404

Туҳмат балоси…

«Яхши қиз маҳалласидан ортмайди” дейишади. Улар узоқроқ қариндош ҳам эдилар. Ота-оналари маъқул кўриб унаштирилдилар. Йигит қизни кичкиналигида кўрган бўлса, унинг бўйи етиб гўзаллашганини сезмай қолганди. Қизга ҳам йигит бир қарашдаёқ ёқди.  Турмуш қурдилар. Фарзандли бўлдилар.  Қумар (исмлар ўзгартирилган) чаққон келин эди. Ҳам уй ишларини қилиш, мол-ҳолга қараш, далага чиқиб, ўт юлиб келиш, болаларига эътибор қилиш, яъни ҳаммасига улгурарди. Бахтига қайнонаси ҳам оғир-вазмин бўлиб, чаққон келинидан хурсанд эди. Аммо асал тўла косани бир қошиқ қора мой булғатади деганидек, негадир қайнотаси Қумарни ҳеч ҳам чиқиштирмасди. Тохир Россияга ишга кетгач, эса Қумар ҳаттоки қайнотаси билан уйда ёлғиз қолишга ҳам қўрқа бошлади. Жунусбой ота  чой дамлаб кирган келинини сабабсиз ҳақорат қилиши, иссиқ чой тўла пиёлани унга қараб отиб юбориши ҳам мумкин эди. На Қумар, на қайнонаси  бунинг сабабини тушунмасдилар. Ўша куни қайнонаси қўшни қишлоққа  қариндошиникига тўйга кетди. Уйларини йиғиштириб, овқатга уннаган Қумар, ташқарида уни чақираётган қайнотасининг овозини эшитиб, ташқарига чиқди.

-Ота, чақирдингизми?

-Ҳа қулоғинг том битганми? Икки соатдан буён чақираман. Қўйларга нега қарамадинг?

-Эрталаб  ем солгандим, тушда яна бераман.

-Бақирганини эшитмаяпсанми? Сен атайин менинг жиғимга тегиш учун қиласан шу ишларни. Мени нима  Туроб шалпангни ўғли билан дон олишиб юрганингни билмайди дейсанми? Қишлоқда  юзимни ерга қаратдингку, ҳароми..

-Вой, нима деяяпсиз, ота?! Туҳмат қилманг. Уйдан кўчага бесуроқ чиқмасам, уй ишларидан ортмасам, қаердан чиқди бу гап…

Қумарни бошига биров гурзи билан туширгандек, жойида карахт бўлиб қолди. Меҳрибон қайнотасининг тўйдан бир йил ўтар ўтмас бутунлай тунини нега тескари кийиб олганини тушунгандек бўлди. Хўрлиги келди. Балки эри Тохир ёнида бўлганида шу туҳматларга қолмасмиди?  Туроб аканинг ўғли унга қизлигида бир неча маротаба оғиз солган, аммо Қумар унинг севгисини рад этган эди. Тўйидан бир кун олдин  Хуршид маст ҳолда унинг йўлини тўсиб, унга тегмаса, бутун умрини дўзахга айлантиришини айтиб, пўписа қилган эди. Эркакка ярашмаган  усул билан уч олибдида Хуршид Қумардан… Бу миш-мишлар, туҳматларга қандай чек қўяди?  Келажакда тўртта фарзандининг олдида, хорижда меҳнат қилаётган эри, ота-онаси, қариндош-уруғининг олдида ким деган одам бўлди энди?

Қумар бир сониянинг ичида ҳаёти остин-устин бўлиб,  бу денёда унинг яшашга ҳаққи йўқлигини, агар яшаса қалбининг тўридан жой олган инсонларининг юзини ерга қаратиши мумкинлигини ўйлаб, бир қарорга келди.  Ошхонага қайтиб кириб, ошпичоқни олдида, қўл томирига тиғ тортди. Келининг унинг гапини охиригача эшитмай, ошхонага югириб кирганини кўрган Жунусбой оға унинг ортидан кирдида, билагидан қон оқаетган,  уст-боши қонга беланган Қумарни кўриб, эси оғаёзди. Унинг бақирганига югуриб кирган қизига “Тез ёрдам” чақиришни айтиб, ўзи Қумарнинг билагини сочиқни йиртиб, қисиб боғлади.

Кўп қон юқотган Қумарнинг ҳаётини шифокорлар сақлаб қолишди.   Воқеадан  хабар топган ИИБ ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш маркази билан ҳамкорликда ҳолатни ўрганиб чиқишди, мавжуд миш-мишлар ёлғон эканлиги аниқланди. Аммо кучли стресс ҳолатига тушган Қумар уйга қайтишни истамас, қайнотасини ҳаттоки кўришга ҳам қўрқар эди.   Реабилитация ва мослаштириш марказининг психологи  Гулшат Бегдуллаева томонидан ўтказилган суҳбатлар натижасида Қумарнинг руҳияти тиклангач, у оиласининг бағрига қайтди.

Афсуски,  инсонни, айниқса  аёл  кишини қоралаш, нотўғри хатти-ҳаракатда айблаш жуда ҳам осон. Жамиятимиздаги мавжуд қотиб қолган қарашлар ҳам ушбу айбловларни уларнинг замирига боқмасдан, текширмасдан осонгина  қабул қилиб, қўшилишади. Оқибатда бир инсоннинг ҳаётига нуқта қўйилиши ҳеч гап эмас. Ҳикоямиз яхшилик билан якун топди, аммо бу каби туҳматлар натижасида ҳаёти барбод бўлганлар қанча?

Қадрли дўстлар сиз ҳам шундай ҳолатга дуч келганмисиз? Бизга ёзиб юборинг.

Наргис Қосимова

Улашинг: