437

“Санжар телефонни зарб билан ерга отиб, онасининг юзига мушт туширди…”

 

“Инсоннинг тақдири ўз қўлида” дейишади. Аммо болалар уйида катта бўлиб, улғайган Зарифа (қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган) тақдирини Сирожиддинга топшириб, бахтли бўлишга интилди. Сирожиддин ўғирлик учун қамалиб чиққан эди. Аммо қиз томондан буни суриштирадиган одам бўлмагани боис, эрининг ўтмиши ҳақида Зарифа учинчи фарзандига ҳомиладор бўлганидагина   билди. Эри мунтазам равишда ичиб келиб, хотинини урар, баъзида ҳафталаб кўчага чиқишига изн бермасди. Миллати чечен бўлган Зарифа чиройли аёл эди. Шу сабабданми, Сирожиддин уни ҳар бир одамдан қизғонарди. Қизғониши эса ўзига хос тарзда бўлиб, аксарият ҳолатда кўчада бехосдан унга эркак зоти қайрилиб қараса, гарданига эрининг қўли мушт бўлиб тушар, уйда эса “нега кўчадаги ўйнашинг билан кўз уриштирдинг?” дея аёвсиз калтакларди.

Боши калтагу ҳақорат, қора меҳнатдан чиқмаган Зарифа тез қариди. 50 кириб, ёшига нисбатан 15 ёш катта кўринадиган бўлиб қолди. Катта қизини чиқариб, ўғлини уйлантирди ҳамки тинчимади. Энди у ўғлидан ҳам калтак ер эди. Албатта, кўпчилик ўз онасига қўл кўтарадиган фарзандни тасаввур қила олмаса керак. Аммо Санжар болалигидан отасининг зуғуми остида яшаган, фақатгина оила аъзоларининг хизматини қилган онасини бошқача тарзда қабул ҳам қила олмас эди. Бунинг устига синглиси Зулайҳонинг ҳам бўйи етиб, оила аъзолари тўй ташвишига тушиб қолишди. Совчиларнинг кети узилмай қолди. Аммо Зулайҳо уларнинг барчасига рад жавобини берарди. Зулайҳо жуда ҳам чиройли эди. Мактабни битиргач,  акаси уни ўзи қоровул бўлиб ишлаётган Хитой-Ўзбекистон қўшма корхонасига техник ходим, хотинини ошпаз сифатида ишга киритиб қўйди. Зулайҳо шу ерда Син Янг исмли хитойлик билан танишди. Севги миллат, тил ва дин танламайди, деб шуни айтсалар керак. Синглисининг хитойлик йигит билан пинҳона учрашиб юрганини билган Санжар синглисини ўласи қилиб калтаклади-ю, аммо уни ошиқ йигит билан учрашишидан қайтара олмади. Зарифа қизи маошига қўшиб, ҳар ҳафта 2-3 миллион сўм ортиқча олиб келаётганининг сабаби хитойлик йигитлигини билгач, Зулайҳони  қўллаб-қувватлай бошлади.

Ўша куни Зарифанинг туғилган куни эди. Ҳеч қачон туғилган кунини нишонламаган Зарифани катта қизи кафега таклиф қилганида, боши осмонга етди. Эри ва ўғлидан Зулайҳо билан кафега боришлари учун рухсат олишгач, она-бола қувончлари ичига сиғмай, кўчага чиқишди.

Уч соатлардан сўнг қайтиб келган она-боланинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Уларни остонада кутиб олган ширакайф Санжар аёлларни кўриши билан дағдаға қила бошлади:

-Қаерда юрибсанлар? Кўчада ҳаммани “суғориб” келаяпсанларми?

-Вой, бу нима деганинг ўғлим? Опанг кафега таклиф қилган эди. Ахир дадангга ҳам, сенга ҳам айтиб кетдикку, қаерга кетаетганимизни?

-Биламан ҳамманг ж… санлар. Сиз кап-катта хотин бўлиб, мановини ўша хитойликка қўшиб келаётгандирсиз-да?!

-Оғзингга қараб гапир, биз кафега бордик деяпман. Мана ишонмасанг расмларни кўр. Зарифа қизининг қўлидан телефонни олиб, ўғлига тутди. Аммо хотин кишининг унга гап қайтарганидан кўзи қонга тўлган Санжар телефонни зарб билан ерга отиб, онасининг юзига мушт туширди. Ерга йиқилган онасини тепа кетди. Онасини ҳимоя қилиб, йиғлаганича акасининг қўлига ёпишган Зулайҳо ҳам калтак еди. Уйдан югуриб чиққан хотини, дадаси Санжарнинг қўлига ёпишиб, аранг уйга судраб олиб киришди. Юз-боши кўкарган Зарифа келини олиб келган сувни ичиб, аранг тўшагига кириб ётди. Туни билан аччиқ қисматидан нолиб, йиғлаб чиқди. Эрта тонгда ўзига келиб, “яна кўчага чиқса, сўйишини” айтиб, ишга кетган ўғли, бир балони бошламасидан, Зулайҳони уйғотганича, туманда яшайдиган жиянининг уйига боришди.

Икки -уч кун ўтгач, қариндош бўлсада, меҳмонлар уй эгаларига ортиқчалик қила бошлашди. Жиянинг хотини уй ишларига қарашиб юрган Зулайҳонинг ҳар бир ишидан айб топа бошлади. Сўнг эса Санжарга қўнғироқ қилиб, онаси ва қизи уларникида эканлигини айтди. Буни эшитиб қолган Зулайҳо акаси уларни излаб келгунича, кетишларини онасидан ўтиниб сўради.

-Аяжон, кетайлик, янгам акамга телефон қилди…

Зарифанинг боши қотди. Энди қаёққа боради. Зулайҳо ҳам катта қиз бўлиб қолди. Унга уйланишга ваъда берган ўша хитойлик йигит билан яшаб кетар, ахир у қизини уйланиб, Хитойга олиб кетишга ваъда берган. Ўзича, токайгача хўрлик ва калтаклар остида яшайди. Келинга кўчага чиқиб, кечки овқатга у бу нарса олиб келишларини айтиб, кўчага чиқишди. Шундагина Зарифа бу кенг дунёда унга жой йўқлигини, барча азоблардан ўлиб қутилиши мумкинлигини ҳис этди. Орқада келаётган қизига, сен дўконга кириб сув олиб чиққин деди. Қизи кетиши билан ўзини катта тезликда келаётган машина остига ташлади.

Аммо ҳайдовчи ўз касбининг устаси эканми ёхуд зарифанинг куни битмаганми, хҳар қалай машина унинг ёнига келиб, аранг тўхтади. Сўкинганича, машинадан тушган катта ёшдаги ҳайдовчи юз-кўзи кўкарган аёлни кўриб, бирдан ҳовуридан тушди.

-Опа нима бўлди? Эсингиз жойидами? Нима жонингиздан тўйдингизми? Ҳеч нарса қилмадими?

-Ҳа тўйдим, яшагим келмаяпти.

Зарифа ҳунграб йиғлаганича, қўлида сув билан югуриб келган қизини қучоқлади.

Ҳайдовчи атрофга тўпланаётган одамларни кўриб, аёлларни машинасига бошлади. Юринг, уйингизга олиб бориб қўяман ёки касалхонага борамизми?

-Йўқ, йўқ уйга бормайман. Илтимос….

-Хўп, хўп ўзи нима бўлди? Жонингиздан тўйган бўлсангиз мени ҳам қамоққа тиқишингизга оз қолдингизку, опа… Қизингизни ўйламадингизми? Майли, мен бир жойни биламан, у ерда сизга ёрдам беришади. Кетдик….

Сўнг сув ичиб, ўзига бироз келган Зарифанинг яна хавотири ошди.

-Акажон милисага бормаймиз…

— У ер милиция эмас, аксинча аёлларга ёрдам берадиган жой…

-Зарифа опа ва қизи олиб келинганида ўта тушкун кайфиятда эди, дейди  Навоий вилояти реабилитация ва мослаштириш маркази раҳбари Наргиза Эрмаматова.- Аёлнин ва қизнинг танаси, юзида кўплаб кўкарган жойлари бор эди. Аввало аёлни тинчланатириб, унга психологик ёрдам кўрсатишга ва воқеага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Маълум бўлишича, Зулайҳо қўшма корхонадаги хитойлик йигит билан яшаб юрар, у қизни доимий равишда пул билан таъминлаб тургани боис, она бунга кўз юмиб келган. Ўртадаги алоқадан хабар топган акаси синглиси ва хитойлик йигит муносабатларига қарши чиққан. Унинг хавотирида ҳам жон бор, биз Санжар, отаси, ўша хитойлик йигит билан гаплашганимизда унинг Хитойда хотини, боласи борлиги маълум бўлди. Аммо Син Янг Зулайҳони севишини, Хитойга қатиб бориб, хотини билан ажрашишини айтди. Биз кейинчалик бола билан Зулайҳо кўчада қолиб кетмаслиги учун, унга бу ердан Зулайҳога уй олиб беришини ва уйланиши шартини қўйдик. Зарифа опа ва қизига ўғли ҳамда эрига нисбатан Ҳимоя ордери олиб бердик. Айни пайтда мазкур оила Ички ишлар ва ўзимнинг назоратимизда. Ҳар икки кунда Зарифа опа ва ўғли билан гаплашаман, ҳар қўнғироқ қилганимда опа ва қизи соғ-саломатлигини айнан видеоқўнғироқ орқали гаплашиб, кузатаман.

Ҳозир Зулайҳо Марказ ташаббуси билан Бандликни таъминлаш бўйича мономарказда сартарошликка ўқимоқда. Келгусида ҳаёт уни четга улоқтирмаслиги учун бирор касб эгаси бўлиш, хитойлик йигит унга уйланиб, юртига олиб кетган тақдирда ҳам ўз ҳуқуқларини яхши тушиниб етиши учун ўқиш зарурлигини Н.Эрмаматова унга бир неча бор тушинтирди. Ўйлаймизки, Зарифа опа ва Зулайҳо, акаси бўлиб ўтган ишлардан тўғри хулоса чиқаришади. Зеро, фақатгина тинч, бир-бирини ҳурмат қилиб яшайдиган оиладагина меҳр, муҳаббат кўртак ёзади.

Наргис Қосимова

Улашинг: