797

“ГЕНДЕР ТЕНГЛИК МАСАЛАСИДА ИККИ ТОМОННИ БИРДЕК ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЗАРУР”

Тўхтасинова Дамира Исмаиловнани Фарғонада танимайдиган одам йўқ десак, муболаға эмас. Узоқ йиллардан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси, хусусан, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаётини бағишлаб келаётган Дамира опа Фарғона вилояти “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг раҳбари сифатида минглаб хотин-қизларга ёрдам қўлини чўзган, уларнинг ҳаётга бўлган ишончини тиклаган инсон. Бугун Дамира Тўхтасинова “Зўравонликка йўл йўқ” лойиҳамизнинг меҳмони.

– Дамира Исмаиловна, сиз кўп йиллар давомида аёлларнинг ҳаётий муаммолари билан шуғулланиб келасиз. Нега айнан шу йўлни танлагансиз?

– Тўғри таъкидладингиз, Фарғона вилояти “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбариман. Биринчи мутахассислигим бўйича муҳандис-дизайнер, иккинчиси бўйича сиёсатшунос, учинчиси бўйича иқтисодчиман. Ишлаб чиқариш, давлат органлари, банкда фаолият юритдим. Аммо ич ичимдан инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бўлган иштиёқим кучли эди. Шунинг учун бу соҳага ҳаммасидан кўпроқ меҳр қўйдим. 2007 йилда Марказимизни БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ёрдамида ташкил этдик. Албатта, фаолиятимизда турли хил қийинчиликлар бўлди. Ўша йилларда Ўзбекистонда гендерга асосланган зўравонлик муаммоси инкор этилди ва бу ҳақида сукут сақлаш кенг тус олди…2009 йилда биринчи маротаба Жаҳон Банкидан грант ютиб олиб, ички ишлар органлари мутахассисларини жараёнга жалб қилиш ва унинг олдини олиш алгоритмини ишлаб чиқдик. Фарғона вилоятининг 19 та шаҳар ва туманларида “Зўравонлик нима? Унинг олдини қандай олиш керак?” деган саволга жавоб излаб, ўқитдик.

– Дамира Исмаиловна, Ўзбекистонда сўнгги йиллари гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишига қарамай, соҳада камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар ҳамон мавжуд. Мазкур муаммоларни бартараф этиш  учун яна нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

– 2019 йил 2 сентябрь куни хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида янги “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида жуда катта воқеа бўлди. Биз ҳозир ишимизни ана шу қонунлар асосида олиб бормоқдамиз. Аслида бугун барча давлат ва нодавлат ташкилотлари мазкур қонунлар асосида фаолият юритишлари зарур. Аммо ундай бўлмаяпти. Ҳозир қандай қийинчиликларга дуч келаяпмиз? Афсуски, кўпчилик мутахассислар ҳали ҳам туб муаммоларнинг ичига кира олишгани йўқ, уцлар аксар ҳолларда нотўғри талқин қилинмоқда. Ҳатто айрим раҳбарлар “Гендер нима? Гендер тенглиги нима?” деган тушунчалар нималигини билишмайди. Баъзи бир раҳбар лавозимдаги шахслар бизга “чет элдан олиб келган гендерингизни бизга тушунтиришга ҳаракат қилманг” деб норози оҳангда гапиришди ҳам.

Бизнинг жамоамиз айнан жойларда семинар-тренинглар ўтказиб, гендернинг ҳам исломий, ҳам дунёвий жиҳатлари, унинг жамиятимизда тутган муҳим ўрнини кенг жамоатчиликка, айниқса, хотин-қизларга тушунтириб боришмоқда. Биз ҳозир ҳаммамиз зўравонликка учраган аёллар билан ишлашга бор диқққат-эътиборимизни қаратишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки ҳамма ҳар хил ишлайди. Кимдир аёлга “ўзинг айбдорсан, битта гапдан қолиш керак эди”, дея жабрланувчининг ўзини айбдор қилса, яна бошқаси “биз аёлларни жуда кучли ҳимоя қилиб юборяпмиз, улар орасида фирибгарлар ҳам бор” дейди. Бунинг олдини олиш учун идентификацияни амалиётга киритиш керак. Фақат шундагина биз аёл ростдан ҳам жабр кўрганми ёки йўқми аниқлашимиз мумкин. Чунки ҳақиқий зўравонликка учраган хотин-қизларнинг аксарияти бақир-чақир ҳам қилмайди. Маҳалла, профилактика инспекторининг олдига ҳам югуриб бормайди. Улар руҳий жиҳатдан босимда яшашга ўрганиб қолган. Шунинг учун жим юришади. Уларни ажратишни мутахассисларга ўргатишимиз лозим.

– Зўравонлик, тазйиқ ўтказиш ва таҳдидларнинг туб илдизи аслида нималарда деб биласиз ва нега бу ҳолатлар йилдан йилга кўпаймоқда?

– Ҳозирги кунда республикамизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояси борасида кўплаб ташкилот-муассасалар фаолият олиб бормоқда. Аммо бошқа шахсга жабр кўрсатадиган зўравон билан камдан кам одам ишлаяпти. Жорий йилнинг июль ойида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Баҳодиржон Қаҳҳаров билан ҳамкорликда Наманган вилоятида шу масалани амалга оширишга ҳаракат қилдик. Жабр кўрганлар ва зўравонлик кўрсатаётганларни бир жойга йиғдик. Турли аудиториялар билан ишладик. Ўзим кўпроқ эркаклар билан ишладим. Айни пайтда биз тарбияни биринчи ўринга олиб чиқишимиз зарур. Йигит ва қизлар ҳаётга тайёр эмас. Оиладаги муҳитни қандай қилиб шакллантиришимиз керак? Бир-биримизга қандай муомала қилишимиз лозим? Афсуски, сериалларда кўрган оилавий ҳаёт ҳақиқий ҳаётга кўчмоқда. Мен ўз уйимда фарзандларим, невараларимга сериалларни кўришга тақиқ қўйганман. Чунки сериаллар бизни енгил-елпи ҳаётга ўргатади. Сериалларда данғиллама уйларни кўрсатишади. Ҳамма бой-бадавлат яшайди. Аммо Ўзбекистонда ҳамма ҳам данғиллама уйда, тўқ яшайдими?  Албатта яхши яшашга интилиш зарур. Аммо аксарият ҳолларда қизлар турмушга чиқса ёки йигитлар уйланса орзу қилган одамидаги хислатлари сароб бўлиб чиқиб, ажрашишлар кўпаймоқда. Масалан, Наманганда бир йигит Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаб, интилиб рус тилини ўрганган, Молия институтига кириб, сиртдан ўқиган. Уйга қайтиб келиб ўранган қизга уйланган. Ҳозир ажрим ёқасида. Нега деган саволга жавоб излаб гаплашганимизда, қиз ўрангани билан ҳеч нарсани билмайди, ўқимаган, ҳаттоки ислом қоидаларига ҳам амал қилмайди. Йигит ўзини алданганини ҳис қилаяпти. Яна битта муаммо – ажримларда учинчи шахс аралашуви. Қайноналар ҳозир ёшариб кетган. 40 ёшдан ошган аёллар қайнона бўлишяпти. Баъзилари ўзларининг ёшликдаги муаммоларини фарзандининг оиласига кўчиришга ҳаракат қилишмоқда. “Мен қийналгандим, келин ҳам қийналсин” қабилида.

– Реабилитация марказига аёллар кўпроқ қайси муаммолари билан мурожаат қилишади?

– Ўтган йили Марказимизга 802 нафар аёл мурожаат қилди. Уларнинг кўпчилиги жинсий зўравонликдан жабрланган. Буни очиқ айтишмайди. Уялишади. Аммо психологимиз улар билан ишлаш жараёнида маълум бўладики, жабр-ситамнинг замирида жинсий зўравонлик ётганини кўрамиз. Жамиятимизда жинсий маданият деган тушунча йўқ. Оила қураётган йигит ва қизлар ҳам бундан бехабар. Шунинг учун биз ёшларимизга қандай таълим-тарбия бериш, шу жумладан, уларни тўғри вояга етказиш, жинсий тарбияси, никоҳ ва оила муносабатларида эр-хотин бир-бирини ўзаро ҳурмат қилиши лозимлиги, биргаликдаги ҳаёт давомида турмуш ўртоқлар ўртасида ҳамма нарса ўзаро хоҳиш ва қарор билан бўлиши кераклиги ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, биз қизларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва йигитларни бошқа шахсни ҳурмат қилиш кераклигини ўргатишимиз керак. Шу билан бирга зўравонлик муаммосини икки томонлама кўрсатишимиз лозим. Аёлларни ҳимоя қилган ҳолда, эркакларнинг ҳам ҳуқуқи паймол бўлмаслиги керак. Гендер тенглик масаласида икки томонни бирдек ҳимоясини олиб бориш зарур, деб ҳисоблайман.

Наргис Қосимова суҳбатлашди.

Улашинг: