592

ҲАЁТНИНГ РАНГИН МАНЗАРАЛАРИ

Музаффарнинг дастлабки адабий машқларини ўқиганимга ҳам йигирма йилдан ошибди. Ўшандаёқ ҳаваскор қаламкашнинг ҳаётга теран нигоҳ билан қараши, воқеа-ҳодисалардан тегишли хулосалар чиқара билиш салоҳияти, энг муҳими эса – ўқувчига айтадиган залворли, аксар ҳолларда изтиробли кўнгил гаплари борлиги эътиборимни тортганди.
Ниҳоят Музаффар журъат этиб, ҳикоялар тўпламини чоп этишга қарор қилибди. Тўпламда жамланган асарларни ўқиш асносида яна бир бор муаллифнинг ўзига талабчанлик, ўқувчига эса ҳурмат билан ёндашганлигига иқрор бўлдим.
Дейлик, абадий ҳақиқат – ёвузликни ёвузлик билан енгиб бўлмаслиги ақидасининг яна бир бадиий асарда, демакким ҳаётда ўз исботини топишига «Ёнаётган тирик ҳайкаллар” ҳикоясида шоҳид бўламиз. Порахўр, бузуқ, зўравон миршаббоши Келвин Эрик айнан ўзига қарши курашаётган йигитларнинг виждонли, эътиқодли эканлиги туфайлигина тириқ қолди ва яна ўзининг разил юмушларини бемалол давом эттириш имконияга эга бўлди. Бироқ бу кимса энди ўқувчининг нафратига учради, яъни ҳикоя билан танишган китобхон қалбида яна бир бор адолатсизликка нисбатан исён уйғонди. Демак, икки ёш йигит бежиз қурбонликка берилмади. Назаримда, ҳикоя мана шуни жиҳатлари билан ҳам қимматли.
«Котибанинг кирдикорлари”, «Кўзбойлоғич” ҳикоялари табассум аралаш дард билан ўқилади. Муаллиф бу асарларида шафқатсиз воқеликни, афсуски, одамийликдан, муҳаббатдан кўра пулни, ишончдан кўра эҳтиёткорликни афзал кўрадиган айрим замондошларимиз образларини маҳорат билан чизиб беради. Асосийси, Музаффар ўзининг баъзи қаҳрамонларига элбурутдан қора бўёқ чапламайди, уларнинг асл қиёфаларини зиддиятлар талошида очиб бера олади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда «Жонкуяр холанинг меҳрибони”, «Мардикор”, «Гирдобдаги гул” ҳикояларида қаламга олинган ҳаётий манзаралар, уларнинг турфа феъл-атворга эга қаҳрамонлари ўқувчини ўйга толдиради, атрофга ҳушёрроқ қарашга, одамлар дард-қувончини юракдан ҳис этишга ундайди.
Умуман олганда, Музаффар Муҳаммадназарнинг мазкур тўплами зукко ўқувчиларимизнинг эътибори, меҳри ва ишончини қозонади, дея умид билдириб қоламан.

Абдуқаюм Йўлдошев – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб, драматург ва таржимон.

Улашинг: