179

Туркиядаги давлат тўнтаришига бўлган уринишга  икки йил тўлди

2016 йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берган кунга 2 йил тўлди. Бугун мамлакатда ушбу қора кунда қурбон бўлганлар хотирланмоқда. Роппа роса икки йил илгари, яъни  15 июль куни кечқурун Туркияда ҳарбийлар иштирокида давлат тўнтариши амалга оширишга бўлган ҳаракатлар бошланганди. Исён 16 июлга ўтар кечаси туни билан давом этди, аммо тонгда Анқара исён бостирилгани ҳақида эълон қилди Воқеа Туркия армияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари хизматида бўлган ҳарбийларнинг мамлакатнинг стратегик объектларига ҳужум қилишидан бошланган эди. Уларнинг асосий мақсади амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййип Эрдўғанни ҳукуматдан четлаштириб, тўнтаришни амалга ошириш бўлган. Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен 2018 йил 13 июль куни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар беришича, Туркиянинг қирувчи ҳарбий ҳаво кемалари ўша тунда ўзларининг Парламент биносига ўт очган. Ҳарбий қўмондон Ҳулуси Акар эса ўғирлаб кетилган. Мамлакат раҳбари Ражаб Тоййип Эрдўған давъати билан тинч аҳоли вакиллари ошхона буюмлари билан қуролланиб, кўчаларга чиқди. Хунтага қарши чиққан халқ Анталия майдонига йиғила бошлади. Ҳарбий бўлмаган фуқаролар ва содиқ полиция, армия хизматчилари кучларини бирлаштирди. Ўша кечада 240дан ортиқ киши вафот этган ва 2194 нафар шахс тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Жаноб элчининг қайд этишича, Туркия ҳукуматининг таъкидлашича, амалга ошмай қолган тўнтариш бир пайтлар Эрдўғаннинг яқин маслакдоши бўлган Фетҳуллоҳ Гуленнинг режаси асосида юз берган. “Икки йил давом этган суд жараёнлари, терговда бизга маълум бўлдики, Гулен ва унинг муридлари ўзаро алоқада бўлиб келган. Унинг муридлари ижро аппарати, айниқса, ҳарбий тузилмаларга жойлашиб олган”, дейди элчи.

1999 йилдан буён АҚШда истиқомат қилиб келаётган 77 ёшли Фетҳуллоҳ Гулен «Хизмат» ташкилотига асос солган. Унинг ташкилоти нафақат мамлакат ичида, балки хорижда катта нуфуз ва таъсирга эга. Юқорида қайд этилганидек, Гулен ва Эрдўған узоқ вақт мобайнида ҳамфикр бўлиб келишди, аммо 2013 йили давлат раҳбари Фетҳуллоҳ Гуленни катта пул ювиш амалиёти ва коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айблаган. Шу билан «иттифоқ» якунига нуқта қўйилди.

Аҳмет Башар Шен тақдим этган маълумотга кўра, Гуленнинг молиявий қудрати 30 миллиард доллардан ошади. Унинг асосий кирими таълим муассасалари, медиа ва нодавлат ташкилотлардан келиб турган.

2013 йил бошланган терговлар орадан уч йил ўтиб жиддий тус ола бошлади: шу зайлда «Хизмат»нинг асл мақсадлари ошкор бўлиши муқаррар эди. ФЕТО охирги 40 йилдан буён давлатни қўлга олиш мақсадида таълим муассасалари, маданият марказлари, касбий уюшмалар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали стратегик идора ва муассасаларга сизиб кирган. 2014 йилдан бери мазкур ташкилот аъзолари давлат ташкилот ва идораларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилинган бўлсада, 15 июль куни содир бўлган давлат тўнтаришига уриниш бу ташкилотнинг давлат тизими ичида на қадар мустаҳкам ўрнашиб олганини кўрсатди. Шунинг учун ҳам барча давлат идора ва ташкилотларини ФЕТО аъзоларидан тозалаш мақсадида миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларга риоя қилган ҳолда, Туркияда фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинди.

“Ҳукуматимиз Фетуллах Гуленнинг ҳақиқий башарасини 15 июлдан аввал сезган ва уни фош қилиш ҳаракатини бошлаб юборган эди. Бу тузилманинг давлат ичидаги гумашталарини фош этиш учун иш олиб бораётган эдик ва бу ишда муҳим натижаларга эришган ҳам эдик. Лекин 15 июль куни содир бўлган давлат тўнтаришига уриниш юзма юз келган таҳдиднинг таҳмин қилганимиздан ҳам жуда катта, жуда чуқур ва яшовчан эканлигини аччиқ бир дарс сифатида олдимизга қўйди. Фетуллах Гулен 40 йил давомида Туркия давлатининг тизгинини қўлга киритиш мақсадида қурган тузоқнинг на қадар катта эканлиги аён бўлди. ФЕТО чилар Фетуллах Гуленнинг таълимотига кўра, “ҳеч кимга мавжуд эканликларини сездирмасдан тизимнинг қилтомирлари ичида ҳаракат қилишган” ва босқичма босқич вужуднинг тананинг муҳим органларига путур етказувчи вирусни қўзғатган бир хасталик каби деярли “барча куч марказларига” етиб боришган эди. 15 июлдан кейин ўтган бир йилни кузатганимизда кенг қамровли маъмурий ва ҳуқуқий суриштирув ҳамда жиноят қидирув ишлари олиб борилди. Давлат тўнтаришига уринишни режалаштирган  ва амалга оширган  тузилмалар ҳақида кўплаб фактлар ва далилий ашёлар топилди” , дейди жаноб элчи.

Ҳукумат илк бор 2016 йил 22 июлда расмий муносабатни эълон қилди. Унга кўра, давлат тўнтаришини амалга оширишга кўмаклашган «Хизмат» аъзолари, Гуленнинг муридлари Туркия давлати хизматидан бўшатилган. Шундай қилиб, Гуленга қарашли барча медиа компаниялар фаолиятини тўхтатди. Университетларда ректорни сайлаш амалиёти бекор қилинди, энди мамлакат Президенти Эрдўғаннинг ўзи номзодни тасдиқлайди.

Бугунги кунга қадар ўн минглаб давлат амалдорлари юқорида келтирилган сабаб билан ишдан олинган. Суд жараёнлари ҳануз давом этмоқда. Шубҳасиз, 15 июль Туркия Республикаси ва турк халқининг тарихида демократия ғалабаси сифатида ўз ўрнини эгаллаган.

Мудҳиш қонли давлат тўнтаришига бўлган уриниш ва унда ҳалоу бўлганларни ёд этиш маросими  Ўзбекистондаги Туркия элчихонаси вакиллари, дипломатлар, ОАВ вакиллари иштирокида бугунт Тошкент шаҳрида Wyndham Tashkent меҳмонҳонасида бўлиб ўтди.

Наргис ҚОСИМОВА