Юртимизда маданий ва табиий ёдгорликлар бисёр. Турли даврларда бунёд этилган, не-не суронли даврларнинг шоҳиди бўлган, ҳар бири мозийнинг бир парчаси сифатида сақланиб қолган мадраса, мақбара, мачит, хонақоҳ ва зиёратгоҳлар тарихимизнинг тилсиз тилсимидир. Биргина Қашқадарё вилоятида 927 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 163 тасини архитектура иншоотлари, 683 тасини археологик ёдгорликлар, 61 тасини қадимий санъат асарлари, 20 тасини эса зиёратгоҳлар ташкил этади. Шулардан бири вилоятнинг Чироқчи туманида Лангар ота қишлоғида жойлашган Ҳазрати Лангар ота зиёратгоҳидир. Лангар ота қишлоғининг тарихи зардуштийлар даврига бориб тақалади. Шу ерда туғилиб ўсган, фарзандлари ёрдамида кичик музей ташкил этиб, уни қишлоқдан топилган қадимий буюмлар, китоблар билан тўлдириб бориб, она қишлоғи тимсолида Қашқадарё воҳаси тарихини сақлаб қолиш ва ўсиб келаётган авлодга етказишга улкан ҳиссасини қўшаётган Ғози ота Раҳмонов билан суҳбатимиз қишлоқ ва унда жойлашган табиий ва маданий ёдгорликлар тарихига янада чуқурроқ назар ташлашимизга ёрдам берди.
— Лангар ота қишлоғи менинг киндик қоним тўкилган жой. Шу ерда 1947 йилда туғилиб, ўсиб улғайдим. Қарши педагогика институтида тил ва адабиёт факультетини 1968 йили битиргач, қишлоқ мактабида ишлаш билан биргаликда она қишлоғимнинг тарихини ҳам ўрганишга, уни ўсиб келаётган авлодга етказишга ҳаракат қилдим, дейди Ғози ота Раҳмонов.- Аллоҳга беадад шукр, мен тўғилиб ўсган жой инсоният ривожи тарихининг ажралмас бир бўлагидир. Қишлоқнинг ҳар бир қарич ери ўзида илк неандертал даврдаги ҳаётдан бошлаб, зардуштийлар, сўнгра ислом дини тарихини ҳам ўзида акс эттиради. Қашқадарё воҳасида учта Лангар ота қишлоғи бор. Қамашидаги Катта Лангар, биздаги эски Лангар деб аталади. Номи эса бу ерга шайхларнинг келиши ва лангар ташлаши деган маънони англатади. Биз ўртада жойлашиб, ҳар томонимизда 7 тадан қишлоқ мавжуд. Бу ерда Одамзотнинг кўпайиши, Нуҳдан сўнг янги ҳаёт бошланиши хусусидаги афсоналар бизнинг қишлоқ билан боғлиқ. Ўтган асргача қишлоқда ўша даврнинг олий маълумотини берувчи мадраса бўлган. Унда диний билимлар билан биргаликда дунёвий илмдан ҳам сабоқ берилган. Талабалар бўш пайтлари шахматга ўхшаш “Арши аъло” деган ўйин ўйнашган. Ўйиннинг тахтаси ва қоидалари ёзилган қоғози қишлоқ уйларидан бирида топилди. Унда 30 тагача одам қатнашиши мумкин. Мазмуни ўйинчи Худонинг даргоҳига қай йўл билан чиқиши белгиланади. Ҳар бир катакда одамларнинг гуноҳлари ёзилган. Тошлар ташланганда қайси катакка тушса, унинг гуноҳи аниқланади ва тошдаги сонга қараб илгари сурилади. Йўлда майда илонлар учраб, охирида иккита аждарҳо ўйинчини кутиб туради. Унинг оғзига тушсангиз ютиб юборади ва ўйин яна аждарҳо думидан бошланади. Ўртадаги нарвонларга тўғри келинса, лип этиб юқори поғонага чиқилади. Яъни ҳозирги компьютер ўйинларининг асосида айнан ана шу ўйин ётади.
Мадрасанинг бой кутубхонасини Шўролар даврида йўқ қилиб юборилишидан асраш мақсадида 1930 қатағон йилларида Мулла Абдураҳмон қори ташаббуси билан тунда китобларни қабристонга кўмишган. Аммо ҳануз улар топилмаган. Улуғбек хазинаси бўлмиш китоблар ҳам шу атрофга кўмилган деган таҳминлар бор. Ўтган йили одамлар ўйида сақланиб қолган китобларни асраш мақсадида фарзандларим билан икки хонали уй қуриб, уни Лангар ота қишлоғининг тарихий музейига айлантирдим. Музейимиз аста –секинлик билан бўлсада шу ердан топилган, зардуштийларнинг тобути ҳисобланмиш 2 дона ассуарий, китоблар, қадимги маиший буюмлар билан бойимоқда. Лангар ота четида жойлашган Мунчоқ тепада зардуштийларнинг қабристони бор. Оташпарастлар табиат билан уйғунликда яшаб, одам танаси ерни ифлослантирмаслиги учун аввало мурдани тоғ тепасига олиб чиқишган. Жасаднинг суягини йиртқичлар ва қушлар тозалагач, ассуарийга солиб, уйига қўйган. Айнан шу ерда ўтган йиллари йўл қурилиши бошланганида зардуштийлар қабристони топилган эди. Қишлоқлар тарихини қабристонлар белгилайди. Уларнинг сони 5 та. Қишлоғимизда 20 гектралик энг катта қабристон жойлашган. Қабристонга Китобдан Қамашигача яшаган барча уруғ бошлиқлари алоҳида- алоҳида қўйилган.
Қишлоқ бўйлаб сайр қилар эканмиз унинг асосий ёдгорлиги Лангар ота мақбарисига чиқдик. 16-17 асрда бунёд этилган Лангар ота хонақоси денгиз сатҳидан 700 метр юқорида жойлашган. Ақидаларга кўра, Лангар ота шайхлари этагига кўмилган инсон дўзах ўтидан халос бўлган. Илгарилари бу ерга хаттоки Афғонистондан ҳам одамлар олиб келиб, кўмилган. Бу ердаги қабр тошлар олимлар томонидан ўрганилиб, айни пайти харитаси тузилган. 2014 йилда Катта мақбара таъмирланди ва асл ҳолатига келтирилди. Ҳозир мақбара зиёратгоҳга айлантирилган. Қишлоқнинг этагига энар эканмиз, сой бўйида жойлашган, ёши салкам минг йиллар атрофида бўлган мачит эътиборимизни тортди. Мачит ҳижрий 122 йили, яъни 800 йилларда қурилган. Ҳануз қишлоқликларга хизмат қилиб келаётган мачитнинг устунлари чинор ва арча дарахтидан ясалиб, юқори қисми нақшлар билан безатилган. Мачитнинг шифтида ҳар бири ўз маъносига эга бўлган рангдор нақшлар ўз ёрқинлигини сақлаб қолган.
— Аслида мачит қишлоқнинг тепасига қурилиб, бундан 800 йил илгари мана шу жойга туширилган, дея суҳбатимизни давом эттирди Ғози ота.-Шўролар даврида мачитда дўкон очилиб, сўнг омборхонга айлантирилди. Мустақиллик эса унга ўз моҳиятини қайтарди. Агар эътибор берсангиз, шифтдаги нақшларнинг аксарияти свастика кўринишида, аслида эса бу оташпарастларнинг эътиқодига кўра дунёнинг тўрт томонини англатувчи белгидир. Шифтга нақшлар матога чизиб, ёпиштирилган. Шунинг учун ҳам асрлар давомида устидан сув ўтса ҳам нақшлар ўчмаган. Ҳар бир нақш алоҳида маъно касб этади. Улар инсон ҳаётининг мазмунини ўзида акс этади.
Ғози ота бизга яна бир ажойиб, қадимий ёдгорликни кўрсатди. Сой бўйида жойлашган ҳовли девори ёнидаги катта тошга 40 та катак ўйилган эди. Тош ёнида оёқ қўядиган жой ҳам бор. Ғози отанинг айтишича, бу қадимги қирчовул ўйининг “тахтаси” бўлиб, у зардуштийлар даврида ўйлаб топилган. Бундай ўйинлар асосан тегирмонлар олдида ташкил этилиб, одамлар навбат кутганида қирчовул ўйнаб, вақт ўтказишган.
Қишлоқда табиат ёдгорликлари кўп. Шулардан бири Султон Воис бобо экан минг йиллик чинордир. Ямоқли сой этагида қад ростлаган бу улкан дарахт айтишларича бир марта ёниб кетгач, ўрнида қайтадан чинор ўсиб, бир метрдан сўнг яна бир чинор кўкарган. Ривоятларга кўра, Султон Воис бобонинг волидалари бобонинг ёшлигида қўлига косов бериб, “учоқни ковла” деса, у ерга суқиб худога нола қилгач, косов кўкарган. Қишлоқ четидаги “Хукак”, яъни “Ҳақиқат тоши” номини олган тешик тошнинг тарихи ҳам Султон Воис бобо билан боғлиқ. У юрган йўлида “ху хақ” деб хитоб қилгани боис, унинг ҳар бир сўзи тошларда акс- садо берган. Кейинчалик бу тош “Хукак” деб аталган.
-“Ҳақиқат тоши”дан ҳар ким ҳам ўта олмайди, дейди Ғози ота. –Айтишларича, кимнинг гуноҳи бўлса тош қисиб қолади. Баъзи бир кимсаларнинг тош орасидан ўта олмаганлигининг ўзим гувоҳи бўлдим. Неча асрлар давомида одамлар Ямоқли сойдан тупроқ олиб, сопол идиш ва тобутлар ясашган. Чунки унинг тупроғи ниҳоятда тоза. Ўртадаги оқаётган дарё нинг номи Лангар бўлиб, юртимиз қадимдан Чашмаоб деб аталган. Чунки Жомдан Самарқандгача чашмалар серобдир. Дарёлар ҳам бошини чашмадан олади. Ҳар бир чашманинг суви шифобахш. Ўз номи билан аталган Қўтирбулоқ сувидан ичиб, унда чўмилган одам бир нечта дарддан халос бўлади. Кўриниб турган Хасан ота чўққисида қадимги одамлар макони бўлган ғор бор. Буни ғор деворларига ўйилган суратлардан билса бўлади. Кўриб турганингиздек чўққининг атрофидагина арчалар сақланиб қолган. Айтишларича, илгари арчалар тоғ этагигача ўсган, кейин эса одамлар томонидан уларнинг аёвсиз кесиб ташлаши натижасида тоғ ёнбағрлари ялонғочланиб қолди. Афсус бу ваҳшийлик ҳануз давом этмоқда. Тоғимизда шунингдек тудана, байроқ номини олган дарахтлар ўсади. Аммо улар ҳам жуда ҳам кам қолган. Бу ерда баҳорда очиладиган тоғ лоласи икки ойгача сувда яшнаб туради. Қишлоқни Чақирикалон тизмаси ўраган. Иккала томонидан қуёш бирдай ўтади. Тоғнинг энг баланд жойи денгиз сатҳидан 2200 метр юқори. Бунинг ўзига хос хусусиятлари шундаки, бу ерда доривор ўсимликларнинг 100 дан ортиқ тури ўсади.
Қишлоқнинг шимолий қисмига қараб йўл оламиз. Яланғоч қир бағрлари ўртасида тўдаланган ўлкан тошлар эътиборимизни ўзига тортди. Энг катта тошга ибтидоий одамларнинг ов жараёнларининг суратлари туширилган. Шу боис бу тош маҳаллий аҳоли томонидан Қучқортош деб атала бошланган. Афсус тарихий ёдгорликларимизга беписанд қараган кимсалар томонидан тошга исмларнинг ёзилиши, қурилиш қилиш учун ундан бўлаклар кесиб олиниши оқибатида бебаҳо қийматга эга бўлган суратлар ўчиб кетмоқда.
Лангар ота қишлоғининг ҳали очилмаган сирлари кўп. Унинг тарихи, бетакрор гўзаликка эга бўлган табиатини асраш, тарихий, табиий ва маданий ёдгорликларини давлат муҳофазасига олиш лозим.
Наргис ҚОСИМОВА, журналист
— — —