32

БИБИСОРА ОРИПОВА: “АҲОЛИМИЗ СТЕРЕОТИПЛАР АСОСИДА, УРФ-ОДАТЛАРИМИЗГА РИОЯ ҚИЛИБ ЯШАШГА ЎРГАНИБ ҚОЛГАН”

Бибисора Ориповани бугун нафақат Самарқанда, бутун Ўзбекистонда яхши танишади. Бу меҳридарё аёл нафақат халқимизнинг севимли шоири Абдулла Ориповнинг синглиси, балки умрининг асосий қисмини хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга бағишлаган шахсдир. Бибисора Орипова мазкур йўналишдаги фаолиятини 20 йил илгари, ҳали мамлакатимизда гендер тенглик ҳақида умуман гапирилмаган, оилавий зўравонликлар эса “қўл синса, енг ичида, кўрсатмаслик керак” қабилида ошкор қилинмаган даврларда бошлаган эди. Бугунги кунга келиб ҳам Ўзбекистон ҳукумати муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўраётган ва бу борада кучли сиёсий иродани намоён этаётган бўлса-да, юртимизда ҳануз гендер тенгсизлик кесимидаги турли хил муаммолар тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Ҳудудларимизда аёлларга нисбатан руҳий ва жисмоний зўравонликлар гоҳ ошкора, гоҳ яширин давом этаётир. Самарқандда ана шундай гендер зўравонликдан жабр кўрган аёллар бу ерда 1999 йилдан бери самарали фаолият юритиб келаётган “Раҳмдиллик” нодавлат нотижорат ташкилотига мурожаат қилишади. Марказга асос солган, ҳаётда зўравонликка учраган, қийин аҳволга тушган аёлларга ёрдам бериб келаётган жамоани шакллантирган Бибисора Ориповна Орипова бугун бизнинг азиз меҳмонимиз.

— Бибисора Ориповна, Сиз раҳбарлик қилаётган Марказ кўп йиллар давомида қийин ҳаётий вазиятларга тушиб қолган хотин-қизарга ҳар томонлама беминнат ёрдам кўрстиб келмоқда. Суҳбатимиз аввалида ушбу Марказ ташкил этилишининг сабаблари ва унинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Хабарингиз бор, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг юртимизда барча соҳаларда ҳаётбахш ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бера бошлади. Шулардан бири кўпгина ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга бел боғлаган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Самарқанд шаҳрида ҳам бу имкониятдан руҳланиб, биринчилардан бўлиб “Сабр” ишонч маркази очилди ва мутахассисларни жалб қила бошлади. Уларнинг қаторида мен ҳам бор эдим. Ўша пайтлари, яъни 1971 йилдан буён Самарқанд шаҳар куйганларни даволаш марказида шифокор сифатида фаолият кўрсатиб келар, бир вақтнинг ўзида “Билим жамияти” ташкилотида ҳам ишлар эдим.

Мен “Сабр”да иш олиб бораётиб, кўплаб хориждан келган “Инқироз марказлари” ходимлари билан суҳбатлашдим, улар ташкил этган семинар -тренингларда иштирок этдим. Менга бериладиган саволларнинг асосийларидан бири доимо “агар сизда имконият бўлса, шу йулда нима қилар эдингиз?”, деб сўрашарди. Мен барчага бир хил, яъни “агар имкониятим бўлса жабрланган ва уйига қайта сиғмайдиган аёллар учун вақтинча яшайдиган бошпана ташкил қилардим”, дердим. Барча ички ҳиссиётлар, интилишлар ва “Сабр” маркази ходимлари ёрдамида, ташкилот қошида 4 ўринли шундай жой ташкил қилдим. Ўша пайтда бирламчи моддий ёрдамни “Қизил ярим ой” жамияти берди. 1998 йилда Марказнинг алоҳида Минтақалараро “Умид” реабилитация марказини очишга муваффақ бўлдик ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказдик. Жойларнинг сонини ҳомийлар ва ташаббускорлар ёрдамида 50 та ўринга етказдик. Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам бўлимлар очиб, уларни ҳам рўйхатдан ўтказдик. Бизга аста-секинлик билан нафақат қўшни вилоятлар, балки мамлакатимизнинг турли бурчакларидан мурожаатлар туша бошлади.

2005 йилдаги Андижон воқеалари туфайли барча нодавлат нотижорат ташкилотлар қайта руйхатдан ўтказила бошланди. Афсуски, ташкилотимиз Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтмади. Аммо тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ва болалар қаерга бориши керак эди? Мен ушбу масалани бир неча маротаба йиғилишларда кўтардим. Аммо ҳукумат томонидан ижобий жавоб бўлмади. Яна бир бора Адлия вазирлигининг йиғилишида мазкур саволни берганимда ҳам жавоб бўлмагач, руҳим тушиб кетди. Йиғилишдан сўнг ёнимга вазирликнинг рус миллатига мансуб ходимаси келиб, “Сизни жуда яхши тушунаман, хўп десангиз олдингизга ёрдам бериш учун бир гуруҳ нодавлат ташкилот ходимларини юбораман. Уларнинг иши Сизга яқин, улар билан ишланг”, деди. Айтганидек, ташкилотимизга бир нечта русийзабон аёллар келишди ва ўз таклифларини айтишди. Уларнинг ташкилоти “Раҳмдиллик жамияти” деб номланиб, ногирон аёллар ва болаларга хизмат кўрсатар экан. Биз уларга Марказимиз балансидаги барча мол-мулкимиз билан аъзо бўлдик. Ўша вақтдан буён бизнинг ташкилотимиз “Раҳмдиллик” жамияти деб атала бошлади. 2007 ва 2014 йилларда янги Низом билан қайта рўйхатдан ўтдик. Яна қайта оёққа тургунимизча, яъни 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида асосан тиббиёт ходимлари бўлган ташаббускорлар ёрдамида Хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллалар билан ҳамкорликда ишладик. Энг асосийси, Марказнинг биноси ижарада эмас, балки ўзимизники эди. Айни пайтда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасидаги қонунлар ижросини таъминлаш, аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш борасида изчил фаолият юритиб келмоқдамиз.

Бибисора Ориповна, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида, айниқса, кейинги вақтларда катта кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қармай, барибир бу борада анча камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Нима деб ўйлайсиз, мазкур масалаларнинг туб моҳияти нимада ва уларни қай тарзда бартараф этиш мумкин?

— Афсуски, амалга оширилаётган ишлар ҳали етарлича эмас, чунки аҳолимиз, хусусан аксарият аёлларимиз ўз ҳуқуқ, бурч ва эркинликларини билишмайди. Шунингдек, бизда ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий маданият ҳам етарли эмас. Аҳолимиз стереотипларга бўйсуниб, урф-одатларимизга риоя қилиб яшашга ўрганиб қолган. Мазкур қараш ва фикрларни ўзгартириш учун қонунларни кенг тарғиб қилиш, қизлар ва ўғил болаларга уларни мактабданоқ чуқур ўргатиш зарур. Энг биринчи навбатда, аҳоли, айниқса, хотин-қизларимизнинг онгида ўзгариш қилиш, ҳақ-ҳуқуқлари учун дадил курашишга ўргатишимиз керак.

“Раҳмдиллик” ННТ пандемия даврида ҳам жабрдийда хотин-қизларга ўта фаоллик билан турли ёрдамларни берди. Бу жараёнлар Марказ учун ҳам маълум қийинчиликларни туғдирган бўлса керак?

— COVID-19 оқибатида эълон қилинган пандемия даври биз учун анча қийинчилик ва машаққатларни олиб келишини кутган эдик. Ташкилотимиз бошпанасида яшаётган аёлларни жорий йилнинг 19 мартидан мавжуд тартиб-қоидалар асосида карантинга ўтказдик. Бошпана учун иккинчи бинони очиб, бу ерда вақтинча истиқомат қилиб турганларнинг барчасини 2-оилавий поликлиника назоратига қўйдик. Аммо озиқ-овқат маҳсулотлари, санитраия ва гигиена воситалари муаммоси олдимизда турарди. Чунки бизнинг ташаббускорларимиз ҳам карантин сабаб ишламай қолди. Мазкур қийин шароитда бизга БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ёрдамга келди. Улар ташкилотимизда вақтинча паноҳ топган аёллар ва уларнинг фарзандларини мунтазам равишда озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминлаб туришди. Болалардан ташқари муҳтож аёлларнинг уйларига ҳам бориб, уларга ҳам моддий-маънавий ёрдам бердик. Олиб борилган сўровномаларимиз натижаларидан маълум бўлдики, пандемия шароитидаги ишсизлик, арча оила аъзоларининг уйда ўтириб қолиши оилалардаги тазйиқ ва зўравонликлар сонининг ошишига олиб келди. Айнан шу даврда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳам жабрдийда хотин-қизларни бизга йўналтира бошлади. Мурожаатлар янада кўпайди. Тойлоқ туманидан бир аёл 3 нафар фарзанди билан, бошпанасиз қолган эгизак қизлар ва бошқалар бошпанамизга жойлаштирилди.

— Оиладаги зўравонликдан азият чеккан хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мақсадида айни пайтда Ҳимоя ордери берилмоқда. Фикрингизча, у қай даражада жабрланганни оила аъзоларидан ҳимоя қила олади? 

— Мени бир савол ўйлантиради. Ҳимоя ордери нима, у нима учун берилади? У қай даражада жабрдийда аёлларни ҳимоя қила олади? Мазкур саволларга жавобларни, афсуски, аксарият аёлларимиз билишмайди. Яқинда Марказимизга бир аёлни туман хотин-қизлар бўлимидан олиб келишди. Аёл эри томонидан роса калтакланган. Ҳамма жойи кўкариб, моматалоқ бўлиб кетган. Фарзандини тортиб олишган. Энг ажабланарлиси шундаки, аёл қаттиқ азият чеккан, соғлиғини йўқотган бўлса-да, боласининг келажагини ўйлаб эрини кечирмоқчи. Унинг оиласига қўнғироқ қилдик. Улар келинларини қайтариб уйларига киргизишмоқчи эмас, ҳаттоки менга ҳам “Сизни йўқотамиз”, деб таҳдид қилишди. Биз аёлни тиббий экспертизага йўналтирдик. Энди аёлнинг фарзандини онасига қайтариш учун ҳужжат йиғаётганимизда судга борганлиги таъсир қилганми, эри Марказимизга келиб, маҳалладаги ҳамкорларимиз билан биргаликда оила ярашиб, уни уйга қайтариб олиб кетди. Бу биргина мисол. Мана сизга Ҳимоя ордери, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятининг кучи. Шу сабабли Ҳимоя ордери ва унинг афзалликлари борасида кенг тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш зарур.

— “Зўравонликка йўл йўқ” телеграм канали фаолиятини қандай баҳолайсиз? Гендер соҳасининг тажрибали мутахассиси сифатида каналимизнинг фаолиятини такомиллаштириш учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз? 

— Каналда адолатнинг ҳар қандай шароитда қарор топишига обуначиларни ишонтириш, берилаётган кейслар ва уларнинг ижобий томондан ҳал қилинаётганини кўпроқ кўрсатиш лозим. Мазкур телеграм каналда “Раҳмдиллик” ННТ фаолияти ёритиб бора бошлангач, бизнинг “Ишонч телефони”мизга қўнғироқлар сони анчайин ортди. Ҳаттоки эркаклар томонидан бўлаётган мурожаатлари сони ҳам ошди. Биз уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам бермоқдамиз.

“Зўравонликка йўл йўқ” телеграм канали, биринчи навбатда, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган, зўравонлик ва тазйиқлардан жабр чеккан хотин-қизлар ҳаётини бошқаларга тўғри хулоса чиқариш учун ибрат қилиб кўрсатувчи, бу борадаги қонунчиликни кенг тарғиб этувчи, шу билан бир қаторда, айнан биз каби соҳа мутахассислари, гендер тенгликни таъминлашга масъул ходимларнинг яқин ҳамкорига айланишини хоҳлардим. Сизларнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатларингизда эса, улкан муваффақиятлар тилайман.

  • Самимий суҳбат учун Сизга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

Наргис Қосимова суҳбатлашди

Улашинг: