-Мен ҳеч жойда ўқимаганман. Турмуш ўртоғим Россияда ишлайди. Уч нафар фарзандим бор. Тирикчилигимиз кичкина иссиқхонадан. Сабзавот етиштирамиз. Аммо асосий вақтим етиштираётган сабзавотларга кимёвий ўғит бериш, суғориш, парваришлаш билан ўтарди. Фарзандларимга қарашга вақтим йўқ эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан иссиқхоналарда сабзавотлар етиштириш бўйича курсда ўқигач, уларни кимёвий ўғитларсиз етиштиришни ўргандим. Ҳозир менга ФАО томонидан янги иссиқхона қуриб беришаётир. Энди фарзандларимга кўпроқ вақт ажратаяпман, эримни ҳам Россиядан чақиртирдим. Қишлоқ аёли бўлгани учун ҳаёт шу эканда дердим, аммо энди оилам бирлашаяпти, мен ҳам аёл сифатида катта ишларга қодирлигимни ҳис қилдим, дейди Бахромова Махсудахон, Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги намунали томорқачи, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг бенифицари. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 15 октябрь санасини “Халқаро қишлоқ аёллари куни“ сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланган эди. Мана икки йилдирки мазкур сана Ўзбекистонда кенг нишонланмоқда. Юртимизда байрам олдидан ФАО, USAID, Олий Мажлис Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Оила ва хотин -қизлар давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Аграр аёллар уюшмаси” томонидан 15 октябрь – “Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан “Қишлоқ ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки” мавзусидаги республика форуми ўтказилди.
-Халқаро қишлоқ аёллари куни БМТ томонидан жорий қилиниб, қишлоқда истиқомат қилаётган аелларнинг жамиятдаги ўрнини кўрсатиш, уларнинг муаммоларига эътиборни қаратиш, фаол аёлларни рағбатлантиришдан иборат дейди, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Умаров Шерзод. -Бугунги кунда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан сояда қолиб кетаётган аёлларни юзга чиқаришда хукуматга кўмаклашиш, қишлоқ аёлларининг билим савиясини кўтаришдан иборат. Мисол учун, ФАО, Глобал Экологик Фонд (GEF) молиявий кўмагида «Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширмоқда. Лойиҳа айнан ўрмон хўжаликларида ишловчи ва унинг ҳудудида яшовчи аҳолини қамраб олиб, бир йўналиш сифатида ўрмон ҳўжалиги ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, хусусан хотин-қизларнинг саводхонлигии ошириш, гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, юртимизда қишлоқ аҳолиси – 17,4 млн кишига тенг. Бунда, эркаклар – 8,8 млн киши, аёллар – 8,6 млн кишини ташкил этди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида 41,3 фоиз хотин-қизлар банд бўлиб, юртимизда фаолият кўрсатаётган 80 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг қарийб 6 мингтасига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Аммо бу кўрсаткич Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида йўқ ҳисоб. Атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ хўжаликларда қишлоқ аёллардан асосан мавсумий ишчилар сифатида фойдаланилади. Мазкур соҳаларда раҳбар аёлларнинг кўпайиши бевосита бугунги кунда жуда ҳам долзарб бўлган экологик муаммоларнинг олдини олинишига қўшилган катта ҳисса бўлар эди.
Наргис Қосимова