1 387

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жаҳон ахборот макони глобаллашувининг кучайиши оммавий ахборот воситалари соҳасида дунёда содир бўлаётган воқеаларга тез ва мос равишда муносабат билдириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик қайта ўзгаришлар ҳақида республика аҳолисини, дунё ҳамжамиятини ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи энг долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, давлат ва нодавлат даврий босма нашрлар, телерадиостудиялар, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсиши, фуқаролик жамияти институтлари, реклама агентликлари, ахборот хизматлари, медиа коммуникация, интернет журналистикасининг шаклланиши рақобатбардош, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруратини тақозо этмоқда.

Жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади. Бу борада чинакам миллий журналистика мактабини шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва Интернет тармоғидаги таҳлилий сайтларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Бугунги кунда юртимизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар зарур. Бироқ, мамлакатимизда бундай кенг кўламли вазифани ҳал этадиган таянч олий таълим муассасаси мавжуд эмас.

Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни кўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий- тадқиқот ва ижодий ишлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Университет оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, республикада медиатаълим тизимини яратиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

3. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

журналистика соҳасини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий медиатехнологияларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали журналист кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

мамлакатимизнинг оммавий коммуникация ва журналистика соҳасида эришган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тегишли йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш, шунингдек, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш;

журналистика соҳаси таълимини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги етакчи республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

истиқболли ёш битирувчиларни хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг магистратура ва докторантурасида таълим олиш учун мунтазам юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

республика оммавий ахборот воситалари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-методик базасини шакллантириш ва ўқув-методик раҳбарликни амалга ошириш.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

2018-2021 йилларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ривожлантириш чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига, зарур ҳолларда, Университет тузилмасига олий таълим муассасаси учун белгиланган нормативларга мувофиқ ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш бўйича қабул квоталари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қайд этилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсияси асосида Университетнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича абитуриентларни олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касб лаёқатини аниқлашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон (ёзма ва суҳбат шаклида) ўтказиш орқали амалга оширилади;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Журналистика (фаолият турлари бўйича)” таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, “Олий журналистика курслари” бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттирадилар;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига Университетнинг сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталарини шакллантириш юзасидан бир ой муддатда таклиф киритсин.

Қайд этилсинки, сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари 2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган қабул квоталарининг ўттиз фоизигача бўлган миқдорда белгиланади.

7. Белгилансинки, Университет учун бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативи 1:6,0 нисбатда ўрнатилади ва Университет профессор-ўқитувчиларининг базавий лавозим маошлари миқдорига ўттиз фоиз устама қўшиб ҳисобланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда Университет уставининг давлат рўйхатидан ўтказилиши чораларини кўрсин;

2018 йил 15 июнга қадар Университетнинг бўлимлари, факультетлари ва кафедраларини шакллантиришни, тасдиқланган тузилмага мувофиқ профессор-ўқитувчилар таркибини юқори малакали, таълим тизимида замонавий билимларга, шунингдек, амалий иш тажрибасига эга мутахассислар билан тўлдирилишини, профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва даражасини узлуксиз ошириш учун шароитлар яратилишини, ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар кенг жалб этилишини таъминласин;

2018 йил 15 июлга қадар журналистика соҳасида кадрлар тайёрлашга оид илғор хорижий тажриба асосида ўқув режалари ва фан дастурлари, ўқув-методик материаллар ва қўлланмалар ишлаб чиқилишини ва кафедраларга етказилишини таъминласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда талабаларнинг малакавий амалиётларини белгиланган тартибда миллий, шунингдек, илғор хорижий оммавий ахборот воситалари базасида ташкил этиш чораларини кўрсин;

Университетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унинг бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари) учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдалансин.

9. Университет кадрлар буюртмачилари рўйхати ва уларга бириктириладиган талабалар сони 4-иловага ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг амалиёт ўташ объектларига бириктирилиши 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Қуйидагилар Университетда юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кадрлар буюртмачиларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

корхона ва ташкилотлар объектларида талабаларнинг амалиётини ташкил қилиш ва “устоз-шогирд” тизими асосида ўталишини таъминлаш ҳамда талабаларни ишлаб чиқаришнинг янги меъёрий ҳужжатлари, замонавий ахборот дастурий таъминот маҳсулотлари билан яқиндан таништириш;

ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларидан тайинланган малакавий амалиёт раҳбарларига асосий иш жойидан қўшимча иш ҳақларини тайинлаш;

манфаатдор вазирлик ва идоралар тасарруфидаги бошқармалар ва уларнинг таркибидаги корхона ва ташкилотлардан малакали, тажрибали мутахассисларни таълим жараёнида иштирокини таъминлаш;

корхона ва ташкилотларда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкалари учун шарт-шароитлар ҳамда кафедраларнинг филиалларини ташкил этиш ва амалий машғулотлар ўтиш имкониятини яратиш. Кадрлар буюртмачилари талаба билан ўқишни битирганидан сўнг 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини белгиловчи шартнома тузиш орқали унинг базавий тўлов контрактини 2-босқичда камида 50 фоиз, 3-босқичда камида 75 фоиз ва 4-босқичда 100 фоиз миқдорда тўлаб бериши мумкинлиги қайд этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Университетнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларини хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига малакасини ошириш ва докторантурага юбориш, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини мунтазам ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Университетда журналистика соҳаси бўйича илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

13. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

14. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ-5, 88-уйда жойлашган Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Университетга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Университет биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Университетни онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилмаси билан таъминлаш, шунингдек, Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўриш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини 2019 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилиши бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Университетни сақлаш харажатларини 2018 йилда ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ажратишни, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин;

Университетга 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат ва 1 та махсус енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Васийлик кенгашининг таркибини тасдиқласин;

Университетнинг моддий-техника базасини яратиш, шу жумладан, талабалар турар жойини қуриш ва жиҳозлаш, кичик босмахона ва ўқув телестудияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур чоралар кўрсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 24 май

манба: http://www.uza.uz

Улашинг: