572

Моҳира АЗИМОВА: “Эркак ва аёл ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қилишимиз зарур”

Самарқанд вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг раҳбари Моҳира Азимова кўп йиллардан буён бевосита хотин-қизлар масалалари билан шуғулланиб келади. Моҳира опа раҳбарлигида фаолият юритаётган марказ ходимлари кўп эмас. Атиги уч нафар- раҳбар, психолог ва иш юритувчи. Аммо ана шу кичик куч билан ҳам Марказ йилига юзлаб хотин-қизлар ҳамда ёрдам сўраб мурожаат қилган эркакларга ҳам ёрдам қўлини чўзмоқда. Суҳбатдошимиз Моҳира Азимова Марказнинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
-Моҳира опа, вилоят Р еабилитациява мослаштириш марказига туманлардаги Марказлар сони қисқартирилгач, мурожаатчилар сони кўпайдими?
-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда 2021 йил 6 октябрдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» 625-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, оилавий зўравонлик муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларнинг долзарблиги, хусусиятлари, сабаб ва оқибатлари, зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Марказнинг йиллик иш режаси ва ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилиши керак бўлган чора-тадбирлар тузилган. Айни пайтда юқорида баён этилган қарор асосида Самарқанд вилояти ҳудудий маркази ва Намунавий Каттақурғон маркази фаолият юритмоқда. Асосан биз 1146 “Ишонч телефони” орқали ва бевосита ўзимизнинг Ишонч телефонларимиз орқали тушаётган мурожаатлар билан ишлаймиз. Марказлар сони қисқартирилгач, мурожаатлар кўпайди дея олмайман, чунки келиб тушаётган барча мурожаатларни ҳамкор ташкилотлар билан ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Масалан, 2021 йилда Марказимизга 351 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 326 нафари аёллар, 18 нафари вояга етмаганлар ва 11 нафари эркаклардир. Гарчи ҳимоя ордери берилаётган аёллар сони ойдан-ой ошаётган бўлса-да, бу зўравонликни яширишни истамаётганлар сони ортаётганидан далолат беради. Мисол учун, ўтган йилда 200 нафардан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган бўлса, олдинги йиллар бу рақам 100 га яқинни ташкил қилганди. Албатта ҳар бир мурожаатчи билан психологимиз Насиба Маматова шуғулланиб, оғир ҳолатларда хотин-қизларни стрессдан чиқариш борасида психологик машғулотлар ўтади, маслаҳатлар беради.
— Фуқаролар асосан қайси масалаларда кўпроқ мурожаат қилишади?
-Кўпроқ оилавий жанжаллар ва уй-жой масаласи юзасидан. Энг қизиғи, арзимаган, уйда эр-хотин, ёки қайнона-келин тинчланиб, ўтириб ҳал қилса бўладиган масалалардир. Аксарият ҳолатда, оила аъзоларида бир бирини тушунмаслик ёки тушинишга ҳаракат қилмаслик, ишончсизлик кучайганини кўриш мумкин. Масалан, Намунавий Каттақурғон Реабилитация ва мослаштириш марказига келган мурожаатни олайлик. Гудаклигидаёқ онаси томонидан ташлаб кетиб, ҳар кимларнинг қарамоғида қолиб кетиб вояга етган Солия (исмлар ўзгартирилган) 16 ёшида она бўлди. У ҳали турмушга чиқмаган қиз эди. Боласини кимларгадир бериб юборишди.У ўз онасини Россия давлатига ишга кетганлигини билар лекин унга ҳеч ким меҳр бермас эди. Ёшгина ҳимоясиз Солия ўз манфаати йўлида ундан фойдаланишни ўйлаганлар орасида кун кечирар эди. Ниҳоят бир куни водийлик бир йигит уни ёқтириб қолади. Уйланиб, ўз юртига олиб кетади. Улар учта қизлик бўлдилар. Эри мунтазам спиртли ичимлик ичган. Кейинчалик у Солиянинг ўтмишини эслатиб, тахқирлай бошлаган. Аёлга нисбатан тайзиқ кундан –кун кучайиб борган.Тинимсиз тайзиқ остида қолган аёл энди ўзини ҳимоя қилиш кераклигини тушуниб етган. Унинг мурожаатига кўра, аёл давлат ҳимоясига олинди ва марказга жойлаштирилди. Фарзандлари мактабга болалар боғчасига, ўзи эса ишга қўйилди. Шу билан биргаликда янги уйга бошланғич тўлови давлат томонидан тўлаб берилди. Солия жорий йилнинг март ойида янги уйга кўчиб ўтади. Ҳозирча у марказда яшаб турибди. Афсуски бундай аччиқ тақдирлар кўп. Уларни ҳал қилиш, аввало олдини олиш учун эса комплекс ишларни амалга ошириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва шу орқали инсонларнинг бир-бирига нисбатан ҳурматини шакллантириш лозим.
-Моҳира опа, ўтган ойда қайси мурожаатлар билан кўпроқ ишладингиз?
-2022 йилнинг январь ойида Марказимизга 22 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг ҳаммаси аёллардир. Шундан жисмоний зўравонлик бўйича 8 та, руҳий зўравонлик бўйича 9 та, иқтисодий зўравонлик бўйича 5 та мурожаат келиб тушган. Кўриб турганингиздек, руҳий зўравонлик бўйича мурожаат бошқаларига нисбатан кўпроқ. Чунки бунга аввало жамиятимиздаги мавжуд стереотиплар, келинга нисбатан иккинчи даражали, фақат хизмат қилувчи шахс сифатида қарашлар ҳам сабаб бўлади.
-Моҳира опа, Марказга зўравонликка учраган эркаклар ҳам мурожаат қилишадими?
-Албатта. Мен ҳамма жойда шунча йилгача хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилдик, энди эркаклар ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишимиз керак, дейман. Чунки бугун 20 тадан ортиқ ташкилотлар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, аммо бирортаси эркаклар ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди. Марказга эркаклар томонидан келиб тушадиган мурожаатларнинг аксарияти хотинлари хиёнат қилган ёки ўта шаллақи, муомала маданиятидан бехабар бўлган аёллардан безган фуқаролардир. Нега биз тарбиясиз, боласини эрига ташлаб кетган аёлларни ҳимоя қилишимиз керак? Бизга мурожаат қилган эркаклар албатта исм-фамилияларини ошкор этмасликни сўрашади. Афсуски, сўнгги пайтлари хорижга ишлагани кетиб, қайтгач, эрига нописандлик билан муомала қилган, хиёнат қилаётган аёллар устидан тушаёган шикоятлар сони кўпайди. Фикримча, биз бундай аёлларни ҳимоя қилмаслигимиз лозим. Зеро, уларга кўрсатилган ҳар қандай ёрдам, тескари бумеранг сингари жамият илдизига болта уради. Гендер тенгликни таъминлаш эса жамиятнинг ҳар бир соҳасида аёллар билан бир қаторда эркаклар ҳуқуқларини ҳам бирдек таъминлаш назарда тутилади.
Наргис Қосимова суҳбатлашди

Улашинг: