Қорақалпоғистонда иқтидорли йигит ва қизларимизнинг кўплигини Қорақалпоғистон Республикаси 1-сонли Меҳрибонлик уйига борганимизда яна бир карра амин бўлдик. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязовнинг тарбияланувчилар учун уюштирган хайрия концертида жавобан қўшиқ айтган болажонларнинг “Барчага она керак” деган мисралари меҳмонларни кўзига ёш олишига сабаб бўлган бўлса, концертдан сўнг тарбияланувчилар учун яртилган шароитлар, энг асосийси уларнинг спорт, санъат соҳасида эришган ютуқларини эшитиб, устозларига раҳмат айтдик.
Меҳрибонлик уйида ҳақиқий фидойи инсонлар ишлайди десам, муболаға қилмаган бўламан. Болажонларнинг аҳиллиги, катталар ва бир бирларига нисбатан ҳурмати, орзуларининг юксаклигида албатта устозларингинг улкан ҳиссаси мавжуд.
— Меҳрибонлик уйимиз салкам бир асрлик тарихга эга, деди биз билан суҳбатда унинг директори Светлана Сон. – У етимхона сифатида 1922-йили ташкил топган бўлиб, 1988-йили янги бинога кўчиб ўтказилган, 2004-йили Меҳрибонлик уйи 180 та тарбияланувчига мўлжалланиб қайта таъмир қилинган эди. Ҳозирги кунда Меҳрибонлик уйимизда 143 тарбияланувчи бўлиб, шундан 67 қиз бола, 76 ўғил бола таълим-тарбия олиб келмоқда. Бу ерда болалар тарбияси учун барча имкониятлар яратилган. Барча шароитлар мавжуд. Жумладан 80 ўринли ўқиш хоналари, ўғил болалар ва қиз болаларга алоҳида 180 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона, кутубхона, компьютер хонаси, спорт зал, спорт майдончалари, кичик футбол майдончаси, ювиниш хонаси, бассейн, иссиқхона, уйин хоналари, тренажёр зали ва бошқалар. 2016-йил Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши раиси М.Ерниязов тарбияланувчиларимизга совға тариқасида янгидан 15 дона компьютер совға қилиб, улардан тарбияланувчиларимиз унумли фойдаланиб келмоқда.
Светлана опа ғурур билан болажонлар учун яратилган шароитларни кўрсатар экан, моҳир тикувчилар каби кўйлак тикаётган 11-12 ёшли қизалоқларни кўриб бир зум ушланиб қолдик.
— Тикув цехи Япониянинг гранти асосида ташкил қилиниб, қизларимиз тикувчилик билан шуғулланишлари учун янгидан тикув машиналари олиб келинди, дейди Светлана Сон қизалоқлар қўли билан яратилган бежирим кўйлакларни кўрсатар экан.
Болажонларнинг овқатланиши иложи борича уй шароитига яқинлштирилган.
-Мактабдаги овқатдан кўра, кўпроқ Меҳрибонлик уйимиздаги овқатлар менга ёқади. Худди онажоним пишириб бергандек ширин, дейди тарбияланувчи Айнура.
Айнуранинг гапида жон бор, чунки Меҳрибонлик уйида шу кунга қадар иссиқхонада бодринг ва булғор қалампири, ҳар ҳил кўкатлар етиштирилиб келинмоқда. Меҳрибонлик уйи атирофида турли мевалар экилган бўлиб улардан олма, ўрик, нок, смородина, олча, беҳи ва бошқа мевалардан тарбияланувчиларнинг овқатланиши учун фойдаланилмоқда. Албатта буларнинг барчаси болажонларни соғлиғи ҳақида қайғуриб, амалга оширилаётир. Бевосита Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг соғлиғини сақлаш, улар жисмонпий жиҳатдан бақувват бўлиб ўсишларида ҳамда бизни лол қолдирган жиҳат тарбияланувчиларнинг деярли барчаси спортнинг турли йўналишларида иштирок этишларидир. Меҳрибонлик уйининг музейлар залида кичкина тоғдек уйиб қўйилган медалларни кўриб болажонлар учун фахр тўйғусини туйдим. 2011 йилдан бошлаб тарбияланувчилар турли спорт мусобақаларда қатнашиб, 50 дан зиёд медалларни қўлга киритишган. Хусусан, 2011-йили Спортнинг кураш тури бўйича Хўжайли тумани биринчилиги очиқ чемпионатида Исаков Аймурза, Алпысбаева Зийуар, Шарифова Ферузалар қатнашиб совринли I, II-ўринлларни эгаллашди. Худди шу йили Каранаева Бийбигул ва Мирсайзянова Тамаралар Халқаро турнир Ўзбекистон Кубогининг «Сув париси» танловида дует дастури билан қатнашиб 3-ўринни эгаллаб Ўзбекистон чемпиони бўлиб қайтишди.
2011-2012-йилларда Н.Утемуратова, Н.Уразова, Н.Ишангулиев, М.Абдуллаева, Д.Куандикова, А.Қурбанова, Г.Узақбаевалар Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва Спорт ишлари министрлиги томонидан вояга етмаган қизлар ўртасида спортнинг кикбоксинг тури бўйича Қорақалпоғистон чемпионатига қатнашиб совринли ўринларга эга бўлишди.
2013-йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган спортнинг сузиш тури бўйича «Сувга сакраш» мусобақасида Абушаев Нариман, Копеев Айбеклар I-ўринни, 2015-йил 13-март куни 8-март «Халқаро ҳотин-қизлар куни» муносабати билан ўқувчи-ёшлар орасида «Нафосат олами» шиёри остида «Соғлом авлод учун» кубоги IV-спорт фестивалида спортнинг сузиш тури бўйича Меҳрибонлик уйининг 8 нафар тарбияланувчилари ғолибликни қўлга киритишди.
2017-йил январь ойида Хўжайли тумани “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан 14-январь “Ватан ҳимоячилари куни”нинг 25 йиллигига бағишлаб “Ҳаво милтиғидан ўқ отиш” буйича ўтказилган мусобақада Богуш Яна, Худайбергенова Айнуралар қатнашиб, фаҳрли 1-ўринни эгаллаб, диплом билан тақдирланди. Ўтган йилнинг 14-15-апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний-тарбия ва спорт ишлари буйича давлат қўмитаси томонидан ташкиллаштирилган I-II-II ёш гуруҳ сузувчилари ўртасида спортнинг сўзиш тури буйича ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси очиқ чемпионатида тарбияланувчимизларимиз Богуш Яна, Лонкин Максим, Пирниязова Нафисалар 50 метрга эркин ва 50 метрга чалқанча усулларда иштирок этиб, фахрли 1- ва 2-ўринларни эгаллашга муяссар бўлишган. 2017-йил 11-май куни Хўжайли тумани “Ёшлик” ДСТСЖ томонидан 2017-йили спортнинг мини футбол тури буйича Богуш Данил ва Базарбаев Исламлар жамоа орасида фаҳрли 1-ўринни эгаллаб, диплом билан тақдирланди.
Айнан кичик хайрия концерти давомида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида иқтидорли ёшлар кўплигига гувоҳ бўлган бўлсак, санъат йўналишида болажонларнинг қўлга киритган ютуқлари фикримизни яна бир бор тасдиқлади.
- Ҳар йили тарбияланувчиларимиз санъатнинг турли йўналишларида ғолиб бўлишади, дейди Светлана опа, болажонлар қўлган киритган диплом ва медалларни фахрланиб кўрсатар экан. –2016-йили Японияда 15-ёшгача бўлган иқтидорли болаларнинг Халқаро тасвирий санъат бўйича кўрик-танловига тарбияланувчиларимизнинг чизган расмлари жўнатилди ва Ташмухамедов Азамат кўрик-танловда фоал иштироки учун сертификат ва совға билан мукофотланди. Шу йили Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Ферерацияси Кенгаши томонидан Маданият муассасаларида фаолият юритаётган болалар бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида ўтказилган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловичнинг Хўжайли тумани Кенгаши босқичида “Тонг ғунчалар” миллий фольклор жамоаси ўзларининг қорақалпоқ миллий рақси билан қатнашиб ғолиб бўлишди, кўрик-танловнинг кейинги босқичида қатнашиб 4 та вилоятдан келган иштирокчилар орасида совринли 1-ўринни эгаллади. 2017-йил май ойида Абжалиев Илхамбек “Соғлом авлод учун ” фонди, Ўзбекистон Бадиий Акедемияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умум таълим мактаблари ўқувчилари ва мактабчага таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Ер куррасида тинчлик” мавзусида ўтказилган Республика расмлар кўрик танловига ўзининг чизган расмлари жўнатилиб ва буй танловда 2-ўринни эгаллади ҳамда сертификат билан тақдирланди. Нукус шаҳри Маданият ва санъат касб-ҳунар колледжида ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида «Зульфия» номидаги давлат мукофотига танловда Карамова Рано анъанавий санъат йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритиб, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган республика босқичига йулланма олди.
Албатта, болажонларнинг турли йўналишларда қўлга киритаётган ютуқларини узоқ санаш мумкин. Болажонларнинг бундай ютуқларни қўлга киритаётгани бежиз эмас, улар билан орзулари ҳақида суҳбатлашганимизда “Мен вазир бўлмоқчиман”, “Мен катта эса бизнесмен бўлмоқчиман”, “Мен дастурчи бўлмоқчиман, Ўзбекистонда компьюетрларни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман”, “Мен Президент бўлмоқчиман” каби орзулари замирида устозларининг уларда ўзига нисбатан уйғотган ишонч, интилишни кўрдик.
Наргис ҚОСИМОВА