1 798

11 ОКТЯБРЬ – ХАЛҚАРО ҚИЗЛАР КУНИ

Ҳар йили 11 октябрда бутун дунё бўйлаб қизлар куни кенг нишонланади. Чунки БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь “Халқаро қизлар куни” (International day of the Girl Child) деб эълон қилинган.

БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, шунингдек бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади. Шунингдек, мазкур сана ҳар йили бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида ҳам нишонланиб келинмоқда. Бу муаммоларга мажбурий никоҳ, қизларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишларини таъминлаш ҳамда зўровонлик ҳолатлари киради.

Мазкур санада БМТ ўсмир қизларнинг камситилишини тугатиш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришни рағбатлантириш учун ҳукуматлар, фуқаролик жамиятлари, давлат ва хусусий ташкилотларни бирдамликка чақириб келади. Мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг маълумотларига кўра, дунёда 15–19 ёш оралиғидаги ҳар тўрт нафар қиздан бири ишлаш, ўқиш ва касбий тайёргарлик имкониятига эга эмас.

ЮНИСЕФ тарқатган маълумотларга кўра эса, дунё бўйича 31 млн. нафар мактаб ёшидаги қиз таълим олмайди, 17 млн. нафар қиз эса умуман мактабга боролмайди. Қизларнинг таълим олиши учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, уларнинг аксарияти фуқаролик урушлари, камбағаллик туфайли бунга қийинчилик билан эришмоқда.

Афсуски, қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бутун жаҳонга тарқалган. Статистик маълумотларга қараганда, дунё миқёсида ҳар йили 10 фоиз қиз қўпол муносабат ортидан ҳалок бўлади ва яна шунчаси жисмоний ва жинсий зўравонлик жабрдийдасига айланади. Шу билан бирга, жаҳондаги ҳар уч нафар қиздан биттаси эри ёки шериги томонидан руҳий, жисмоний ёхуд жинсий зўравонликка дуч келади.

Бундан ташқари, бугун аср муаммосига айланган одам савдоси дунё миқёсида кенг қамровли тус олган бир шароитда, ҳар йили ўртача 2 миллион нафарга яқин аёл ўз давлатлари чегараларидан олиб ўтилиб, қулликка сотиб юборилмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи, яъни 1 миллион нафардан ортиғини таассуфки, 15 ёшга тўлмаган қизлар ташкил этади.

Мажбурий никоҳ ҳам бола ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ҳисобланиб, айниқса, қизларнинг таълим олишига жиддий тўсқинлик қилади. ЮНИСЕФ маълумотларида яна келтирилишича, жаҳонда ҳар йили 700 млн. нафар атрофидаги қиз 18 ёшга етмай узатиб юборилади, шулардан 250 млн. нафарга яқини ҳали 15 ёшга ҳам тўлмаган қизларни ташкил этади. Айни вақтда ер юзидаги 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар олтинчи қиз ёки оила қурган, ёки оиласи билан бирга яшайди.

Қолаверса, эрта ҳомиладорлик ёш қизлар соғлиғи учун ниҳоятда хатарлидир. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти маълум қилишича, 15-19 ёш оралиғидаги қизларнинг аксарияти туғиш жараёнида ҳаётдан кўз юмган.

Ўзбекистонда изчил амалга ошириб келинаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қизларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол шахслар сифатида улғайишлари учун барча шарт-шароит, имконият ва имтиёзларни яратиб бериш, уларнинг ҳар бир соҳадаги қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, қизларнинг таълим-тарбия олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари, уларнинг ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масалалари давлатимизнинг доимий юксак эътиборида турибди.

Булардан кўзланган мақсад эса – эркин ва фаровон жамиятни барпо этишда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизларни тарбиялашдир.

Улашинг: