«Пулинг бўлса, чангалда шўрва”. Комрон бу гапни тез-тез такрорларди. Ўзбекистонда назарида кўп пул топиб бўлмасди, шу сабабли хотинининг қаршилигига қарамай, болаларини қайнонасига ташлаб, Қозоғистонга ишлагани кетишди. Севара охирги марта уйига қўнғироқ қилганида, овози жуда ҳам маҳзун, ўзи тушкун кайфиятдалиги сезилиб турарди. Онаси хавотирланиб, қизидан соғлиғини сўраганди, “Ҳаммаси яхши, куёвингиз билан ишлаб юрибмиз, насибамизни териб”, деб турган қизи ўпкаси тўлиб бирданига йиғлаб юборди.
– Нима бўлди қизим, тинчликми, нега йиғлаяпсан? – Дилором опанинг юраги увишди.
– Онажон, бошқа чидолмайман, илтимос, нима қилиб бўлса ҳам мени бу ердан олиб кетинг. – Севара энди уввос тортиб йиғлай бошлади. – Куёвингиз мени тинимсиз калтаклайди. Сал асаби бузилса, бор аламини мендан олади. Тўйиб кетдим, ҳаммасидан. Энди эса мени сотиб юбормоқчи!
– Нима, нималар деяпсан?.. – Аммо шу ерда алоқа узилиб қолди. Дилором опа ҳарчанд уринмасин, қизи билан қайтиб алоқани тиклай олмади.
Қаттиқ хавотирга тушган онаизор эри билан маслаҳатлашиб, эртаси куниёқ йўлга отланди. Отаси эса “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот Марказининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, қизини қутқаришда ёрдам сўради. Дилором опа Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига етиб келганида кеч тушганди. Қизи куёви билан ижарада яшаб турган уйни топиб боргунича тун яримлади. Қизини соғинган аёл эшикни тақиллатар экан, ичкарида икки кишининг уришаётганини, сўнг қизининг йиғи аралаш чинқирганини эшитиб, эшикни бор кучи билан ура кетди.
Эшик очилганида қизи ерда ғужанак бўлиб, инграб ётарди.
Дилором опа жон ҳолатда қизи томон интилди. Севаранинг қонга беланган юз-кўзини кўриб, куёвига нисбатан нафрати тошди. Эшик олдида уларга қараб турган Комронга ғазаб билан ташланди. Аммо йигит чаққонлик қилиб ўзини четга олди ва стол устида турган пичоқ билан қайнонасининг 12 жойига аёвсиз урди.
Дилором опа фақатгина бахтли тасодиф ва шифокорларнинг саъй-ҳаракати билангина омон қолди. Тергов жараёнида Комрон хотинини мунтазам равишда калтаклашдан ташқари, бир фермерга 500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлгани маълум бўлди.
– Бизга Дилором опанинг турмуш ўртоғидан мурожаат келиб тушгач, Қозоғистондаги ҳамкоримиз «Сана Сезiм» аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳуқуқий маркази билан боғландик, – дейди “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот Маркази директори Нодира Каримова. – Дилором опа ва Севаранинг телефонлари бўлмагани сабабли улар касалхонадан бошқа беморларнинг қўл телефони орқали алоқага чиқиб туришди. Айнан «Сана Сезiм» Марказининг ҳаракати билан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 106-моддаси билан Комронга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Дилором опа бироз ўзига келгач, Марказ ходимлари уни қизи Севара билан Ўзбекистон чегарасигача кузатиб қўйишди. Бу ерда эса уларни шифокорлар билан биргаликда Марказимиз ходимлари кутиб олиб, касалхонага жойлаштиришди. Айни пайтда Дилором опа даволанмоқда, Комронга нисбатан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Севара эса доимо биз билан алоқада.
Наргис Қосимова