҳлили усулида миллий стратегиялар самарадорлиги баҳоланди. Шунингдек, яшил иқтисодиёт соҳасида жорий этилган механизмлар (яшил кредитлар, сертификатлар, онлайн мониторинг тизимлари)даги тажрибалар солиштирма таҳлил қилинди.
Натижалар.
- Яшил иқтисодиёт таърифи ва тарихий ривожланиши. “Яшил иқтисодиёт” атамаси илк маротаба 1989 йилда Девид Пирс, Эдвард Барбиер ва Анил Маркандя томонидан “Blueprint for a Green Economy” ҳисоботида киритилган [8]. 2009 йилда UNEP уни қуйидагича таърифлади:
“Яшил иқтисодиёт” – товар ва хизматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнида келажак авлодни экологик хавф ва ресурс танқислигига дучор қилмайдиган, узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминловчи иқтисодий тизим. [5] БМТнинг 1987 йилдаги “Бизнинг умумий келажагимиз” маърузасида барқарор ривожланиш концепцияси илк бор илмий асосланган [4], унда “ҳозирги авлод эҳтиёжларини қондириш келгуси авлод имкониятларига зарар етказмаслиги лозим” деган асосий ғоя илгари сурилган.
- Яшил иқтисодиёт назариясининг асосий аксиомалари [8]:
- Чекланган маконда таъсир доирасини чексиз кенгайтириш мумкин эмас.
- Чекланган ресурслардан чексиз ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш мумкин эмас.
- Ердаги барча жараёнлар бир-бирига боғланган.
- Яшил иқтисодиёт тамойиллари ва амалиёт йўналишлари
№ | Тамойил | Моҳият | Амалиёт мисоллари |
1 | Ресурслардан барқарор фойдаланиш | Табиий ресурсларни тежамкор ва оқилона бошқариш | Қайта тикланадиган энергия, айланма иқтисодиёт, сув тежаш |
2 | Иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш | Иқлим ўзгаришига қарши кураш | Кам углеродли энергетика, жамоат транспорти ривожи |
3 | Биохилма-хилликни сақлаш | Экотизимлар барқарорлигини таъминлаш | Қўриқхоналар, тикланиш дастурлари |
4 | Ижтимоий адолат ва инклюзия | Барча аҳоли қатламлари учун ресурсларга тенг фойдаланиш | “Яшил” иш ўринлари, таълим ва қайта тайёрлаш |
5 | Инновациялар ва бизнес қўллаб-қувватлови | Янги технологияларни жорий этиш | Яшил стартаплар, технология трансфери |
6 | Экологик харажатларни ҳисобга олиш | Иқтисодий қарорларда экологик омилларни ҳисобга олиш | Яшил солиқлар, экологик стандартлар |
Ўзбекистонда яшил иқтисодиёт ривожланиши
Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт” ғоялари давлат сиёсатида кенг жорий этилмоқда. Масалан, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳар бир кесилган дарахт учун 100 туп дарахт экиш ва уч йил парвариш қилиш мажбурияти белгиланган [6]. Шунингдек, мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбаларини кенгайтириш, экологик транспорт турларини ривожлантириш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дастурлар амалга оширилди.
Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда муҳим қадамлар амалга оширилмоқда. Биринчи навбатда, ҳуқуқий асосларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йилда “Яшил иқтисодиёт стратегияси” (ПҚ-4477) қабул қилиниб, соҳани барқарор ривожлантириш учун йўл харитаси белгиланди. Шунингдек, 2024 йилда “Энергияни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонун тасдиқланди. Чиқиндиларни қайта ишлаш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва қурилиш соҳасида янги экологик стандартларни жорий этиш бўйича ҳам қатор қарорлар қабул қилинди.
Энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатда қайта тикланувчи энергия улушини 25 фоиздан ортиқ даражага етказиш режалаштирилган. Шу мақсадда “Яшил энергия” сертификатлари тизими ишга туширилиб, соҳага янги инвестицияларни жалб қилиш имконияти яратилмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш тизимида ҳам янги қадамлар ташланди. Мамлакатда қайта ишлаш корхоналари сони кўпайиб, автоматлаштирилган мониторинг тизимлари жорий қилинди. Бу эса чиқиндиларни қайта ишлаш самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқаришда барқарор ёндашувлар ривожланмоқда. Замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва агротехникада экологик талабларга асосланган усулларни қўллаш орқали сув сарфини қисқартириш ҳамда ердан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, яшил молиялаштириш тизимини ривожлантириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда банк тизимида яшил кредитлар ва молиялаштириш инструментлари жорий этилиб, экологик тоза технологияларни қўллаб-қувватлаш ва яшил иқтисодиётни молиялаштириш имкониятлари кенгайди. Бу каби ислоҳотлар мамлакатда барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда экологик хавфсизликни кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама.
Яшил иқтисодиёт анъанавий иқтисодий моделлардан фарқли равишда табиий капитални чекланган ресурс сифатида баҳолайди ва иқтисодий ривожланиш жараёнида экологик барқарорликни таъминлашни устувор вазифа сифатида қўяди. Бу ёндашув барқарор ривожланишнинг уч асосий устунини – иқтисодий самарадорлик, ижтимоий адолат ва экологик хавфсизликни уйғун ҳолда амалга оширишга интилади [7]. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, яшил иқтисодиётга ўтиш иқтисодий ўсишни секинлаштирмасдан, балки инновациялар, ресурсларни тежаш ва янги технологияларни жорий этиш орқали самарадорликни оширади, рақобатбардошликни кучайтиради ва янги иш ўринлари яратишга имкон беради.
Шунингдек, яшил иқтисодиёт концепцияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ресурслардан самарали фойдаланиш орқали узоқ муддатли барқарор тараққиётга хизмат қилади. Масалан, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш фақатгина углерод чиқиндиларини камайтириш билан чекланмайди, балки мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва ташқи манбаларга бўлган боғлиқликни пасайтиради. Бу эса миллий иқтисодиётни барқарорлаштиришда муҳим омил ҳисобланади.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки каби институтлар яшил иқтисодиётга ўтишни глобал барқарорликка эришишнинг асосий шарти сифатида эътироф этади. Яшил молия инструментлари ва инвестициялар соҳа ривожланишининг драйверига айланиб бормоқда. Инновацион технологиялар асосидаги яшил лойиҳалар нафақат экологик фойда келтиради, балки иқтисодий диверсификацияга ҳам ҳисса қўшади.
Ўзбекистон мисолида ҳам яшил иқтисодиётни жорий этиш миллий ривожланиш стратегияларининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Давлат даражасида қабул қилинган қонунлар ва қарорлар, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорликнинг кучайиши мамлакатда ресурс тежамкор технологияларни жорий этишга, қайта тикланувчи энергия салоҳиятидан самарали фойдаланишга ва экологик маданиятни оширишга хизмат қилмоқда.
Умуман, яшил иқтисодиётга ўтиш мамлакат иқтисодиётини инновация ва технологияларга асосланган, экологик хавфсиз ва ижтимоий адолатли йўлда ривожлантириш имконини беради. Бу жараён иқтисодий ўсиш ва табиий ресурслар ўртасидаги мувозанатни сақлаш орқали келажак авлодлар учун соғлом ва барқарор муҳит яратишга қаратилган.
Хулоса.
Яшил иқтисодиёт атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали барқарор ривожланишга эришишга қаратилган глобал иқтисодий стратегиядир. Унинг тамойиллари ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини тубдан ўзгартириб, иқтисодий ўсишни экологик хавфларни минималлаштириш билан уйғунлаштиришни талаб қилади. Ўзбекистон учун бу модель иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий капитални сақлаш ва иқтисодиётни модернизация қилишнинг асосий йўналиши бўлиб хизмат қилади.
Манбалар
- Обеспечение устойчивого будущего. Project Syndicate. https://www.project-syndicate.org/commentary/the-elders-climate-change-development-goals-by-gro-harlem-brundtland-and-graca-machel-2015-09/russian
- Протасов В.Ф. Экология, здоровье и охрана окружающей среды в России. https://ru-ecology.info
- UN World Commission on Environment and Development. Our Common Future, 2020.
- Green Economy. https://www.unep.org/ru/temy/zelenaya-ekonomika
- 2019 — 2030 йиллардаврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 04.10.2019 йилдаги ПҚ-4477-сон. https://lex.uz/docs/4539502
- Глобальный «зеленый» новый курс : доклад UNEP / UNEP. –март. –42 c –URL: http://www.uncclearn.org/sites/www.uncclearn.org/files/inventory/UNEP90_RUS.pdf
- Кожевникова Т.М., Теракопов С.Г. (2013) «Зеленая экономика» как одно из направлений устойчивого развития”. Социально-экономические явления и процессы. № 3 (049)
- Нигматов А.Н. , Шивалдова Н.С. , Султанов Р.Н. Экологические аспекты устойчивого развития // Учебный курс лекций. – Т., 2003. – С. 15–18.
- Михайлова В. Зеленая экономика. https://forest-save.ru/esg-blog/zelenaya-ekonomika
- “Зеленая экономика”: сущность, принципы и перспективы. https://agriecomission.com/base/zelenaya-ekonomika-sushchnost-principy-i-perspektivy
- Протасов В.Ф. Экология, здоровье и охрана окружающей среды в России. https://ru-ecology.info/page/00054763700792906170006000010172/
Наргис Қосимова, ф.ф.д., профессор