1 388

Ўзбекистон ОАВ ва ННТ вакилларининг сув ресурслари ва сувдан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш

   Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Марказий Осиё минтақавий экологик маркази кўмагида Европа Иттифоқининг  “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” лойиҳасининг бир қисми бўлган “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича  саводхонликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш (UzWaterAware)” йўналишида 2018-2019 йиллари Ўзбекистон ОАВ ва ННТ вакилларининг сув ресурслари ва сувдан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш мавзуидаги семинар-тренингни республикамизнинг 8 та вилоятида ўтказмоқда. Биринчи тренинг Карши шаҳрида бўлиб ўтмоқда.  Семинар-тренингнинг асосий мақсади республикада фаолият юритаётган журналистларнинг сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тайёрлайдиган журналистик материаллари орқали кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ва экологик маданиятини шкллантиришдан иборат.

Сув танқислиги билан боғлиқ муаммо оламшумул таҳдидга айланиб, табиий муҳитнинг ёмонлашувига, яшашга доир имкониятларнинг чекланишию аҳоли саломатлигининг ёмонлашувига олиб келди. Бугун сайёрамизнинг қирқдан ортиқ мамлакатида истиқомат қилувчи 2 миллиарддан кўпроқ одам сув танқислигидан азият чекмоқда. Ҳозирги даврда  ички сув ҳавзалари, айниқса, дарёлар шу қадар ифлосланганки, улар табиий йўл билан ўзини ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар нафақат истеъмол учун, балки, маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолаётир. Ўғит ва заҳарли кимёвий моддалар ишлатилган экин майдонларидан оқиб чиққан сувлар, чорвачилик фермаларидан оқиб чиқадиган сувлар ва бошқалар шулар жумласидандир. Сув танқислиги катта иқтисодий қийинчилик билан бирга аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сувнинг ифлосланиши туфайли турли  касалликлар – ошқозон ичак, буйрак, жигар, қонда турли аллергик хасталиклар келиб чиқмоқда. Сув ресурслари танқислиги Ўзбекистоннинг изчил ривожланишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин бўлган асосий омиллардандир. Мамлакат айни кунларда сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдан иборат. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида суғориладиган сувга кўпроқ эҳтиёж сезадиган мамлакатдир. Негаки унинг суғориладиган майдони катта, қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади ва аҳолиси ҳам зич жойлашган. Сувнинг катта қисмидан, айниқса қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, суғориладиган деҳқончиликнинг экологияга салбий таъсир кўрсатаётганини кўришимиз мумкин. Чунки таркибида пестицидлар, тузлар кўп бўлган қайтадиган сувларнинг қарийб 80 фоизи ушбу соҳага тўғри келади.

  Семинар-тренинг қатнашчилари  2 кун давомида “Ўзбекистон Республикаси барқарор тараққиёт йўлидаги сув сиёсати устуворликлари, экологик хавфсизлик ва уни таъминлаш омиллари. Сув масалалари бўйича жамоатчиликнинг экологик хабардорлигини оширишда ОАВ роли ва аҳамияти, “Виртуал сув”, Ўзбекистон ОАВда сувдан оқилона фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш масалаларининг ёритилиши: мазмун, шакл, муаммолар ва тенденциялар, ОАВда глобал иқлим ўзгариши ва сув масалалари: одатий журналистик ёндашувлар ва хатолар, журналистик суриштирув – сув муаммоларини ўрганишнинг самарали усули сифатида, сув масалаларини ҳал этишда ОАВ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигининг таҳлили, журналистнинг маълумотлар билан ишлаши (дата-журналистика) ва экологик ахборот визуализацияси, экосув мавзуида мультимедиавий сторителлинг. Ҳикоянгизни аудитория учун қизиқарли қилиш йўллари” каби мавзулар билан танишиб сув  муаммосини ОАВда кенг ёритиш борасида билимларини оширадилар.

Лойиҳа доирасида сув муаммолари ва сувдан фойдаланиш борасида фаолият юритаётган журналистлар, журналистика факультетининг талабалари,  экологлар, ўқитувчилар, мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг  вакиллари, фаоллар учун “Ўзбекистонда  сувдан фойдаланиш масалаларининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши” деб номланган ўқув-амалий қўлланма ва тренинг ўтказиш бўйича услубий қўлланма чоп этилади.

Улашинг: