896

Мақоми ноаниқ муҳожирларни аниқлаш ва ватанига қайтариш борасида минтақавий семинар

Тошкент шаҳрида мақоми ноаниқ муҳожирларни аниқлаш, ушлаш ва ватанига қайтариш борасида Европа Иттифоқи стандартлари бўйича минтақавий семинар иш бошлади. Семинар Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастури (БОМКА-9) ва Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Асосий мақсад -иштирокчиларни мақоми ноаниқ муҳожирларни аниқлаш, уларни вақтинча жойлаштириш ва юртига қайтариш бўйича энг яхши халқаро ва Европа тажрибалари билан таништиришдир. Тадбир давомида Марказий Осиё мамлакатларида ноқонуний  муҳожирларни қайтариш, ушлаш ва ўз юртида қайта қабул қилиб олиш соҳасидаги миллий тартиб-қоидалари ҳақида маърузалар қилинади. Ўз навбатида, европалик экспертлар бу соҳадаги халқаро ва Европа стандартларини тақдим этишади.  Асосий эътибор мамлакат ичида ва чегаралардаги ноқонуний миграцияга қарши курашда идоралар ўртасидаги ҳамкорликка қаратилади. Шунингдек, ноқонуний муҳожирларни ҳисбда ушлаб туриш стандартлари ҳам диққат марказида бўлади. Мақоми ноаниқ муҳожирларни аниқлаш борасидаги амалий чора-тадбирлар, шунингдек, уларнинг ҳимоясиз гуруҳлари муҳокама қилинади  ва таҳлилдан ўтказилади.

БОМКАнинг дастлабки тадбирлари 2003 йили ўтказилган ва шундан буён дастур давлат чегараларини бошқариш соҳасида Марказий Осиё ҳукуматлари билан ҳамкорликни ривожлантириб келмоқда. 2003-2019 йиллар давомида Европа Иттифоқи дастурни амалга ошириш учун 40,1 миллион евродан зиёд маблағ ажратган. Бу маблағнинг 6.6 миллион еврога яқини   дастурнинг 9-босқичини (2015-2019 йиллар давомида) амалга ошириш учун ажратилган.

Семинар ва давра суҳбати шаклларини ўзида бирлаштирган мазкур тадбирда халқаро экспертлар ва Марказий Осиё давлатларининг ноқонуний муҳожирларни аниқлаш, ушлаш ва юртига қайтариш билан шуғулланадиган ташкилотлари вакиллари қатнашади.

Н.ҚОСИМОВА

Улашинг: