127

МУҲТАРАМ

Ёқуб Умер ўғли

Қўйниларида  бир ҳафталик ҳасрат, дилларида қурбон бўлаётганлари ҳақида оғир уй. Барчаси бир-бирига ўхшаш. Мунчоқдек дасхат билан битилган мактуб, ички кийимлар, ун.  Оёқларида ғариблик муҳрланган,  таглари топталган  қора резина калиш. Қора калиш! Қишда юрганда сув каби музлаб, қотиб қолади. Ёзда эса  худди товада дон қовурилгандек, унда оёқ куяди. Барчасиинг юзида қалам билан тасвирлаб бўлмайдиган ифода. Йўқлик, йўқсиллик, камбағаллик. Бу ифода  асрлар давомида йиғилган афгорликдир. Улар палапонларига  озуқа ташияётган қушга ўхшайдилар. Барчаси ҳаётдан хафа, ҳар нарсадан чўчишади. Қуёш бош кўтариши билан уйқусираганча тракторга чиқиб, тупроқ кўчалар билан  шаҳарчага отланишади.

Қишлоқдан сотиш учун олиб келган нарсаларини тракторга юклаб, ёнига ўзлари жойлашишади. Бу бир ботмон сут, икки халта сузма, икки бўлак ёғ, бешта, ўнта тухум. … Биз учун олиб келинган нарсаларни бошқа бурчакка қўйишарди. Икки қоп тезак, беш килоча  гуруч,  бир халта сузма,  бир нечта букилган юпқа…

Олиб келинган нарсалар бир неча маротаба қатнаб, сузма бозорига олиб бориларди.  Ҳар доим чап ва ўнг тарафга  қарамасдан, тўғри боришар,  шошилганларидан  адашмаслик учун  йўлни ҳам сўрашмасди.  Вақт, соатни қуёшга қараб билишарди. Сотилган нарсаларнинг ҳисоб-китобини ҳам билишмасди… Нима  беришса, шуни олишарди.

Ҳар чоршанба шу нарса такрорланарди. Тонг саҳарда қишлоқлардан олиб келинган маҳсулотлар бир неча соат ичида сотиб бўлинарди. Бувиларимизга тўқиш учун ип, чит; биз учун қалам, дафтар, китоб, устимизга кийим, пойафзал…. Буларнинг барчаси  қиммат турарди ва йилда бир маротаба, ҳосил йиғилган пайти олинарди…

Мактабда ўқийдиган қишлоқ болалари оналаримизнинг қачон  келишини билар ва чоршанба куни эрталабдан шаҳарча марказида  тизилишганча, уларни кутардик. Келиш  вақти ўтиб кетса,  онасини кўрмаган болалар чап ва унг томонларга савол ёғдириб, хотинларнинг ёнларига борардик: “Хола онам келдими?”, “Биби онамни кўрмадингизми?” Кимнинг қишлоқдан қариндошлари келмаган  бўлса , келганлар қолганларга пиширилган тухум узатишарди. “Тухумлари янада купайсин” дея товуқларни алқаганча, уларни олиб, оғзимизга солардик.

Чоршанба куни эрталаб совуқ авжига олди. Қишлоқдан олиб келинган бир ҳафталик озуқани лойсувоқ уйларимизга олиб келдик. Тезак, юпқа, сузма, дон…. Уларни жойлагач, сузма бозорига кетган оналаримиз йўлига кўз тикдик. Оталаримизга ўз ҳохиш истакларимизни осон айта олмас, шунинг учун оналаримиз  қайтишини сабрсизлик билан кутардик. Бозор  бир баҳона аслида дардларимизни оналаримизга айтишни истардик. Қишлоқдаги ташвишлари етмагандик, биз ҳам қўшимча гарданларига ўз дардимизни юклардик. Биз мактабда ўқисакда, барча ўқув юкламаси, қўлёзмаларни ўқиш ҳам бечораларга юкланарди. Ҳар бир фарзанднинг ўз дарди бор ҳар бир онанинг ўз маслаҳати….

-“Ойи, бадантарбия ўқитувчимиз спорт кийими олинглар, бўлмаса баҳо қўймайман деяяпти.”

-“Спорт кийимими?!”

-“Ҳа ойи. Бадан тарбия дарсида кияр эканмиз”.

-“Кузда қалин иштон киймайсанми?”

—“Спорт кийими она, cпорт кийими..”

-“Қанча туради?”

-“Беш…”

-“Жоним болам. Отанг шу ҳафта ғунажинни сотади…”

-“Ойижон менинг математика китобим ҳам йўқ. Уйга вазифани ҳам қила олмадим..”

-“Бошқаларни китобини ишлатиб тур ўғлим,  амаллагин!”

-“Оляпман ойи. Меҳнат дарсида муқова ясаш учун елим керак ”

-“Муқова нима? Елим деганингни қаердан оламан?”

-“Биттаси картон, иккинчиси уни ёпиштириш учун елим ойи”.

-“Ё раббим, кейинги ҳафтада иккита товуқ олиб келаман…”

-“Энг каттаси олдинда ойи, мусиқа ўқитувчимиз най олиб келинглар деяяпти. Ҳаммада най бор. Ва яна бешта чизиқли мусиқа дафтари. Най олиб келмаганларни синфга қўймайман деяяпти…”

-“Мен янги дарддан ўлаяпман, ўғлим, муқова, спорт кийими,  елим….  Устозларингиз  инсон аҳволини тушунсалар нима қилар экан-а? Йўқликни, йўқсилликни…

 

***

Шу  чоршанба оналаримиздан биттагина най сўраш қолди, холос. Cузма сотиб ишлаган пулларининг бир қисмини бизга қолдиришади. Бу ҳафта улар чидай олмай зорланишади. “Биз хизматчилармиз. Фарзандларимиз одам бўлсин дея мактабга бердик, у ерда бўлса устозлар уларга сурнай чалишни ўргатишаяпти”. Барчамиз оналаримиз сурнай деб атаган найлардан сотиб олдик. Сариқ, қизил, кўк, оқ рангдаги найлар… Мактабнинг боғида най чалишни ўргана бошладик.

Нусрат  устозга  қадар мактабимизда мусиқа ўқитувчиси йўқ эди. Шу пайтгача мусиқа ва чет тиллардан дарс берувчи ўқитувчи бўлмаганди. Най чалишни биз ҳам билмасдик. Нусрат устоз илк дарсданоқ найни қай тарзда пуфлашни ўргата бошлади. Биз ўз навбатида билимларимизни оналаримизга улаша бошладик.  Аммо деярли барчамиз қишлоқ болалари бўлганимиз сабабли қиш кунлари йўллар қор билан кўмилиб, оналаримиз келмай қоларди. Уларни кута- кута мактабга йўл олардик.

Ёқаларимиз кирдан қотиб кетар, иштонларимиз белдан тушар, унинг боғичини янада махкамроқ боғлаб, мактабга отланардик. Ўқитувчи биримизни доскага чиқарса?  Устидан кулардик.  Унга ҳар бир гапимиз ортиқчадек туюларди.  Ёзув учун чизиқли қоғоз, сарлавҳани ёзиш учун қизил қалам, кичик довотда сиёҳ, тунука тоғорада тезак, чойимизда шакар… Нусрат ўқитувчидан қўрққанимиздан мусиқа дарсини рисоладагидек бажаришга  ҳаракат қилардик. Битта най, беш чизиқли мусиқа дафтари ва бир хил шеър китобчаси; сўзлари бизга тушунарсиз китоб, луғат,совуқ  кечалар…

Шаҳар болалари биздан бироз фарқ қилишади. Биз қишлоқ болалари қўй отаридек улардан ажралиб, хизматларини қилардик. Баъзи бир ўқитувчилар дастидан Муҳтарам қийналарди. Уни сўроққа тутишганида, Муҳтарамнинг жавоблари доимо аниқ ва лўнда бўларди?

“Нега соқолингни олмадинг?”

“Устарам йўқ, устоз”

«Нега устки кийиминг йиртиқ?”

“Онам йўқ, устоз”

“Тўйларда ичармишсан?”

“Товба, Аллоҳ гувоҳ, ичмайман устоз”….

Муҳтарамнинг ҳеч бир жавобини ўқитувчилар қабул қилишмасди. Унинг икки юзига   жарангли овозда икки шапалоқ келиб тушарди. У бунга жавобан ҳеч нима демасди, урушмасди.  Қўллари билан хаттоки юзларини ҳам тўсмасди. Юз ифодаси ўзгармасди. Қулай вазиятни кутар ва аста чиқиб кетарди. Кетиш олдидан фақатгина устки кийимини олар, қалами, дафтари, китоблари, найини ҳам олмасди. Таёқ ер,  жаҳли чиқар, хўрлиги келар, аммо йиғламасди. Ва яна мактабга қайтиб келарди. Дадасини таниган, Муҳтарам унинг ўғли эканлигини билган устозлар эса унга индашмасди. Хаттоки уни рағбатлантиришарди. Синфнинг олдинда бориши учун унга  бироз юқорироқ баҳо қўйишарди.  Аммо унинг отасини танимаган устозлар дастидан Муҳтарамнинг боши узра доимо қора булутлар айланарди. Унинг юзида катта одамларнинг юз ифодаси чизгиларини кўриш мумкин эди. Қошларини чимирса, пешонасида чуқур ажин пайдо бўларди. У бошқача эди. Ўтирса ҳам, турса ҳам бошқа болалардан ажралиб турарди. Танаффус пайтлари ёлғиз юрар. Биздан ёши катта, юқори синфдаги бир қизда эди унинг нигоҳлари. Оёқлари эса ўз-ўзидан қиз томон уни бошларди. У худди ёшини яшаган қари одам сингари сўзларди. Ўқитувчиларнинг гаплари унга сира кор қилмас, Муҳтарамни хаттоки синф деворлари ҳам ҳурмат қиларди назаримда. Дарсларни жуда ҳам қизиқиб тингламасди: Тош ойна, қавариқ ойна. Фрикияликлар, урартуликлар… Айлана, доира, учбурчак… Уни фақат фойда қизиқтирарди. Бошқаси бир тийин эди.

Мусиқа дарсимизни турк тилини ўтадиган устозимиз олиб борарди. У тилидан бол томадиган одам. Исми Яшарбей. Дарсда ҳар биримиз бирор туркча сўз айтардик. Қирқ дақиқа сув каби оқиб ўтиб кетар, қувончимиз ҳам  бир зумда битарди.  Сольфеджио, диез , бемоль…. Соль калити нималигидан хабаримиз йўқ.  Яшар устозга  туркча  гапирсак бўлгани, биз учун барча эшиклар очиларди.

“Бўлинган бирикма, тўртликлар, саккизликлар, ўнталиклар…. На ноталарни, на чалишни… Ҳеч бирини билмасдик. Мусиқа деса ҳаёлимизга турк тили келарди. Турк халқ қўшиқларининг вақти. Қўвноқ, дардли…

Нусрат устоз келгунига қадар мусиқа дарсларида энг аълочи ўқувчи Муҳтарам эди. Бошқа дарслардан фарқли ўлароқ Яшар устоз  Муҳтарамга ишонарди. Муҳтарам жарангдор овозда “Аёдўст!” дея гапинибошлар ва  “ўн” дея, жойига ўтирарди. Муҳтарам  ҳар кимнинг овозини туркча ўхшата оларди. Муртазанинг “Қизим сенга aнов-манов олган эдим. Бордими? Бордими?”. Байрамнинг “Боғимга  қалампир экдим дер Марьям,  қиз Марьям…”. Орифнинг  “Боққа кел, бўстонга кел” дея овозларини ўхшатишни бошларди. Яшар устоз кўпчилигимизнинг гапларимизни ярмиданоқ бўлса,  Муҳтарам эса ҳар ҳафта туркчани турли хил талаффуз қилсада, унинг гапларини устоз бўлмай, охиригача эшитарди.  “Қара бу бахтни қарагин, оқ қўлларин силкита силкита келар ёр…” дея ҳузурланарди Яшар устоз. Муҳтарам шундай сўзлар эдики… Оҳанги қалбни яралар, мунгли…  Ҳар бир сўзи оташ каби юракларимизни куйдирарди. Муҳтарам қалқон каби синфни ҳимоя қиларди, гуё. Ҳаммамиз уни жимгина тинглардик.

 

Ип отдим учи қолди

Тароқда кучи қолди.

Севганимни ёт олди

Юракда оғриқ қолди.

 

***

Нусрат устознинг биринчи дарсидаёқ қўрқув шамоли қишлоқдаги оналаримизга ҳам тегиб ўтди. Истамайгина улар бир найнинг нархини чўнтакларидан чиқариб беришар ва бизнинг истанбуллашишимизга ўз ҳиссларини қўшишарди.

Нусрат устоз ҳавоси, суви, одамлари мутлақо бошқа бўлган шаҳардан. Талаффузи ҳам антиқа. У ғалати тарзда “консерватуар” дерди.  Унинг ҳар бир гапидан кўзларимиз катта катта очиларди. “Консерватуар!”. Нусрат устознинг кўзлари кўм- кўк эди. Зерикарли. Совуқ.  Ғазабланса кўзларимизда қўрқувни кўриш мумкин эди. Унинг кўзларига тик қарашга қўрқардик.

Найларимизни олиб келдик. Устоз оҳакка ботирилган ип билан доскага беш чизиқ чизди ва бош тарафига бир калит қўйди. Синф бир қамоқхона, чизиқ эса бир темир калтакка айланди гуё. Бу  “соль  калити” . Бирортамиз  у билан  ҳеч бир эшикни оча олмадик.

Ритм, сольфеджио, бир  тон, ярим тон,  ингичка ре, йўғон до, си-бемоль, фа-диез… маъносиз овозлар ва найлар. Бир халта сузма нархига келган найлар. Дардли қўшиғимимизнинг ярим қолди. Турк тилимиз эса тилсиз…..

Инглиз тили, математикадан қўрқмасдик. Мусиқа дарси куни эса  тиззаларимиз титрай бошларди. ”Нусрат устоз мени доскага чақирмасин” дея дуолар ўқир, хатм қилдирардик.

Овозлар, узоқ хотиралар каби йўқолган кунлар. Қўл етмас, кўз кўрмас  хотиралар….

Нустрат устоз найни ушлаганича сўрарди:

“Бу қандай овоз?”

“Фa”.

“Кафтингни оч! ”

“Пат, пат, пат, пат.”

“Кеч  бўлди, сенинг ўрнингда эшак бўлса аллақачон ўрганарди.”

“До, ре, фа” бир урушлик,  тўрт урушлик” турли хил калтаклар. Халачуп кафтларимизга  келиб тушарди. Қўлларимизни ёйганча жойимизга қайтардик. Баҳорнинг бир куни. Чоршанба.  Математика дарсидан чиқдик. Фа, соль, ля соль, ми, ми, ре ми… худди шеър мисралари каби ёдлашга ҳаракат қиламиз..  Муҳтарам  бизга қараганча куларди.

Нусрат устоз синфга кириши билан устимиздан ўлим тупроғи сочилгандек бўлди. Сукунат елкамизга  тоғ каби қулади. Нигоҳларимиз ерга қадалди. Муҳтарам билан мен ўртадаги партада ўтирардик. Иккимиз бир жуфт каклик каби яширинишга тайёр эдик. Устоз най ила бир парчани ижро этди. Кейин эса уни  сўзлари билан тўлиқ ижро этди.

“Oooooo, мовий кўзлар каби дунёёёёёё!

Кенг дунё болалариииии!

Келин ойилариииим.

Мовий биллур кабиииииии;

Дўст- у,қардошлариииим…”

Бу сўзлар бизга тушунарсиз эди. Улар ҳеч бир турк тилининг қоидаларига мос келмасди. Кулгимиз келар, аммо қўрққанимиздан кула олмасдик. Яшар устоз бўлганида қаҳ-қаҳа отган бўлардик. У ҳам  бизга қўшилиб кулган бўларди. Нусрат устоз ашулани тугатиб, бизга тушунарсиз бўлган сўзлар билан бақира бошлади:

“Си, ля соль фа ми ре дo ре сиииииии….”

Муҳтарам секин қулоғимга шипшиди:

“У нима деб бақираяпти? Худди пода  ортида қолган  кучукча каби…”

Лабларимиз  жилмайди. Муҳтарамнинг кўзлари яшнади. Ёноқларимиз қизарди. Қўрқмаганимизда пишқириб юборардик,қаҳ-қаҳа отардик.

Устоз  шивирлашганимизни кўрди. Муҳтарам қошларини чимириб, жиддийлашди, юз ифодаси ўзгарди. Устоз унинг кўзларига тикилар эди. Нигоҳларида учқунлар чатнарди. Боқишлари совуқ, қўрқинчли. Нигоҳи синф бўйлаб  кезарди. Бизга тўғри келганда, у тўхтади. Муҳтарамни сафдан ёқасидан ушлаб чиқарди. “Доскага” деди у.

Муҳтарам ўлим ҳукми ўқилган махкум каби эди. Пижаги тагида кўйлак йўқ. Бўйинбоғни бўйнига боғлаган. Нусрат устоз  бир қўлига найни  калтак каби тутганича иккинчи қўлини пахса қилиб, Муҳтарамга:

“Қани найинг?” деди.

“Найим йўқ , устоз”

,,О, гапир! Оооооо кўзлари мофий осмон каби дунёёёёёё…”

Муҳтарам худди симёғочга осилган каби турарди.

“Ooooo…”

“Овозингни ўчир, даҳшат! Бу қишлоқ хабарчисими! Тўхта! Мана бу найни ол. Чал! Си ля соль фа ми ре до ре сиииииии….!

Муҳтарам найни худди қўли куйиб қоладигандек  олди. Йирик бармоқлари най узра тушунарсиз равишда кеза бошлади. Унинг йирик, гўштли бармоқлари титрарди.

Лунжини шишириб бир икки маротаба пуфлади. Нусрат устоз ортиқ жойида тураолмади.

Най бахти қаро дея, Муҳтарам қўлида “Эвоҳ, эвоҳ” деганича инграрди, холос. Муҳтарам “дюрт, дюрт” деган бир икки овоз чиқарди, аммо Нусрат устоз истаган садолар чиқмади. Ниҳоят устознинг сабри тугади:

“Чал ўғлон. Сииии ля соль фа ми ре до сииииии!”

“Дуут, дудууут”

“Чиқмаяпти, чиқмаяпти! Эшак ҳам….”

“Буни чалолмайман, устоз”

“Чаласан, чал!”

“Устоз сурнай бўлса эди! Сурнай бўлса…”

Муҳтарам гапини тамомламади.

Устоз сурнай сўзини эшитиши билан кўзларидаги мовийлик юқолди. Жаҳли чиқди.

“Сурнай? Сурнайми? Сурнай!”

У қўлидаги най билан Муҳтарамни юзи кўзи  демай ура кетди.  Қўрққанимиздан жойимизда тошдек қотдик. Най Муҳтарамнинг бошида иккига айрилди. Найнинг бош тарафи четга сачради. Муҳтарам юзи қизарсада, ҳар бир тарсакидан сўнг кўзларини қисганича  ҳайкал каби қотиб турарди. Барчамизнинг юзимизда қўрқув акс этди. Муҳтарамнинг юзига тушаётган тарсакилар худди бизнинг юзимизга ҳам тушаётгандек… Устоз Муҳтарамни астойдил калтакларди. Қизлардан бирининг йиғиси сукунатни бузди. Шундагина устоз ўзига келди.  Тўхтади. Шошиб қолди. Нима қилганини била олмади, назаримда. Кўм-кўк нигоҳини синфга тикди. Бир нималар дея минғиллади. Биз унга қарамасликка ҳаракат қилардик.

Муҳтарам эса устознинг кўзларига тик боқди. Нигоҳлари тўқнашди. Муҳтарам бўғиқ,  йиғи аралаш  овоз чиқарди. Аммо йиғламади. Бўйнидаги бўйинбоғини ечди ва секин :

“Ғазабингиз тарқалдими,  устоз”, деди у.  Синфдошлар сафига секин яқин келди. Ёнимга ўтирса керак деб ўйладим. Унга жой бўшатиш учун орқага тисарилдим. У парта устида ётган китобини олди. Қўлтиғига қисиб,  синф эшиги томон юрди. Эшикни секин очиб, чиқиб кетди…

Эртага ҳам, кейинги кунлар ҳам Муҳтарам мактабга бошқа келмади. Синфимизда кўйлаксиз бўйинбоғ тақадиган, тўйларда сурнай чаладиган, юқори синфдаги қизга узоқдан кўз тиккан жасур ўғлон бошқа йўқ эди… Синф худди бўшаб қолгандек, унинг ўтирган партаси мунғайиб тургандек, назаримда…..

Орадан бир неча ҳафта ўтди. Чоршанба куни эди. Бир неча болалар билан сузма бозорида оналаримизни кутиб турардик. Сузма сотилгач,  биз ўзимизга тегишли пул ва озиқ-овқатни олиш илинжидамиз.  Ҳаво совуқ, изғирин. Бирданига Муҳтарамни кўриб қолдик. У  қоп орқалаганича кетиб борарди. Орқасидан югуриб, уни чақирдим:

“Муҳтарам, Муҳтарам!”

У орқасидаги қопи билан орқага қайрилди. Юзимга тикилди. Қопнинг эгаси ҳам тўхтади. Нима деб жавоб қайтаришини билсамда ундан сўрадим:

“Муҳтарам мактабга нега келмаяпсан?”

У секин кулди ва оғзидан биттагина гап чиқди:

“Эрталабки совуқда мусиқа устознинг юзини қиздирмоқчиман!”

Беғамлик юкини ортганича у бурилиб, юкини ташияётган одамнинг орқасидан юрди.

 

****

Отатуркнинг келиши нишонланмоқда. Ҳар йили бу ҳодиса байрамга айланарди. Ноғоралар гумбирлар, сурнайлар чалинар, халқ  шу куни  Ҳаётдан мамнун қиёфада  майдонига йиғиларди. Мактаб мудири   бесаранжом равишда у ёқдан бу ёққа чопар, Муҳтарамнинг яхши кўрган қизи ҳам биз билан эди.

“ Пишлоқнинг дурдаси каби қайнамай, жим туринглар!”деди у ёнимизга келиб. Сиқилади. Ёнидагиларга шивирлайди:

“Ёлвора-ёлвора Бағриёниқни олиб келдим. Тупурган тупугимни қайта оғзимга олмайман, деди, оёқ тираб туриб олди. Қаймақом бей олдида расво бўлардиг-а. Бағриёниқдан бошқаси кўнглимиздагидай сурнай чалалолмайди-ку, оғайни, тўғрими? Неча йиллардан бери тўйу тантаналарда фақат у сурнай чалади…”

Ох, Нусрат устоз! Бечорадан нимани истадинг ўзи? Бечора бағри қон дўстим. Отаси боласини ўқисин дея мактабга олим келмаганмиди?  Истанбуллик бойваччалар Анадўллилик фақирлар ҳолини билади дейсанми, қўй-э! Улар бу ерларниям Бейўғли кўчасидай жаннат деб ўйлайдилар… ростини айтсам, Бағриёниқнинг ўрнида мен бўлсам, келмасдим… Бечора, —аҳмоқнинг ўғли аҳмоқ       нотани, най ни қаердан билсин…”

Нусрат устознинг орқасидан саф тортдик. Бир нечтамизнинг қўлимизда қоғоз байроқчалар бор. Нусрат устоз пижагининг тугмаларини қадаб, қаддини ростлади.  Олдинда сурнайчи Багриёниқ ва Муҳтарам  тадбирнинг бошланишини кутишаяпти. Муҳтарам билан нигоҳимиз тўқнашди. У қўлларини силкитганича, жилмайди. Ора сира Нусрат устозга ишора қилганича қўлидаги сурнайни кўрсатарди.  Бироздан кейин:

“Бошланг усталар! Бошланг!”деган овоз келди.

Отлиқлар олқишларга кўмилганича сафланиб келишарди. Ноғорачилар ноғораларини чала кетишди.  Бағриёниқ ва Муҳтарам  лунжиларини шиширдилар. Сурнайлари тилга кирди. Муҳтарам сурнайини Нусрат устознинг рўпарасида бор кучи билан пуфларди. Муҳтарамнинг гўштли бармоқлари сурнай тешикларини бир бир босар, унинг овози майдондагиларнинг қалбларигача етиб борган бўлса, ажаб эмас.   Сурнай бироз хирқироқ овозда сас таратар, Нусрат устоз уни илк маротаба эшитаётган эди. Ҳамманинг  олдида, Бағриёниқ ёнида сурнай чалаётган  қора кўз ҳузур қилаётганди. Устознинг ёнидаги бошқа устозлар ҳайрат ила сўрашди:

“Сурнай чалаётган бу бола бизнинг ўқувчимиз, шундай эмасми?”

“Бу бола…”

“Бу…”

Муҳтарам  кўзларини юмганича, лунжиларини шишириб,  бор кучи билан сурнай чаларди. Нусрат устоз ҳайрат ила уни кузатарди.У қўли билан оғзини ёпди. Кўзларини катта очди. Унга ҳеч нарсани тушунмай  қаради.

Муҳтарам чин дилдан интизорлик, учрашув таронасини берилиб чалар эди…

 

Турк тилидан Наргис Қосимова таржимаси.

 

Улашинг: