16

Бир этак пахтадан бошланган одамийлик

Инсоннинг кимлигини билиш учун баъзан унинг китобларини ўқиш, илмий унвонларини санаш ёки эгаллаган лавозимларини эслашнинг ўзи кифоя қилмайди. Унинг бошқаларга қандай муносабатда бўлганини, қийин вазиятда қандай қарор қабул қилганини ва ўзгалар тақдирига қай даражада бефарқ бўлмагани уни шахс сифатида таърифлашга имкон беради. Чунки касбий муваффақият инсоннинг нималарга эришганини кўрсатса, одамийлик унинг қандай инсон эканини намоён этади. Ҳалим Аманович Саидов ҳақида ёзганда, мен учун энг аввало унинг илмий даражаси, публицистик фаолияти ёки муҳаррирлик тажрибаси эмас, қарийб қирқ йиллик танишлигимиз давомида хотирамда сақланиб қолган оддий бир воқеа ёдимга тушади.

1987 йил. Тошкент давлат университетининг иккинчи курсида ўқиймиз. Талабалар пахта теримига чиққанмиз. Ўша даврнинг талабалик ҳаётини эслаганда, пахтазорлар, узун эгатлар, оғир меҳнат ва ёшликнинг турли ташвишлари кўз олдимга келади. Бир куни 25 килолик пахтага тўлган этакни кўтариб, эгатда қийналиб кетаётган эдим. Шу пайт ёнимга бир йигит келиб:

— Яхши қиз, ёрдам берайми? — деб сўради.

Этакни кўтаришга ёрдам бергач:

— Вой, бу сал гавдангизга яраша пахта териш керак-да! Қиз боланинг оғир кўтариши яхши эмас. Бу  бизнинг илк танишувимиз эди. Ёрдам берган йигит эса ёши менда  бироз катта бўлсада, аммо 1 курсда ўқияётган, ҳарбий хизматдан сўнг ўқишга кирган Ҳалим Саидов бўлиб чиқди. Ўша пайтда унинг гапларига чуқур маъно юкламаганман. Мен учун асосийси оғир этакни кўтаришда ёрдам олганим эди. Аммо йиллар ўтиб, она бўлгач, ҳаётнинг турли синовларини бошдан кечиргач, экологик муаммолар билан бирга гендер масалаларига ҳам қизиқиб, бу йўналишда фаолият юрита бошлагач, ўша гапнинг асл ммоҳиятини англай бошладим. Бу хотирани бугун гендер тенглиги ҳақидаги назарий қарашлар билан боғлаш мумкин. Албатта, ўша пайтда Ҳалим ака айнан қандай фикрни назарда тутганини билмайман. Бироқ унинг муносабатида мен учун муҳим бир жиҳат бор эди, у қийналаётган қиз болани кўриб унга  ёрдам қўлини чўзди. Гендерга сезгир муносабат ҳам, аввало, инсоннинг эҳтиёжи ва имкониятларини кўра билишдан бошланади. Бу аёлни заиф деб ҳисоблаш ёки унинг ўрнига қарор қабул қилиш эмас, балки унинг саломатлиги, қадр-қиммати ва имкониятларини ҳурмат қилишдир. Ўша куни айтилган бир оғиз гап мен учун йиллар ўтиб ана шу маънони касб этди. Баъзида инсоннинг фазилатлари катта воқеаларда эмас, кундалик ҳаётнинг оддий лаҳзаларида намоён бўлади.

Ҳаётнинг оғир эгатлари

Орадан йиллар ўтди. Мен Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомладим, фан номзоди илмий даражасини ҳимоя қилдим, турмуш қурдим. Аммо ҳаёт режалаштирганимиздек кечмади. Турмушим ўхшамади. Икки нафар ёш фарзандим билан Жиззахдан Тошкентга қайтиб келдим. Олдимда иш топиш, болаларимни боқиш ва яшаш учун шароит яратиш каби бир-бирига чамбарчас боғлиқ муаммолар турарди. Доимий рўйхатда турмаслик ҳам иш ва кундалик ҳаётда жиддий қийинчиликлар туғдирарди. Илмий даражам ва касбий тажрибам бор эди, лекин бунинг ўзи муаммоларимни ҳал қилиш учун етарли бўлмади. Бу ерда шахсий хотирамдан кенгроқ бир масалага тўхталсоқчиман. Ўша пайти   инсоннинг билим ва малакаси билан унинг меҳнат бозоридаги ҳақиқий имкониятлари ўртасида ҳамиша ҳам тўғридан-тўғри боғлиқлик бўлавермаслигини тушуниб етдим. Айниқса, ёлғиз фарзанд тарбиялаётган аёл учун иш топиш масаласи фақат касбий рақобат билан чекланмаслиги, унинг ортида болалар парвариши, турар жой  қарзининг тўлови, кам маош ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш  йўқлиги каби муаммолар ҳам туради. Курсдошим Зебо Ахророванинг тавсияси билан Ўзбекистон Миллий университетининг Фалсафа факультетига ишга кирдим. Талабаларга «Мантиқ» ва «Фалсафа» фанларидан дарс бера бошладим. Бу менинг асосий мутахассислигим эмасди. Шунинг учун параллел равишда контракт асосида иккинчи мутахассислик бўйича ҳам таҳсил олишга қарор қилдим. Бир маош билан контракт тўлаш, ижарадаги уй ҳақини бериш ва икки фарзандни боқиш осон эмасди. Қўшимча ишга эҳтиёж бор эди. Ана шу пайтда тақдир мени яна Ҳалим Саидов билан учраштирди.

У вақтда Ҳалим ака «Маърифат» — «Учитель Узбекистана»  газеталари қўшма таҳририятига раҳбарлик қиларди. Аввалига «Учитель Узбекистана» газетасида ўриндошлик асосида шарҳловчи бўлиб ишлай бошладим. Кейинчалик бу ерда асосий иш жойимда фаолиятимни давом эттирдим. Бу воқеани шунчаки ишга жойлашиш тарихи сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо мен учун унинг аҳамияти кенгроқ эди. Чунки мен нафақат даромад манбаига, балки ўз касбимда ишлаш ва профессионал салоҳиятимни рўёбга чиқариш имкониятига ҳам эга бўлдим. Инсонга ишонч билдиришнинг аҳамияти кўпинча айнан шундай вазиятларда намоён бўлади. Баъзан бир раҳбарнинг қарори ходим учун янги имконият эшигини очади. Агар бу қарор унинг билими ва салоҳиятига таянса, унинг таъсири фақат бир иш ўрни билан чекланмайди: инсон ўз кучига ишона бошлайди, касбий фаоллигини тиклайди ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлайди. Ҳалим ака билан боғлиқ хотирамнинг мен учун қимматли томони ҳам шунда.

Раҳбарлик,  лавозимдан кўра каттароқ масъулият

Таҳририятда ишлаган йилларим давомида Ҳалим Саидовнинг жамоага муносабатини яқиндан кузатдим. У киши ходимларнинг фақат иш натижалари билан чекланиб қолмас, уларнинг шахсий муаммоларидан ҳам хабардор бўлишга ҳаракат қиларди. Имкони бўлса, муаммони ҳал қилишга ёрдам берарди. Бу фазилатни алоҳида таъкидлашимнинг сабаби бор. Чунки раҳбарликни фақат вазифаларни тақсимлаш, ишни назорат қилиш ва натижа талаб этиш билан изоҳлаш бирёқлама ёндашувдир. Жамоани бошқаришда талабчанлик қанчалик муҳим бўлса, инсонни тушуниш ва унинг имкониятларини ривожлантириш ҳам шунчалик аҳамиятли. Албатта, раҳбар ҳар бир ходимнинг барча муаммосини ҳал қилиб бера олмайди. Бунинг имкони ҳам, вазифаси ҳам йўқ. Аммо у ходимнинг муаммосини кўра билиши, унинг салоҳиятини баҳолаши ва мавжуд имкониятлар доирасида қўллаб-қувватлаши мумкин. Ҳалим акадан кўрган раҳбарлик намунам мен учун айнан шу жиҳати билан аҳамиятли.

2006 йилларда Тошкентда доимий рўйхатда турмаслик кўплаб ижтимоий ва маиший муаммоларни келтириб чиқарарди. Шулардан бири болаларни яшаш манзили бўйича мактабга жойлаштириш масаласи эди. Мен ҳам фарзандларимнинг таълими билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келдим. Кейинчалик ўз уйимда доимий рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида ҳам Ҳалим Амановичнинг кўмаги катта  бўлди.

Бундай ҳолатларни фақат шахсий миннатдорлик нуқтаи назаридан эмас, ижтимоий масъулият нуқтаи назаридан ҳам баҳоламоқчиман. Чунки бир оиланинг муаммоси кўпинча жамиятдаги кенгроқ тўсиқлар билан боғлиқ бўлади. Болаларнинг таълим олиши, оиланинг турар жой масаласи, аёлнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши буларнинг барчаси  бир инсон учун оғир юкдир. Раҳбарнинг амалий кўмаги тизимдаги барча тўсиқларни бартараф этолмаслиги мумкин. Лекин у инсоннинг шу тўсиқлар орасида ёлғиз қолиб кетмаслигига ёрдам бера олади. Ҳалим Саидовнинг менинг ҳаётимдаги ўрнини эслаганда, айнан шу жиҳатни муҳим деб биламан.

Ҳалим Саидовнинг ўзбек журналистикаси ривожига қўшган ҳиссаси

Ҳалим Саидов ўзбек журналистикаси, матбуот тарихи ва адабиётшунослик соҳаларида самарали ижод қилиб келаётган олим, публицист, муҳаррир ва устоз сифатида алоҳида ўрин тутади. Унинг илмий ва публицистик фаолияти миллий журналистика тарихини ўрганиш, жадидчилик ҳаракати вакилларининг маърифий меросини тиклаш, матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрнини очиб бериш ҳамда замонавий ахборот жанрларининг тараққиёт қонуниятларини тадқиқ этишга қаратилган. Олимнинг журналистика ривожига қўшган муҳим ҳиссаси миллий матбуот тарихини чуқур ўрганиш ва унинг маърифий-маънавий аҳамиятини ёритиш билан боғлиқ. Ҳалим Саидов ўз мақолаларида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин каби жадид маърифатпарварларининг ижтимоий-сиёсий қарашлари, публицистик фаолияти, театр ва драматургия тараққиётига қўшган ҳиссасини таҳлил қилади. Бу изланишлар орқали у миллий журналистиканинг илдизларини, матбуотнинг жамиятни маърифатли қилиш, миллий ўзликни англаш ва ижтимоий фикрни шакллантиришдаги ролини очиб беради. Унинг 2025 йилда нашр этилган «Туркистон даҳоси» асари Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан яратилган бўлиб, жадидчилик ҳаракатининг моҳияти, Беҳбудийнинг ҳаёти ва кураши, ижтимоий-сиёсий қарашларини англашда муҳим аҳамият касб этади. Асар тарихий шахснинг маърифий меросини замонавий ўқувчига етказиш билан бирга, журналистика ва публицистика тарихини ўрганиш учун ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди. Олимнинг  «Жадидчилик — янгича ҳаракат», «Янги адабиётимизга хайрли ёдгорлик», «Беҳбудийнинг сафдоши» каби мақолаларида миллий уйғониш даври матбуоти, жадид ижодкорларининг маърифатпарварлик ғоялари ва ижтимоий фаолияти ёритилган. Айниқса, Ҳожи Муиннинг ҳаёти ва ижодига бағишланган таҳлиллар жадид журналистикаси ҳамда драматургиясининг ўзаро алоқадорлигини кўрсатиши билан аҳамиятлидир. Бу каби мақолалар ўтмишдаги журналистик тажрибани ўрганиш, унинг бугунги миллий медиа тараққиёти учун аҳамиятини англашга хизмат қилади. Ҳалим Саидовнинг журналистика назарияси ва амалиётига қўшган ҳиссаси унинг илмий тадқиқотларида ҳам намоён бўлади. «Жамиятнинг демократлашуви жараёнида ахборот жанрларининг ривожланиш омиллари» мавзусидаги докторлик (DSc) тадқиқоти ахборот журналистикасининг тараққиёт хусусиятларини, унинг ижтимоий-сиёсий муҳит ва демократик жараёнлар билан боғлиқлигини ўрганишга қаратилган. Мазкур йўналишдаги илмий изланишлар ахборот жанрларининг ўзгариши, журналистик материалларнинг мазмуни ва жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги аҳамиятини назарий жиҳатдан англашга ёрдам беради.

Ҳалим Саидовнинг муҳаррирлик ва устозлик фаолияти ҳам ўзбек журналистикаси ривожида муҳим аҳамиятга эга. 2009 йилда чоп этилган «Қадр» тўплам-рисоласида таниқли мунаққид, муҳаррир ва устоз журналист Маҳмуд Саъдийнинг ижодий тажрибаси ҳамда матбуот тараққиётига қўшган ҳиссаси ёритилган. Ушбу нашр журналистикада таҳрир маҳорати, касбий масъулият, устоз-шогирд анъаналари ва ижодий меросни асраб-авайлаш масалаларига эътибор қаратиши билан аҳамиятлидир.Публицист сифатида Ҳалим Саидов ижтимоий ҳаётдаги долзарб муаммоларни ҳам қаламга олади. «Тежамаганнинг таги танг» каби мақолаларида иқтисодий масалалар, маблағлардан оқилона фойдаланиш ва жамиятда масъулият туйғусини кучайтириш каби мавзуларга эътибор қаратилади. Бундай чиқишлар публицистиканинг нафақат воқеа-ҳодисаларни шарҳлаш, балки жамоатчиликни ўйлашга ундаш, ижтимоий муаммоларга нисбатан фаол муносабатни шакллантириш вазифасини ҳам намоён этади. Бугун Ҳ. Саидовнинг ўзбек журналистикасига қўшган ҳиссасини учта асосий йўналишда баҳолаш мумкин: биринчидан, миллий матбуот тарихи ва жадидчилик меросини тадқиқ этиш, иккинчидан, ахборот жанрлари ривожининг назарий асосларини ўрганиш,  учинчидан, публицистика, муҳаррирлик ва журналистик меросни тарғиб қилиш орқали касбий тажрибани бойитишдир. Унинг илмий ва ижодий ишлари миллий журналистиканинг тарихий илдизларини англаш, бугунги тараққиёт тенденцияларини таҳлил қилиш ва келажак авлод журналистларида касбий тафаккурни шакллантиришга хизмат қилади.  Бироқ мен учун олимлик ва публицистликнинг қадри фақат асарлар ёки илмий натижалар билан белгиланмайди. Зиёлиликнинг яна бир муҳим мезони  инсон ўз билими ва мавқеини бошқалар манфаати учун қай даражада ишлата олишида кўринади. Ҳалим Саидов ҳақидаги шахсий кузатишларим менга бу саволга ҳаётнинг ўзи орқали жавоб топиш имконини берди.

Мен Ҳалим ака ҳақида ёзаётганда уни идеаллаштиришни ёки фақат мақтов сўзларини айтишни мақсад қилганим йўқ. Инсонни англаш учун унинг барча фазилатларини муболаға билан тасвирлаш шарт эмас. Аксинча, аниқ воқеалар, шахсий тажриба ва улардан келиб чиқадиган хулосалар кўпроқ нарсани айтиб беради. Қарийб қирқ йиллик танишлигимиз давомида мен Ҳалим аканинг турли вазиятлардаги муносабатини кузатдим. У киши ҳақида бирор марта салбий гап эшитмаганман, унинг меҳрибонлиги ҳамда одамларга эътиборини қадрлайман.   1987 йилда пахта даласида бошланган танишувимиз кейинчалик ҳаётимнинг қийин паллаларида амалий ёрдам ва ишонч билан давом этди. Бугун мен ҳам журналистика соҳасида ёшларга билим бераман, экологик ва ижтимоий масалалар билан шуғулланаман. Инсон қадри, тенг имкониятлар ва жамият олдидаги масъулият ҳақида гапирганда, шахсий ҳаётимда учратган ана шундай инсонларни эслайман. Ҳалим Аманович Саидов мен учун нафақат олим, публицист ва устоз, балки оғир пайтда  ишонч билдириб,  ҳаётимни ўзгартирган, қийинчиликларни енгишга кўмаклашган инсон ҳамдир.

Инсон ҳаётида баъзан 25 килолик пахтага тўлган этакни кўтаришга ёрдам берган бир қўл, йиллар ўтиб, маънавий жиҳатдан ҳам таянч бўлиб қолади. Чунки инсоннинг ҳақиқий қадри фақат нималарни яратганида эмас, бошқаларнинг ҳаётида нималарни ўзгартиришга муваффақ бўлганида ҳам намоён бўлади.

Олтмиш ёш  эътироф ва эҳтиром палласи

Бугун Ҳалим Аманович Саидов олтмиш ёшни қаршиламоқда. Бу қутлуғ сана  нафақат босиб ўтилган шарафли ҳаёт йўлига назар ташлаш, балки илм-фан, журналистика, маърифат ва инсон қадри йўлида қилинган эзгу ишларга эҳтиром билдириш учун ҳам бир фурсатдир.

Азиз Ҳалим Аманович!

Сизни олтмиш ёшингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман!

Сизга мустаҳкам соғлик, узоқ ва баракали умр, оилавий бахт, хотиржамлик ва қалб қувончини тилайман. Қаламингиздан янги асарлар, илмий изланишларингиздан янги кашфиётлар, педагогик фаолиятингиздан эса эл-юртга наф келтирадиган шогирдлар камол топаверсин. Миллий журналистикамиз ва жадидлар меросини ўрганиш йўлидаги хизматларингиз янада юксалсин!Мен учун Сиз билан боғлиқ хотиралар фақат касбий ҳамкорлик ёки устозга бўлган ҳурмат билан чекланмайди. Улар орасида талабалик йилларидаги оддий, аммо унутилмас бир ёрдам, ҳаётимнинг мушкул паллаларида билдирилган ишонч ва кўмак, йиллар давомида қалбимда мустаҳкамланган миннатдорлик бор. Баъзан инсоннинг буюклиги унинг эгаллаган унвонларида эмас, бошқалар ҳаётида қолдирган эзгу изида намоён бўлади. Сиз ҳақингиздаги хотираларим мен учун айнан шу ҳақиқатнинг ифодасидир. Ҳамиша эл ҳурматида, шогирдлар ардоғида, яқинлар меҳрида бўлинг! Олти ўнлик умрингиз янги ютуқлар, эзгу ташаббуслар ва қувончли кунларга бой бўлишини тилаб қоламан.

Наргис Қосимова, профессор

Улашинг: