78

УЛАРГА ЁЗИШ УЧУН ҚОҒОЗ КЕРАК ЭМАС…

Бухоро–жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири. Бу ерни саёҳат қилган ҳар бир инсоннинг руҳи таскин топиб кайфияти кўтарилади. Айниқса, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги фавворалар майдони нафақат, шу ерлик аҳоли, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам кундузги жазирамадан сўнг салқин жойда ҳордиқ чиқариши учун яхши жойдир. Бинобарин, бу ерда турли оммавий-маданий тадбирларнинг тез-тез ўтказилиши дам олувчилар сонини янада ошишига сабаб бўлмоқда.

Одатда ҳар гал ишдан чарчаб уйга қайтаётганимда бирор соқинроқ жой топиб, дам олишга ҳаракат қиламан. Бир сафар ушбу майдон олдидан ўтишимга тўғри келиб қолди. Кун пешинга эндигина яқинлашганига қарамай офтоб забтига олиб қиздирмоқда. Дам олиш учун белгиланган айвончалардан бирига яқинлашдим. Бирок, бу ердаги ҳолатни кўриб, ичим уйилиб кетгандек бўлди. Ўймакор усталар машаққати билан бунёд бўлган, баланд ёғоч устунларига келиб-кетувчиларнинг турли сўзларни, исмларини ёзганини кўриб, уларга қоғоз керак эмас эканда деган хулосага келдим.

Azizbek+Dilfuza=Love, Shaxi+Hanifa, Nilu+Mehriniso+Risher+Elmurod=Do stlar

Булар устунлардаги баъзи бир сўзлар, холос. Қолганларини эса мисол қилиб келтиришдан ҳам уяласан киши. Дўстилигини қалбларга эмас, балки мана шу устунларга “муҳрлаб” қолдиришни истаган тенгдошларимиз бу ишлари билан нимани исботламоқчи эканлар-а? Қолаверса, вилоятимиз меҳмонлари уларнинг нечоғли маънавиятлари паст эканлигини кўриб, ёқа ушлашмайдими?

Устунларни кузатар эканман, ёнимга бир онахон келиб, сўз қотди.

–Болам, Бухорога меҳмон бўлиб келгансиз чоғи. Буни устунларга ҳайрон бўлиб қараётганингиздан сездим,-дейди ўзини Нурия Сафарова деб таништирган онахон. –Мен ҳар куни шу ерга неваралирмни олиб келаман. Ёшлар учун шундай ажойиб майдон қурилган, қанчадан қанча мевали, манзарали дарахтлар экилган. Кўриб кўзинг қувонади. Аммо, гоҳида уларнинг дарахт шохларини синдириб, анвойи гулларни узиб, бир оз ўтгач шундоққина ерга ташлаб кетишларини кўрганимда бу ерни обод масканга айлантириш учун кеча-кундуз меҳнат қилаётганларга  ачинаман. Сиз хафа бўлмангу бу каби ёшларга ота-оналари яхши тарбия беришмаган, деб ўйлайман. Айрим пайтларда орамизда шундайлар борлигидан хафа бўламан.

Таъкидлаш керакки, яшаб турган маконимизнинг ободлигига, покизалигига қараб бизга баҳо берилади. Бу ишимиз минглаб инсонлар заҳмати, саъй-ҳаракати эвазига чирой очаётган она шаҳримиз хуснига доғ бўлиб тушишини унитмайлик.

 

Ферузбек Сайфуллаев

Бухоро вилояти