4 242

ИЙМОНИНИ СОТГАН ТАҚВОДОР

Нўъмон Тошкентга келганидан ғоят бахтиёр эди. Шаҳарнинг кенг кўчалари, ҳашаматли би­ноларини томоша қилар экан, “юрибман-да мен ҳам яшаяпман деб” дея хўрсиниб қўй­ди. Тақдир бу ерда ҳам унинг бошини силамади. Бўлмаса, қўлида гулдай ҳу­нари бор. Аслида Аллоҳнинг ўзи унга рассомликни ғайбдан ато этган бўлса-да, қиш­лоқда  бунинг орқасидан кун кўра олмади. Таниш-билишлари унинг чизган суратлари кат­та шаҳарларда талаш бўлишини айтгач, қайдасан пойтахт дея йўлга тушган эди. Уйлар­нинг деворларига чизган суратлари орқали, у ўзининг туғилиб ўсган қишлоғида анча шуҳрат қозонди. Охир-оқибат икки ўртоғи билан шаҳарда пул ишлаш йўлини қидиришга келишишди. Шундан бери иши ёмон эмас. Аммо шунча ҳаракат қилса ҳам ҳеч бири–икки бўл­майди. Ёзда йиққанини қишда ейди. Бундан ташқари, кун сайин ўсаётган ижара ҳа­қи, рўзғор ташвишлари, де­ган­дек. Катта шаҳарда ёлғиз бўлсанг қийин экан. Яхши-ёмон кунида корига ярайдиган, дар­­дини оладиган қондоши йўқ. Яхшиямки хотини, болалари бор. Қишлоқдан кўчиб ке­лишганидан буён ижарама-ижара сарсон бўлишаяпти. Ўзига бир бошпана топмаса бўлмайди.

Нўъмон қишлоққа қайтиб қарз кўтарди. Ака-укалари ёрдамида  шаҳарнинг чеккасидан икки хонали уйга етадиган пулни белига тугиб, Тошкентга қайтди.

—Вой, дадаси, наҳотки ўзимизни уйимиз бўлади?

Ҳилоланинг қувончи ичига сиғмас, худди янги уйга кўчиб ўтгандек ёш болаларини бағрига босарди.

—Э, мунча ҳовлиқасан, аввал уй топайлик. Нарх-навони қара, осмон­да. Қўлимдаги пулга  шаҳарнинг ўзидан бир хонали уй ҳам бермайди.

—Шаҳарни четидан бўлса ҳам, майли. Ўзимизники бўлса бўлди. Кўч-кўрон кўтаравериш жонимга тегди. Кўчавериб, кўрпаларим ҳам титилиб кетди.

Нўъмон мийиғида кулиб қўйди. Хотини аёллигига боради-да, ким нима ғамда-ю, у кўрпа ғамида.

—Уй олсак, кўрпаларингни ҳам янгилаймиз.

Ҳилола, эри ҳозирнинг ўзида барча кўрпаларини янгилаб бергандек, энтикиб қўйди. Нўъмон эртаси куниёқ астойдил ишга киришди. Таниш-билишларини ишга солиб, уй қидира бошлади. Бир-икки маротаба уй бозорига ҳам бориб келди. Аммо ҳар гал уйига қайтар экан, олдига югуриб чиққан фарзандлари, хотинининг умид билан боққан кўзларидан нигоҳини олиб қочарди.

—Сиқилманг дадаси, худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Бизга ҳам Худойимнинг атагани бордир.

Хотининг гаплари Нўъмонга далда бўлар, аммо унинг кўзлари тубида яширинган мунг баттар юрагини эзарди.

Бу сафар унинг омади чопди. Пойтахнинг Сирғали туманида сотиладиган уй, таъмирталаб бўлса ҳам айнан у қидирган нархда эди.

—Топдим, топдим, Ҳилол. Ўзимизга мос. Сал чеккада-ю, аммо икки хонали. Бир оз пул йиғсак, яхшилаб таъмирлаб ҳам оламиз.

Нўъмон қувончи ичига сиғмай, остонадаёқ хушхабарни эшикни очган хотинига етказди.

—Вой, ростданми? Айтдим-ку сизга сиқилманг деб. Кўрдингизми, Худойим бандасини ҳеч қачон ташлаб қўймайди.

Шу куни Нўъмоннинг хонадонида байрам бўлди. Қувончли хабарни эшитиб келган жонажон ўртоқлари Нўъмонни чин дилдан қутлашди.

— Э, жўра, зап иш бўпти-да, сенинг йўлингни ҳам бизга берсин, — Хуршид пиёлада қол­ган ароқни симирар экан, товоқдаги ош устидан гўшт бўлагини олиб, оғзига солди, — Энди ҳужжатлаштириб олсанг бўл­гани, зиёфатнинг каттасини янги уйда еймиз.

—Айтгандай, ўртоқ, уйни номига расмийлаштирадиган одам топдингми? — Бўрибой бирдан ҳушёр тортган Нўъмонга тикилди. – Ёки эски эгасининг номида қолаверадими?

— Йўғ-ей, у одамни танимайман-ку…

Уч ўртоқ бир-бирларига тикилишди. Болаликдан бирга ўсган, шаҳарнинг нонини ҳам бир неча йилдан буён бир-бирига суяниб то­паётган, яхши-ю ёмон кунда доимо бирг­а бўлган дўстлар қувонч пардасини ёриб чиққан  мазкур муаммо олдида ожиз эдилар. Қонунга биноан Тошкент шаҳрида  рўйхатда турмаган шахс, Ўзбекистон фу­қароси бўлишига қарамай шаҳар ҳудудидан уй сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум эди. Бир неча бор шаҳар ҳокимиятига ҳужжат топширган Нўъмон ҳам, Хуршид ҳам рўйхатдан ўтиш учун рухсат олишолмаган, уларнинг ҳафсаласи пир бўлганини кўрган Бўрибой бу борада асабини бузмай қўя қолган эди.

Нўъмоннинг кайфи бир зумда тарқаб, хомуш бўлиб қолганини кўрган Бўрибой айтган гапидан пушаймон бўлди. Бир оз бўлса-да ай­бини ювиш учун секингина:

—Балки, келиннинг узоқроқ қариндошими, таниши бордир. Яхшилаб суриштириб кўр, чиқиб қолар, — деди.

—Э,биласан-ку, Тошкентда иккаламизнинг ҳам ҳеч кимимиз йўқли­гини. Буни устига у уйда ўтирса, қаёқдан таниши бўлсин?!

Ўртага оғир жимлик чўкди. Бир неча дақиқа олдин хонада янграган кулгу-ю, ҳазил-мутойибани ногаҳон пайдо бўлган ёвуз аждаҳо ютиб юбор­гандек эди.

—Индин уйнинг пулини олиб бориб, расмийлаштириб олишим ке­рак. Нега буни олдинроқ ўйламаган эканман-а, қандай аҳмоқман-а?

Нўъмон пешонасига бир шапати урди.

—Ўзи пешонам шўр…

—Боравер қани, бир гап бўлар, – Хуршид  худди уйдан тезроқ чи­қиб кетса, енгил тортадигандек, фотиҳага қўл очди. –Энди бизга жавоб…

Нўъмон нотариус идорасининг ёнида совуқдан қулоқлари қизариб, бошини елкасига тортганича турарди. Келишилган вақт аллақачон бўлган бўлсада,  сотилаётган уйнинг эгаси ҳали келмаган эди. Бу бир томондан “келмай қолса-я, унда берган 200 доллар зак­ла­дим нима бўлади?” деган ўй Нўъмонни хавотирга солса, иккинчи томондан, уй­ни кимнинг номига расмийлаштираман, деган хавотир қалбини сичқон каби кемирмоқда эди.

— Уй сотдингизми, ё олдингизми?

Нўъмон саволдан чўчиб тушиб, унинг хаёллари бир зумда енгил шабодада қовжираган япроқлар сингари ҳар томон тўзғиди.

—Нима?

Унинг мунғайиб турганини кўрган, миллатини ажратиб бўлмайдиган 40–45 ёшлардаги аёл унга яқинлашиб, савол берганди.

— Уйни оформлениясига турибсизми?

—Ҳа.

—Сотиб олдингизми, ё сотдингизми?

—Олдим.

—Неча хона?

—Икки..

—Қанчага тушди?

— …

— Қаердан олдингиз?

Хира пашшадек ёпишиб олиб, тинмай савол бераётган аёлдан қутилиш учун Нўъмон қўл силтаб, сигарет тутатди.

—Яхши нархга олибсиз-у, нега хурсанд эмассиз?!

— Э, олдим-у, шунча ташвиши борлигини билмабман.

—Тинчликми? Бу ерликка ўхшамайсиз, ука. Балки ёрдамим тегар. Барчамиз худонинг бандасимиз, инсон-инсонга биродар. Ҳаммамиз Одам Ато, Момо Ҳавонинг фарзанд­ла­ри­миз. Яхши-ёмон кунларда бир-биримизга ёрдам қўлини чўзмасак, гуноҳ бўлади.

Ҳозиргина асабига тегаётган аёлнинг кейинги сўзларини эшитган Нўъмон ажабланиб, унга тикилди.

—Тўғри, тошкентликмасман, ҳатто пропискам ҳам йўқ. Уй олдим-у, энди кимнинг номига уни расмийлаштиришни билмай турибман. Танишларимнинг ҳаммаси ўзимга ўхшаган. Нима қилсам экан, деб бошим қотди.

Нўъмон дардини тўккач, ўзи томон шошиб келаётган уйнинг эгасини кўриб йиғлагиси келди. Қўлида ўчай деб қолган сигаретни босиб-босиб тортгач, қолдиғини учи тарам-тарам бўлиб ёрилиб кетган ботинкаси билан эзди.

— Озгина кечикдим, оғайни, узр. Иссиқ сувдан  қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома оламан деб ушланиб қолдим. Навбат олдингизми?

Нўъмон очиқ ташқари эшикдан кўриниб турган йўлакдаги бир тўда одамга назар ташлар экан, «йўқ» дегандай бошини чайқади.

— Э, навбат олиш керак эди, энди қачон кирамиз?

—….

—Балки овқатланиб келармиз. Тушлик пайти ҳам бўлиб қолибди, барибир нотариус ҳам тушликка кетади, нима дедингиз?

—Майли.

Иккаласи йўлнинг нариги томонида кўриниб турган кафега қараб кетдилар. Овқат­ланиб, орқага қайтишар экан, боя суҳбатлашган аёл Нўъмонга яқинлашди.

—Исмим Роза. Аслида тошкентликман. Сизга ёрдам бериш Худонинг ол­дидаги бурчим. Йўқ демай, ёрдамимни қабул қилсангиз. Мана паспортим. Хоҳласангиз нусхасини ўзингизга олиб қолишингиз мум­кин.

Нўъмон ичида бир неча дақиқа аввал ечимини топа олмаётган муаммоси осонгина ҳал бўлганидан Аллоҳга шукроналар айтаётган бўлса-да, аёл қўлидаги паспортга қараб иккиланди.

—Қайдам, сизни танимасам?!

—Ўзингиз биласиз, ёмон ниятим йўқ. Бугун  бировга қилган яхшилигим, у дунё саодатига айланади.

—Бизнинг навбатимиз, оғайни юринг, – шеригининг овози Нўъмоннинг иккиланишига чек қўйди.

Аёлнинг қўлидаги паспортни олар экан, секингина «раҳмат» деб қўйди.

Роза опа ҳақиқатдан ҳам жуда хушфеъл аёл экан. Тез кунда Нўъмон ва хотинини жигаридай кўриб, ҳар сафар болаларига совға-салом кўтариб келарди. Доим Ҳилолага дастурхон тузатишга қарашар, қўярда-қўймай ўзи ош дамларди. Уч ой ўтар-ўтмас опа-укага айланиш­гач, Роза опа Нўъмонни ўз уйига меҳмондорчиликка таклиф этди.

Опанинг эри тўладан келган, бароқ қошлари остида кўзлари одамга синчковлик билан боқадиган Равшан ака уни эски танишларидек қар­ши олди. Чаққонлик билан дастурхон ёзиб, бир пасда унинг устини тур­ли туман пишириқлар-у, салатлар билан тўлдириб ташлаган Роза опа эрига тинмай Нўҳмонни мақтарди. Овқатланиб,  юз граммдан ичишгач, диний эътиқод ҳақида гап бошлаган Равшан аканинг дабду­рустдан берган саволи Нўъмонни шошириб қўйди.

— Нўъмонжон, сиз мусулмонмисиз?

—Ҳа… Албатта.

— Ислом фарзларини бажарасизми?

Нўъмон қизариб, бошини эгди.

— Демак на намоз ўқийсиз, на  рўза тутасиз, на закот берасиз, ҳаж зиёратига бориш ҳақида эса ҳаттоки орзу ҳам қилмаган бўлсангиз керак. Шундай экан, дилдан иймон келтирганингизга ҳам шубҳам бор.

— Йўқ, нега энди. Биз ҳам эл қатори. Аллоҳга дилдан ишонаман, шуни ўзи ҳозирча етарли. 60–70 ёшга бориб бола-чақадан қутилсак, ҳаммасига вақт бўлар.

— Инсон Аллоҳимнинг ҳузурига қачон боришини олдиндан бил­майди. Ҳали вақт бор, деб хато қиласиз. Яшаётган ҳар бир кунимиз ғанимат. Мусулмонман деб кўкрак кериб юрибсизми, унинг барча амалларини бажаришингиз шарт. Кейин кеч бўлиб, афсусда қолманг, дейманда. Бундан чиқди, ҳақиқий мусулмон эмас экансиз. Гапларим сизга оғир ботмасин-у, ўзини мусулмон деб билиб, аммо ҳақиқий мусулмонлик нима эканлигини билмаганлар жуда кўп. Бу ёлғон дунёда сиз оғизда даъво қилиб, дилдан унинг амалларини бажармасангиз етти пуш­тингиз дўзах ўтида куяди. Шунинг учун  сиздан ҳеч қандай мажбурият талаб қилмайдиган динни қабул этиб, ўзингизни у дунё-ю, бу дунё маж­буриятидан халос этганингиз маъқул.

— Тушунмадим…

Нўъмон Равшан ака гапни қаёққа бураётганини билмай, унга қаради.

—Ажабланманг, мана мен Роза опангиз билан насроний динидамиз. «Иегова шоҳидлари» деганларини эшитганмисиз.

—Йў- ўқ.

—Худо ҳаммамиз учун ягона. Лекин кўпчилик унинг ҳақиқий номини билишмайди, унга юзланганда ҳам одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарган исмларини қўллашади. Албатта, уларнинг оҳу–ноласи Худога етиб бормайди. Масалан, сизни бошқа-бошқа ном билан чақиришса ёқадими, албатта йўқ. Худо ҳам шундай. Фақат унинг номини тўғри тилга олиб, дилдан ишонганларнигина  қўллаб-қувватлайди, ҳаёт йўлидан адаштирмайди. Қаранг, сизни ҳам тўғри йўлга бошлаш учун Худонинг ўзи бизга йўлиқтирди. Энди иккимиз ака-укамиз, Розахон эса –  опангиз. Эртага вақтингиз борми?

— Ҳа, эртага  зарур ишим йўқ.

—Соат 10.00 да учрашайлик. Сизни бир жойга олиб бораман. Унгача бугунги гапларимни ўйлаб кўринг.

Равшан аканинг айтган жойи шаҳар чеккасида жойлашган чоғроқ­қина уй бўлиб,  йиғилган одамлар турли миллат вакилларига мансуб эди. Узун ридо кийган киши Иеговага узундан узоқ мадҳия айт­гач, барча йиғилганларнинг оғзига пахтага ўхшаш ширин бир нарса солиб чиқ­ди. Сўнг кумуш идишчадаги сувга қўлини ботириб, уларнинг бошлари узра сочди. Шундан кейин йиғилганлар қўлларидаги Инжилга қараб жўр овозда ал­ла­ни­маларни оҳангга солиб айтишди. Айтув тугагач, руҳоний баланд овозда тўплан­ган­лар­нинг  қондошлари яна бир неча кишига кўпайганлиги, сафларининг кенгайганлигини айтиб, янги келганларни бирма бир исм-шарифларини айтиб, чақира бошлади. Қатор курсиларда ўтирган одамлар орасидан кимлардир ту­риб, руҳонийнинг олдига борар, у эса ўз навбатида унга пул, Инжил китоби, бир нечта журнал бериб, янги христианча ис­мини айтар, буларнинг барчаси Иегованинг инояти эканлигини таъкидлар эди. Навбат Нўъмонга етгач, у турарини ҳам, турмаслигини ҳам билмай қолди. Руҳоний яна бир бор унинг исми ва шарифини айтиб чиқирди.

—Туринг, сизни чақираяпти.

Равшан ака Нўъмонни енгилгина туртиб қўйди.

—Лекин, мен…

—Бўлинг, ҳамма сизни кутиб турибди. Шу ердан барча гуноҳ­ла­рингиздан фориғ бўлиб, покланиб чиқасиз. Мени шарманда қилманг, биродарларимнинг олдида нима деган одам бўламан. Сизга шунча қилган яхшиликларимизга жавоб шуми? Туринг!

Нўъмон ўзига тикилиб турган ўнлаб кўзлардан нигоҳини олиб қочиб, бўйнига арқон солинган қўчқордек ноилож руҳоний томон юрди. У ўзига нима дегани-ю, нега уни қучоқлаб табриклаганини анча вақтгача англай олмай каловланиб турди. Фақатгина юзига сачраган сувгина уни ўзига келтирди.

—Энди сенинг ҳақиқий исминг Николай, бўтам. Илоҳий Николайнинг руҳи сени доимо қўллаб-қувватлаб, Иегованинг бандаси бўлганлигинг билан қутлайди. Ушбу муқаддас сув сени қалбинг ва жисмингни поклайди. Қудратли Иегова олдида доимо бош эгиб, унинг мавжудлигига шоҳидлик бер.

Руҳоний усти чарм билан қопланган катта Инжил китобини Нўъмон­нинг лабларига олиб борди. Сўнг унинг қўлига кичикроқ Инжил, бир нечта рангли журнал, пул тутқазди.

Равшан ака билан биргаликда ташқарига чиқишар экан, Нўъмон ҳамон нима воқеа юз берганлигини англай олмай, ҳайрон эди.

—Табриклайман ука, энди чақалоқдек тоза, поксан. Бугун танишган одамларнинг барчаси энди сенга жигар, биродар. Маблағдан қийналиб қолсанг, доимо ёрдам беришади. Буни эса чўнтагингга яшириб қўй.

Равшан ака ҳануз Нўъмоннинг қўлида турган 100 АҚШ долларини кўрсатди.

Нўъмон шоша-пиша пулни чўнтагига солгач, бунақада осонгина уйнинг қарзидан қутилишини ўйлаб, кайфияти кўтарилди. Николай бўлса бўлибди-да. Фақатгина исмини алмаштирганига 100 доллар беришганини эшитса, Бўрибой билан Хуршид ҳасаддан ёрилиб ўлишади. Бир-икки маротаба шуларнинг «номоз»ига борар. Равшан аканинг айтишича, борганларга 15 доллардан беришар экан. Бир йилга қолмай қарзининг пулини йиғади, ишлаб топганини эса рўзғорнинг кам-кўстига ишлатади.

—Қўлингдагилар билан яхшилаб танишиб, мана буларни таниш­ла­рингга бер. Ўқиб чиқишса зарар қилмайди.

Равшан ака қўлидаги елим халтадан ўнтача китобчалар чиқариб, Нўъмоннинг қўлига тутқазди. Шундагина Нўъмон боя бирга бўш қўл билан келган Равшан аканинг қўлларида китобчалар-у, аллақандай варақалар билан тўла елим халта пайдо бўлиб қолганлигини сезди.

— Уларга айт, бу ерга келишсин. Ҳеч нарса йўқотишмайди, аммо гуноҳ­ларидан фориғ, яна пуллик ҳам бўлишади. Майли, омон бўл ука, яхши кунларда кўришайлик.

Равшан ака хайрлашиб, орқасига қарамай тез-тез юриб кетди.

Нўъмон индамади. Қўлидаги китобларни бағрига босганича, автобус бекати томон юрди.

Бўрибой билан Хуршид Нўъмоннинг гапларини тинглашар экан,  уни янги ном билан қутлаб, анча вақтгача устидан кулиб ўтиришди.

—Э, сенларга гапиргандан кўра, эшакка гапирган яхшироқ. Кул-а, кул, ҳозир бир нарса кўрсатсам иккаланг ҳам йиғлайсан.

Нўъмон  кўкрак чўнтагидан 100 долларни олиб, кўз-кўз қилгандек, бирдан жимиб қолган Бўрибой билан Хуршиднинг бурни остида айлантирди.

— Хўш, қалай?100 талик кўки учун Николайми, Колями, Васями бўсам бўпман-да. Отим ўзгаргани билан бир жойим камайиб қолгани йўқ. Паспортимда барибир Нўъмонман, ўлганимча Нўъмонлигимча қоламан, нима дедиларинг, жўралар?

—….

—–Нима бало, тилларингни ютвордиларингми, ё тилдан қолди­ла­ринг­ми?

—Боя ҳазиллашаяпсан десам, ростданам иймонингни сотибсан-да, жўра?!

—Қанақа иймон. Бола-чақанг оч ўтириб, қулоғинггача қарзга ботсанг сан ҳам иймон-пиймонингни ўйламасдинг.

— Э, сени одам деб юрсам…

Хуршид юзига фотиҳа тортиб, шаҳд билан ўрнидан турди. Бўрибой нима қилишини билмай бир Хуршидга қарар, бир Нўъмонга тер­муларди.

– Бор кетсанг кетавер, ўргилдим сендақа иймонлидан. Иймон, эътиқодинг билан қорнинг тўйиб, Тошкентда пропискадан ўтсанг, тан бераман.

Нўъмоннинг жаҳл билан айтган сўзлари ўрнидан турганидан сўнг дўст­ларини ташлаб чиқиб кетишга кўзи қиймай иккиланаётган Хур­шид­га қамчининг изидек аччиқ ботди. Жавоб бермай қўл силтаганича, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.

Орага чўккан ноқулай сукунатни бузишга ботина олмаётган Бўри­бой Ҳилола хонага лаганда ош кўтариб кириши билан ўрнидан қўз­ғалди.

—Манам борай, кеч бўп қолди. Хотиним хавотирланаётгандир.

Нўъмон индамагач, секингина ўрнидан турди-да, эшик томон йў­налди. Ҳеч нарсани тушунмай, қўлида лаган билан қотиб қолган Ҳи­ло­ла бир хўмрайиб ўтирган эрига, бир Бўрибойнинг орқасидан ёпилган эшик­ка қарарди…

Орадан бир ярим йил ўтди. Бу орада Нўъмон Равшан аканинг қистови билан беш-олтита янги танишларини «Иегова шоҳид­ла­ри»нинг олдига етаклаб борди. Охирги боришида Равшан ака Нўъмон олиб борган ҳар бир киши учун 200 АҚШ долларидан пул олишини эшитиб, қони қайнади. Унинг атрофида бунчалар гирдикапалак бўлишини англаб, Равшан акадан ўз ҳақини талаб этди.

Орадаги тортишув бир зумда жанжалга айланди. Роза опанинг ҳай хайлашуви-ю, қўшниларнинг аралашуви билан Нўъмон бу хонадондан ҳайдалгач, аламидан лабларини тишларди. «Номард, мен орқали минг доллардан кўп пул ишлаб олибди-я, мен бўлсам сектанинг баъзи-баъзида бўладиган йиғилишига қатнашганлигим учун тушадиган 10–15 доллардан хурсанд бўлиб юрибман. Аблаҳ…»

Нўъмон Ғазабдан титраб кетди. Орқасига қараб, бўралаб сўкингач, мавзе четида жойлашган  пивохонага йўл олди.

—Биз бу уйни сотиб олдик. Эгаси бир ҳафтада  ижарачилар бўшатади деган эди, ҳали ҳам чиқиб кетмабсизлар-ку.

Остонада турган, пакана,  кечки салқин тушганига қарамай бурни­нинг усти терлаган киши эшикни очган Нўъмонга савол назари билан қараб турарди.

—Кечирасиз, сизга ким керак? Бу ерда ҳеч қандай ижарачи турмайди, бу мани уйим.

— Бўлиши мумкин эмас, бир ҳафта илгари бу уйни мен  танишим Роза Ортиқовадан сотиб олганман. Мана ҳужжатлари. Ўзи уйни ҳужжатлари йўқолгани учун нотариусдан нусхасини топиб олгунича анча вақт кетди. Уйда ижарачилар туради, уларга айтганман, ойнинг охирида уйни бўшатишади деганди, ҳали ҳам чиқмабсизлар-ку?! Бугуноқ уйни бўшатинг.

— Лекин, ҳужжатлар менда йўқолгани йўқ.!

Нўъмоннинг жаҳли чиқа бошлади.

– Кимсиз ўзи, нега Роза мани уйимни сизга сотади, нима ҳаққи бор, бундай ифлослик қилишга. Расво экан-ку!

—Билмадим, буни бориб ўзидан сўранг, бу биринчидан, иккинчидан сўкинмай гапиринг. Ортиқовларни 10 йилдан бери танийман. Жуда ҳалол, кўнгли очиқ одамлар. Бировдан ёрдамини аямайди. Ўғлимни уйлантириб, уй излаб юрувдим, Равшан шу уйни айтиб қолди. Йигитча, кўп асабийлашаверманг-да, энди бошқа уй қидиринг.

—Лекин мен ижарачи эмасман, мен…

— Сизни тушунаман, аммо ижара ҳақини олдиндан бериб қўймаслик керак эди.

— Аблаҳ, Равшан аканинг иши денг, ҳали кўради у мендан.

Нўъмоннинг қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Улар чет элга кетишди, менимча кеч қолдингиз…

Нўъмон эшик кесакасига беҳол суянганича турар экан, Роза билан Равшан акани учратган кунига ланъатлар ўқирди.

Наргис ҚОСИМОВА

2006 йил.

— — —

Улашинг: