Бугунги кунда сайёрамизда беш миллиард тоннадан зиёд чиқинди йиғилиб қолган. Уларнинг бор-йўғи ўттиз фоизигина қайта ишланади. Биргина Ўзбекистонда 186 та чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, уларга 33,4 млн.тонна чиқиндилар кўмилган. Бундан ташқари 2016 йилда 566 та санкцияланмаган чиқиндихоналар рўйхатга олиниб, уларга кунига 15,3 минг тоннага яқин чиқинди ташланади. Мазкур муаммони ҳал этишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетишни тартибга солишда олдинга ташланган қадам бўлди. Ҳозирда чиқинди муаммосини бартараф этиш бўйича республикамизнинг барча вилоятларида чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг марказий қисмида жойлашган Жиззах вилоятида 10 та чиқиндихоналар мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчаси талабга жавоб бермайди. Шулардан 4 тасидагина таъмирлаш ишлари бошланган.
-Ҳозирги кунда чиқиндилар Вазирлар Маҳкамасининг 315-сонли қарори талабига асосан туманларда ободонлаштириш бошқармалари, шаҳар ҳудудларида санитар тозалашга ихтисослашган корхоналар томондан амалга ошириш кўзда тутилган эди. Аммо қарор талабларининг тўлиқ бажарилмаганлиги, яъни чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги сабабли ноқонуний чиқиндихоналар сони шаҳар ва туманларнинг ҳудудларида кўпайиб борди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида вилоятларда Президентимизнинг 2916-сонли қарори билан “Тоза ҳудуд” ДУК Экология ва атроф муҳит муҳофазаси вилоят бошқармалари тассаруфида ташкил этилмоқда. Корхонанинг асосий вазифаси ободонлаштиришдаги чиқинди секторидаги техникани ўз балансига олади ва аҳоли ҳамда юридик шахсларни тўлиқ қамраб олган ҳолда кунлик чиқиндиларни чиқинди полигонларига олиб бориб, жойлаштриш вазифаси юклатилган, дейди Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси вилоят бошқармаcининг мутахассиси Бунёд Эгамов. –Айни пайтда Жиззах вилоятида 5 та чиқиндини қайта ишлаш корхонаси рўйхатдан ўтган. Шулардан бири Ғаллаорол туманида ишдан чиққан автошиналарни қайта ишлаш “Алишер савдо инвест” корхонаси технологик жараёнининг носозлиги туфайли вақтинча ишламаяпти. “Европласт” бакалашкаларни қайта ишлаш корхонаси ўз фаолиятини қайта тиклаяпти. Иккиламчи қоғозга топширилган қоғоз чиқиндиларини қайта ишлаш корхонаси вилоятда йўқ, улар қайта ишлаш учун Тошкентга олиб кетилади. Бундан ташқари “Жиззах Авантаж плюс” корхонаси томонидан ишлатиб бўлмайдиган кўмир кукунидан эса кўмир брикети чиқарилмоқда. Ишлаб чиқаришдаги кимёвий моддалар эса Жиззах вилоятида “Жиззах агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятига қарашли Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 6 км. узоқликда заҳарли моддалар қабрстонига кўмилади. Ҳозир у ерда реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Умумий майдони 5 гектардир. Тез кунларда у янгиланган ҳолда ўз фаолиятини бошлайди. Барча кимёвий моддалар, кимёвий моддалар сақланган идишлар хандақлар қазилиб, деворлари бетонланган ҳолда кўмилади.
Чиқиндихонага олиб бориладиган чиқиндилар морфологиясини кўрадиган бўлсак, асосан маиший чиқиндилардир. Вилоятда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси мавжуд эмас. Мазкур муаммони бартараф этиш учун бугун Жиззах вилояти хокимининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2916-сонли қарори асосида 2017 йил 6 майда 227-сонли қарори қабул қилиниб, қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш мақсадида Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Temurbek elegant” МЧЖ томонидан таклиф этилаётган “Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш” лойиҳаси ташкил этиш жараёнида. Корхона ишга тушганидан сўнг, йиллик қуввати 70 минг тонна чиқинди қайта ишланади. Лойиҳа доирасида 49 дона чиқиндини ташиш ва утилизация қилиш техникаси, 170 та чиқинди тўплаш учун контейнерлар харид қилиш ва ўрнатиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Аммо корхонанинг қачон ишга тушиши ҳали аниқ эмас. Айни пайтда барча маиший чиқиндилар Жиззах шаҳридан 24 км. узоқликдаги 21,2 гектар майдонда жойлашган чиқинди полигонига олиб келиб, кўмилади. Аксарият ҳолатларда чиқиндиларнинг турли сабабларга кўра ўт олиши натижасида улардан чиқаётган ёқимсиз ҳидли тутун эса шамолнинг йўналишига қараб атрофда жойлашган аҳоли уйлари томон йўналади.
Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси чиқинди қабул қилиш пункти ходими Абдували Нурматовнинг айтишича, полигонда чиқиндилар сараланмайди. Бизнинг асосий вазифамиз атрофни тозалаш, чиқинди олиб келинадиган техникани бошқаришдир, дейди у.- Аксарият ҳолатларда чиқинди куннинг қизиганида газлар ажралиб чиқиши оқибатида ёниб кетади, кўп ҳолатларда шаҳар ва туманлардаги чойхоналардан маиший чиқиндилар билан қўшиб келтирилган, ўчмаган чўғлар чиқиндихонада ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлади.
Айни пайтда Жиззах шаҳрида 34 та маҳалл фуқаролар йиғини бўлиб, уларда 168,2 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шаҳардан бир кунда 80 тонна чиқинди чиқади. Бу ҳар бир фуқаро 1200 кг. чиқинди ташлайди, демакдир. Аҳолидан чиқаётган чиқиндини шаҳарда иккита чиқинди ташиш корхонасига қарашли автоуловлар олиб чиқади. Булар “Махсуссервис” МЧЖ ҳамда Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармасидир. Аммо рақобатга асосланган фаолиятнинг мавжудлигига қарамай, ҳануз Жиззах шаҳрининг кўркини баъзи бир миттидаҳаларда уйилиб ётган ва маҳаллар ичидаги йўл четига чиқариб қўйилган пакетлардаги чиқиндилар бузмоқда.
— “Махсуссервис” МЧЖ 14 та маҳалла билан, биз 20 та маҳалла билан чиқиндини олиб чиқиш бўйича шартнома имзоладик. Бундан ташқари 1500 та ташкилот билан шартномалар қилинган. Маҳаллаларга чиқиндини олиб чиқишда қулайлик яратиш мақсадида сигнал тизимини ташкил этдик, дейди Жиззах шаҳар ҳокимлиги қошидаги ободонлаштириш бошқармасининг бошлиғи Баҳодир Отажонов. — Яъни аҳоли чиқиндиларни олиб чиқишлари, уларни кўчага ташламасликлари учун машиналар келганликлари ҳақида огоҳлантирувчи сигнал чалиб юради. Жиззах шаҳридан чиқадиган чиқиндилар чиқинди полигонига олиб бориб, махсус ажратилган бульдозер ёрдамида кўмилади. Жиззахда ҳар бир маҳаллага жами 34 та чиқиндихона қўйилган ва ҳар бир маҳаллага атрофни ифлослантирмаслик хусусида хатлар берилган. Аммо аҳолининг экологик маданиятининг етишмаслиги натижасида ҳануз атрофни ифлослантириш ҳолатлари учрамоқда. Буни бартараф этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада йиғилиш ўтказиб, “Тошлоқ, “Зилол”, “Олмазор”, Заргарлик”, “Ёшлик”, “Иттифоқ” ва бошқа маҳаллаларда бу борада тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз.
Юқорида айтилган фикрларга қарши ўлароқ ҳануз шаҳарнинг баъзи бир маҳаллаларидан чиқиндини олиб чиқиш муаммолигича қолмоқда.
Жиззах шаҳридаги “Навоий” маҳалла фуқароси Ленуре Адильшаеванинг фикрича, бугунги кундаги асосий муаммо чиқиндини олиб чиқиб кетишга машиналарнинг аҳоли ишда эканлигида келишидир. Оқибатда хонадонида тўпланиб қолган чиқиндисини фақатгина ишламайдиган ёхуд уйда ўтирган фуқароларгина махсус автоуловга юклаш имконига эгалар. Агарда уйдагиларнинг барчаси ишласачи?
— Маҳалламизда чиқинди кўп чиқади, аммо ташлайдиган чиқиндихона йўқ, дейди Раъно Абдуллаева, “Навруз” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли. – Ободонлаштириш бошқармасининг махсус машинаси чиқиндини эрталаб олиб кетади, аммо шунга қарамай аҳоли тунда чиқиндиларни кўчага ташлашади. Ободонлаштириш бошқармаси томонидан гул экилаяпти. Аҳоли томонидан эса уларни парваришлашга ёрдам берилмайди. Бу эса ҳануз аҳолининг экологик маданиятининг пастлигини билдиради. Яна бир муаммомиз маҳалла кўчаларида чиқинди йиғадиган идишлар йўқлигидир, оқибатда эса кўчалар, гулзорлар, боғларнинг ифлосланмоқда.
Чиқинди турли хил юқумли касаллик манбаига айланиши, ҳеч кимга сир эмас. Вилоятда 2017 йил 16 январь ҳолатига кўра жами 293 та чиқинди йиғиш майдончалари, 554 та чиқинди йиғиш контейнерлари мавжуд бўлиб, 1млн. 300 мингдан ортиқ нафар аҳолисига эга бўлган Жиззах вилояти учун бу жуда ҳам камдир. Давлат санитария-эпедиомологик назорат маркази Жиззах вилоят бошқармасининг маълумотларига кўра яна 2255 та қўшимча чиқинди йиғиш майдончалар, 889 та чиқинди контейнерлари ўрнатилиши зарур. Бу вилоят ҳудудида тозаликни сақлаш, чиқинди орқали тарқаладиган турли хил юқумли касалликларни олдини олишга имкон беради.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги қарорига биноан Жиззах вилоятидаги мавжуд чиқиндихоналарда албатта санитария ҳолатига риоя этиш талаб этилади. Афсуски чиқинди тўплаш майдончаларига чиқиндилар етказиб борилмай, йўлакларга, кўп қаватли тураржойларнинг подъездларига ташлаб кетиш ҳолати кузатилади. Бу ачинарли ва хавфли ҳолат, дейди биз билан суҳбатда Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази Жиззах вилоят бошқармаси санитария-гигиена бўлими мудири Талъат Бобоев. -Чунки уларнинг таркибида касаллик чақирувчи патоген микроблар жуда кўп. Микроблар асосан пашшалар орқали тарқалади. Чиқинди тўпланганда у ўзидан қўланса ҳид тарқатиб, нафас йўллари касалликларини келтириб чиқариши, мавжуд касалликларни қўзғатиши мумкин. Юқумли касалликларни фақат чиқиндилар билан боғлаш нотуғри. Аммо улар билан бевосита боғлиқ бўлган касллик гепатитдир. Асосан болалар чиқиндихоналар атрофида ўйнаб, қўлини ювмасдан овқатланиши натижасида келиб чиқади. Албатта ҳозир марказнинг ҳар бир ходими бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини маҳаллаларнинг фаоллари билан биргаликда олиб боришади. Шунингдек, назорат гуруҳи мавжуд бўлиб, гуруҳ аъзолари ҳар бир хонадонга кириб, ошхона, ҳожатхона аҳволини ўрганишади. Санитария –эпидемиология назорат марказининг асосий вазифаси профилактика. Тадбиркорлик субъектларининг умумий овқатланиш шахобчаларининг санитария-гигиена ҳолатини назорат қилади. Шунингдек ичимлик суви, сут ишлаб чиқариш корхоналари, сувоқова корхоналарини лаборатория йўли орқали назорат қилишдир. Бу фақатгина тиббий кўрикдан ўтиш эмас, балки тадбиркорларга маҳсулотнинг сифати, сақланиши, ишлов бериш, тарқатиш технологиясидаги санитария -гигиена, чиқиндисини ташлаш талаблари тушунтириб борилади.
Яна бир масала туманлардаги оқава сув тизимидаги камчиликлардир. Баъзи бир жойларда оқава сувлар тозаланмасдан, табиатга ташланишидир. Афсуски вилоятда фақатгина Жиззах шаҳар аэрация иншоати мавжуд бщлиб, у ҳам таъмирталабдир. Туманларда оқава сувларни тозалайдиган аэрация иншоатлари йўқ.
-Туманларда биоҳавзалар мавжуд бўлиб, оқава сувлар айнан уларга чиқариб ташланади, дейди суҳбатимиз давоми Талъат Бобоев. – Жиззах вилояти ҳудудида бир неча кимёвий моддаларни чиқинди сифатида чиқарадиган корхоналар бор. Уларда эса бирламчи тозалаш иншоатлари мавжуд. Яна бир масала аҳоли томонидан аксарият ҳолатларда чиқинди сифатида ташланган баклашкаларни териб, уларда сут ва бошқа маҳсулотларни сотиш ҳолатларидир. Бунинг олдини олиш учун тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозим.
Улкан қурилиш майдончасига айланган, тобора гузаллашиб бораётган Жиззах шаҳрини айланар эканмиз, на шаҳар марказида, на жамоат жойларида бирорта ҳам чиқинди қутиларини кўрмадик.
— Ҳозирда жамоат жойларида чиқинди йиғувчи контейнерлар қўйиш, айниқса ана шу чиқиндиларни сараланган ҳолда ташлаш бўйича иш олиб борилмоқда, дейди суҳбатимиз давомида Баҳодир Отажонов. – Айни пайтда Жиззах шаҳриинг марказидаги йўлакларга чиқинди йиғиш учун урналар қўймоқчимиз.
Аҳолининг экологик маданияти ҳудудда мазкур йўналишда амалга оширирилаётган ишлар баробарида ҳам шаклланади. Конфет, музқаймоқ қоғози, писта пучоғи, сигарет қолдиқларини атрофда уларни ташлаш учун қути бўлмагач, йўлак четига ёхуд ариқ ичига улоқтириш жуда ҳам осондир. Бунинг олдини олиш учун эса урналар ўрнатиш билан биргаликда кенг кўламда таълим муассасалари, маҳаллаларда тушинтириш ишларини олиб борилиши лозим.
Чиқинди муаммосининг долзарблиги кундан кунга ошмоқда. Вилоятда уни тезда ҳал этиш, чиқиндини қайта ишлаш корхоналарини нафақат Жиззах шаҳри, балки туманларда ҳам ишга тушириш, мавжуд 12 та туман марказида оқава сувларни қайта ишлайдиган аэрация иншоатларини қуриш вилоят хокимлиги олдида турган муҳим масалалардан биридир. Унинг тезроқ ҳал этилиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида, минг йиллик тарихга эга Жиззах воҳаси табиатини асрашга ҳам имкон яратади.
Наргис ҚОСИМОВА
Тошкент-Жиззах-Тошкент