Сайёра (исмлар ўзгартирилган) эри Маҳмудни Кореяга ишлаш учун кузатар экан, бундан ҳам хурсанд, ҳам қайғуда, аммо умидлари катта эди. Ахир уч нафар фарзанди вояга етаяпти, бунинг устига қурилиши бошлаб қўйилган участкаларини кўтариш керак, қолаверса, таниш-билишларидан рўзғорнинг сафар-харажатлари учун қарз олишган…
…Маҳмуд Жанубий Кореяда 7 йил ишлади. Афсуски, бу давр ичида уйига деярли пул жўнатмади. Тирикчилик ташвиши Сайёранинг зиммасига тушди, оиласини боқиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди: уйида ўтириб кашта тикди, ширинликлар пиширди. Умуман олганда, у ўқимишли аёл эди – яхшигина касб эгаси, фармацевт. Аммо шу гулдек ҳунарини ҳам йиғиштиришига тўғри келди, болалари ва эрининг қари ота-онасига қараб турадиган одам йўқ эди.
Ниҳоят, эри хориждан қайтиб келганида ич-ичидан севинди. Аммо қандайдир шеригини етаклаб келган Маҳмуд фақат ўйин-кулгига, маишатга берилди. Ҳар куни уйи тўла меҳмон, спиртли ичимликлар дарё бўлиб оқарди, гўё. Орадан бирон ҳафталар ўтгач, бор пулини ўйламай-нетмай атрофида кўпайиб қолган дўстларига сочаётган эрига юрак ютиб, чала ётган учаскага уриниш кераклигини, фарзандларига мактабга уст-бош, ўқув қуроллари зарурлигини айтиб, балога қолди – маст эри тўсатдан юзига шапалоқ тортиб юборди.
– Ҳали сенми, менинг пулимга хўжайинлик қиладиган? Истасам жўраларимга едираман, хоҳласам ахлат челакка ташлайман, билдингми?
Умуман олганда, Маҳмуд тажовузкорга айланиб, 7 йил давомида хорижда ишлаб юриб қийналганларини, ичида йиғилиб қолган бор дард-аламларини ўз оиласидан олганди…
…Ўша куни ҳам Сайёра эри чақирган 10 чоғлик меҳмонларга хизмат қилар экан, Маҳмуднинг “Қаердасан, тезроқ овқатни олиб келмайсанми” деган ғазабнок бақириғини эшитгач, шоша-пиша таомни сузиб, меҳмонхонага шошилди. Овқатни дастурхонга қўйиб, ортига қайтаётганида эри унинг оёғидан чалиб юборди. Сайёра йиқилиб тушди. Хонани анча кайфи ошиб қолган меҳмонларнинг қаҳқаҳаси тутди. Уятдан юзлари ловуллаган Сайёра ташқарига отилди, хўрланганидан йиғлаб қайнотасидан эри билан гаплашиб қўйишини сўради.
…Ишларини қилиб бўлиб, болаларини ухлатаётган Сайёра эрининг шахд билан хонага кириб, “Ҳали сенми, ўз отамни менга қарши қайрайдиган”, дея тўсатдан тепиб юборди. Аёл зарб қаттиқлигидан ўзини ўнглай олмай, ерга йиқилди. Эндигина уйқуга кетган болалари уйғониб кетиб, изиллаб йиғлай бошлашди. Ерда етган хотинини тепкилаётган Маҳмуд, болаларига қараб “ҳамманг жим бўл, овозларингни ўчир!” дея ўшқирди. Кичкина ўғли Муроджон бундан бадтар қўрқиб кетиб, баралла чириллаб додлай бошлади. Мурғак боласининг юзига шапалоқ тортиб юборган Маҳмуднинг қўлига маҳкам ёпишган Сайёра, фарзандларини урмаслигини ёлвориб сўрай бошлади.
Эрининг кўзлари қонга тўлганди – Маҳмуд токчада турган пичоқни олиб, хотинига ўқталди. Буни кўрган кичкина Муроджоннинг қаттиқ қўрқувдан дами ичига тушиб кетиб, ҳиқиллаб қолди. Бақир-чақир, тўс-тўполонни эшитиб югуриб уйга кириб келган Маҳмуднинг онаси ўғлини қарғаганича, кўзлари ғалати олайиб кетаётган неварасини бағрига босиб, ерда йиғлаб ётган келинига “тезда сув олиб келинг”, дея бақирди.
Шу кундан бошлаб Муроджон дудуқланиб қолди – тутилиб гапира бошлади. Сал қаттиқ овозга ҳам чўчиб тушар, унинг олдида кимдир бақирса, додлаб қотиб қоларди. Ўғлининг аҳволини кўриб, мунзам калтаклашлару жанжал-тўполонларан соғлиғи ёмонлашган Сайёра ортиқ бундай яшаб бўлмаслигини англаб, болаларини олиб, ота уйига кетиб қолди. Кейинроқ у Сурхондарё вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилди.
– Сайёра марказимизга келганида жудаям сиқилган, тушкун ва паришон бир аҳволда эди, – дейди Марказ раҳбари Манзура Абдуллаева. – Аёлнинг дардини эшитгач, биз уни дарҳол бошпанамизга жойладик, психологимиз эса Сайёрахон билан анчагина ишлади. Уни тушкун кайфиятдан чиқаришга ҳаракат қилди. Марказ ҳуқуқшуноси эса ажрашиш учун лозим бўладиган ҳужжатларни тайёрлади, шунингдек, аёл ва фарзандларини уй билан таъминлаш учун ҳокимликка хат чиқарди.
Ва ниҳоят, яқинда Сайёра эри билан ажрашди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан унга янги уй ажратилгани эса, қувончли хабар бўлди. Сайёра ишига ҳам қайтди, бугун у дорихонада севган касби билан машғул. Аёл вақти вақти билан Марказга телефон қилиб, қайта қайта миннатдорчилик билдириб туради. Энди нима учун фарзанди ногирон бўлиб қолгунича ҳам эрининг ур-калтаклари остида унга қарам бўлиб яшаганини ўзи ҳам тушуна олмаётганини айтади.
Ҳа, қадрли муштарийлар, биз оиладаги зўравонлик ҳар қандай ҳолатда, ҳар ким билан содир этилиши мумкинлиги ҳақида доим бонг уриб келамиз. Энг муҳими – зўравонлик занжирини синдириб ташлаш учун етарли куч ва ирода топа олишда.
Нима бўлганда ҳам, биз яна бир аёлни зўравонликсиз ҳаётга қайтариб, унда эртанги кунига умид уйғота олганимиздан мамнун ва бахтиёрмиз.
Азиз опа-сингиллар,зўравонликка тоқат қилманг, тажовузларга чидаб яшаманг! Сиз ҳам бу дунёга тинч, осуда, бахтли ҳаёт кечириш учун келганингизни асло унутманг!
Сурхондарё вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг ишонч телефони:
+998 91 5805324
Наргис Қосимова