451

«…Моҳиранинг ойиси қизини уйига олиб кетди, аммо қудалари “неваралар бизники” дея, фарзандларини беришмади…”

Тошкент вилоятида зўравонлик қурбони бўлган аёлларга  ижтимоий-психологик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган “Ниҳол” ННТнинг “Ишонч телефони”га қўнғироқ  қилган эркак,  овозидан жуда ҳам асабийлашаётган эди.

-Опажон ёрдам беринглар. Қизим Моҳира (исмлар ўзгартирилган) 22 ёшда, турмушга чиққанига 3,5  йил бўлди. Куёвимиз Хусан қизимни аёвсиз уради. Бориб эркакчасига гаплашиб,  ақлини киргизиб қўйган вақтим ҳам бўлди. Аммо у  “нега отангга айтасан?” деб қизимни баттар калтаклаган. Кеча яна урибди….  Қизимнинг иккита фарзанди бор. Бири 10 ойлик, иккинчиси 2,5 ёшда..  Уришдан ташқари сал  бирор айб иш қилса кўчага чиқармай, уйга қамаб, эшикни қулфлаб қўяди. Маҳаллага ҳам чиқдик, аммо фойдаси бўлмаяпти. Ҳозир қизим бизникида.

— Қизингиз билан Марказимизга кела оласизми, гаплашардик?

Марказда Моҳиранинг отаси қизининг хаёти ҳақида гап давом этди. Моҳиранинг турмушга чиққач, айби келин бўлиб тушган уйида хизматини идеал равишда амалга оширмаганлигида эмиш. Буни бот-бот қайнонаси ҳар бир унинг ишидан айб топиб, эслатар, кечқурун ўғли ишдан келгач, биринчи гапи Моҳирани ёмонлашдан бошланарди.

Хусан ҳам Моҳирадан нима бўлганини сўраб ҳам ўтирмасдан, унга қўл кўтарар экан. Оилада илк фарзанд туғилганида ҳам аҳвол ўзгармади. Моҳирага эса янада қийин бўлди. Ёш бола парвариши, уй юмушлари,  қайнона-қайнота, эр ва бошқа оила аъзоларининг кўнглига қараш. Сал мазаси бўлмаса эса, қайнонаси дарҳол уни даволаниши учун ота-онасиникига жўнатворарди.

Иккинчи фарзандига ҳомиладорлик чоғида  бехосдан битта косани синдириб қўйганлиги учун дод-вой қилган, ўғлига “уйда хотининг бирорта идиш -товоқ қолдирмай, синдириб битирди” дея арз қилган  қайнона келини икки ойгача остона хатлаб, кўчага чиқармасликка эришди. Бу Моҳира учун ўйлаб топилган жазо эди. Моҳира на телефондан фойдалана олар, ҳаммадан кейин овқат ер,  телевизор кўрмас,  барча ишларни қилмагунича ухлашга ҳаққи йўқ эди.

Сўнгги пайтлар  ўз жонига қасд қилиш фикригача борган Моҳирадан дом -дарак бўлмагани учун хавотирланиб, уни кўргани келган онаси,  яна калтак еб, юз-кўзи кўкарган қизининг аҳволини кўриб, даҳшатга тушди. Қудаларининг  “бехосдан йиқилиб тушибди”, қизининг эса “юзимни эшикка урвордим” деб, қорачиғида ёш айланганини кўриб, ички ишларга мурожаат қилди. Профилактика инспектори билан юзлашган Хусан барча гапларнинг туҳматлигини айтиб, “профилактик суҳбатдан ўтганлиги” тўғрисидаги баённомага имзо чеккач, “ҳали сенми мени маҳалла олдида шарманда қиладиган” деб хотинини аёвсиз урди. Уйдаги бақир-чақирни эшитган қўшнилари, инспекторга хабар беришди. Келинга  эрига нисбатан “Ҳимоя ордер”и берилди. Аммо Моҳиранинг кўргуликлари  бу билан тугамади. Аёл бу сафар эри дарҳол чақиргани учун ошхонадан келмагани сабабли  калтакланганидан кейин,  Моҳиранинг онаси қизини уйига олиб кетди. Аммо қудалари “неваралар бизники” деб, фарзандларини беришмади. Айни пайтда Моҳира доимий равишда хўрланган хонадонига қайтиб бориш нияти йўқ. У фақатгина фарзандлари ўзининг ёнида бўлишини истамоқда.

“Ниҳол” ННТнинг ҳуқуқшуноси Муҳаббат Мирзаева  Моҳиранинг ота-онасига Фуқарлик судига мурожаат қилишни маслаҳат бериб, даво аризасини тайёрлашда  ёрдам берди. Ҳозирда эса, мазкур иш судда кўрилиш арафасида. Ҳуқуқшуноснинг саъй-ҳаракати билан мазкур иш туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.

Кейинги воқеалар қандай ривожланиши ҳозирча биз учун қоронғу, бироқ, умид қиламизки, Моҳирага ёрдам беришади ва у яна фарзандлари билан бирга бўлади, фақат зўравонликсиз.

Қадрли муштарийлар, биз тез орада бу иш билан боғлиқ янгиликларни сизлар билан ўртоқлашамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, сизларни воқеалар босқичида ушлаб туришга ҳаракат қиламиз.

«NIHOL» ташаббусларни қўллабқуватлаш ва ривожлантириш марказининг “Ишонч телефони:

 +99870 762 41 63

Наргис Қосимова

 

Улашинг: