2 382

ҒАРОЙИБ ЕЧИМ

– Ҳали замон Турсунжон ҳам келиб қолади. Шу, унинг кеч юриш­лари сираям менга ёқмайди-да. Ота бўлиб сал терга­сан­­гиз бўлармиди.

– Қўявер. Эрта–индин уйланадиган йигит. Бундан ташқари ўйнаб юргани йўқ. Ишлаяпти.

– Ҳар куни қоронғу чўккандан кейин келиши одамни таш­виш­лантиради. Негадир шу кунларда кўнглим ғаш. Қўшни На­зо­катнинг келини касалхонада ётганмиш. Кўзи ёригандан бери ўзига келмаётган экан. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да?! Ит­лар­нинг увиллаши ҳам ғалати…

Шафоат ая  ишини тўхтатиб, энди  элас-элас эшитилаётган ит­нинг увиллашига қулоқ тутди.

– Э, кўп валдирайверма. Турган–битганинг ваҳима. Худо умр берган бўлса тузалиб кетади. Ундан кўра намоз ўқишни ўр­ган. Охиратни ҳам ўйлайдиган вақтинг етди. Ёш олтмиш­дан ошгандан кейин одам мундоқ бу дунёнинг ҳисоб-китобини қилиб қўйиши керак. Мен хуфтонни ўқий… Қачон ўзи сенинг ақ­­линг киради?

Шафоат ая чолининг тўнғиллашига эътибор бермай яна ха­­во­тир­ланиб деразага қаради. Тун аллақачон борлиқни ўз оғушига олган бўл­са-да кўп қаватли уйларнинг, кўчаларнинг чи­роқлари гўё уни шаҳар чегарасидан ҳайдаб чиқаришга ури­на­ётгандек туюларди. Шафоат ая  қўли ишда бўлса-да, хаёли ўғлида эди. «Қаёқларда юрган экан-а?. Бу­гун навбатчиликка қо­ламан демовди». Соат тунги иккидан ошдики, Тур­сундан ха­­­бар бўлмади. Соатнинг бир меъёрда чиқиллашидан кўзи илин­­ган Шафоат ая эшик зулфининг шиқирлаши­дан уйғониб кетди.

– Ким у?

– Бу мен… Турсунман.

Шафоат аянинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шоша-пиша ичкаридан қулфга солинган калитни бураб эшикни очар экан, ўғлини кўриб тиззаларидан мадор кетди.

 

***

Капитан Ботир Жиянов иш столи устида ётган судмедэксперт хулосаларини қайта-қайта кўздан кечирар экан, орқама кетин сигарет тутарди. «Қизиқ, Дарханов ўлдирилган бўлса, уйидан то­пилган видолашув хатини нега ёзган? Паталоганатом эса мар­ҳум инфарктдан оламдан ўтган, деган хулоса берган. Са­­­воллар… саволлар. Аммо ҳануз ҳеч қайсисига жавоб топол­ганича йўқ».

– Нима деб ўйлайсан, ҳақиқатдан ҳам Собир Дархонов ин­фарктдан ўлганми,  ўз жонига қасд қилганми ёки уни шунга мажбур этишганмикан?

Жиянов янги сигаретани тутатар экан, бурчакда энцик­ло­пе­­дия титиб ўтирган дўсти Соддиққа бир зум тикилиб турди.

– Менимча, шу Дархонов ўзини ўлдирмаган ҳам, инфаркт­дан ҳам ўлмаган.

– Нега ундай деяпсан.. Ҳамкасбларинг инфаркт деб хулоса беришди-ку.

Жиянов чарчоқдан қисилган кўзларини ишқалаб, керишиб олди.

–Бу ерда бир гап борга ўхшайди, дўстим. Чунки Дархонов ил­­гари ҳеч ҳам юрак хасталигидан шикоят қилмаган. Бунинг ус­­тига инфарктни келтириб чиқарувчи аломатлар ҳам йўқ. Бир­да­нига соппа-соғ юрак қандай қилиб ишдан чиқиши мум­кин. Ма­новини ўқи.

Содиқ Жияновнинг олдига келганида стол устига қўйган қоғозларни суриб қўйди.

Капитан қоғозларни синчиклаб ўқиб чиқар экан, сочларини бармоқлари орасидан ўтказиб, тарай бошлади.

– Ҳа, яна бир бошқотирма!

– Айтгандай, унда марҳум нега хат ёзиб қолдирди экан?

– Қайси хат?

– Дархоновнинг ёнидан топилган хатни айтаяпман. Дархонов На­фиса деган қиздан кечирим сўраб ёзган хати. Ҳаёти чалкаш­лигини айтган-у, аммо яшаш жонига текканлигини айтмаган.

Содиқ китобдан бош кўтармай, кулимсиради.

– Чигал дегани, ҳамма нарса жонга тегди дегани-да. Ўзи ўша Нафисани топдингми?

– Ҳамма гап шунда-да, ҳали йўқ. Дархонов истиқомат қил­ган хонадонни шахсан ўзим обдон текширдим. Ҳужжати йўқ. Ёлғиз ўзи яшаган. Жониворларни яхши кўрганми дейман, тер­ра­риумда оқ сичқон боққан, лекин сичқон йўқ, қочиб кет­ганга ўх­шайди. Уячасида қолган юнгининг қолдиқларидан сичқон­ли­ги аниқланди. Дархоновнинг курткасида, пиджагининг ички чўн­­тагида ҳам сичқоннинг юнглари бор. Менимча, уни доимо ўзи билан олиб юрган.

Жиянов яна бир бор хулосага кўз югуртирди.

– Ўм-м, қонидаги алкоголоидларнинг фоизи 60 дан зиёд. Балки шу нарса ҳам унинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлгандир. Лекин акси бўлса-чи?

– Ўзинг ўйлаб кўр, маст одам қандилнинг илмоғига арқонни боғлаётганида уч-тўрт дақиқагача мувозанатини сақлаб туриши қийин. Бу дегани у ўз ҳаракатларини аниқ назорат қила ол­ма­ган. Ўзини осиб, кейин ўйлаб кўриб арқонни бўшат­магандир. Яна бир далил арқон совунланган. Бу нарса эса анча илгари ба­жарилган.

– Аммо, у ўзини осмаган-ку. Бундан ташқари, ундаги бармоқ излари ҳам марҳумники эмас. Иннанкейин, мурда бошқа хо­на­нинг эшигининг олдида топилгани-чи?

– Уф–ф..

Сигаретанинг кўкимтир тутуни эшик–деразаси ёпиқ хонада осилиб қолди.

Содиқ энциклопедияни четга қўйиб, Жияновнинг столи ёни­га келиб ўтирди. Капитаннинг столи устидаги полиэтилен халтага со­линган китобларнинг муқовасини томоша қилар экан, би­ри­ни олмоқчи бўлди.

– Қачондан бери Маркиз де Садга қизиқиб қолдинг?

– Тегма, улар Дархоновга тегишли. Ётоғидаги каравотидан топилувди.

Содиқ елим халтани жойига қўяр экан, яна қоғозга бор ву­жуди билан шўнғиган Жияновдан сўради.

– Ижарачи билан гаплашдингми?

– Эрталаб Холиқни юборувдим, ҳали замон келиб қолади.

 

***

Холиқ шаҳарнинг чеккасида жойлашган икки қаватли уйн­инг қора чарм билан қопланган, аммо ямалаверганидан ола­чипор бўлиб кетган эшигини тақиллатар экан, бироздан сўнг аёлнинг рус тилида «Ким у?» деган овози эшитилди.

– Мен лейтенант Сафоев, ички ишларданман. Менга На­деж­да Аюповна керак эдилар.

Қулф шиқирлаб, қия очилган эшик ичкаридан илинган зан­жирни таранг тортди. Эшик тирқишидан сочлари оқарган, ёш­ли­гида анча гўзал бўлиб, ҳануз аёллик латофатини йўқот­маган аёл кўринди.

– Сизга нима керак?

Холиқ кўкрак чўнтагидан гувоҳномасини олиб кўрсатар экан, қуруқ оҳангда:

– Надежда Аюповна сизми? – деб сўради.

– Ҳа, менман.

– Ичкарига кирсам майлими?

Аёл эшик занжирини тушириб Холиққа йўл берди.

Уй бир хонадан иборат бўлиб, анчадан бери таъмир­лан­ма­ган, деворга ёпиштирилган гулқоғознинг пастки қисми тарам-тарам бўлиб йиртилган эди. Холиқнинг айнан шу изларга диққат билан тикилганини сезган хонадон соҳибаси уни ўти­ришга таклиф этар экан, «Бу Машканинг иши» деди.

– Ким у, Машка?

Холиқ эски стулга оҳиста чўкиб, ўзининг 95 килограммлик ваз­нини кўтараётганига ишонч ҳосил қилгач, жойлашиброқ ўтирди.

– Бу мушугим. Уйда фақат иккаламиз яшаймиз. Қаҳва ича­сиз­ми?

– Йўқ. Раҳмат. Сизга бир-икки саволим бор эди. Ижара­чин­гиз ҳақида.

– Ўшанда билганимни ёзиб берганман, яна нима керак?

– Сизга Дархоновни ким таништирган?

– Ўзи келди. Уйга ижарага қўйишим ҳақида газетага эълон берган эдим.

– У билан нотариус орқали ижарага қўйиш ҳақида бирор бир шартнома имзолаганмисиз?

– Йўқ, у менга тилхат ёзиб бериб, икки ойлик ижара ҳақини олдиндан тўловди. Паспортининг нусхаси ҳам бор.

– Ўша нусхани менга беролмайсизми?

Холиқ қувончини яшира олмай, ҳовлиқиб сўради.

Надежда Аюповна хонанинг бурчагида турган сервант торт­маларидан бирини очиб, ундаги бир тўда қоғозлар ичидан ан­ча униққан қоғозни олди.

– Мана у. Собир ёмон ижарачи эмасди. Доимо ижара ҳа­қини ўзи олиб келар, бунинг устига уйни озода тутарди.

Холиқ диққат билан паспорт нусхасини кўздан кечирар экан, Дар­хоновнинг Самарқанд вилояти Иштихон туманида рўйхатга олинганлиги диққатини тортди.

– У қачондан бери сизникида турарди?

– Адашмасам, бир йилу тўрт ой бўлди.

– Олдига кўп одам келармиди?

– Қўшнилардан сўраганимда деярли ҳеч кимни кўрмас­лик­­ларини айтишган. Унинг шахсий ҳаёти билан ҳеч қизиқ­ма­­ганман.

– Раҳмат.

***

Шафоат ая ўғлининг бошида ўтирар экан, Турсуннинг ориқ­ла­ган, ташвишлардан қорайган юзига тикилди. Кеча ярим тунда келган ўғлининг мурдадек оқарган, қон қочган юзи-ю, телбасимон қа­­рашини кўриб қўрқиб кетган эди. Орқасидан ит қувиб кел­ган­дек, у оғир ҳан­сирарди. Ювиниб, кийимини алмаш­тирди-ю, овқатини ҳам емасдан хонасига кириб кетди. Мана, кун пе­шинга яқинлашиб қолган бўлса-да, турай демайди. Шафоат  ая ўғлининг эрта оқ оралаган сочларини силар экан, «қачон як­ка-ю ёлғиз дилбандининг тўйини кўриш насиб этар экан-а?» деб ўйларди. Худо тўрт фарзандидан уч нафарини гўдак­ли­гидаёқ олиб кетди. Фақат Турсунжонининг жони омон қолди. Ўғиллари сал йўталса, чол-кампир Аллоҳдан Турсунжонга умр сўрашади. Кўз қорачиғида асраб вояга етказган фарзандлари юзларини ерга қаратмади. Мактабни аъло баҳоларга битирди. Акала­ри­ касалдан вафот этганиданми, шифокорликни танлади. Ёш­лигидан расм чизишга қизиқиб, айнан инсон руҳи­ятини су­рат­ларида акс эттиришга ҳаракат қиларди. Вояга ет­ганидан ке­йин ҳам унинг бу қизиқиши йўқолмади. Мана, 3 йил бўлдики, институтни, ординатурани, сўнг Кореяда игна билан даволаш бўйича курсларни тамомлаб, шунча ўқигани етмагандек яна  одам­нинг асаблари-ю, руҳий ҳолатини уйғун­лигими, фарқими, иш­қилиб шунга яқин бир мавзуда илмий иш ҳам қилмоқда. Асаб­лари толиққан беморлар билан ишлаш осон эмас. Ўзининг ҳам асаблари чарчаган кўринади.

Шафоат ая оналик меҳри билан уйқусида ҳам гоҳ–гоҳ чўчиб тушаётган ўғлига термулди. Ҳар гал қўшнилари Зубайда билан Ойсулув момолар ўғлини алқаб, дуо қилганларида Шафоат ая ўзини бир қоп семиргандай ҳис қилади. Бўлса–бўлмаса ўғлига кўз теккан. Турсунжон сесканиб кўзини очар экан, тепа­си­да хаёл суриб ўтирган онаизорини кўриб, хижолат чеккандек  нигоҳини олиб қочди.

– Вой болам, уйғондингми? Туриб юз-қўлингни ювақол. Ал­­лақачон сен яхши кўрган юпқадан пишириб қўйганман.

– Раҳмат, қорним очгани йўқ.

– Ундай дема, кечадан бери туз тотганинг йўқ. Бунақада касал бўлиб қоласан.

Шафоат аянинг кўзларига ёш қалқиди.

– Э, бўлди қилинг. Бўлар-бўлмасга йиғлайверасизми? Дис­сер­­тациям учун тажриба ўтказаётган эдим. Шунга ишхонада уш­ланиб қолдим.

Турсунжон ўрнидан турди-да, ўзини қувноқ кўрсатишга ҳа­ра­кат қилиб, сўнгги пайтлари ташлаб қўйган югуришини эсла­ган­дек, хонанинг ўртасида жойида туриб бир-икки югурди. Сўнг онасининг юзидан «чўлп» этиб ўпиб, ювиниш хонасига чи­қиб кетди. Ўғлининг каравотини йиғиштирар экан, онаизор  «Ҳа, боласи тушмагур-а» деганича унинг орқаси­дан қараб қол­ди.

***

– Собир Дархонов ҳақиқатдан ҳам Самарқанд вилоятида туғилган. Ота-онаси ёш­лигида ажрашган. Отаси никоҳ бекор қи­лингани билан аввалдан бўлган оиласига қайтган, онаси ҳам бошқа турмуш қургач, уни бувиси ўзи билан олиб қолган. Аммо кўп ўтмай бувиси фалажланиб, уйдан чиқа олмай қола­ди, якка-ю-ягона холаси уларнинг ҳолидан хабар олиб турган. Лекин у ҳам Дархонов 14 ёшлигида турмуш ўртоғи билан Рос­сияга кўчиб кетган. Бувиси қазо қилгач, Дархонов умуман бебош бўлиб кетади. Бу пайти у 16 ёшда эди. Икки марта май­­да ўғирликлар содир этиб, вояга етмаганлар колониясида  қис­қамуддат жазо ўтаган. Афсуски, у ердан ҳақиқий ўғри бўлиб чиққан. Икки-уч ма­ротаба йирик ишда қатнашган. Лекин, негадир, ўз гуруҳидан ажралиб, сўнгги йиллари фақат квартира олди-сотдиси-ю, чет эл валютасининг ноқонуний савдоси билан шуғул­лан­ган. Ҳеч жойда муқим ишламаган ҳам, яшамаган ҳам.

Жиянов тўплаган сўнгги маълумотларини подполковник Шуҳ­рат Ориповнинг столи устига қўяр экан, ҳар гал бошлиғи томонидан бериладиган кутилмаган саволларга жавоб қайтаришга тайёрланди.

– Яхши, демак Дархонов ўз жонига суиқасд қил­маган, балки уни кимдир ўлдирган демоқчисиз, шундайми?

– Қайдам. У ўз хатида ёзиб қолдирган Нафиса исмли қизни қидирапмиз. Лекин унинг ҳаётини назарда тутадиган бўл­сак, бу анча чигал иш.

– Нафиса ҳақида Самарқандга сўровнома жўнатдингизми?

– Ҳа, тез орада унинг жавоби ҳам келиб қолар.

– Сизга рухсат.

Жиянов бошлиғининг олдидан чиқар экан, бир оз ўйланиб тур­ди-да, бир қарорга келгандек, юзи ёришди. Содиққа қўнғироқ қилиши керак.

***

– Нафисани топдим, Ботир ака.

Холиқ хурсандчилигини яшириб ҳам ўтирмади.

Жиянов қўлидаги сигарет кулини кулдонга тўкар экан, юзига урган хурсандчилигини яшириш учун, қошларини чимирди.

– Самарқанддан қачон қайтинг?

– Кеча кечқурун. Ўша аёлни топиб гаплашдим. Унинг эри, фар­зандлари бор. Дархонов билан синфдош бўлишган экан. Ўша пайти Дархонов унга кўнгил қўйиб юрганини эслади. 8–синфни битиргач, у ўғрилик, безорилиги учун «детколонния»га тушганини эшитганидан сўнг олдига яқинлашмай қўювдим, ун­дан қўрқардим, деди. Икки йил олдин ҳам улар учрашишган экан. Дархонов унинг ишхонасига қидириб борибди. «Эринг­дан ажраш, сенга уйланаман», дебди. Нафисага ўйлаб кўришга вақт берган. Аммо аёл уни мутлақо кўришни иста­мас­лигини, оиласи билан бахтли ҳаёт кечираётганини айтибди. Шундан сўнг Дархоновни қайтиб кўрмадим, деди.

– Бори шуми?

– Шу.

– Раҳмат, бугун дамингни олсанг бўлади. Сенга рухсат.

 

***

– Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, Дархонов садомазохист бўлган кў­­ри­нади, – Содиқ Валиев олдида турган катта кружкадаги пивони мириқиб симирар экан, бўшлиққа тикилиб ўтирган дўс­тининг диққатини ниҳоят ўзига қарата олганидан хурсанд бўлди. Пиво ичишга ўзи чақирди-ю, ярим соатдан буён уни кўр­магандек миқ этмай, сигаретини тутатгани тутатган.

– Садомазохист дейсанми? Нега?.

– Ўтган куни столинг устида Маркиз де Саднинг китоби ётув­ди.

– Хўш?

– Негадир шу китоблар сенинг эътиборингдан четда қолди. Дархоновни қўшнилари ҳам, ижарачи кампир ҳам ҳеч қачон аёл киши билан бирга кўрмагани-чи? Бу дегани ёки у аёлларни ёмон кўрган, ёки бунинг бошқа сабаби бор. Маркиз де Сад бу борада унинг «устози» бўлган кўринади.

– Яъни…?

– Яъни, дўстим, Дархоновнинг танасидаги номаълум жони­вор­нинг тиш излари кемирувчига, яъни ўзи билан олиб юрган оқ сичқонга тегишли эканлигига шубҳам йўқ. Буни янги тиш­лан­ган жойидан олинган қон таҳлили ҳам тасдиқлаб турибди. Унда сичқон сўлагининг ферментлари мавжуд. Мана, ўзинг қа­ра.

Содиқ Жияновга бир варақ қоғоз узатди:

– Бу қон таҳлилининг хулосаси. Бир соат олдин олувдим. Ўзим сенга шахсан топшира­ман деб, Нилуфархондан олувдим.

Жиянов  дўстининг айёрона қисилган кўзларига қараб кулиб юборди.

– Ишқилиб, нима қилиб бўлса-да Нилуфархонни бизнинг остонага қўймасангиз?

– Ҳа-а, эркакларнинг ичида унга нима бор. Ёмон кўзлардан асрай дедим-да.

Иккаласи бир зум бир-бирига тикилиб, кулиб юборишди.

Содиқ кружка тагида қолган пивони бир кўтаришда бўша­тиб, олдига ликопчадаги чипсини яқинроқ суриб, қарсиллатиб ея бошлади.

– Хўш, ишга қайтсак. Агар марҳум аёлларни ёмон кўрган бўлса, унда Нафисанинг олдига нега борган?

Жиянов савол назари билан Содиққа тикилди.

– Ёшликдаги муҳаббати. Аёл зоти ичида фақат Нафисагина унинг кўзига маъбуда бўлиб кўринган бўлиши мумкин. Аммо у ҳам уни олдига солиб ҳайдаганидан сўнг бечора нима қилсин.

–….

– Дўстим, яна бир нарса ёдингдан кўтарилди. Дархонов ўли­­мидан бир неча кун олдин даволанган. Унинг сўнгги олган инъекцияси – никотин кислотаси.Қаерда даволан­гани-ю, шифо­корини қидириб кўрсанг яхши бўлармиди?.

Ботир Жиянов дўстига миннатдорчилик билан нигоҳ таш­ла­ди.

***

Жиянов рўпарасида ерга тикилиб ўтирган гувоҳга тикилар экан, унинг ориқ юзи, салқиган қовоқлари, билинар-билинмас тит­раётган бармоқларини кузатарди. Ниҳоят керакли одамни топ­ганига ишонч ҳосил қилди. Сўнгги 5 кун ичида у шаҳардаги бар­­ча касалхоналарда бўлиб, ўнлаб невропатологлар билан гаплашди. Турсун Бурхоновни илк бор учратгандаёқ унга нис­ба­тан гумон уйғонди. Ички ишлардаги кўп йиллик тажри­баси ва инсон руҳиятини яхши билиши бошқалар ичида айбдор одам­­­ни бир қарашдаёқ бехато ажратиб олиш қобилиятини тар­­­биялаган эди. Шифохонада Бурхонов ўзини анча дадил тут­­ган бўлса, унинг кабинетига кириши билан қатъиятлилигини йўқотди.

– Собир Дархоновни анчадан буён танийсизми?

– У менинг беморим. Икки йилдан бери вақти-вақти билан менда даволанади.

– Нега айнан сизда?

– Биринчи маротаба ўнг юзи асаб тизимининг фалажи таш­­­хиси билан шифохонага ётқизилганида игна билан даво­ла­ган эдим.

– Тиббиёт институтини битириб, яна Кореяда ўқигансиз, деб эшитдим.

– Ҳа, машҳур иглорефлексотерапевт Пак Чжэ Ву қўлида таъ­лим олиб, унинг «Су Жок» терапиясини мукаммал ўрган­дим. Дархоновни даволашимда айнан шу усул қўл келди. Бундан ташқари, уни доимо кузатиб туришимга рози бўлди.

– Нега?

– Илмий тадқиқотим учун, шу соҳада диссертация ёзаётган эдим.

– Тадқиқотингиз мавзуси нима?

– Инсон руҳиятининг асаб тизими билан муштараклиги, онг­сизлик муаммоларининг руҳий ҳолатига таъсири.

– Қизиқ, унинг руҳий ҳолати меъёрида эмаслиги, аниқроғи садомазохист эканлигини қандай изоҳлайсиз?

Турсун рўпарасида ўзига тикилиб ўтирган терговчи буни қаердан била қолди экан, дея ҳайрон бўлиб Жияновга тикилди.

– Садомазохист? Сиз буни қаердан биласиз?

– Демак, Дархоновнинг жинсий ҳаётида мутлақо аёллар бўлмаганидан ҳам хабарингиз бор.

– Лекин у бесоқол эмас эди.

– Буни биламан, у ўзининг шаҳвоний ҳисларини бошқа йўл билан қондирган.

Турсун рўпарасида пайғамбар ўтиргандек ранги оқарди.

– Лекин.. лекин сиз буни қаердан биласиз?. У бу ҳақида фа­­қат мен билан гаплашганига имоним комил, чунки бошқа­лар­га айтса уни ғирт жиннига чиқаришарди.

Жиянов мамнун жилмайди. Тахминларининг барчаси ҳа­қи­­қатга айланмоқда эди. Энди фақатгина бир нарса, рўпа­ра­си­да ўтирган одам қотилми ёки мутлақо айбсизми шуни аниқ­лаш қолган эди, холос.

– Шифохонада гаплашганимизда диссертациянгизни деяр­ли якунлаганингиз ҳақида айтган эдингиз. У билан танишсам бўладими?

– Ҳа,  албатта, аммо унга қўлда кўп тузатишлар киритганман.

– Ҳечқиси йўқ, тушунмаган жойимни сиздан сўрарман.

Турсун терговчининг ёнидан ташқарига чиқар экан,  парча-парча булутлар сузиб юрган баҳор осмонини сўнгги маротаба кў­раётгандек, бошини кўтариб кўкка узоқ тикилди.

 

***

Ботир «Жигулиси»ни аллақачон уйқуга кетган шаҳар кўча­ларидан бошқариб борар экан, ёшлигида момосининг айтган гапи ёдига тушди. «Қотил доимо виждони қийналиб, қотиллик содир этган жойига қайтиб келади». У рулни беихтиёр Дар­хо­нов ижарада турган уй томон бурди. Уйнинг подъезди қоп-қоронғу бўлгани учун, чўнтагидан зажи­гал­кани чиқариб бир амал­лаб учинчи қаватга чиқди. Марҳум Дархоновнинг қўш­ни­­лари аллақачон еттинчи тушини кўришаётган бўлса керак, тиқ этган овоз эшитилмасди. Эртага боши балога қолишини бил­са-да, у эшикнинг қулфи устига елимлаб ёпиштирилган муҳрли қоғозни авайлаб ёпиштирилган жойидан кўчирди. Сўнг, чўнтагидан  елим халтачага солинган уйнинг калитини олиб, эшик­ни очди. Уй эгасини сўнгги йўлга кузатишганига бор-йўғи 11 кун бўлганига қарамай,  эшик очилиши билан димоғига хонадоннинг туриб қол­ган, ачимсиқ ҳиди урди. Жиянов беих­тиёр бурнини жийириб, секин йўталиб қўйди. Қоронғи йўлак­дан ичкарига кириб, кўчанинг чироғи хира ёритиб турган хо­нанинг деворини пайпаслаб, тугмачани топиб, чироқни ёқди. Дар­хонов у турган жойда ётган пайти қўшниси эшикнинг қия очиқ­лигига қизиқиб, ичкарига киради. Ерда ётган марҳумни кўриб милицияга, «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилади…

Хона тезкор гуруҳ ходимлари охирги маротаба уни қандай тарк этишган бўлса, шун­дай ҳолатда эди. Бурчакда рангли те­левизорнинг устини қалин чанг қоплаб улгурган. Хонадаги ди­ван, креслолар унга аввалгидай файз эмас, балки қотил­ликни қай тарзда ва ким томонидан амалга оширилганлигини айта олишмаганларидан зорлангандек мунғайиб тургандек. Хо­­надаги барча буюмлар қотилликнинг тилсиз гувоҳлари.. гу­воҳлари… Тилсиз гувоҳлари…

Жиянов мияси айланаётган сўзларнинг маъносини чақмоқчи бўлгандек пешонасини тириштирди. Асабийлашганда, ёки  би­рор нарсани ўйлаганида одат бўлиб қолган ҳаракат билан соч­ларини бармоқлари орасидан ўтказа бошлади. Гувоҳ, ахир бу­лар тилсиз бўлсада гувоҳ-ку. Қотил барибир ўзидан кейин из қолдирган бўлиши керак.

Жиянов синчковлик билан атрофга назар ташлади. Нариги хонага ўтиб, чироғини ёқди-да, атрофга кўз югуртирди. Дераза ёнида каравот, кийим жавони, ойна…

Қайтиб яна асосий хонага чиқди. Бироз тургач, чуқур «уфф» тортиб, орқасига бурилди. Шу пайт оёғига бир нарса ботгандек бўлди. Тугма… эркаклар кўйлагининг тугмаси. Жия­нов энгашиб тугмани қўлига олар экан, унга тикилиб қолди. Сўнг шоша-пиша ётоққа ўтиб, кийим жавонини очди. Жавонда қатор қилиб Дархоновнинг 6 та кўйлаги, иккита костюми, дубленкаси ва чарм пиджаги илиб қўйилганди. Кўйлакларнинг барчаси даз­мол­ланган. Дархонов сариштали бўлган кўринади. Кўйлак туг­ма­ларини текширар экан, уларнинг барчаси жойидалигини кў­риб, кўнгли жойига тушди.

***

– Бу Бурхоновлар хонадоними?

Шафоат ая остонада турган кенг елкали, қора сочлари ор­қа­га таралган, чарм куртка кийган нотаниш эркакни кўриб, ҳай­рон бўлиб унга қаради.

– Ҳа, келинг, ўғлим.

– Мен ички ишлардан Ботир Жияновман.

Жиянов курткасининг ички чўнтагидан гувоҳномани олиб, Шафоат аяга очиб кўрсатди-да, уни ўқиб улгурмасиданоқ ёпиб, яна жойига солиб қўйди.

– Ичкарига кирсам майлими?

– М–майли.

Жиянов Шафоат аянинг орқасидан эргашиб, чоғроққина хо­нага кирди. Хона дид билан безатилган, ўнг деворни қопла­ган стенкада биллур идишлар деразадан тушаётган нурда тов­ланар, стенка ёнида турган «LG» телевизорида қандайдир хорижий фильм кетмоқда эди.

– Яхши ўтирибсизларми, опа, амакимнинг, ўзингизнинг соғлиғингиз яхшими?

– Худога шукр.

Шафоат ая ҳеч нарсани тушунмай Жияновга тикилди.

– Узр, безовта қилганим учун, менга Турсунбек керак эди­лар.

– Аммо у ҳозир ишда, болам. Адаси ҳам уйда йўқ эдилар-а, аксига олиб.

– Агар йўқ демасангиз, сиздан бир илтимосим бор эди.

– Майли, майли.

– Манови тугма Турсунбекнинг кўйлагиники эмасми, ме­ним­ча у ҳали уйланмаган шундайми?

Ўғлингизнинг кийим–кечагига сиз қарайсиз-ку дегандек, Жия­нов Шафоат аяга қаттиқ тикилиб, чўнтагидан елим халта­чага солинган тугмани олди-да, унга узатди.

– Билмадим, – Шафоат ая тугмани олиб у ёқ бу ёғини ай­лантириб кўрди. – Қайдам…

– Ўғлингизнинг кўйлакларини кўрсам бўладими?

Шафоат аянинг ҳайронлиги ошиб бир нима  демоқчи бўлди. Сўнг индамай ўрнидан турди.

– Ҳозир олиб келаман.

– Йўқ, ўзим бориб кўрсам…

Жиянов Шафоат аянинг орқасидан қўшни хонага чиқиб,  хо­­надаги каравотга мос оқ кийим жавони олдида тўхтади. Рух­­сат сўраб ҳам ўтирмай, уни очиб осиб қўйилган кўйлак­лар­­ни бирма-бир синчиклаб кўздан кечирди.

– Ҳаммаси шуми?

– Ҳа.

– Ваннахонада йўқми?

– Э, ҳа биттасини саватга ташлаб қуювдим-а. Тугмаси узилганмиди, чокидан кетганмиди-ей…

Шафоат ая у ер бу ери йиртилган, сўкилган пайпоқ, кўйлак, шим солинган саватни кўтариб келди.

– Мана, тикиб қўяман деб олиб қўювдим, мос тугма топа ол­мовдим. Бозордан бир қарашим керак…

Жиянов кўйлакнинг тугмаларини текширар экан, юраги ҳап­қириб кетди. Унинг кўкрак тугмаси йўқ бўлиб, қўлидаги тугма эса қолганлари билан бир хил эди…

***

Турсун шифохона йўлагида Жиянов билан рўбарў келиб, бир­дан ранги оқарди. Сўнг ўзини тезда қўлга олиб, капитанга қўл чўзди.

– Ассалому-алайкум, ўртоқ капитан. Шифохонамиз сизга ёқ­ди шекилли, тез-тез келадиган бўлиб қолдингиз. Ё бирор жо­йингиз оғрияптими?

Бурхоновнинг дастлабки ҳолати капитаннинг назаридан четда қолмади.

Жиянов у билан қуруққина саломлашди-да, сўнг рўпара­си­да турган Турсунга:

– Сиз билан яна бир бор суҳбатлашсам девдим. Менга 10 дақиқа вақт ажрата олмайсизми?

– Марҳамат, доим хизматингизга тайёрман. Қани, бу ёққа.

Турсун шифокорлар хонасини эшигининг очиб, Жияновни ол­­дин­га ўтказиб юборди, кейин ўзи кириб эшикни ёпди. Ик­каласи бурчакдаги чарм қопланган диванга ўтиришди.

– Фақат вақтим камроқ эди, ҳозир умумий обход бўлиши керак. Бош шифокорнинг ўзлари ўтказадилар, беморларим ол­дида бўлмасам, бўлмайди.

– Мана бу кўйлак сизникими?

Жиянов қўлидаги елим халтадан эркаклар кўйлагини чи­қарди.

– Бу..М–мен.. Йўқ.

Турсун ҳар қанча ўзини қўлга олишга уринмасин, ҳаяжон­ла­наётганини сездириб қўйди.

– Йўқ денг. Лекин буни бир соат олдин онангиз уринган ки­йимларни сақлайдиган саватдан олиб менга бердилар. Дар­хо­новнинг уйида унинг бир тугмасини эсингиздан чиқариб қол­дирибсиз.

Жияновнинг овозидаги кескинлик наштар каби Турсуннинг юрагига санчилиб, муз­латиб юборди. Дархонов би­лан сўнгги учрашуви тезлатилган кино тасмасидаги кадрлар син­гари бир зумда хаёлидан ўтди.

***

– Мани тинч қўйинг. Энди сизга тажриба қуёни бўлишни хоҳ­ламайман.

Турсун Собирга тикилар экан, мийиғида кулиб қўйди.

– Майли, ўзингизни тажриба учун ушланган қуёндек ҳис қи­лаётган бўлсангиз, бу сизнинг ишингиз. Бўлмаса қарзни қай­таринг. Шу пайтгача индаганим йўқ эди. Эртадан бошлаб қарз­нинг фоиз счётчигини қўйиб юбораман.

Собир бир зум нафрат билан Турсунга тикилиб турди-да, ичи­да уни бўралаб сўкди. Аммо жаҳлини сиртига чиқармай, зўрма-зўраки жилмайди.

– Асабийлашишнинг нима кераги бор. Ҳозир молиявий аҳво­лимдан хабарингиз бор. Шефдан анча қарздорман. Топган пу­лим шунга кетаяпти. Сизникини ҳам яқинда қай­та­ра­ман. Фа­қат манга бир оз вақт керак.

Турсуннинг жаҳл билан қимтилган лаблари чўзилиб, юзи бир оз ёришди.

– Хўш, таклифимни қабул қиласизми?

Собир индамай бош силкиди.

– Э, бор экансиз-ку.

– Менга ёрдам берсангиз барча қарзларингиздан кечиб юбо­ришим ҳам мумкин. Фа­қат ишимни тугатсам бас. Энди иш­га келсак, яна бир бор сиртмоқда кечирган ҳола­тин­гиз зарур. Баъзи бир нарсаларни ойдинлаштирмоқчиман.

–…

–Демак… Эртага  кечқурун  соат 21.00 да сизникида кўри­ша­миз.

Турсун совуқ жилмайганича Собирга қўл узатди. У эса ўз нав­батида истар–истамай унинг қўлини сиқиб хайрлашди.

Эртаси куни Турсун Собирнинг ҳолатини кузатар экан, унинг хириллай бошлаганини кў­риб, тезда бўйнидаги сиртмоқни олиб ташлади. Ёнида турган чойнакдан пиёлага со­вуқ чой қу­йиб, Собирга ичирди. Чаккаларини икки қўли билан ишқалаб,  унинг юзига қон югурганини кўриб, енгил тортди.

– Хўш, ёза­миз­­ми?.

Собир  мажолсиз бош ирғади. У ўзининг қилкўприк устидан ўтаётганида ҳис этган таас­суротларини гапириб берар экан, тезроқ Турсундан қутилишни, қайтиб унинг баша­ра­сини кўр­мас­лик учун нима қилишини ўйлар эди. Яна бир марта бўйнини сиртмоққа солишга рози бўлса, уни чиқариб олмас­лиги ҳам мумкин. Бу жиннидан ҳар балони кутса бўлади. Ўзини  доҳий, аллақандай Фрейднинг шогирдиман, дейдими-ей. Шу қарзи бўлмаганида ўзи биларди нима қилишини. Энди яна бўйнини сиртмоққа тиқишга мажбурласа, қарзимдан кечдим, деган тил­хат олади…Ё милисага берворсамикан?. Унда ўзини ҳам жин­ни­га чиқаришади.

Турсун Собирнинг гапларини диктофонга ёзиб олгач, мам­нун ҳолда уни ўчириб, кичик қўл сумкачасига солди.

– Раҳмат. Яна бир ёрдамингиз керак бўлади.

–…

Собирнинг кўзларида қўрқув акс этди.

– Буни кейин айтаман, акоси. Ёрдам бераман дегансиз-а…?

Собир Турсуннинг заҳархандалик билан тиржайиб турган ба­шарасини, «сен ўзинг кимсан, менинг қулимсан», дегандай айёрона кулиб турган кўзларига тикилиб ўзини тўхтата олмади. Турсун даҳанига келиб тушган муштдан ўзини ўнглай олмай, пол­га гур­силлаб йиғилди. Ўрнидан турмоқчи бўлганида елка­си­дан еган тепки уни яна ерга ётқизди.

– Н–нима қилаяпсиз?. Ланъати…

Турсун бўралаб сўкинди, аммо Собирнинг важоҳатини кў­риб бу ердан тирик чиқиб кета олмаслигига кўзи етди. Бор ку­чини тўплаб, ўрнидан турди-да, Собирнинг бўйнига икки қўл­­лаб ёпишди. Орадан бир неча сония ўтмай унинг нозик бар­­моқлари Собирнинг жон томирини пайпаслаб топиб, қаттиқ босди.

Бир зумда латтага ўхшаб шалвираб қолган тана гиламнинг устига йиғилди.

Турсун оёқлари остида чўзилиб ётган ҳушсиз Собирга тики­лар экан, мияси ғувилларди. Агар ўзига келса бир балони бош­лайди. Худо кўрсатмасин, унинг устидан ўтказган таж­ри­ба­ларини милицияга бориб айтса борми, бутун орзулари, ре­жалари чиппакка чиқади, умри қамоқда чирийди. Шу пайтгача уни ёшлигида ташлаб кетган онасини қоралайвериб, аёл зо­ти­дан кўнглини совутганди. Кечаги учрашувида эса қан­дайдир Нафиса ҳақида гапириб қолди. Тезроқ масаласини ҳал қилмаса, ўша Нафисага кўнглини ёриши мумкин. Ана ўшанда ҳаммаси тамом.

Турсун шоша-пиша сумкачасидан доимо олиб юрадиган да­волаш игналарини олиб, оҳисталик билан Собирнинг қо­ши­нинг юқори қисми, кафтининг бош бармоғи асосидаги, юра­­гининг устидаги ўзи бир неча бор жониворларда синаб кўрган нуқталарга игна сан­чиди.

Собир бир зум хиралашган кўзларини очди-да, қўлини чў­зиб устига энгашиб турган Турсуннинг кўйлагидан ушлади, ке­йин … ҳеч нарсага тушунмай уларни мангу юмди.

Наргис ҚОСИМОВА. 2007 йил

— — —

 

Улашинг: