1 323

“ҲУРРИЯТ” МУАММОСИ – МИЛЛИЙ ЖУРНАЛИСТИКАМИЗ МУАММОСИ

“Ҳуррият” мухлислари қаердасиз?” мурожаатномасини ўқиб

(Аҳмаджон Мелибоевдан бошқалар ўқимасин)

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида мурожаат-мақолангизни ўқидим. Ҳаммамиз учун арзанда ва қадрли “Ҳуррият” газетасининг бугунги оғир ва аянчли аҳволидан куюниб ёзибсиз.

Юз карра ҳақсиз, Аҳмаджон ака. “Ҳуррият”дек газетамизга обуна йўқлиги ва шу туфайли у иқтисодий касофатга йўлиққани нақадар улкан ва чуқур муаммо ахир. 1997 йилдан чиқа бошлаган “Ҳуррият”нинг бутун миллий матбуотимиз майдонида ўрни бўлак, руҳи бўлак. Нафаси ўзгача, сўзи ўзгача. Очиқ матбуот майдонимизда муайян кайфият яратувчи, сўз айтиш маданиятини шакллантирувчи, янгидан-янги муаллифларни кашф этувчи, шунингдек турли табақадаги, савиядаги турфа дид-фаросатли ватандошларимизни МАТБУОТ СЎЗИни ўқиш, уқиш, идрок этиш, мулоҳаза қилиш, танқидларга бардош беришни ўргатишни ўз олдига мақсад-маслак қилиб олган газета “Ҳуррият”, асл-насабидан келиб чиқсак.

Аҳмаджон ака! Сиз билан биз онгли ҳаётимизни тўласича матбуотга бағишладик. Қаттиқ ва юмшоқ нонимизнинг бурдаси, ушоғигача шу соҳа орқали топдик. Бундан тақдир олдида таъзимдамиз. Жуда кўп ишлар қилдик дея фахрланамиз, фалон-фалон мансабларда ўтирдик, пистон-пистон китобларни чоп эттирдик, яна аллакимларнинг назарига тушдик деб фахрланишдан тоймаймиз ҳам. Лекин бир гапни айтишга рухсат берсангиз: БИЗ МАТБУОТ ДЕЯ АТАЛМИШ МЎЪЖИЗАНИНГ туб аҳамиятини, унинг жамиятдаги ўрнини, вазифаси-миссиясини англаб етдикми? Ана шуни ОДАМЛАРИМИЗ онги-шуурига қуя олдикми? Масалани кўндаланг қўйсак ва оддийгина қилиб айтсак, бугунги ЎЗБЕК матбуотни, унинг ҳикматию стихиясини тушунадими? Гапни айлантирмай, суҳбатдошингизни тоғу тошларга айлантириб келмай ушбу саволга айтар аниқ ва лўнда жавобингиз борми?Жавобингиз борлигига аминман, илло ўшаларни айта оласизми?

1926 йилда Абдулла Қодирий битта ҳажвий мақоласининг мукофотига… уч ой ёлғиз ҳибсхонага ташланди. Шўрлик адиб нимани истаганди? Аҳоли ўртасида саводсизликни тугатиш, маорифни юксалтириш, каттазанг раҳбарлар орасида найрангбозликка чек қўйиш ва ҳоказолар эди холос, нияти. Шундайига ёзаверсак, ёзаверсак жамият тозаланади, фаровонлик, маъмурликка эришилади деб ўйлаганди. Тўғри, тили аччиқ эди Адибнинг, ўша шароитда бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди. Матбуот жамиятнинг шифокори, табиби, халоскори деб тушунган эди Қодирий. Шу тушунча унинг мақсад-маслагига, эътиқодига айланиб кетганди. Мукофотига эса… қамалди.Қамоқда нима қилди? Матбуотнинг жамиятдаги ўрни қандайлигини, матбуотда танқиднинг вазифаси нималардан иборатлигини, сатира-юмордан кўзланган туб мақсад ватан, эл-юрт фаровонлиги, рўшнолик эканини тушунтиришга қаратилган ўй-мулоҳазаларини қоғозга туширди. Яъни, матбуот сўзининг қадрини кўрсатиб берди.

Минг афсуски, хали-ҳамон шўрлик Қодирий орзу қилганичалик эришганимиз йўқ матбуотни тушуниш борасида. “Матбуот” деган, “журналистика” деган сўзларни осмони фалакка олиб чиқдигу, бир мавзу очилса глобаллашувдан олиб глобаллашувга соламизу,унинг моҳиятини тушунмадик, тушунгимиз келмади, тушунсак тушунмасликка олдик, оқибатда… Ваҳоланки, ким нима деса десин, илло-билло ҳар қандай жамият матбуотга муносабати даражасида ривожланади, тараққий топади, соғломлашади ёхуд инқирозга, таназзулга юз тутади. Ҳар қанча истамайлик, ҳар қанча довруғ қозонмайлик, нажот – матбуотда!

Бу ёруғ дунёда пайдо бўлган “Ҳуррият”нинг бош мавзуси мана шу эди. Такрорлай: жуда кенг маънодаги одамларимизни матбуот сўзи моҳиятини англаш борасидаги саводсизлигини, уқувсизлигини, дидсизлигини тарбиялаш эди вазифаси “Ҳуррият”нинг! Жамиятимизнинг жонфидосига айланмоқчи эди “Ҳуррият”!

Бугун эса шу жонфидога обуна йўқ… Сабаб?..

Ислоҳотлар шарофати ва… асорати

Аҳмаджон ака! Биз Сиз билан журналистликни ҳавас қилган кезларимиз соҳамизнинг обрўси нақадар осмонда бўлганини эслайсиз-а? Оғзимизни тўлдириб айтардик “Журналистман!” деган сўзни. Одамлар очиқдан-очиқ ҳавас қилишарди. Ҳажмли мақолалар у ёқда турсин, жажжи хабарча ҳам оғизга тушарди. Чунки одамлар ўқишарди, чунки ўша хабарча қандайдир ва

Вазифани адо этарди. Матбуот билан кенг омма ўртасида АЛОҚА бор эди. Ўша алоқани меҳр-оқибат деб аташ мумкин эди. Ҳар қалай, саломга аликолинарди. Бирорта ёзма мурожаат жавобсиз қолиши оғир гуноҳ ҳисобига ўтарди (мустабид мафкура талабларини рўкач қилиб оғзимга урмайсиз деган умиддаман).

Мустақиллик арафасида тўрт-беш йил – шўро ва истиқлол орасидаги ўтиш даврида матбуотимиз энг гуллаган паллани бошдан кечиргани ҳақида эса жилд-жилд китоблар, тадқиқотлар ёзиш мумкин.

Айтмоқчиманки, ҳамонки оммавий ахборот воситалари кенг омманинг маънавий ҳамда бевосита моддий мулки ҳисобланар экан, матбуот (газета, журнал, радио, ТВ) ўша омманинг эҳтиёжини, меҳрини, ишончини, қизиқишини қозонишни ўзининг олий бурчи деб билар эди. ОАВ одамларнинг оғирини енгиллаштиришга, муаммоларини бартараф этилишига кўмакчи эди. Шундай эътиборга сазовор нашр қўлма-қўл талаш бўлиб ўқиларди. 500 000 минг нусхада чиқадиган (Худойберди Тўхтабоев бош муҳаррирлигида) “Ёш куч” журналидан таҳририят ходимлари учун бир дона тополмаган пайтларимиз кўп бўлган. Олис вилоятлардан махсус пойтахтга келиб: “Ҳуррият”нинг фалон сонидан бир нусха топиб беринглар” дея мурожаат қилишлардан бошимиз осмонга етарди. “Бомба” мақолалар ва шундай залворли мақолалар ёзишга қодир забардаст муаллифларимиз ҳафталаб навбат кутишарди.Хўш, кейин-чи? Аҳвол нима кечди? Қаёқларга бой бердик уларнинг барини?

Жамиятнинг барча соҳаларида бўлганидек журналистика ҳам ислоҳот жараёнларини бошдан ўтказди. Қонунлар, қарорлар, ҳужжатлар қабул қилинди, уларнинг барчаси жаҳон андозалари даражасида эканлигидан беармон фахрландик. Тақдирланишлар, улуғлашлар, офаринвозликлар тингани йўқ. Ва энди ўйлаб кўрилса, бунда-а-ай кўз очиб қаралса, матбуотни бой бериб қўйибмиз, Аҳмаджон ака! Инқилобни рад этиб, эволюция йўлини танлаганимиздан мамнун эдик, буни қарангки, эволюция шиори остида ҳам дурустгина ишлаб турган, тўкин-сочин ҳосил бераётган бутун бошли тизимни кунпаякун қилиб ташлаш мумкин экан!

Азиз Несиннинг машҳур ҳикояси ёдингиздами? Кетма-кет операция столига ётқизилавериб, жарроҳлик тиғи тегмаган жойи қолмаган бемор ўлар ҳолатга келганида ҳамма бало қайишини тарангроқ боғлашида эканлиги аён бўлади-қўяди. Ана, холос!..

Матбуотимизни ўша бадбахт “хаста”нинг кунига соле-е-б, баданига тиғ тортаверибмиз-тортаверибмиз, устига-устак, олқишлар ёғдираверибмиз ва…! Эришган “ютуқ”ларимизнинг айримларини сарҳисоб қилайлик:

жаҳон журналистикасининг асос (ва ўзгармас!) қадриятларини ўзимизга хос, ўзимизга мос кўринишга олиб келдик;

қандай бўлмасин, омма билан алоқани узиш йўлларини изладик (“Таҳририят хатларга ва мурожаатларга жавоб бермайди, мақолалар қайтарилмайди” деган гапларни ҳамон учратамиз газета ва журналларимизда. Ҳой яхшилар, салом – суннат, алик олиш эса – фарз деган илоҳий ақидаларимиз бор. Нима учун жавоб бермайсан? Нега энди муаллифдан, мурожаат этувчидан қочасан, барака топгур, дейдиган банда йўқ!);

матбуотдаги чиқишларга масъул идора ва шахслар томонидан жавоб ёзилмаслиги ҳам мумкин деган ақидани шакллантирдик (матбуот сўзини тўғридан-тўғри оёқости қилиш бу!);

таҳлилий мақолалардан воз кечдик;

таҳлилий-танқидий мақола ёзишга ихтисослашган забардаст муаллифларимизни таҳририятлардан узоқлаштирдик;

фуқароларнинг оғирини енгиллаштиришдек ғоятда оғир ва масъулиятли бурчни матбуот зиммасидан фориғ қилдик;

жанрлар сеҳри ва салмоғидан фойдаланиш лаёқати издан чиқди;

профессионал миллий журналистика савияси ҳаваскорлик даражасига туширилди;

замонавий журналистиканинг умуртқаси бўлмиш журналист текшируви жанри (рукни) саҳифаларимиздан, экранларимиздан, радиотўлқинларимиздан қувиб чиқарилди;

умрида иккита мақола ёзмаган, ижод кўчасига йўламаган “муаллиф”лар саҳнанинг тўрини эгаллади;

бош муҳаррир тушунчасидан, тафаккуридан бошқачароқ, ўзгачароқ, чуқурроқ, залворлироқ ёзишга қодир муаллифлар қадрсизланди.

Оқибатда 300та ОАВнинг сонини 1500 тага олиб чиқдигу (ҳақиқатда катта воқеа!), яъни сонни кўпайтирдигу сифатни бой бердик. ОАВ сони кўпайгани сари ЯХШИ ва ДУРУСТ ёза олувчи МУАЛЛИФ озая борди. Бугун улар анқонинг уруғига айланди.

Ана сизга ислоҳот, ана сизга жаҳон андозаси! Ана сизга ўзига

 

хослик ва ўзига мослик!

Омма билағон, халқ ҳушёр

Аҳмаджон ака! Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки чорак асри жараёнларидаги бир ҳолатни сабоқ сифатида эслайлик.

– Одамларимиз демократияга тайёр эмас;

– журналистларимиз ички цензурадан халос бўлолмаётир;

– қалам аҳли замон қаҳрамонлари образини яратишда нўноқлик қилмоқда, замон талабларини англаб етмаётир;

– журналистлар ихтисослаша олмаётир;

– малакали кадрлар қаҳат деган маломатлар остида ўтди қарийб 30 йил. Бошқаларни қўя туринг, ўзимиз ўзимизнинг бошимиздан тўкдик шундай маломатларни. Ҳаммаси ҳам майли, журналист қандай фаолият юритмоғи керак, журналистика қандай бўлмоғи керак, газетанинг “шапка”си қандай ёзилади, макети қандай бўлади деган саволларга жавобни ҳам аллақаерлардан аллаким айтишини кутиб яшадик. Ўз вазифамизни юқоридан айтилмагунига қадар ўзимиз билмаганимиз, тўғрироғи, ўзимизни билмаганликка олганларимиз. Шу орқали ўзимизни нодон, гўл ва ношуд кўрсатганимиз наша қилади одамга, Аҳмаджон ака!

…Болаликда, баҳор кезлари қарқуноқ полапонини тутиб олардик, гўшт ва чигиртка билан боқардик. “Қиҳ” десак, полапоннинг“Қи-иҳ-қи-иҳ”лаб учиб келиб қўлимизга қўниши роса завқли эди. Бироқ бундай завқ нари борса бир ҳафтадан узоқлашмас, қарқуноқ салгина эсини таниб олгач (қаноти қотгач) гўштингга ҳам, чигирткангга ҳам, “қиҳ”ингга ҳам деганча учарди-кетарди. Оғир ботмасину, ака, Сиз билан биз ярим аср юрдик, “қиҳ-қиҳ”лаб!.. Қанотимиз сираям қотмади-я, ака. Бутун бир ЎЗБЕК деган миллатнинг зиёли кишилари-я?! Жамиятнинг олди бўлмиш журналистлари-я?! Халқ, омма ишониб қўйган, умид боғлаган соҳа вакиллари-я?!

Ахир Сиз билан биз шу соҳанинг вакилларимиз, махсус олий таҳсил олганмиз, муайян тажриба орттирганмиз, қаламни чархлаганмиз-да, яна йўл-йўриқ кутамиз. Ўзимиз қатори ҳамкасбимиз даражасида ёзилган маслаҳатларни бандма-банд санаб тасбеҳ қилиб ўгирамиз. “Сиз – ақлли, биз – аҳмоқ!” ўйинини ўйнаб чарчамаймиз. Ғурур, нафсоният, уят деган бебаҳо туйғулар ўзларимиздан-да сабрлироқ, тоқатлироқ экан-е, ака!

Нима демоқчиман? Айтмоқчиманки, энг аччиғи, демократияга “тайёр бўлмаган”, сиёсий онги “ҳаминқадар” бўлган ке-енг ОММА ҳамма-ҳаммасини кўриб-билиб, тушуниб-англаб, саноғини жой-жойига қўйиб юрган экан, пайт пойлаб. Балони билар экан насибаси бутун бўлгур бу ХАЛҚ! Халқни алдаб юришнинг оқибати ёмон экан. Узум ўрашдан бошқасига ярамайдиган офаринбоз ялтир-юлтир газит-журналингга (жумладан, “Ҳуррият”га) пул тўлаб обуна бўладиган, уларга кўз нурини сарфлайдиган анойи йўқ дейдиган пайтни пойлаб турган экан! Йил санаётган экан! Қарабсизки, ишонч-ихлосни бой бериб улгурган эканмиз, Мелибоев! Соч-соқол оқарганда мисимиз чиқмоқда, Мелибоев! Акам, сафдошим, касбдошим, маслакдошим… ҳасратдошим Мелибоев! (Мели – хол маъносини англатиши ёзилган луғатда. – Х.Д.)

Сиз ўйлагандек, бордию бугун “Ҳуррият”нинг обунасини йўлга қўя олсак олам гулистон бўладими? Муаммога ечим топиладими? Минг афсуски, ундай эмас. “Яккадан – умумга сари” ва “Умумдан – яккага” деган тушунчалар бор фалсафада. Ушбу тушунчалар формуласи доирасида мулоҳаза юритишга уринсак, муаммонинг илдизи анчагина чуқур, бу илдиз фақат “Ҳуррият”га эмас, бутун МИЛЛИЙ ЖУРНАЛИСТИКАМИЗнинг ўқ томирига бориб тақалади. Ҳамон муаммодан сўз очдингизми, келинг, ўзимизни одобли, серандиша қилиб кўрсатишни бир муддат бас қилайлик,аллақачон газак олган, асорати чуқур хасталикни даволашда асқотадиган сўзимизни рўй-рост ўртага ташлайлик, ўртоқлашайлик.

Давлат раҳбари, муаммо ва матбуот

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида мамлакатимиз ПрезидентиШ.Мирзиёев оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига тааллуқли қуйидаги мулоҳазаларини баён этди: “Мен оммавий ахборот воситалари фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Лекин, афсуски, ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан газета, теле ва радиоканалларда танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда кам. Ваҳоланки, ислоҳотлар жараёнида ОАВ халқ манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айланиши лозим. Бунинг учун улардан шижоат,

 

профессионал маҳорат, холислик ва чуқур таҳлилий салоҳият талаб этилади”.

Давлатимиз Раҳбарининг мазкур сўзлари, қўяётган талаблари айни журналистика ва матбуот моҳиятидан, унинг зиммасидаги улуғ ва боқий миссиядан келиб чиқиб айтилган СЎЗлардир. Журналистларимизнинг бурчи, касбий виждони, диёнатини намоён этувчи ТАЛАБЛАРдир. Ва ҳақли саволлар туғилади: ўзини журналист санаб юрган қалам аҳли билмайдими ушбу талабларни?Қўр тўкиб юрган БОШ муҳаррирлар билишмайдими шу ҳақиқатларни? Билмаса, нима қилиб журналистлик нонини туя қилиб юришибди улар? Билса, нима учун шу талабларга амал қилмай ўтирибди курсини эгаллаб?

Масала аён эмасми? Билмаса, ақли-лаёқати, журъати етмаётган бўлса, марҳамат, бошқа касб бошини тутсин. Била туриб амал қилмаса, жавобини берсин! Касбига, халққа, Ватанга, жамиятга нисбатан қилаётган бефарқлигининг (хиёнатининг!) жавобини берсин!

Президент қўяётган талабларни қайта-қайта ўқигиси келади ва пешма-пеш туғилаётган саволларга жавоб топгиси келади одамнинг: нима учун жамиятнинг барча соҳаларида, бурчак-бурчакларида тўлиб-тошиб ётган муаммолар ечимини излашни биргина Бош Раҳбар зиммасига ташлаб қўймоғимиз керак?! “Чинакам ҳимоячи” бўлмиш журналист қаерда? Матбуотнинг кўзи қаерда? 33 миллион аҳоли муаммоларини Бир Инсон зиммасига юклаб томошабин бўлиб ўтириш қайси виждон, диёнатга тўғри келади, Аҳмаджон ака?! Ўша мустабид шўролар замонида касб маҳоратини, илмини билган, эгаллаган ўзбек журналистикаси ватан мустақиллиги йилларида, нима, саводсизга айландими? Қалами ўтмаслашдими?!

Икки йилдан буён мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ичида нафас олиб яшаётган матбуот, журналист нега ўзгармаслиги керак? Ҳайрон қоласан киши! Шавкат Миромоновичнинг ҳар бир маърузаси, ҳатто икки оғиз суҳбати озмунча мавзуларни қалаштириб ташламоқдами журналистлар олдига?! Ислоҳотлар самарасиз қолмасин, илоҳим, лекин улар ўз-ўзидан амалга ошиб қолади десак янглишамиз. Жойларда муаммолар қалашиб ётибди. Президент айтмоқчи, профессионал маҳорат билан ёзилиши, матбуот саҳифаларига олиб чиқилишини кутиб турган мавзулар озмунча эмас!

Тиббий муассасалардаги шарт-шароитнинг аянчли эканлиги;

Медицина соҳасидаги кадрлар малакасининг пастлиги;

Болалар боғчаси, мактаб, олий таълим тизимларидаги нўноқликлар;

2018 йилда болалар боғчалари тизимида 11 миллиард сўм давлат маблағи қонунсиз ўзлаштирилгани (ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра);

Мактаб дарсликларини тайёрлаш борасидаги пала-партишликлар;

Қишлоқ жойларидаги буз-бузлардан кейинги томошалар;

Транспорт воситалари билан боғлиқ юз бераётган фожиалар;

Коллеж директори ўз ўқувчиларини қаторлаштириб тарсаки урушлари;

Фермер йигитларни тиззагача сувга ботириб қўйиб жазолашлар;

Элликталаб навраста йигитларимизнинг тириклайин ёниб кетишлари;

Ўзи дунёга келтирган норасидасини бир неча миллион сўмга сотиб юборишлар;

Йил мобайнида 2000дан ортиқ мансабдорнинг озодликдан маҳрум этилиши…

Яқин ўтмишда бундай саноқни келтирган одам туҳматчига, юмшоқ қилиб айтилса, эҳтиросга берилувчанликда айбланар, эҳтирос жиноятчи туйғу ўрнида баҳоланарди. Хайрият, энди ундай эмас. Ётиғи билан, таҳлилий ўрганилса, матбуот саҳифаларида кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилса, ечимлари изланса марҳамат, дейдиган кунларга келдик ахир. Афсуски, матбуот жим, журналист оғзига толқон солган, ичай деса… Оролнинг бир қултум суви қаҳат!..

Нашрнинг савияси муассис савиясининг кўзгуси

Ер юзида идеал жамият йўқ, башарти бўлган тақдирда ҳам соғлом матбуот, холис журналист бор жойда, профессионал маҳоратли, шижоатли журналист бор жойда БОШҚАЧАРОҚ фикр топилади. Фикр хилма-хиллиги жамият об-ҳавосини тозалаб, янгилаб, мусаффолаштириб туради. Матбуотнинг яна бир буюк ва бемисл миссияси шу, яъни жамият ҳавосини янгилаш, тозалаш. Бурилиш палласида яшаётган, қадриятларини янгилаётган жамиятда ана шу бошқачароқ фикрга, фикр хилма-хиллигига бўлган эҳтиёж, талаб ҳар қачонгидан ортади. Бу ҳолат ОАВда, матбуотда акс этади. Биз эса Президентнинг ҳақли танқидига учраб ўтирибмиз.

Шу ўринда бир гап чиқиб қолди. Биз бош муҳаррирларга, журналистларга, таҳририятнинг ижодий ходимларига маломат ёғдирамиз. Бироқ

 

МУАССИСЛАР-чи? Президентнинг таъналари муассисларга ҳам бевосита дахлдор эмасми?! Нима сабабдан муассислар хотиржам? Нима сабабдан муассислар ўзларига қарашли газета ва журналларнинг тишсиз-таъсирсиз чиқишларига тоқат қилиб ўтиришибди? Муассислар нима учун ўзларини масъулиятдан олиб қочишмоқда?

Яна ҳайрон қоласан киши! Ҳар бир муассиснинг диди, савияси, сиёсий ҳушёрлиги, фуқаролик позицияси ўзига қарашли нашр фаолиятидан нечоғли қониқиш ҳосил қилаётганида яққол аён бўлади. Нашрнинг савияси нафақат раҳбар-бош муҳаррирнинг, унга қўшиб муассисининг ҳам савиясидан далолатдир! Шундай эмасми, Аҳмаджон ака?

Назаримда, муассисларнинг бош маслаги “Оч қорним–тинч қулоғим” шиори паноҳида пусиб ўтирибди. Бу қусур-нуқсон ҳали бирон марта муҳокама мавзусига айлангани йўқ амалиётимизда.

Чинакам бош муҳаррир нечта?

Аҳмаджон ака! “Кейинги олти-етти ой ичида газета ўзининг журъатли йўлини янада мустаҳкамлади, ички ва ташқи қиёфасини ўзгартирди. Мавзуларнинг қамрови кенгайди” деб ёзасиз “Ҳуррият” хусусида. Фикрингизга тўла қўшиламан. Бош муҳаррирнинг роли ҳақида сўз очяпсизу Қулман Очилнинг номини тилга олмаяпсиз.

Қулман Очил туғма газетчи. Бундай мақомдаги журналистларимиз жуда-жуда саноқли мамлакатимизда. Қулман “Оила ва жамият” газетасини сайратиб чиқарган пайтларни эсларсиз? Талаш эди газета – мавзулари, руҳи, кайфияти, таъсирчанлиги билан. Каттаю кичик ўқирди у газетани. Қулман бир муддат “Туркистон”да жавлон урди. Сўнг-чи? Энг илғор бош муҳаррир кўздан йўқолди-қўйди (бу ҳол футболимиздаги ғалатиликларни эслатади. Инилеев исмли мураббий Осиёнинг энг яхши мураббийси ёрлиғини олган йили футболдан четлаштирилганди. “Насаф” ўзбек футболи тарихида биринчи марта Осиё ғолиби бўлган йили унинг бош мураббийсига жавоб берилди). Орадан ўтган 25 йил мобайнида қаерда эди Қулман Очил исмли МУҲАРРИР? “Тушовлаб қўйилганди” деган иборани қўлласам Қулман дўстим ранжимас мендан, чунки гап алоҳида бир киши ҳақида эмас – ярамас тенденция хусусида бормоқда.

Такрор айтай: бош муҳаррирлик лаёқати юксак кадр кўчада сочилиб ётмайди ахир. Нима учун уни ўз ҳолига қўймаймиз. Унинг салоҳиятидан халқ ва ватан манфаати йўлида фойдаланмаймиз?! Тасаввур қилинг, “Оила ва жамият”ни қойилмақом қилиб йўлга қўйган муҳаррир эмин-эркин фаолият юритиши учун шарт-шароит яратилганида эди Қулман Очил буткул бошқа шахс, бошқа фигура бўлур эди. Эҳтимол, “Ҳуррият”га бу йил учун 500 000 муштарий обуна бўларди!

Ҳа, Аҳмаджон ака, муболаға эмас бу гаплар…

Бунда-ай қарасак, бир ярим асрлик замонавий журналистикамиз майдонида муҳаррирликни қотириб, ўзидан мактаб қолдирган журналистларимиз кўпчилик эмас. Иброҳим Раҳим ва Асқад Мухтор давридаги “Гулистон”, Саъдулла Кароматов билан Шароф Убайдуллаев давридаги “Тошкент оқшоми”, Одил Ёқубов давридаги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”,Аҳмаджон Мухторов, Аббосхон Усмонов давридаги “Халқ сўзи”, Аҳмад Исмоилов давридаги “Тошкент ҳақиқати”, Жаббор Раззоқ давридаги “Туркистон”, Худойберди Тўхтабоев давридаги “Ёш куч”… Эҳтимол, айни дамда ёдимга тушмаётгандир бошқа исм-фамилиялар, бундан қатъий назар, бош муҳаррир сифатида ном қолдирган камёб инсонларимиз тажрибалари миллий матбуотимизнинг олтин бисотлари ҳисобланадилар. Ўша тажрибаларни унутганимиз, қадрига етмаганимиз касрига қолиб ўтирибмиз бугун, Аҳмаджон ака! Ҳозирда мавжуд 1500 та ОАВда нечта малакали бош муҳаррир, нечта маҳоратли журналист борлиги эса ёлғиз худога аён. Ана шулар ҳозиргина санаб ўтилган ШАХСларни, улардан қолган намуна-ибрат мактабларини билишадими, қадрлашадими, улардан ўрганишадими – билмадим, билмадим…

Намуна, ибрат бўлишга арзирли БИРОРТА на давлат, на-да нодавлат нашрининг йўқлиги бугунги ўзбек журналистикасининг қиёфасини очиқ-ойдин намойиш этаётган кўрсаткичлардан бири бўлиб қолгани аянчли, ниҳоятда аянчли…

Халқаро шамоллар, тўфонлар ва биз

Юқоридаги барча мулоҳазаларни бир оғиз сўзда чиппакка чиқаришингиз мумкин, Аҳмаджон ака. Яъни, мен ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатган ташвишли ҳолатларнинг аксарияти жаҳон журналистикаси амалиётида ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон ўша ларзаларни четлаб ўтиши иложсиз. Филология масалалари бўйича фалсафа доктори Беруний Алимов етакчи хорижий давлатлар тажрибаларини атрофлича ёзди.

Тўғри, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг ҳақли аъзоси. Кўплаб соҳаларда, хусусан ахборот дунёсида бегона эмасмиз. Аммо-бироқ, республикамиздаги реал шарт-шароитлардан келиб чиқадиган бўлсак МАТБУОТНИ АСРАБ ҚОЛИШ чоралари бутунлай йўқолиб битганича йўқ.

Аввало, босма нашрлардан фойдаланувчи ёшдаги фуқаролар қатлами катта. Электрон манбалардан фойдаланувчилар кўпая бораётганини истисно қилмаган ҳолатда ҳам газета ё журнални қўлида тутиб, “ўз кўзи” билан ўқишга бўлган мойиллик кучли. Муҳими, матбуот аралашмагунига қадар битмайдиган кундалик-маиший муаммолар, низолар, мурожаатлар истаганча топилади. Инсон ҳаёт экан ҳеч қандай шароитда, муҳитда муаммодан ҳоли бўлолмайди. Ислоҳотлар адоқсиз давом этаверади. Ана шу жараёнда очиқлик, ошкоралик жамиятнинг таянчига, суянчига айланади. Бундай орзуга фақат ва фақат матбуот орқали эришилади.

Ҳар қандай миллий оммавий ахборот воситалари соҳаси ўзини ўзи бошқариш тизими яратилган тақдирдагина чинакам маънодаги ҳуқуқий-демократик, самарали-маърифий институтга айланиши мумкин. Ҳақиқий тўртинчи ҳокимият мақомига эришиш мумкин. Бундай мақсадларга эришмоқлик учун Американи янгитдан кашф этиш шарт эмас. Матбуот, ахборот ва оммавий ахборот воситалари соҳасига дахлдор давлат ва нодавлат ташкилот, идора ва ҳоказолар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилмоғи даркор. Бу сиёсат меъёрларини белгилашда 2017–2018 йилларда бошланган ислоҳотлар руҳидан келиб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Жумладан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолияти тубдан янгиланмоғи зарур. Уюшма – ўз номи билан уюштирувчилик вазифасини адо этмоғи лозим. Оддий, лекин ниҳоятда муҳим масала – уюшмага аъзолик мақомининг йўқлиги! Аъзо сифатида эътироф этилмаган шахс нима асосида уюшма атрофида қовушади? Бирлашади?..

Қолаверса, соҳада ўзини ўзи бошқариш механизмини яратиш ва уни йўлга қўйиш масалалари ҳам Уюшма зиммасига юклангани маъқул.

Уюшма учун тортинадиган жойи қолмади, қисинчоқлик даври ўтди. Умумишимизга нимаики наф келтирса, тап тортмаслигимиз керак.Очиғини айтадиган бўлсам, Фарғона вилояти журналистлар уюшмаси тажрибаларини бутун республикага ёйиш кўплаб муаммоларни бартараф этишга йўл очади. Фарғоналик ҳамкасбларимиз эришаётган, амалга ошираётган ишлар хусусида батафсил тўхталиш ўрни эмас, бироқ, бир сўз билан айтганда,вилоят журналистлари дарғаси Муҳаммаджон Обидов тажрибаларини бутун мамлакатимиз бўйлаб оммалаштириш йўлимизда тўғаноқ бўлаётган қатор муаммоларни бартараф этишда асқотади деб ўйлайман.

Бор имкониятлар бой берилганича йўқ. Умидни узмаслик керак. Реал шароитдан келиб чиқиб, имкониятларни топиш ва ишга солиш мумкин.

“Ўзбекистон матбуоти” тугади. Навбат “Ҳуррият”гами?

“Ўзбекистон матбуоти” соҳамизга доир ягона журнал эди. 1918 йилдан нашр этила бошланганди. Роппа-роса 100 йил тўлган йили… фотиҳаси ўқилмай, тўхтатилди. Ушбу йўналишдаги “Ҳуррият”га келдими, навбат?

Бозор муносабатлари, молиявий муаммолар, қўллаб-қувватлашларнинг бари ўз йўлига. Мен бошқа гапни ўртага ташламоқчиман.

Барча айб-кароҳат ЖУРНАЛИСТЛАРИМИЗНИНГ ЎЗЛАРИДА! Фаолият юритаётган 1500 та ОАВ таҳририятларида тақрибан 10000–20000 ходим ишлаётган бўлса керак? Касбимиз ҳаққи-ҳурмати, тирикчилигимиз манбаи бўлган соҳамиз рўшнолиги йўлида “Ўзбекистон матбуоти”га 10 000, “Ҳуррият”га 10 000 нусхада обуна бўлсак кимга фойда, кимга шараф, кимга савоб, азиз ҳамкасблар?! Бировнинг киссасидаги маблағни санашдан ёмони йўқ, илло борингки, икки кишилашиб ҳамкорликда бир йиллик обуна учун ақча топиш шунчалар маҳолми?Мушкулми? Оч қоламизми? Фарзандларимиз ризқини қиямизми?..

Гап ҳамкасблар ўртасида бирликнинг, ҳамжиҳатлиликнинг йўқлигида. Айни Уюшмамиз бош-қош бўлиши зарур бўлган, “Ҳой, барака топгурлар!” дея мурожаат қилиб чиқса, “Лаббай!” дея қулоқ солувчиларнинг тарқоқлигида.

Аҳмаджон Мелибоевнинг жон койитиб ёзганлари чандон тўғри. “Ҳуррият” ҳаммамиз учун минбар! Ажойиб минбар! “Ҳуррият”нинг руҳи бошқа ҳеч бир нашрда йўқ. “Ҳуррият”нинг сўзи, лутфи ўзгача. Нафақат соҳамиз вакиллари, балки барча-барча соҳа кишилари учун қадрли, фойдали, севимли газета. Айтар сўзимиз учун яраб турган минбарнинг йўқотилиши бамисоли ўз тилимизнинг қирқилишига ризолик дегандек туюлади кишига. Йўқ, бугунги қийин кунлар ортда қолади, “Ҳуррият” чиқишда давом этади. Унинг саҳифаларида талашиб-тортишиб чиқамиз, муштарийлар эса уларни талашиб-тортишиб ўқийдилар.

Ва ниҳоят…

Аҳмаджон ака! Машҳур поляк-рус адиби Юрий Олешада бир жумла ўқигандим: “Право на болтливость”! Эзмалик қилиб юбордим. Узр. Бунга Сиз ўзингиз, Ўзингизнинг “Ҳуррият”дек ардоқли нашримиз тақдири юзасидан куюнчаклик билан ёзган мурожаатингиз туртки берди. Тўғри айтгансиз, “Ҳуррият”нинг муаммоси ҳаммамизнинг ташвишимиз, дардимиз, хасталигимиз. Сиз битган мурожаат остига бажонидил имзо чекишга тайёрман. Таассуфлар бўлсинки, муаммо фақат “Ҳуррият”да эмас – бутун журналистикамизда.

Битта мақоланинг вужудга келишида қанчадан-қанча меҳнати сингади қаламкашнинг. Ижодий маҳорат, ташкилий-иқтисодий мажбуриятларни фақат ва фақат таҳририят доирасида яшаётган, меҳнат қилаётганларгина тўла тасаввур қилишади. Тонготар босмахона бурчагида “сигналний” нусхани кутиб ўтиришлар машаққатига ҳар ким ҳам дош беролмайди. Не ҳасратда ёзганингни кимдир ўқиса, бир оғиз мамнуниятини изҳор этса сендан бахтлироқ одам йўқ дунёда! Бироқ “маъқул” деган сўзни айтувчилар камайиб бормоқда, матбуотимиз сўзи, журналистларимиз сўзи ҳамкасбларимиз ҳамда кенг омма томонидан бефарқлик, лоқайдлик деворига бориб урилмоқда. Шулардан туғилган алам ва изтироблар ҳосиласи деб қарашингизни сўраган бўлур эдим, Сизга йўллаган ҳасратларимни, Аҳмаджон ака.

Аламли, эҳтимол, оғриқли мулоҳазаларимни Сизга раво кўрганим боисини Сиз ва қалам аҳлларимиз тўғри тушунадилар, тўғри қабул қиладилар деган умиддаман. Умумлашма хулоса ясашда муболаға зўрайиб кетгандек туюлади, лекин мавжуд аҳвол, эҳтимол, мен ўйлагандан-да аянчлироқ бўлмасин-да, ишқилиб, деган андишам ҳам йўқ эмас. “Ҳуррият”нинг бошидаги ғавғолардан бошқа кўплаб нашрлар ҳам йироқ эмаслиги йиллик обуна кўрсаткичларида яққол акс этиб турибди.

Мана, гап нимада, Аҳмаджон ака!

Камоли ҳурмат билан ёзувчи,

филология фанлари доктори, профессор

Хуршид Дўстмуҳаммад

Улашинг: