1 335

ГАЛИНА МЕЛЬНИКОВА: «ҲАР БИР НАРСАДА МЕЪЁР БЎЛГАНИ ЯХШИ»

Шундай инсонлар бўладики, оламшумул кашфиёт яратмаган бўлса ҳам, барча уларни яхши кўради. Уларни меҳр-муҳаббат тимсоли, самимийлик намунаси, деб аташади. Биз уларнинг офтоб каби нур ёғилиб турган фариштали қиёфасини кўриш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш истаги билан яшаймиз. Шундай аёллардан бири Ўзбекистон халқ артисти, «Эътироф» мукофоти соҳибаси, устоз сухандон Галина МЕЛЬНИКОВАдир. У билан суҳбатда чиндан ҳам руҳиятида кўнгилларни забт этгувчи самимият борлигига, ҳаётга, одамларга меҳр-муҳаббатининг чексизлигига амин бўлдик.
«БИЛИМИМНИ БОЙИТИШДАН ЧАРЧАМАСДИМ»
— Қадрли Галина опа, сизни халқимиз жуда яхши танийди, ҳурмат қилади. Сиз Ўзбекистон телерадиокомпаниясида сухандон бўлиб узоқ йиллар самарали фаолият олиб боргансиз. Ойнаи жаҳон орқали чиққанингизда очиқ чеҳрангиз, ёқимли овозингиз билан кўпчилик инсонларга яхши кайфият улашардингиз. Ўз касбингиз, иштиёқларингиз ҳақида гапириб берсангиз…
— Биласизми, менинг меҳнат фаолиятим ҳаётимнинг деярли 60 йилини ўз ичига олади. Касбим мени шунчалик қизиқтирган, банд этган, бор куч-қувватимни эгаллаб, иродамни ўзига бўйсундирган эдики, мен ўз ишимдан бошқа ҳеч нарсага қизиқа олмасдим. Ва, мен ҳар оқшом тўғридан-тўғри эфирга чиқиш олдидан ким билан, қайси мавзуда суҳбат олиб боришимни олдиндан билмаганим ҳолда ҳар доим ўз устимда ишлашга интеллектуал заҳирамни бойитишга, мунтазам ривожланиб боришга мажбур эдим. Шу сабабдан мен кўп ўқишим, кўп ўйлашим ва кўп кузатишим лозим эди. Шу боис, қизиқишларим ҳақида гапирганда, мен ҳаётимда кўпгина қизиқ лаҳзаларни қўлдан чиқарганманми, деб ўйлайман. Нега десангиз, мен иш билан банд бўлиб, кўплаб қизиқарли фильмларни, ажойиб спектаклларни кўролмай қолганман. Чунки бошқа одамлар телевизор рўпарасида ўтирганларида, кинога ёки театрга борганларида мен доим ишда бўлардим. Уйга кеч келардим.
Лекин асосий вақтимни ишимга бағишласам ҳам, оила аъзоларим бундан азият чекмасин деб, уй ишларига ҳам улгуришга ҳаракат қилардим. Уйимизда ҳеч қандай ёрдамчилар бўлмаган ва мен ҳамма рўзғор юмушларини ўзим бажарганман. Шунинг учун мен ёшлиқдан ўзимга кўп қараганман, ўзимни асраганман деб айта олмайман. Чунки гўзаллик салонларига, маникюрга боришга ҳам ортиқча вақтим бўлмаган. Юз пардозини ўзим қилардим, сочимга ўзим бигуди қўйиб, соч турмагимни ҳам ўзим қилиб, тез-тез тирноқларимни бўяб, ишга томон олға чопардим. Одам астойдил ҳаракат қилса, ҳамма ишга улгура олади.
«КАСБИМНИ ЖУДА СЕВАРДИМ»
— Севимли касбингиз сизга нима берди? Сизнинг доим бахтиёр, ҳаётдан қониққан инсон сифатида халқ нигоҳида гавдаланишингиз касб тақозосими ёки аслият?
— Ишим жуда ҳам қизиқарли, таассуротларга тўла эди. Касбимни жуда севардим. Кўплаб таниқли ва машҳур одамлар билан учрашганман, интервьюлар олганман. Мухтор Ашрафий, Зулфия, Мукаррама Турғунбоева, Нормурод Нарзуллаев, Абдулла Ориповлар билан қизиқарли суҳбатлар қилганман. Умримнинг асосий қисми мана шундай ажойиб инсонлар даврасида ўтганлигидан хурсандман.
Бундан ташқари, кўплаб санъат ҳафталикларида иштирок этдим, ҳатто космонавтлардан ҳам интервью олганман. Буларнинг бари менинг ҳаётимни шу қадар маъно-мазмунга бойитган эдики, бошқа қандайдир қизиқишлар дилимга бунчалик равшанлик бағишлай олмасди, деб айта оламан. Севимли касбим менга ҳаётимни гўзаллаштиришга, тўлақонли ҳаёт кечиришимга, ҳаётимдан ва ўз-ўзимдан қониқиш ҳосил қилишимга имконият берди.
Кимки севимли касбида ишласа, ундан ажралиб қолмаслик учун барча касалликларни енга олади.
«СУХАНДОНликни ВАТАН ҲИМОЯЧИСИГА тенглаштираман»
— Сиз учун сухандонлик қандай касб? Қандай ўзига хос жиҳатлари бор?
— Менга аввал ҳам шу саволни беришган. Мен такрор айтаман, сухандонлик касбини каскасиз ва бронижилетсиз олдинги сафда юрадиган, хатога йўл қўйишга ҳаққи бўлмаган Ватан ҳимоячисига тенглаштираман.
Мана, сиз камера объективига қараб турибсиз, дейлик. Юрагингиз ойнаи жаҳон қаршисида ўтирган ҳар бир одамга меҳр-муҳаббат билан тўлиб тошган бўлса, шунда бу инсонлар сизни жон қулоғи билан тинглайди. Мени худо шундай яратган ва юрагим ҳам шундай тузилганки, у севги билан тўлиб-тошган.
— Саломатлик-чи?
— Саломатликми?.. Аммо саломатлик баъзан уялтириб қўяди. Мен ҳам баъзан нохушланиб тураман. Айрим пайтда дори-дармонларни қабул қиламан ва тузаламан. Мазам бўлмай қолса, қачон, нима қилиш кераклигини ва қандай дори ичишни биламан.
«ЎЗ-ЎЗИМГА БИРИНЧИ ЁРДАМ КЎРСАТИШНИ БИЛАМАН»
— Агар сир бўлмаса айтсангиз, бирон жиддий касалликни бошингиздан кечирганмисиз?
— Албатта, касал бўлганман. Хатто миокард инфарктини ҳам бошимдан кечирганман. Даволаниш учун шифохонада ётиб чиққанман. Бу микроинфаркт эди, албатта. Менинг юрагим ҳам безовта бўлиб туради. Баъзида оғриб, хуруж қилиб қолади. Тахикардиям ҳам бор. Артериал қон босимим ҳам баъзан бир юз саксон, икки юз симоб устунига чиқиб кетади. Бу жуда юқори кўрсаткич. Лекин мен аллақачон ўзимни тутиб олишни, ўз-ўзимга биринчи ёрдам беришни ўрганиб олганман. Малакали шифокорлар маслаҳатлари асосида самарали препаратларни танлаб олганман. Ўз дориларим бор. Уларни ҳар доим ёнимда олиб юраман, қачон, қандай ҳолатда ичишни яхши биламан.
«ЎЗБЕК ХАЛҚИДАН ДУНЁ ИБРАТ ОЛСА, АРЗИЙДИ»
— Яқинда «Уруш болалари» номли ҳужжатли фильмни кўрдим. Бу фильм уруш вақтида Ўзбекистонга эвакуация қилинган иқтидорли болалар ҳақида экан. Билишимча, сизнинг оилангиз ҳам ўша пайтда эвакуация қилинганларга ўз уйидан бошпана берган.
— Тўғри, Иккинчи жаҳон уруши даврида минглаб инсонлар қатори иқтидорли болалар ҳам қамал офатидан қутқариш учун Ўбекистонга олиб келинган. Уларнинг аксарияти урушда отасиз-онасиз қолишди ва шу юртда улгайиб, катта композитор, рассом, санъатшунос, шоир ва бошқа касб эгалари бўлиб етишишди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистонда қолиб, турли соҳаларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшди. Ўша пайтларда мен жуда ёш бўлганман, аммо ота-онам бир болали аёлга уйимиздан бошпана беришганини эслайман.
Биласизми, бизникидай халқ дунёда йўқ! Чунки ҳозир Европада нималар бўлаётганини назарда тутадиган бўлсак, 500 миллиондан ошиқ халқи бўлган давлатлар бир ярим миллион қочоқни қабул қилолмаяпти, уларни қаерга сиғдиришини, кейин нима қилишини билмаяпти. Аммо иккинчи жаҳон уруши йилларида олти ярим миллион нафарлик Ўзбекистон халқи ўзининг бир ярим миллион нафар норғул йигитларини қирғинбарот урушга жўнатган. Бунинг устига, бир ярим миллион қочоқларни қучоқ очиб қабул қилган, оила аъзосидай кўрган, едирган, ичирган, бошпана билан таъминлаган. Бу одамлар ҳозирда Ўзбекистонни ўзининг иккинчи ватани деб ҳисоблайди.
Бу иши билан ўзбек халқи ўша пайтлардаёқ бутун дунёга меҳру мурувват намунасини кўрсатди. Бу халқдан ҳозир ҳам бутун дунё ибрат олса арзийди. Биз эса халқимизнинг азалий қадриятлари, менталитети, меҳмондўстлиги, саховатпешалиги билан фахрланамиз.
«НИМА ЕГИМ КЕЛСА ЕЙМАН, АММО МЕЪЁРНИ БИЛАМАН»
— Галина опа, шу ёшда ҳам гўзал ва тетиклигингиз сабаби фақат характерингизга боғлиқми? Умуман, сиз қандай овқатланасиз? Парҳез ҳам тутиб турасизми?
— Менда алоҳида бир регламент йўқ. Нима егим келса, шуни ейман. Бироқ ҳар бир нарсада меъёрни биламан. Ҳар қандай таомни оз-оздан, ярим косадан кўп бўлмаган миқдорда ейман. Ёғли овқатларни хуш кўрмайман. Уларни ёшлигимда ҳам истеъмол қилмаганман. Аммо қовурилган балиқни, кабобни, чучварани ёмон кўраман, деб айта олмайман. Мен буларни хуш кўриб ейман. Саломатликни сақлашнинг асосий рецепти — бу яхши кайфиятда бўлиш, ҳаётга меҳр кўзи билан қараш, ҳар доим кулиб юриш, барчага яхшилик тилаш.
Боя айтганимдай, ҳасадгўй бўлмаслик, жаҳлдор бўлмаслик, ўз-ўзини бошқара билишда ҳамма сир. Инсоннинг юраги атрофдагиларга муҳаббат билан лиммо-лим тўла бўлса, у ҳеч қачон панд бермайди.
Яқинда кўчада кетаётсам, бир болакай акса урди. Мен унга: «Соғ бўл, болажон!» деб баралла айтдим. Атрофда одамлар жуда кўп эди. Ҳамма менга ҳайрон бўлиб қаради.
Хўш, нега энди мен бу болага «Соғ бўл!» деб айтмаслигим керак?! Нега энди унга бу гапни ҳамма айтмаслиги керак?! Нега кўчада одамлар бир-бирига кулиб қарамаслиги керак?! Менимча, барча инсонлар бир-бирига «Соғ бўлинг!» дейишдан уялмаслиги керак.
«УМР ЙЎЛДОШИМ БИЛАН «СЕН-МЕН»ГА БОРМАГАНМИЗ»
— Энди оилангиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз…
Яқинда турмуш ўртоғимдан ажралдим. Эрим билан жуда бахтли ҳаёт кечирдик. Бу менинг иккинчи турмушим эди. Афсуски, биринчи турмушим жуда омадсиз бўлган. Иккинчи турмушимда деярли 27 йил ўзаро бир-биримизни тушуниб, қалбларимиз ҳамоҳанг тарзда бахтли ҳаёт кечирдик. Турмуш ўртоғим арман миллатига мансуб, жуда ақлли, мулоҳазали инсон эди. Унинг биринчи турмушидан бўлган фарзандлари — меники, менинг болаларим эса уники. Ҳеч қачон ҳеч нимани талашмаганмиз, ҳеч «сен-менга бормаганмиз», «сеники-меники» демаганмиз. У мен учун фақат умр йўлдоши, севимли инсонгина эмас, яқин дўст, ота ва ҳатто фарзанд эди.
«МЕН ДОИМ ҲАРАКАТДАМАН»
— Қандай куйларни тинглайсиз? Қандай спорт тури билан шуғулланасиз?
— Барча куйларни «жон» деб тинглайман, айниқса классикани жуда яхши кўраман. Радио тўлқинларим доим ФМ каналига ростланган. Шунингдек, Пойтахт радиосини ҳам эшитиб тураман. Баъзида консерваторияга симфоник куйларни тинглашга бораман. Ҳозир ҳам уйда кўп ўтирмайман. Яъни, 18 йилдан буён Ички ишлар вазирлигининг дамли чолғулар жамоаси концертларини жамоатчилик асосида олиб бораман. Ҳар сафар бу ижодкор жамоа билан учрашганимда дилим яйрайди.
Аниқ бир спорт тури билан шуғулланмайман. Аммо доим ҳаракатдаман. Чунки мени турли тадбирларга таклиф қилишади, суҳбатларга, маслаҳатларга чақиришади. Ўзим истиқомат қиладиган «Нур» маҳалласи фаолиман.
Инсон доим одамлар орасида бўлса, ўзи ёқтирган иши билан шуғулланса, бу унинг қалбига катта қувонч бағишлайди. Умрининг сермазмун бўлиши, касалликлардан узоқ юриши ҳам шунга боғлиқ, деб ўйлайман.
Саломатлик баъзан панд бериб қўяди. Мен мазам бўлмай қолганда нима қилишни, қандай дори ичиш кераклигини биламан. Бошқаларга ҳам саломатликни асрашда тезкор ва эҳтиёткор бўлишни тавсия қиламан.
· Француз модельери Коко Шанель айтганди: “ 20 ёшдаги қиёфангиз — бу сизга табиат туҳфа қилган қиёфа, 50 ёшдаги қиёфангиз — бу сиз сазовор бўлган қиёфа”. Демак гўзалликни борича сақлаш ўзимизга, ҳатти-ҳаракатларимизга, ички дунёмизга боғлиқ. Бу ҳикматни ҳар бир аёл англаши, тушуниши керак. Ва, шу аснода ўзининг 60 ёшда, 70 ёшда ва 80 ёшда қандай бўлишини олдиндан билиши ва шунга тайёр бўлиши керак.
Халқ табобати — ҳақ табобат. Уни рад этмайман. Қанча инсонлар табиатдан, табобатдан шифо топмоқда. Аммо шундай касалликлар борки, уларни даволашга фақатгина табобат усуллари билан эришиб бўлмайди. Даволаш амалиётини асосланган тиббиёт, замонавий илмий амалий тиббиёт усуллари ҳамда технологияларига таянган ҳолда олиб бориш керак, деб ўйлайман. Бошқаларга ҳам билар-билмас ўз-ўзини даволашни маслаҳат бермайман.
Мен ҳатто кичик бир заррани, яшил баргни, очилган гулни, қуёш нурини ва ҳатто ёмғир томчисини кўрсам ҳам беҳад хурсанд бўламан. Ва шунинг учун буларнинг бари менинг ҳаётимни фақат позитив билан (реаллик) тўлдиришга, эзгуликка йўғрилишга ёрдам берди. Мен ўйлайманки, мана шундай яшаш, ҳеч кимга ҳасад қилмаслик, ҳеч кимни ёмон кўрмаслик, ҳеч кимдан қасос олмаслик, барча касалликларга қарши энг яхши доридир.
Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

 

Улашинг: