Дунёда иқтидорли ақлли одамлар кўп. Аммо уларнинг орасида мутлақо ўзга дунёқарашга эга, ўз фалсафаси ва жамият қонуниятларидан ўзгачароқ фикрловчи инсонлар мавжуд. Уларнинг билими, тажрибаси акарият ҳолатларда мавжуд тизим чегарасидан чиқади. Ана шундай иқтидор соҳибларидан бири Вячеслав Иванов 1929 йилнинг 21 август куни Москва шаҳрида ёзувчи Всеволод Иванов оиласида таваллуд топган. Ёшлигида оғир касаликка чалинганлиги боис уйда таълим олган. 1941—1943 йиллари Иккинчи жаҳон урушида Тошкентда эвакуацияда бўлиб, 1946 йили мактабни битирди. 1951 йили Москва давлат университетининг филология факультетини тамомлади. 1955 йилда эса филология фанлар доктори илмий даражасига эга бўлди. Аммо Олий аттестация комиссияси диссертация йўқолганлиги учун уни тасдиқламади. 1978 йили иккинчи маротаба мазкур даражага эришади.
Вясеслав Иванов -лингвист, семиотик, антрополог, Америка лингвистик жамиятининг (1968), Британия Академиясининг (1977), Америка санъат ва фан академияси (1993), Америка фалсафа жамияти (1994) аъзоси. Россия Фан Академисининг адабиёт ва тил бўлими академиги (2000), Калифорния университетининг славян ва Шарқий Европа тиллари ва адаьиёти профессори, МДУ жаҳон маданияти институтининг директори, Фундаментал лингвистик тадқиқотлар жамғармаси Васийлик Кенгашининг директори, В.Н.Топоров билан биргаликда “Асосий афсона назарияси”нинг муаллифи. Докторлик ишини В.Иванов “Хет тилининг бошқа ҳиндевропа тилларига нисбати” мавзусида ёқлаган эди. Всеволод Иванов бугунги кунда 100 та тилда бемалол ўқий олади ва Европанинг барча тилларида эркин сўзлашади.
Вячеслав Ивановнинг инсон онги, таълим борасидаги фикрлари жуда ҳам қизиқарли. Унинг Россия Федерациясининг 2004 йилда “Независимая газета” таҳририяти мухбири Ким Смирновга берган интервьюси жамиятни бугун ҳам ўйлантирадиган муаммоларга бағишланган.
КЕЛАЖАК БУГУН МАВЖУД
Савол: Келажакнинг оптимистик вариантини сиз инсон онги билан боғлайсиз. Аммо келажакда онгнинг ўзи ва унинг ижодкори инсон қандай ўзгаради? Ирсий муҳандисликнинг сўнгги ютуқлари, биотехнологиялар мисли кўрилмаган хаёлларга бизни етаклайди! Масалан, журналист дунёдан узилиб ўз тажрибалари билан машғул олимнинг лабораториясига яширинча кириб, унинг спиртланган идишга солинган ирсий нусхасини кўриб савол беради: “Тирик одамни яратиб, сўнг уни ўлдиришга қандай хаддингиз сиғди?”. Олим эса қуйидагича жавоб берган: “ Ким сизга уни мен яратди деди? Аксинча, у мени яратди!”
Вячеслав Иванов: Қизиқ. Аммо мен бунданда кулгили сюжетни биламан. Станислав Лемда бир эпизод бор…. Барча органлари сунъий бўлган ва унга бу органларни ясаб берган фирма билан судлашаётган одам фирмани ўзининг хусусий мулки, деб билади. Масалага жиддий ёндошадиган бўлсак инсоннинг жисмоний табиатини ирсий жиҳатдан бутунлай ўзгарттириш мумкинлигига унчалик ишонмайман. Биз инсон ирсиятини хали тўлиқ ўрганганимизча йўқ. Табиат томонидан инсон организмига жойланган фантастик имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун уни янада яхшироқ ўрганиш лозим. Масалан, инсон миясини олайлик. Замонавий ахборот назарияси йнинг салоҳияти ва имкониятларини баҳолаш имконини берди. Оддий инсоннинг мияси ўзига барча мавжуд ва шу пайтгача мавжуд бўлган маданият ютуқларини ўзида жо этиши мумкин. Мен бурттираётганим йўқ. Физиологик жиҳатдан айнан шундай. Бундан бир қанча амалий хулосалар қилиш мумкин. Энг асосийси замонавий, бутун дунёдаги таълим ва тарбия тизими нотўғридир. Чунки биз хаттоки даҳо деб ҳисоблаган одамлар ҳам ўз мияларининг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаганлар. Бундан ташқари инсон ҳаёти давомида мия заҳирасидан фақатгина жуда оз қисмигина фойдаланилади. Инсон тўғилганда унинг мияси тўлиқ шаклланмаган ҳолда бўлади. Унинг нейронлари ва улар ўртасидаги боғлиқлик жуда секинлик билан амалга ошади. Шунинг учун ҳам 2 ёшгача инсон ҳали гапира олмайди ва биз ҳаётимизнинг илк йилларини эслай олмаймиз. Физиологик жиҳатдан бизнинг асаб тизимимиз босқичма босқич, аммо жуда ҳам тез ва кўп нарсани ўзлаштиришга қодир. Янги таълим парадигмасининг моҳияти шундаки, миянинг у ёки бу қисми ишлай бошлагандан вақтни бой бермаслик лозим. Агарда буни ўз вақтида қилмасак, жуда кўп нарсадан қуруқ қолган ҳолда бу дунёдан ўтиб кетамиз. Таълим тизими бутун жаҳонда жуда ҳам чўзилган. Болага ёшлигиданоқ жиддий билим бериш мумкин. Корней Чуковский ўз вақтида болалар учун кутубхона очиб, унинг илтимоси билан қадимги ёзувларни тушинтириб берувчи тўгарак очган эдим. Болалар катталарга нисбатан жуда тез сабоқларни ўзлаштириб, фантастик натижаларга эришишди. Бу эса менинг болаларга жуда ҳам эрта сабоқ бериш керак деган фикримни яна бир маротаба исботлади. Айтиш жоизки, ҳар бир бола кичик даҳодир, биз эса унинг иқтидорининг ривожланишига йўл қўймаймиз. Чунки бизнинг мактабгача, ўрта ва олий мактаб таълими тизими тўғри йўлга қўйилмаган. Бу нафақат Россияда, балки Европа, Осиё ва Америкада ҳам худди шундайдир. Нобель мукофотини Сперри ва Визеллар ажойиб тажрибалари учун олишган. Улар эндигина итбалиқдан чиққан қурбақачанинг бир кўзини ярим йилга боғлашган. Вақт ўтгач, кўз боғичини ечишганда қурбақача миясининг ўша томони мутлақо фаолият юритмаганлигини аниқлашган. Кейинчалик ҳам кўз очиқ бўлсада, мияда ривожланиш кузатилмаган. Биз ҳам таълим-тарбияни эрта бошламасак, бир умрга кечиккан бўламиз. Асосийси, биз билимларни ўз вақтида болаларга беришимиз лозим. Ҳозирги таълим тизимимизда эса барча нарсалар кечроқ берилади, кейин эса турли шикоятлар бошланади: фарзандларимиз ундай эмас, ялқов, такасалтанг…
Савол: Академик Дмитрий Сергеевич Лихачев билан суҳбатимда, у инсоният тарихи давомида қўл билан бажариладиган бирорта, хаттоки ҳозир керак бўлмай қолган амалий санъатни ва ҳунарларн йўқотмаслигимиз лозимлигини айтган эди. Унинг фикрича, биз ушбу хилма хилликни сақлаб қолмасак маданиятимизни йўқотамиз. Аммо мазкур хилма хилликни жўғрофий ва тарихий жиҳатдан, глобаллашув жараёнида қандай сақлаб қолишимиз мумкин?
Вячеслав Иванов: Дмитрий Сергеевичнинг гаплари тўғри. Бу жиддий муаммо нафақат маданиятимизга, балки ….инсон анатомиясига ҳам тааллуқли. Француз антропологи Леруа Гуран жаҳон маданияти ривожи ҳақида икки томлик асар ёзган эди. Унда олим бизнинг ўтган авлодлар ривожида муҳим ўрин тутган ва миянинг юксак фаолиятини таъминлаган қўл меҳнати аҳамиятининг пасайиши ва бутунлай йўқолиб кетишидан хавотирланган эди. Нейропсихология бўйича монография ва дарсликларда ўнг қўл, хаттоки бош бармоқнинг инсон мияси пўстлоғида қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳақидаги далиллар келтирилади. Мия қўл билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам автоматик воситаларга ўтишда жисмоний, ақлий, интеллектуал ва руҳий ривожланишда албатта қўл билан бажариладиган майда операцияларни қолдириш зарур. Асрлар давомида ёш болаларни тўғри ва чиройли ёзиш, қаламни тўғри ушлатишга ўргатиш нафақат таълим, балки тарбия жараёнининг ҳам муҳим қисмидир. Яқин келажакда биринчи синфга қадам қўйган болакайларни ёзиш эмас, компьютер тугмаларини босишга ўргатиш мия ривожидаги муҳим бир бўғиннинг йўқолишига олиб келади.
Савол: Деярли кўпайтириш жадвали ва оғзаки ҳисоб калькуляторлар пайдо бўлгандан бери ўз аҳамиятини йўқотди….
Вячеслав Иванов: О, бу умумжаҳон муаммога айланмоқда. Америкада бу масалага ҳар қадамда дуч келаман. Агарда дўконда калькулятор ёки ҳисоб машинаси ишдан чиқса сотувчилар даҳшатга тушишади, чунки карра жадвални аллақачон унитишган. Албатта бу аянчли ҳолат. Цивилизация машинага инсон ривожи учун зарур бўлган функцияларни топширди.
Савол: Охирги саволим ака –ука Стругацкийларнинг «Худо бўлиш қийинми?» асарининг бош ғоясини сал ўзгартирилган шаклда бермоқчиман. Бугунги ўзгарувчан дунёда, шиддатли асрда, мамлакатимизда инсон бўлиш қийинми?
Вячеслав Иванов: Пушкинда шундай сатрлар бор: «…менинг шафқатсиз асримда». Аммо ҳозирги замон ундан-да шафқатсиз. Агарда инсон ташқаридан жуда ҳам катта босимга учраган ҳолатда ҳам ўзида бошқалар учун, ўзгаларнинг дарди билан яшайдиган шахс сифатларини сақлаган бўлса, у ўз ҳаётини енгиллаштиради ва инсонийлик қиёфасини сақлаб қолади.
(Интервью қисқартирилган ҳолатда берилди)
Наргис ҚОСИМОВА таржимаси