Ўзбекистонда 101 гектар майдонда қўлбола ўрмон яратган Александр Федин яна руҳий касаллар шифохонасига жойлаштирилгани ҳақида журналист Фозил Фарҳод ўзининг Facebook саҳифасида хабар берди. Журналистнинг ёзишича, Фединни кўргани бораётган танишлари унинг шифохонадан олиб чиқишларини илтимос қилаётганини, Фозил эсса Фединни охирги марта кўрганида унинг кўзи кўкарганини, лаби йиртилганини айтди. Табиат учун бутун умрини бағишлаган инсон бугун қандай шароитда яшаяпти? Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, жамоатчилик эътиборини тортганидан сўнг, мутасадди ташкилотлар вазиятга аралашди. Федин шифохонадан чиқарилган, ўзи яратган ўрмон ҳудудида унга уй ҳам қуриб берилган. Шунингдек, унга Ўрмон хўжалиги агентлиги тизимида иш берилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Аммо кейинчалик янги муаммолар юзага келди. Журналистнинг маълум қилишича, Фединнинг шогирди Рустам Эдиханов 2025 йилда ов милтиғини йўқотганидан кейин унга ўрмонга кириш тақиқланган. Бу жараёнда таҳдид ва қўпол муомала бўлгани ҳақида ҳам хабар берилган. Шундан сўнг Фединнинг асабийлашиши кучайгани ва хотираси билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган. Беш ой давомида маҳаллий аҳоли вакили Абрахмат Алланазаров кекса инсонга қараб келган. Журналистнинг фикрича, у аслида давлат ва тегишли ташкилотлар зиммасида бўлиши керак бўлган масъулиятни ўз зиммасига олган.
Бироқ Фединнинг қон босими яна кўтарилганидан кейин у қайтадан руҳий касалликлар муассасасига жойлаштирилган. Энг ташвишли жиҳати шундаки, журналистнинг ёзишича, уни кўргани келган танишларидан Федин доимий равишда уни бу ердан олиб кетишларини сўрамоқда.
Александр Федин ҳозир қандай шароитда сақланмоқда? Унинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун ким жавоб беради? Унга кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг сифати қандай назорат қилинмоқда?
Федин 1959 йилда Тожикистонда туғилган, бироқ гўдаклигидан Сурхондарё вилоятида яшаган. 1989 йилда Жарқўрғон туманидаги Оқтепа сув омбори яқинидан унга қаровсиз қолган тўрт гектар ер ажратилган. У шу ерда дарахт экишни бошлаган. Кейинчалик яна 84 гектар ер ажратилган. Йиллар давомида унинг меҳнати билан бу ҳудудда 101 гектарлик яшил майдон ўрмон ва овчилик-балиқчилик хўжалиги шаклланган. 2023 йилда Александр Федин «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони, 2025 йилда эса «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Сурхондарё экология қўмитаси журналист Фозил Фарҳоднинг Александр Федин ҳақидаги чиқишига раддия бериб, унинг саломатлиги назоратда эканини маълум қилди. Аммо бир саволга жавоб берилмади: нега ўнлаб йиллар давомида умрини ўрмон яратишга бағишлаган инсон бугун ўзи хоҳлаган уйида, ўзи барпо этган яшил маконда эмас, руҳий касалликлар шифохонасида ётибди? Агар Фединнинг аҳволи назоратда бўлса, нега у яна ва яна ўз ўрмонига қайтиш истагини билдирмоқда? Унинг бу истаги эшитиляптими? Унга қандай шароит яратилган? Унинг тақдири учун ким масъул? Албатта, инсон саломатлиги билан боғлиқ масалаларга жиддий ва мутахассислар тавсияси асосида ёндашиш керак. Аммо тиббий назорат дегани инсоннинг хоҳиш-истаклари, қадр-қиммати ва инсоний эҳтиёжларини эътиборсиз қолдириш дегани эмас. Нега унинг ўзи яратган ўрмонда яшаши учун шароит яратиш, давлат ҳисобидан ижтимоий ходим ёки қаровчи бириктириш, мунтазам шифокор кўригини ташкил этиш имкониятлари ўрганилмаяпти? Нега уни ўзини бегона ҳис қилмайдиган, меҳрибон ва хайрихоҳ инсонлар қуршовида яшашини таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилмаяпти?
Бугун «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчат экиш, янги яшил ҳудудлар барпо этиш ҳақида гапирамиз. Аммо бир инсон бутун умрини сарфлаб, 101 гектарлик ўрмон яратган. Бу оддий меҳнат эмас, бу авлодларга қолдирилган тирик мерос!

Шундай инсонга кексалик чоғида муносиб шароит яратиш шунчалик қийинми? Табиатни асрашга умрини бағишлаган инсоннинг ўзини асрашга наҳотки имконият топилмаса?
Сурхондарё экология қўмитаси, маҳаллий ҳокимлик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизими масъуллари бу масалага расмий раддия билан чекланмасдан, аниқ амалий ечим таклиф этиши керак. Биз Фединнинг саломатлиги назоратда эканини эмас, унинг кейинги ҳаёти қандай ташкил этилишини билмоқчимиз. У қаерда яшайди? Ким унга ғамхўрлик қилади? Ўзи яратган ўрмонга қайтиши учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Инсонни фақат у яратган ўрмон учун олқишлаш осон. Аммо ўша инсоннинг ўзини асраш, унинг қариликдаги ҳаёти, хавфсизлиги ва қадр-қиммати учун масъулиятни зиммага олиш ҳақиқий инсонийлик мезонидир.
Фединга орден ва мукофотлардан ташқари меҳр, эътибор ва муносиб ҳаёт шароити ҳам керак. Унинг тақдири бефарқлик ортида қолиб кетмаслиги лозим!
Наргис Қосимова
