468

“…МАНА ШУ ХОТИН МЕНИ БАХТСИЗ ҚИЛГАН. АГАР МЕНИ СЕВСАНГ, БУНИ БУ ЕРДАН ҲАЙДАВОРГИН…”

Андижон вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилиб келган Муниранинг (исмлар ўзгартирилган) тақдири ҳам, афсуски, жамиятимиздаги юзлаб аёлларники сингари кечган экан. У севиб-севилиб эмас, балки ота-оналарнинг келишувига мувофиқ узоқ қариндошига турмушга чиқди. Никоҳлари давомида қиз фарзанд туғилди. Йиллар ўтиб, уни “ўғил туғмадинг”, деган баҳона билан уйдан ҳайдадилар. Қизлик уйида отасидан ҳеч қандай ёрдам ололмагач, у “яхши ҳаёт” излаб қишлоғидан шаҳарга келди. Шаҳарда ўзини ўтга-чўққа уриб, дуч келган ишни қилиб, фарзандини боқди. Аммо топган пули жуда кам, ўзи ва қизининг қорнини тўйдириш ва ижара пулини беришга учма уч етарди.

Қийналиб кетганидан қизи 16 ёшга тўлганида, уни қўшнисига ташлаб, ўзи Россияга ишлагани кетди. Ҳаш-паш дегунча орадан икки йил ўтди. Аммо Мунира қайтиб келганида, қизи Дилором ўзидан ёши катта, киракашлик қилиб юрадиган қўшниси Комрондан ҳомиладорлигини билиб, ҳушини йўқотаёзди. Комрон уйланганини, бола-чақаси борлигини рўкач қилиб, Дилоромни никоҳига олишдан бош тортди. Орадан икки ой ўтиб, Дилором ўғил кўрди. Асаблар таранглашган, муносабатлари бузилиб, ўзининг бахтсиз бўлиб қолишида Дилором доим онасини айбларди. Уйдаги сурункали можаролару жанжаллар охир-оқибат Муниранинг соғлиғини емирди. Юраги оғриб, қон босими тез-тез ошадиган бўлиб қолди. Энди у қизини ҳеч қанақасига назорат қилолмасди. Дилором эса, бу вақт оралиғида яна бошқа бир эркакдан никоҳсиз қиз фарзанд кўрди. Энди у болаларини онасига ташлаб йўқ бўлиб кетар, она қизини бу йўлдан қандай қайтаришни билмасдан лолу ҳайрон эди.

Бу орада Дилором онасига Туркияга ишлагани кетмоқчилигини айтди. Касалманд Мунира “кетсанг фарзандларингни ҳам олиб кет, чунки уларга қарашга қурбим етмайди”, деди

“Хавотирланманг, озроқ чидасангиз, Туркиядан иш топиб, сизга пул жўнатаман” – дея, Дилором болаларига онасини васий этиб расмийлаштириб, Туркияга кетиб юборди. Аммо у ҳатто фарзандлари учун ҳам умуман пул юбормади.

Мунира Дилоромдан хабар кута-кута тоқати-тоқ бўлди. Бу орада икки маротаба юраги хуруж қилиб, шифохонада ётиб ҳам чиқди. Сўнг Дилоромнинг хориждаги манзилини амаллаб суриштириб топиб, 13 ҳамда 10 ёшли невараларини қарз-ҳавола билан қизининг ёнига, Туркияга олиб борди.

Дилором Туркияда бир эркакка турмушга чиққан, ундан ҳаттоки 5 ойлик қизи ҳам бор эди. Онасини фарзандлари билан кўриб, уларни остонадан ҳайдади:

— Булар менга керак эмас. Оталарига олиб бориб беринг. Уларни эрим қабул қилмайди.

Дилором эшикни ёпмоқчи бўлганида, Мунира жон ҳолатда тутқичга ёпишди. Бақир-чақирга уйдан чиқиб келган Дилоромнинг эри нима гаплигини сўради. Дилором унга нима деб жавоб берганини Мунира ўла ўлгунича унутолмаса керак:

— Мана шу хотин мени бахтсиз қилган. Агарда мени севсанг, буни бу ердан ҳайдаб юборгин! — деди қизи. Бундай муносабатдан шошиб қолган Мунира невараларини қизининг уйига киритмоқчи бўлганида, Дилором “уйимга босқинчилар ҳужум қиляпти” дея, полиция чақиртирди. Чорасиз қолган Мунира болаларни етаклаб зўрға кўчага қочиб чиқди…

Бегона шаҳар, бегона одамлар. Нима қилишини, қаерга боришини билмас, бунинг устига икки невараси тенгдан ўксиб йиғлашарди. Шу тариқа талмовсираб турганида, рўпарасидан келаётган йигит уларни тўхтатди. Ўзбек экан. Муниранинг аҳволини билгач, ўзи яшаб турган хонадонга олиб бориб, уларнинг қорнини тўйғазди. Икки-уч кунда бошқа юртдошлари билан боғланиб, Мунирани неваралари билан Ўзбекистонга қайтиши учун чипта олиб беришга ёрдамлашди.

Андижонда невараларини боқа олмаслигига кўзи етган Мунира уларни Меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлди. Аммо болалар ҳар икки кунда бувисини излаб қочиб келишарди. Нима қилишни билмай боши қотган Мунира охири Андижон вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Холида Мирзараҳимова раҳбарлик қилаётган Марказ психологи Мунирага руҳий ёрдам кўрсатиб, уни стресс ҳолатидан чиқаришга ҳаракат қилди. Ҳуқуқшунос эса, шу пайтгача ижарама-ижара юрган Мунирага уй олиб бериш учун ҳокимликка субсидия ажратишни сўраб хат чиқарди.

Мунира айни дамда анча ўзига келиб қолган. Ҳозирда пенсияга чиқиш учун ҳужжатларини тўпламоқда.

Таассуфки, юртимизда Мунира каби бир умр бахтсиз аёлларнинг сони оз эмас. Бунга ким айбдор? Муниранинг аччиқ ўтмишини эшитганлар “тақдир эканда”, деб қўя қолишади. Аммо бу тақдирнинг асосий сабабчиси аёлни болалигиданоқ қўллаб-қувватламаслик, вояга етгач, тезроқ ундан қутилиш йўлини қидириш эмасми? Менталитетимизга сингиб кетган бу зарарли стеротипни парчалаб ташлаш вақти келмадими?

Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?

Андижон вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефони”:

(90) 383-0330.

Наргис Қосимова

Улашинг: