36

Онаси  ундан меҳр кутган қизини шаҳарда яшовчи нотаниш эркак кишига бир хафтага сотиб юборди…

Инсон бу дунёга нима учун келади? Хўрланишгами? Кимгадир қул бўлишгами ёхуд бахтини излаб топиш учун сарсон бўлишгами? Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Иймона (исмлар ўзгартирилган) туғилганидан кўп ўтмай, онаси билан отаси ажрашиб кетишди. Айнан шу кундан бошлаб Иймона ҳаётида қора кунлар бошланди. 7 ёшида ҳеч жойда ишламайдиган онаси қизини  қўшнисининг фарзандсиз қариндошига бериб юборди. Иймона фарзанд доғида куйган бу аёлнинг уйида бахтли эди. 9-синфни битириб, улкан орзулар қанотида парвоз қилган  қизни онаси келиб олиб кетди.  Қизни олганида  ҳужжатларини расмийлаштирмаган Фароғат опа, додлаганича қола берди. Нима ҳам қилсин? Қонун қизнинг онаси томонида, Муяссар  расман  қизини бериб юбораетганида  ундан воз кечмаган эди.  Онаси Иймонани  уйда кўп ушлаб ўтирмади. Ўз волидасидан меҳр кутган қизини шаҳарда яшовчи бир нотаниш эркак кишига бир хафталарга сотиб юборди. Номуси топталган Иймона эркакнинг уйидан қочиб, бу пайтга келиб, вафот этиб кетган отасини синглиси Озоданинг уйида бир хафталар яшади. Аммо аммаси ҳам бева бўлиб. Амаллаб  кашта тикиб, кун кўрарди.  Рақс тушишни  яхши кўрган Иймона  аммаси билан қўшнининг тўйига чиққанида  Жиззах шаҳрида  асли хоразмлик бўлган аёл борлиги, у яхши рақс туша оладиган қизларни ўқитиб, уларни иш билан таъминлашини эшитди-ю, ҳаловати йўқолди.   Жияни Аминага Жиззахга боришини айтиб, келажакда телевизорларда чиқадиган раққоса бўлиш орзусини тўлиб-тошиб ўртоқлашгач, 16 ёшга эндигина қадам қўйган қизлар, уйдан қочиб кетишди.

Ҳақиқатан ҳам Зиёданинг уйида уч-тўрт қиз яшаб, тўйларга чиқиб рақс тушишар, топган пулларининг учдан икки қисмини “онахон”га беришарди.. Иймона  ўз ҳаётига кўникди, машҳур раққоса бўлиш орзусини тошсиз қабрга кўмди. Орадан йиллар бир бирини қувлаб ўта бошлади. 20 га қадам қўйган қиз шу ерда  Олим исмли ҳарбий хизматчи билан танишди. Аввалига сенга уйланаман, бахтли қилаиман деган эркакнинг  Навоида оиласи борлигини  билиб, аччиқ кўз ёшларини тўкди. Аммо нима ҳам қилсин? Қўлидаги  чақалоғи билан яна Зиёданикига қайтиб борди.

-Болани йўқот. Менга ортиқча даҳмазанинг кераги йўқ. Йўқотмасанг,  уйимдан чиқиб кет.

Зиёданинг қатъий равишда қўйган шартидан боши қотган Иймона қизалоғини ачадан буён фарзанд кўрмай, оиласи бузилиб кетиш арафасида турган танишига расмий равишда ҳужжатлаштириб берди.

Ўша машъум куни “онахон” Иймонани Фориш туманига тўйга жўнатди Тумандаги тўйлар шаҳардан фарқ қилар экан. Эрталабдан кечгача базм бўлиб, даврага тинимсиз чақиришларидан чарчаган Иймона  хизматда юришган опа-сингил Зулфия ва Замиралар билан танишиб қолди.Улар билан суҳбатлашар экан, ўзига ҳамдардлик билдирган бу икки аёл унинг қалбидан қадрдонлардик жой олишди. Имона бир пасда  уни гапга солган опа-сингига ўзининг ҳаётини, тақдирини, ҳеч кими йўқлигини, уй-жойга ҳам эга эмаслигини айтиб берди.  Зулфиянинг Замирага қараб кўз қисганига эътибор ҳам бермади.

Опа-сингиллар уни ўзлари билан яшашга чақириб, энди тутинган опа-сингил бўлишганини таъкидлашди. “Онахон”нинг  “кам пул топаяпсан” деган зуғумларидан безор бўлган Иймона Зулфия ва Замранинг таклифига жон деб рози бўлди.

Аммо тез орада Иймона Замира ва Зулфия фоҳишалик билан шуғулланишларини англаб етди. Аёллар унга ҳам фоҳишалик қилишни таклиф қилиб,  уй-жой беришни, эвазига мижозларнинг ярим ҳақини олишга келишишди. Орадан ярим йил ўтар ўтмас эса унинг паспортини олиб қўйиб, пулнинг ҳаммасини оладиган бўлишди.

Иймонани опа-сингилларнинг қўлидан   навбатдаги мижози қутқарди. Расулбек келишган жувонни бир кўришдаёқ ёқтириб қолиб, уни шаърий никоҳига олишини, аммо бунинг учун Иймона фоҳишаликни ташлашини айтди. Орадан бир йил ўтиб жувон яна қиз фарзандли бўлди. Аммо қизи туғилгач, ҳафтада икки-уч маротаба келиб турадиган Расул аста-секинлик билан ташрифлар сонини камайтирди. Кейинчалик эса Иймонани чақалоғи билан ташлаб кетди.

Эмизикли боласи билан на борар жойи, иши,  яшаш манзили бўлмаган Иймона Расул топган ижара хонадондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Раққоссалик пайтида тўплаган пулларини ҳам еб битиргач,  яна Зулфиянинг олдига боришга мажбур бўлди…  Орадан икки ой ўтиб, опа-сингиллар бу сафар

Иймонанинг фуқаролик паспорти ва фарзандини туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб қўйишди. Улардан олган 2 млн. сўмга яқин қарзини узмагунича, ҳужжатларни бермасликларини айтишди.

Иймона  бу қарз қаердан пайдо бўлганини ҳайрон бўлиб сўраганида, Зулфиянинг важоҳати ўзгарди:

-Қизингни кашаси, памперси, ўзингни еб-ичишинг учун пул қаердан келаётганини  ўйлаб кўрдингми? Шу қарзни тўламаганингча кетмайсан, ҳужжатларинги бермайман, фоҳишалик қилиб тўлайсан! Агар тўламасанг қизинг омон қолмайди.

Гаплари ёлғон эмаслигини исботлаш учун Зулфия қўлидаги сигарет чўғини  қизалоқнинг оёғи остига ва қорнига босди. Чириллаб йиғлаган гўдакни шоша-пиша бағрига босган Иймона тақдирга рози бўлди.

Бир йил опа-сингиллар Иймонани  жинсий эксплуатация қилишди.

Унинг мудҳиш ҳаётига Назифа Камалова раҳбарлик қилаётган  Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлими ходимлари нуқта қўйишди. Жувон қизи билан Марказ бошпанасига жойлаштирилиб, унга сифатли равишда ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари олиб борилди.

Марказ руҳшуноси Д.Ахмедова томонидан ўтказилган суҳбатларда: унинг шахсни ўрганиш, унга муомала қилиш, ишончига кириш руҳий жараёнларини олиб бориб, аёлнинг руҳий ҳолатини тиклашга ёрдам берди. Қизчаси эса  вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида ётқизилиб, тиббий муолажаларда даволанди, соғлиғи тикланди. Иймона Жиззах шаҳар “Бобур” МФЙ га жамоатчилик асосидаги ишларга жалб этилиб, бандлиги таъминланди.

Иймонани фоҳишалик  билан шуғулланишга мажбур қилган  опа-сингилларга нисбатан Марказ ҳуқуқшуноси Эркин Муродов ёрдамида  жиноий иш очилди.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари 2020 йил 06 январь кунидан бошланиб, Иймона жабрланувчи деб топилди.  Жиноят иши юзасидан жабрланувчи Иймона билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари (сўроқ қилиш, юзлаштириш, экспертиза тайинлаш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва бошқалар)да вакил иштирок этиб, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинди.

2020 йил 25 февраль куни жиноят иши юзасидан опа -сингилларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 4-қисми “б” банди, 135-моддаси 3-қисми “а” банди, 121-моддаси2-қисми, 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан айб эълон қилиниб, мазкур жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, жиноят иши Ўз.Рес.ЖПКнинг 381-моддаси тартибида тегишли жиноят ишлари бўйича судга юборилиши таъминланди.

Айни пайтда Иймона  Жиззах шаҳри Олмазор МФЙ  ҳудудидаги “FARALI” текстил корхонасига ишга жойлаштирилиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланмоқда.

Наргис Қосимова

Улашинг: