1 092

ТОЖИКИСТОН — ТОҒЛАР БАҒРИДАГИ МАРВАРИД

Тожикистон бу сўзни эшитиши билан кўпчилликнинг хаёлига баланд, виқорли Помир, Ҳисор ва Зарафшон тоғлари, унинг чўққиларидаги оппоқ қорлар келади. Худди шундай менда ҳам бу қардош юрт ҳақидаги илк таассуротларим мана шу баланд ва салобатли тоғлар билан боғлиқ эди. Бироқ, ҳам тарихан ҳам маданий жиҳатдан қардош бўлган Тожикистон юртига қилган сафарим орқали — бу диёрни қайта кашф этдим.

Душанбе шаҳрида жойлашган Халқаро аэропортдан чиқар эканман, Тожикистон мен учун олисдаги юрт бўлиб туюлмади. Чунки аэропортдан чиқишим билан соат милларини созлашга зарурат бўлмади. Сабаби, Тожикистон Ўзбекистон билан бир вақт чизиғи остида жойлашган. Аэропортдан чиқиб меҳмонхона томон кетар эканман, аввало, эътиборимни тортган асосий жиҳат, Душанбе шаҳрининг жуда озодалиги эди. Шаҳарда бир вақтнинг ўзида ҳам замонавий архитектура иншоотларини ҳам ХХ асрга оид биноларни учратиш мумкин. Деярли барча қизиқарли ҳамда маъмурий бинолар шаҳарнинг Рудакий кўчасида жойлашган. Хусусан, мазкур кўчада жойлашган Тожикистон «Миллий кутубхонаси» ўзининг маҳобати ва жамланган китоб фонди билан таҳсинга лойиқ. Кутубхона ходимасининг айтишича, ҳозирда ушбу кутубхонада тахминан 6 миллиондан ошиқ китоб сақланмоқда. Кутубхонадаги китобларни кўрар эканман, 1,6 граммлик муқаддас Қуръон нусхаларидан бирига кўзим тушди. Узунлиги 1,8 см, эни 1,2 см бўлган дунёдаги энг кичик ушбу Қуръон нусхаси 292 бетдан иборат. Унинг ҳар бирида 12 қатордан матн жойлашган. Ушбу ноёб китобни кўриб, беихтиёр «Инсон қўли —гул» деган ибора ёдимга келди.

Шунингдек, шаҳар марказида дунёдаги энг баланд флагштоклардан бири жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 165 метрни ташкил этади. Бундан ташқари, шаҳар марказида буюк шоир Мир Алишер Навоийга бағишланган сўлим боғбарпо этилган. Боғда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ўзаро суҳбати акс этган гўзал ҳайкал қад ростлаган. Бу эса икки қардош халқларнинг ягона тарихий меросга эга эканлигидан далолат беради. Тарихий яқинлик ҳақида гапирар эканмиз, унинг чек-чегараси йўқ. Яхшиси бу ҳақда алоҳида мақолаларимизда ёзамиз.

Ёшлигимдан тарихга қизиққанлигим боис, Тожикистондаги тарихий обидаларига ошиқдим. Маҳаллий аҳолининг айтишича, мамлакатда бир қанча тарихий обидалар бор. Айниқса улар орасидан Ҳисор ва Хўжанд қалъалари энг машҳурлари экан. Вақтим бир оз тиғиз бўлгани учун Душанбе шаҳрига энг яқин бўлган Ҳисор қалъасига борадиган бўлдим. Йўлда кетар эканман ҳайдовчимиз: “Сайёҳлар Тожикистонга тарихий обидаларни кўришдан кўра, унинг виқорли тоғлари учун келади. Бизда айниқса, экстримал спорт турлари яхши ривожланган”-деб айтиб қолди. Қалъа томон борар эканмиз, йўллар қурилганига 8 йил бўлган бўлсада, ҳалигача равон ва текис. Бунинг учун тожикистонлик йўлсозларни олқишлаб қўйиш жоиз.

Ҳисор қалъаси баланд тепаликда жойлашган бўлиб, ушбу қалъа милоддан аввалги йилларда Искандар Зулқарнайн даврида бунёд этилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, мазкур қалъада буюк саркарда Александр Македонский ва Бақтрия маликаси Роксананинг никоҳ тўйи бўлган экан. Шунингдек, қалъа Бухоро Амирлиги даврида Ҳисор беклигининг маъмурий маркази ҳам бўлган. 1920 йилда Бухоро Амирлигининг сўнгги амири Амир Олимхон ҳам бир муддат Ҳисор қалъасида яшаган экан. Қалъа деворларига боқар эканман озгина бўлса ҳам мозийга қайтиб қолгандек бўлдим…

Узум меваси инсон организми учун жуда фойдали мева ҳисобланади. Бироқ узум жуда мўрт бўлганлиги сабабли уни етиштириш анча мушкул иш. Тожикистоннинг Турсунзода туманида асли фарғоналик бўлган Неъмат хожи ота узумчиликнинг пири десак, муболаға бўлмайди. Турсунзода туманига борганимизда “Неъмат хожи деҳқон хўжалигида” бўлдик. Хўжалик 105 гектар майдондан иборат бўлиб, унинг ҳаммасида узум меваси етиштирилади. Отанинг айтишича, ҳар бир гектар ердан ўртача 30 40 тонна узум меваси етиштирилади. Шундан етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи ички бозорга қолган 70 фоизи экспортга жўнатилади. Ёши тахминан 80 дан ошган отахон етиштирган узумларнинг мазасини таътиб кўрар эканмиз тожик узумларининг бежизга довруғи машҳур бўлмаганига яна бир маротаба ишонч ҳосил қилдим…

Сафарим якунида шунга амин бўлдимки, тожик ва ўзбек халқи чинакам маънода қардош ва биродар халқлар ҳисобланишади. Тожиклар учун меҳмон, ўзбеклар сингари «отангдек улуғ». Мазали таом билан меҳмон қилишади, самимий, очиқ юз билан суҳбатлашишади. Хуллас, барча барчаси ўзбек халқидек очиқкўнгил ва самимий. Ахир бежизга айтишмаса керакда, ўзбек ва тожиклар икки тилда гаплашуви бир халқ дея. Биродарлигимиз бардавом бўлсин “биродари азиз”!.

Темур Эшқувватов

Улашинг: