456

“…Собирхон бугундан бошлаб ўз уйида, хотини, бола-чақаси билан яшайди…”

Зулайҳо (исмлар ўзгартирилган) водий вилоятининг чекка туманларидан бирида туғилиб, вояга етди. Ҳали ҳаётнинг паст-баландини, оқ-қорасини билишга ҳам улгурмаган қизни ўрта мактабни тугатиши биланоқ турмушга узатиб юборишди. Қиз ҳатто ўқиб маълумот олишга ҳам улгурмади. Омонат қурилган никоҳ узоққа бормади, тез орада ёшлар ажрашишди. Начора, тирикчилик қилиш керак, Зулайҳо Тошкентга ишлагани келди. Чорсудаги аёллар мардикор бозорида наманганлик Собирхон билан танишиб қолди.

Улар тез-тез учрашиб туришди, сўнг ижарада бирга яшай бошлашди. Вақтлар ўтиб, орада икки фарзандли бўлишгач, Наманганга қайтиб кетишди. Аммо Собирхон анчагина ўзгариб қолганди, ҳар куни ҳам уйга қайтавермас, охирги пайтлари асабий ва жиззаки бўлиб қолганди. Зулайҳонинг қачонгача ижарада яшашлари-ю, нега Собирхон уни қайнона-қайнотаси, яқинлари билан таништирмаётгани борасидаги саволларига ўта қўрс жавоб қайтарадиган бўлиб қолди.

Бу ҳолатга эса ўша куни эшикдан кириб келган, кейинроқ маълум бўлишича Собирхоннинг отаси бўлган Фазлиддин ака ойдинлик киритди. Аввалига у ўғли билан бирга яшаётган бегона аёл ва болаларни кўриб, таажжубланди. Болалар набиралари эканлигидан хабар топгач, ўғлини ташқарига чақириб сўроққа тутди.

Сўнгра уйга қайтиб кириб, Фазлиддин ота келинига юзланди:

– Қизим буни уйда хотини, болалари борлигини биласизми?

Зулайҳо қўққисдан берилган саволдан довдираб қолди. Кейин эса секин бош чайқади.

– Гап бундай, Собирхон бугундан бошлаб ўз уйида, хотини, бола-чақаси билан яшайди. Албатта, невараларимни ташлаб қўймайман. Лекин маҳаллада бош кўтара олмай қолдим, гап-сўзлардан. Тинчгина болаларни олиб, Қашқадарёга кетинг.

Бошида уйдаги бироз пул билан тирикчилик қилган Зулайҳо танг аҳволда қолди. Қолаверса , у эрининг узоқ вақт уни алдаб юрганини ҳеч тушунмас ва қабул қила олмас эди. Қайнотаси бу орада икки невараси учун алимент ҳужжатларини расмийлаштирди-ю, уларни буткул унутди. Собирхон ҳам умуман қорасини кўрсатмай қўйди. Ижара пулини тўламагани учун уйдан ҳайдалган Зулайҳо маҳалла фуқаролар йиғини раисининг маслаҳати билан Наманган вилояти аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига борди.

– Айни дамда Зулайҳо фарзандлари билан Марказимизнинг вақтинчалик бошпанасида яшаяпти, – дейди Марказ раҳбари Назира Раҳимжонова. – Ўзи, фарзандларнинг озиқ-овқати ҳомийларимиз томонидан таъмиинлаб турибди. Аммо аёл шаръий никоҳда бўлгани сабабли, бирорта мол-мулкка даъвогарлик қила олмайди. Бунинг устига, фарзандларининг отаси томонидан алимент ҳам бериляпти. Ҳозир унинг ўз юрти Қашқадарёга қайтиш нияти йўқ. Ўз фарзандларининг отаси билан яшамоқчи. Аммо афсуски, унинг шаръий никоҳ билан бирор бир мулкка қонуний эгалик қилишга, нимадир талаб қилишга ҳуқуқи йўқ. Аёлларимиз буни жуда кеч, фарзандли бўлиб, ажрашишгач тушиниб етишади. Айни пайтда муаммо устида ишлаяпмиз. Ҳозирча Зулайҳонинг қайнотаси, эри билан суҳбатлашдик. Аммо қайнотаси уни ўғлининг ёнига қайтиб яқинлаштирмоқчи эмас. Эри ҳам отасининг чизган чизиғидан чиқмаяпти. Жуда мушкул вазият.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасида: “Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас” деб белгилаб қўйилган. Шундай экан, аёлларимиз шаръий никоҳга киришдан аввал келажакларини яхшилаб ўйлашлари, фақатгина қонуний никоҳ асосида оила қуришлари мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, кейинчалик оила барбод бўлса, уларнинг қатор ҳуқуқлари поймол бўлади, уларни ҳатто қонунлар ҳам ҳимоя қила олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг “Никоҳ тузиш тартиби” деб номланган 13-моддаси:

Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.

Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.

Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.

Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи никоҳни рўйхатга олишни рад этганда, шикоят билан бевосита судга ёки бўйсунишига кўра юқори турувчи органга мурожаат қилиниши мумкин.

Наргис Қосимова

Улашинг: