23

Шаҳар касалхонасида Дилобарга калтакланиш оқибатида унинг учта қовурғаси синганлиги, қандай қилиб у ҳали тик оёқда, ўзини тутиб юришига ҳайрон қолишганлигини айтишди….

Келинлик бахтини орзу қилмаган қизнинг ўзи бўлмаса керак. Дилобар ( исмлар ўзгартирилган) болалигидан камсуқум, камгап, меҳрибон қиз эди. Ҳаттоки синфдошлари унинг устидан бирор бир хатолиги учун кулишса ҳам,  индамай жилмайиб қўя қоларди. Кимдир эса ундан ёрдам сўраса, барча ишини ташлаб, ёрдамга ошиқарди. Шунинг учунми уни ўқитувчилари, қўни -қўшнилари ҳам яхши кўришар, баъзида опалари эса  Дилобарнинг бу феъл-атворидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, зиммаларига  юкланган уй ишларини  синглисининг “бўйнига илиб” қўя қолишарди.

Ҳеч кимга қарши сўз айтмаслиги, фикрини билдирмаслиги учунми  мактабни битиргач, Дилобарни қўшни маҳалладаги Собитхонга сўраб келишганида, қизнинг розилигини ҳам сўраб ўтирмай, узатишди. Дилобар турмуш ўртоғининг юзини илк маротаба фақат гўшангида  кўрди. Унгача тўйнинг югур-югури билан чарчаб, бунинг устига аммаю холаларининг хазиллашиб айтган қочирма гапларидан юзлари лов-лов ёнган, базмда ҳам уялиб, фақат ер чизиб ўтирганлиги боис ёнида ўтирган бўлажак эрига қарашга ботина олмаган эди.

Дилобар  китобларда кўп ўқиган, фильмларда кўрган биринчи висол кечасини энтикиб, юрагида қўрқув билан кутди. Аммо унинг ширин ҳаёллари, орзулари ўзи билмаган, танимаган, бунинг устига тўйда ичиб,  анчагина кайфи ошган эркакнинг қўпол ҳаракатлари натижасида вужудини қамраб олган оғриқ  остида  ҳар томонга тўзиб кетди.  Негадир юрагини ваҳима босди. Айнан ана шу қўрқув ҳисси уни кейинги кунлар ҳам тарк этмади.

Инсоннинг юраги, ҳис -туйғулари алдамайди.  Собитхон оилавий ҳаётнинг тўртинчи куниёқ қайнона-қайнотасининг кўнглини овлаш, уй ишлари, мол-ҳолга қарашга улгириш учун югуриб юрган хотинига қўл кўтарди. Сабаби эса эри  дастурхон атрофига ўтирганида,  Дилобар унинг устидан кулган эмиш.  Чарчоқдан оёқда зўрға турса ҳам,  янги оила аъзоларига жилмайиб қарашга ҳаракат қилаётган Дилобар эрининг устидан кулганини эслай олмади. Аммо ўз ётоқхоналарига киришганида бехосдан уни ҳақоратлаб, ўзига шапалоқ туширган эридан баттар қўрқа бошлади.

Аммо ҳақорат ва  шапалоқ “хамир учидан патир” эканлигини Дилобар қайдан билсин? Юзида эрининг панжаси қизариб қолган ўрнини упа билан беркитиб, намланган кўзларини артиб, яна уй ишларига шўнғиган Дилобар кечқурун, дўстлари билан ичиб келган Собитхонни кутиб олар экан, эрининг аҳволини кўриб, ичидан зил кетди.  Шоша -пиша хумрайган Собитхоннинг олдига дастурхон ёза бошлади.

-Ҳой ғорда туғилганмисан, эшикни ёпиб кирсанг ўласанми? Уй совуб кетдику….

Бир қўлида овқат, бир қўлида чойнакни кўтариб кирган Дилобар қўлидагиларни дастурхон устига қўйиб, эшикни зичлаб ёпишга ҳаракат қилди. Аммо анчадан бери таъмирталаб эшик яна қия очилди.

-Сенга айтаяпман, эшикни ёп деб, нима мени касал қилиб, ўлдирмоқчимисан?  Собитхон овозини баландлатиб, хунук сўкинди.

-Эшик ёпилмаяпти…

-Сен атайин қилаяпсан буни менинг жиғимга тегиш учун, ёп дедим.

Бу сафар ҳам ёпилган эшик  бир дақиқа ўтар-ўтмас  ғийқиллаб очилиши билан Собитхон ўрнидан сакраб туриб, Дилобарни ура кетди. Нима бўлганини англай олмаган келинчак, эрининг мушти зарбидан ерга йиқилди. Кўкрагига келиб тушган тепкилардан эса ҳушидан кетди.

Кўзини очганида қимирлашга ҳоли йўқ, бадани қақшаб оғрир, қайнонаси эса ўғлига бир нималар дерди.

Эрталаб иссиғи чиқиб, лов-лов ёнаётган, нафас олса кўксига уя қурган “типратикан” думалаб азоб беришидан ўрнидан ҳам тура олмади. Қайнонаси бир неча маротаба  ётоққа кириб, “ҳа келин кун ёйилиб кетди, дадангиз ишга кетади, чой қилмайсизми” дея чиқиб кетди. Амаллаб ўрнидан туриб, юзини чайганича ошхонага ўтган Дилобар зўрға нонушта тайёрлаб, дастурхон ёздида, ётоққа кириб, каравотга ўзини ташлади.

Ўғли ва эри ишга кетиб, келинининг  қайтиб уйидан чиқмаётганини кўрган Сожида опа, яна қайтиб ётоққа кирди.

-Ҳа келин, бу нима ётиш? Даструхонни йиғиб олмайсизми? Энди  эркак одам хотинига айтганини қилмасангиз қўл кўтаради, Мана мен ҳам юрибман, 30 йилдан буён ўлмай, дадангизнинг тепкиларини еб. Туринг, ётаверманг. Сигир ҳам эрталабдан букириб ётибди, соғилмай.

-Аяжон, илтимос, ҳамма ёғим оғриб кетаяпти. Бир пас ётай, Дилобар хўрлиги келиб йиғлаб юборди.

-Ҳозирги ёшлар нозик бўлиб кетган, келин олдинг нима, олмадинг нима? Ҳаммаси ўзини  тўйдан кейин тарозига солиб бошлайди. Қайнонаси жаврай-жаврай ташқарига чиқиб кетиб, кичик қизига бақиргани эшитилди. Оташ алангасида ёнаётган Дилобар қўл телефони жиринглаб, онасининг овозини эшитганида ўзини йиғидан тута олмади. Бўлган воқеани эшитиб, Диёра қизини кўргани қудасиникига югурди.

Шаҳар касалхонасида Дилобарга калтакланиш оқибатида унинг учта қовурғаси синганлиги, қандай қилиб у ҳали тик оёқда, ўзини тутиб юришига ҳайрон қолишганлигини айтишди.

Диёра қизининг аҳволига ачиниб йиғлаганича, қудасига қўнғироқ қилди. Аммо Сожида опа ўғлининг дуппослагани натижасида  келинига тан жароҳати етказилганлигини рад этиб, Дилобарнинг ўзини ношудликда айблади.

Диёра бўлган воқеа хусусида Наманган вилояти реабилитация  ва мослаштириш марказига ёрдам сўраб мурожаат қилганида, Марказ раҳбари Назира Рахимжонова аёлнинг кўз ёшларини тўхтата олмай, айтган дардини тинглади. Уни юпатиб, марказ ходимлари қўлларидан келганича ёрдамларини аямаслигини айтди. Марказнинг жамоатчи ҳуқуқшуноси  Юсуфхон Мусаев  билан Дилобарнинг аҳволи ўрганилгач,  ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилишга келинчак номидан ариза тайёрланди.  Албатта куёв томон ҳам жим тургани йўқ. Собитхон ўзини оқлаш учун анчагина елиб-югурди. Аммо Марказ ходимлари Дилобарга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун ишни судда кўрилишини талаб қилгач,  суд иши Дилобар фойдасига қарор чиқарди. Етказилган моддий ва маънавий зарар ундирилди, зўравон куёв эса  уч йил муддатга уй қамоғи жазосини олди.

Аёл киши эрнинг мулки эмас.   У ҳам тўлақонли ҳуқуқ ва эркинликлари  мавжуд, Ўзбекистоннинг фуқаросидир. Афсуски,  аксарият ҳолатда, уйлангач, аёл кишига нисбатан қулларча муносабатда бўлиш, шахсий мулк сифатида қараш аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам бундан мустасно эмас.  Шу сабабли, жамиятимизда гендер тенглик масалалари тарғиботини кенгроқ йўлга қўйиш, оилада қиз ва ўғил боланинг бир-бирига ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳимдир.

Наргис   Қосимова

Улашинг: