1 254

ХИТОЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ ТАРИХИГА НАЗАР

Хитой Халқ Республикаси мамлакатимизнинг энг йирик ва стратегик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги муносабатлар, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий алоқалар йил сайин ривожланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ХХР телевидениелари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам йиллар давомида шаклланганиб бораётганини қайд этиб ўтиш керак. Ушбу мақолада биз Хитойда телевидениенинг ривожланиш тенденциясига назар ташлашни ният қилдик.

Хитойда телевидениенинг пайдо бўлиш тарихи ўтган асрнинг 50-йиллари охирларига бориб тақалади. Ўтган йиллар давомида у оддийлик ва соддаликдан етукликкача, атак-чечак қадам ташлашдан барқарор тараққиётгача бўлган йўлни босиб ўтди. Мутахассислар Хитойда телевидение ривожланишини бешта босқичга бўлишади. Булар:

1) 1958-1966 йиллар – Хитой телевидениесининг шаклланиш даври.

2) 1967-1976 йиллар – Хиоой телевидениесида “маданий инқилоб” босқичи.

3) 1977-1982 йиллар – фаол ривожланиш даври.

4) 1983-1989 йиллар – Хитой телевидениесининг гуллаган даври.

5) 1990 йиллар охири ва 2000 йилдан кейин – рақамли технологияларга ўтиш босқичи.

Хитойдаги илк телевидение – Пекин иелестанцияси 1958 йил 1 май куни ўз кўрсатувларини эфирга узатган бўлса, ўша йилнинг 1 октябрида Шанхай, 20 декабрда Харбин телестанцияларига асос солинади. Мамлакатнинг ўзида телевизорлар ишлаб чиқарилмагани боис улар хориждан импорт асосида келтирилади. Шу боис дастлабки йилларда уйида телевизорга эга аҳоли сони кўп бўлган, дея олмаймиз. 1960 йилга келиб Хитой телеканаллари ўз кўрсатувларини 7 та чет эл мамлакатига ҳам узата бошлаган бўлса, орадан беш йил ўтиб, бу рақам 27 тага етади.

“Маданий инқилоб” йиллари (1967-1976) мамлакат телеканаллари учун оғир синов даврига айланди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Жумладан, 1967 йил 1 январда Пекин телестанцияси ўз фаолиятини тўхтатади, тез орада эса мамлакатдаги аксарият телеканаллар ҳам ёпиб қўйилади. Фақат 1968 йилдагина ҳудудий телеканаллар яна эфирга чиқа бошлайди. Статистиканинг кўрсатишича, 1975 йил охирларига келиб Хитойда ҳар 1, минг кишига битта телевизор тўғри келган, яъни 463 мингта телевизор мавжуд бўлиб, шунинг 6 мингга яқини рангли телевизорлар эди.

“Маданий инқилоб” интиҳоси билан Хитойда телевидение ривожининг янги даври бошланди. 1979 йил 1 майда Пекин телестанцияси “Хитой марказий телевидениеси” (CCTV)га айлантирилди. Шу йили сентябрь-октябрь ойларида мамлакатнинг телеэшиттиришлар бўйича Марказий бошқармаси қарори билан теледастурлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда Хитойдаги 25 та телевидение иштирок этиб, умумий ҳажми 100 соатдан ортиқ бўлган теледастурлар намойиш этилди. Ана шу кўргазмада Хитой телеканаллари ўртасида маҳсулот алмашинувига тамал тоши қўйилди.

Қизиғи, 1979 йилгача мамлакатдаги телеканалларда реклама бўлмаган. Айнан 1979 йилнинг 28 январида Шанхай телеканали илк реклама ролигини эфирга узатади. У ҳар куни 8 мартадан намойиш этилган. 2013 йилда Хитойда реклама билан боғлиқ айрим чекловлар жорий этилди. Жумладан, дори воситаларининг рекламаси, ҳазил асосига қурилган, тилга янги интернет-лексикани олиб кириши мумкин бўлган реклама роликларини эфирга бериш мумкин эмас. Мамлакатда амал қиладиган реклама қонунчилигига кўра, машҳур инсон бирор бир маҳсулотни реклама қилар экан, ҳуқуқий мажбуриятни зиммасига олади. Яъни реклама қилинган маҳсулот билан боғлиқ муаммо юзага келса, уни ишлаб чиқарувчи(сотувчи) билан бирга ўша машҳур шахс ҳам маълум бир жавобгарликка тортилади.

1983-1989 йиллар Хитойда миллий телевидение гуркираб ривожлана бошлади. Мисол тариқасида, агар 1982 йил мамлакатда атиги 20 га яқин шаҳар ва уезд телеканаллари фаолият олиб борган бўлса, 1985 йилга келиб уларнинг сони 172 тага етади.1984 йил сунъий йўлдош орқали узатилаётган телевизион сигналларни қабул қилувчи ер усти станциялари қурилиши бошланади. 1986 йилда уларнинг сони 2000 та етиб, теледастурлар мамлакатнинг 78 фоизини қамраб олишига эришилади. 1988 йил 15 мартда CCTV замонавий рангли телевизион марказни ишга тушириши, Хитой телевидение ва радиоси янги сифат босқичига чиққанини англатар эди.

1990 йиллардан кейин Хитойда теледастурларни узатишнинг рақамли технологиялари жорий этила бошланди. 1994 йил охирларига бориб, мамлакатдаги телестанциялар сони 766 тага етиб, аҳоли фойдаланувидаги телевизорлар сони эса 445 миллиондан ошиб кетди ва бу кўрсаткич бўйича Хитой дунёда биринчиликка чиқиб олди. Замонавий технологияларнинг қўлланишилиш тайёланаётган теледастьурлар сони ва сифати ошишига хизмат қилиш билан бир қаторда қамровнинг кенгайишини ҳам таъминлар эди. Натижада, 2003 йилга келиб, миллий телеканаллар дастурларини мамлакатнинг 94 фоиздан ортиқ аҳолиси томоша қилиш имконига эга бўлди. Қолаверса, бу ҳол телеканалларнинг рекламадан оладиган даромадалари салмоғи ҳам кескин ортишига олиб келди. Хусусан, 2000 йил бошларига келиб, Хитой телеканалларининг рекламадан оладиган бир йиллик даромади 16,9 миллиард юанни ташкил қилди.

Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, Марказий телевидение (CCTV) Хитой электрон оммавий ахборот воситалари орасида етакчи ўринда туради. Бугунги кунда унинг таркибида универсал ҳисобланган CCTV-1 дан ташқари, яна 20 дан ортиқ кино, иқтисод, спорт, фан ва таълим, мусиқа, ҳарбий, халқаро йўналишларга ихтисослашган, болалар учун мўлжалланган телеканаллар фаолият олиб бормоқда. CCTVнинг халқаро телеканаллари ўз дастурларини инглиз, испан, француз, араб ва рус тилларида тайёрлаб эфирга узатади. Тизимдаги барча каналларнинг бир кунлик эфир ҳажми 270 соатдан ортиқ бўлиб, шунинг 75 фоиздан зиёдроғи CCTVнинг ўз маҳсулотларидир.

CCTV дунёнинг 134 та мамлакатидаги 200 дан ортиқ телевизион ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Юқорида қайд этганимиздек, улар орасида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳам бор. Дунёнинг турли минтақаларида жойлашган мухбирлик пунктлари орқали хорижда юз бераётган энг муҳим ва қизиқарли воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб боради. 2009 йилда CCTVнинг баландлиги 234 метр бўлган 44 қаватли янги штаб-квартираси фойдаланишга топширилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунга келиб, CCTV нафақат Хитой, балки дунёдаги энг йирик ва ривожланган телевизион ташкилотлардан бирига айланиб улгурган.

Наргис ҚОСИМОВА,

ЎЗДЖТУ Халқаро

журналистика факультети доценти

Улашинг: