Дилором (исмлар ўзгартирилган) Азиз билан севиб-севилиб турмуш қурди. Бахтига куёв бола ўзига ишонган, уддабурон йигит чиқиб қолди. Вақт ўтиб бирин-кетин икки нафар ширин фарзанд кўришди. Давлат томонидан ёш оилаларга яратиб берилган имтиёзлардан фойдаланиб, туман марказидан кредитга 2 хонали уй ҳам олишди. Дилором икки фарзанди билан андармон бўлиб уйда ўтирар, оиланинг таъминоти эрининг зиммасида эди. Ўз ишлари билан машғул Азиз аксарият вақтини кўчада ўтказар, рўзғорни бут қилиш ҳаракатида елиб-югуриб юрарди. Аммо кейинги пайтларда Дилоромнинг назарида эрининг юриш-туриши ўзгариб қолган, аввалгидек эмасди. Яъни, ўзига ва фарзандларига нисбатан олдинги меҳри, эътибори анчайин сусайиб қолди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ишдан қайтгач, аёлини хўрлаб-ҳақоратлайдиган, камситадиган, кейин эса ҳатто калтаклайдиган одат чиқарди. Натижада Азизнинг ишдан қайтишига фарзандлари ва аёли қўрқувдан юрак ҳовучлаб ўтирадиган бўлишди.
Кунларнинг бирида Азиз ишлаш учун Тошкентга кетишини ва хотинига пул жўнатиб туришини айтиб, чиқиб кетди. Аммо Тошкентга келиши билан ваъдаларини унутди. Азиз Дилоромга бирон мартаям пул жўнатмади. Жувон болалари билан қийналиб қолди. Ота-онасининг ёрдами бўлмаганида, нима қиларди, ўзи ҳам билмайди.
Тез орада турмуш ўртоғи у билан ажрашмай туриб уйлангани (шаръий никоҳ ўқиб), бунинг устига болалари билан яшаб турган уйини сотиб юборганини билиб, аламидан аччиқ йиғлади. Қачонгача ота-онамнинг қўлига қараб ўтираман? Болаларимни қандай қилиб катта қиламан? Қаерда яшайман? –деган фикрлар бошидан кетмас. Ниҳоят, йиғи-сиғидан, қисматидан нолиб ўтиришдан наф йўқлигини англаган жувон эмизикли фарзандини онасига ташлаб, ўз касби бўйича ишга кирди.
Ҳамкасбларидан бири унга Наргиза Эрмаматова раҳбарлик қилаётган Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилишига тавсия берди. Марказ ходимларининг ҳуқуқий, психологик ёрдамлари билан ўзига ишончи ортиб, керакли ёрдам олди. Дилором турмуш ўртоғидан ажрашишга, уй-жойини қайтариб олишга жазм қилди. Суд бўлди, анча кўнгилхираликлардан сўнг суд уйни аёл ва фарзандларига қайтариб бериш тўғрисида қарор чиқариб берди.
Бу орада Азизнинг шаръий никоҳдаги иккинчи аёли уни хотини, фарзандлари борлигини эшитиб, уни ташлаб кетди. Азиз кўчада қолди. У хотини ва фарзандларидан уни қабул қилишларини, энди ҳеч қачон бундай номақбул ишларни қилмаслигини, оиласи, фарзандлари учун яшашини айтиб, кечирим сўради. Дилором уни кечишга қарор қилди. Аммо берган ваъдаларини бажарашини фақат вақт кўрсатади.
Энг асосийси, эди Дилором ҳар қандай қийин вазиятда ҳам ўзи фарзандларини оёққа турғиза олишига ишонишидир. Ушбу ишонч унга энди олға интилишига фақат куч бағишламоқда.
Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефони”:
934373312, 906186602, 1146