74

1 млн. дозада  хитой-ўзбек вакцинаси Ўзбекистонга етиб келди

27 март куни  Ўзбекистон барча синовдан ўтказилган вакциналар ичида энг хавфсизи деб топилган  Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси Хитойдан 1 миллион дозада етиб келди. Бу Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.

Инновация вазирлиги ахборот хизматининг  хабарига кўра, Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган бўлиб, организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда, энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти олимлари Хитойнинг ZF2001 вакцинаси устидаги тадқиқотларни кенг кўламда ўтказилишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Амалга оширилган ишлар натижасида хитойлик ҳамкорларимиз Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилди ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилди. Бугунги кунда ZF-UZ-VAC2001 Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат рўйхатидан ўтказилган ягона вакцинадир ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Рўйхат рақами — DV/X 08646/03/21.

Бугунги кунга қадар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовларида етти мингдан зиёд киши эмланган бўлса, уларнинг ҳар биридаги ўзгаришлар тўла назорат қилиб борилмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бери олиб борилаётган мазкур тадқиқотлар давомида эмланган кўнгиллилар организмида вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари қайд этилмади. Мазкур вакцина ЖССТ талабларига мос ҳолда Ўзбекистонда III-фаза синов тадқиқотлари ўтаётган ягона вакциналиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тадқиқотчилар коронавируснинг «британча штамми» ва бошқа штаммларидан ҳам мазкур вакцина ёрдамида ҳимояланиш мумкинлигини қайд этмоқдалар. Негаки ZF-UZ-VAC2001 вакцина биотехнология усулида яратилган бўлиб, бунда вируснинг тожлари, яъни бўлакчалари кесиб олинади ва улар лаборатория шароитида кўпайтирилади.

 

Наргис Қосимова

 

Улашинг: