495

“Охирги пайтлари онасини тез-тез жаҳлини чиқарадиган Хурсаной кўзига бало кўриниб,  ҳали йиғиштирилмаган дастурхондаги чойнакни олдида, зарб  билан Хурсанойнинг бошига урди…”

    Хурсаной(исмлар ўзгартирилган) севиб турмуш қурган эди. Наздида бу дунёда унданда бахтли инсон йўқ эди. Оиласи тинч. Турмуш ўртоғи  Шавкат меҳрибон эди.  Дугоналари, қўшнилар янги оилага ҳавас билан боқишарди.  Биринчи фарзанди дунёга келгунига қадар оилада деярли низолар бўлмади. Аммо бола дунёга келгач,  харажатлар ортиб,  эрининг мутлақо ҳеч жойда ишламаслиги билина бошланди. Ҳаттоки қайнотаси, қайнонаси ҳам ҳар гал чақалоқ учун келинлари зарур буюмларга пул сўраганида оғрина бошлашди. Мазкур пул сўровлари Хурсанойнинг инжиқликлари сифатида қабул қилинар, ўғилларининг ҳеч жойда ишламай, уззу- кун ўзига ўхшаган такасалтанглар билан кўчадаги ариқ  бўйида валақлашиб ўтириши уларнинг кўзига кўринмасди.

Оилада Хурсаной ҳаётини янада мураккаблаштирадиган бир инсон бор эди. У ҳам бўлса қайинопаси Гулсанам. Гулсанам кичиклигидан руҳий касал бўлиб, агарда бирор нарса ёхуд бирор инсон унга ёқмаса, дабдурустдан уни уриб кетиши, ҳақоратлаши, ёқмаган буюмни синдириб ташлаши мумкин эди.

Бу сафар ҳам кўкрак сути етмаганидан икки ойлик боласини қўшимча сунъий озиқлантириш билан боқишга мажбур бўлаётган Хурсаной юрак ютиб,  нонуштадан сўнг қайнотаси ишга кетгач, қайнонасидан пул сўради:

-Ойижон, неварангизнинг “каша”си қолмаганди. Кашани олишга озроқ пул керак эди.

Пиёлани дастурхонга дуқ этиб қўйган Розия холанинг важоҳати ўзгарди.

-Нима бало сиз болага кашани почкалаб берасизми? Ўтган куни олувдик-ку.

-Тугаб қолди….

-Товба, ман болларимни каша-пашасиз боққанман. Ана ҳаммаси ойдай катта бўлди. Нима ман сизга пул ясайдиган заводим борми? Озгина пенсиямни қайсига етказай?  Болангизга каша керакми? Ишланг! Манам Шавкатжон чақалоқлигида ишга чиққанман. Бола боқиш осон эмас.

-Аммо..

— Мана, охирги марта бераяпман…

Розия хола овозини баландлатиб,  нимчасининг ички чўнтагига қул суқди.

Онасининг жаҳли чиқаётгани  ва бунга сабабчи уйларида бир  йилдан буён яшаётган укасининг хотини эканлигини сезган Гулсанамнинг бирданига касали қўзғади.  Охирги пайтлари онасини тез-тез жаҳлини чиқарадиган Хурсаной кўзига бало кўриниб,  ҳали йиғиштирилмаган дастурхондаги чойнакни олдида, зарб  билан Хурсанойнинг бошига урди. Жувон “оҳ” деганича ёрилган бошини ушлаб, ерга йиқилди. Қонни кўриб шайтонлаган Гулсанам, ерда ётган  келинига яна ҳамла қилмоқчи бўлганида Шавкат опасини              қўлини  ушлаб қолиб, уйга судраб олиб кирдида, қамаб қўйди.

“Тез ёрдам” етиб келганида Хурсаной ҳамон ҳушсиз эди. Чойнакнинг майда синиқлари бошика кириб қолган, мияси чайқалган Хурсанойга жарроҳлик аралашуви зарурлигини айтишганида, каттагина пулга тушишини  англаган Розия холанинг бошидан ҳуши учди. Қизини  қарғаганича, Хурсанойнинг ота-онасига қўнғироқ қилди. Шифокорларнинг берган хабарига кўра етиб келган ички ишлар ходимлари, жиноят вилоят руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турган  Гулсанам томонидан  амалга оширилганлигини аниқлашгач,  иш ёпилди.  Қудаларга эса, ўзаро келишишни маслаҳат беришди.

Қайнотаси, ўзининг ота-онасининг елиб -югуриши, шифокорлар ҳаракати билан операциядан сўнг Хурсаной тез тузала бошлади. Икки ҳафтадан сўнг уни шифохонадан чиқаришаётганида, шифокор ҳар олти ойда Хурсаной албатта такрор муолажа олиши зарурлигини, бўлмаса  боши тинмай оғришини қайта-қайта таъкидлади.

Қайнонасиникига қайтиб, соғинган фарзандини бағрига олган Хурсанойнинг тинч ҳаёти узоққа чўзилмади.  Эрининг ишсизлиги, вояга етаётган фарзанди, ўзига ҳам шахсий буюмлар зарурати яна қайнонасидан пул сўрашга мажбур қилди. Бу сафар ҳам яна ўша жавобни олди “уйда ўтирмай ишланг, нега сизни ва болангизни биз боқишимиз керак экан…”.

Аста-секин қайнонаси Хурсанойни ошхона ишларидан чиқариб, овқатни ўзи қиладиган, келинидан эса озиқ-овқатни яширадиган одат чиқарди. Уйда жанжал кўпайди. Етишмовчилик туфайли чиқаётган жанжалларнинг ҳар биридан сўнг Хурсаной калтак ер, даволаниш муддати ўтиб кетган боши тинимсиз оғрир эди.

Ана шундай жанжалларнинг бирида, қайнонаси ўғли билан келинини кўчага ҳайдади. Ижарага туришга пул йўқ. Қаерга боришларини билмай боши қотган ёш оилага Хурсанойнинг ота-онаси ёрдам қўлини чўзишди. Уларни Хурсанойнинг укаси қоровул бўлиб ишлаётган корхона дачасига жойлаштиришди. Вақтинчалик бошпана топилгани билан, яшаш учун пул керак эди. Қўлида касб-ҳунари йўқ Шавкат  мардикорчилик қилиб, оиласини боқа бошлади. Бу орада иккинчи фарзандлари ҳам дунёга келди. Ҳаёт янада муракккаблашди. Ота-онасининг иссиқина бағрида кайфу-сафо қилиб яшашни ўрганган Шавкатга  оиласини боқиш оғирлик қила бошлади. Ҳар уйга қайтганида аламини хотинидан олар, уни ҳақоратлаб, тез-тез шундоғам яхши емаётган, руҳан эзилган, қайта даволанмаганлиги туфайли тинимсисз боши оғрияётган Хурсанойга  қўл кўтарарди. Охир-оқибат, Шавкат уйга келмай қўйди. Эрини қайнона-қайнотасиникига қидириб борган Хурсаной, бу ерда туҳматга дуч келди. Шавкат, хотинини “дачада бошқа эркак билан тутиб олганлиги, энди бундай бузуқ хотин билан яшамаслигини” айтди.

Жанжал-тўпалондан бошига оғриқ кириб, ҳушини йўқотган Хурсанойни бу сафар ўз ота-онаси касалхонага ётқизиб, икки набирасини уйларига олиб кетишди.

Хурсаной шифохонадан чиққач,  эридан икки нафар фарзанди учун алимент ундиришга ёрдам беришларини сўраб, Муътабар Хасанова раҳбарлик қилаётган Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилди. Оғир стрессга тушган Хурсанойга Марказ руҳшуноси А. Эшқобилова унга психологик машғулотлар орқали кўмак берди. Марказ  ҳуқуқшуноси эса жувоннинг эридан фарзандларига алимент ундириш учун ҳужжатларни тўплашга ёрдам бера бошлади.

Афсуски, жамиятимизда  бундай воқеалар жуда кўплаб учрайди ва ҳар гал айбдор битта бўлади, у ҳам бўлса аёл. Сизнинг мазкур воқеа хусусидаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефон”и:

(90) 500-22-88.

Наргис Қосимова

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг: