Неля (исмлар ўзгартирилган) Тоҳирга кўнгил қўйганида, йигит ҳам унга бефарқ эмаслигини билгач, дунёда энг бахтли инсонлигини ҳис қилди. Аммо Тоҳир онасига татар миллатига мансуб қизга уйланишини айтганида, унинг фиғони фалакка чиқди, совчиликка боришдан бош тортди. Аммо Тоҳир бошқа қизга уйланмаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олди. Соҳиба опа қанчалик қаршилик кўрсатмасин, Тоҳир Неляга уйланди. Кўп ўтмай, улар икки фарзандли бўлишди. Ташқаридан қараганда оила жуда бахтли яшарди. Аммо иқтисодий қийинчиликлар, сўнгги йилларда оиланинг бахтига бот-бот кўланка сола бошлади. Бунинг устига қайнонаси ва келинини биринчи кундан ёқтирмаган қайинопасининг зуғумлари кучая борди. Аммо оиласини сақлаб қолиш учун Неля ҳаммасига чидашга қарор қилди. Бунинг устига То ир ўта рашкчи бўлиб, ҳар нарсадан шубҳаланар, аксарият ҳолатда хотинига қўл кўтарарди.
Жиззах вилоятида тайинли иш топа олмаган Тоҳир ўртоқлари билан Россия Федерациясига ишга кетди.
Янги йил эшик қоқмоқда. Эри Россияга ишга кетгач, қайнонаси билан ўрталарига тушган совуқчиликни бартараф қилиш учун Неля фарзандлари билан қайнонасиникига Янги йилни нишонлаш учун келди. Елиб-югуриб байрам дастурхонини безади. Кечга яқин Янги йил билан табриклагани қўшнилар ҳам чиқишди. Соат тунги 12 га бонг уриш арафасида Россиядан Тоҳир қўнғироқ қилди. Интернетда видео орқали дастурхонда турган спиртли ичимликларни кўргач, бирдан кайфияти бузилди.
-Нега спиртли ичимлик ичаяпсан? Мен йўқлигимда ўзингдан кетиб қолдингми? Яна олдингда ким бор?
Тоҳир хотинини телефонда буралаб сўка бошлади. Неля Янги йилни нишонлаш учун уйга келгани, ёнида фақат яқин қариндошлар, яъни Тоҳирнинг онаси, опаси ва қўшнилар борлигини тушунтиришга ҳаракат қилсада, эри унинг гапини мутлақо эшитмас эди. Охирида эса бақирганича фарзандларини ташлаб, Неля буткул уйдан чиқишини талаб қилиб, гўшакни қўйди.
Янги йилнинг биринчи куни эрталабдан эшик қўнғироғи жиринглади. Неля эшикни очганида, остонада эрининг жияни турарди.
-Янга, уйдан чиқиб кетар экансиз, тоғам айтаяптилар.
Ҳали уйқуси қочмаган Неля, ҳайрон бўлди.
Собиржон, бу нима деганингиз? Кеча Тоҳир акам жаҳл устида айтди бу гапни. Қаерга бораман?
Собир Тоҳирга телефон қилиб, видео алоқа билан боғланди. Тоҳирнинг кайфияти бузуқ эди. Салом -аликсиз у яна хотинига ушқира кетди.
-Менга қара болаларимни онамникига ташлада, ўзинг йўқол бу ердан. Бошқалар билан дон олишиб юравер. Яқинда бораман, сени бошқа кўрмай уйда. Ҳозироқ чиқиб кет. Сендек ж….. билан яшамайман. Собир кейин менга айтасан чиқиб кетган ёки кетмаганлигини?
Неля эрига жавоб ҳам қайтаришга, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаганлигини айтишга ҳам улгурмади.
Собир Неля нарсаларини йиғиштириб, фарзандларини кийинтирганича кутиб турди. Сўнг уйнинг калитини чўнтагига солиб қўйди.
Неля қаерга боришини билмай боши қотди. Ота- онаси, қариндошларининг барчаси Россия Феддерациясининг Бошқирдистон Республикасига кўчиб кетган. Бошқа борадиган жойи йўқ. Бироз ўйланиб тургач, фарзандларини етаклаб, дугонаси Замиранинг уйига борди. Замира унга, https://t.me/nemolchiuz телеграм-боти билан боғланишга ёрдам берди. Ушбу тармоқ орқали Реабилитация ва мослаштириш Жиззах вилоят марказининг долзарб-алоқа телефон рақамини олиб қўнғироқ қилди.
Назифа Камалова раҳбарлик қилаётган Марказ ходимлари Неляни 9 ёшли қизи ва 4 ёшли ўғли билан вақтинчалик яшаши учун Марказ бошпанасига жойлаштиришди. Улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, руҳшунос назоратига олинди. Марказ ҳуқуқшуноси эса Нелянинг Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасига қариндошларини олдига кетиши учун хорижга чиқиш паспортини олиш учун расмийлаштириш ишларида амалий ёрдам берди.
Н.Камалованинг айтишича, Неля Марказга келган вақти кучли стрессда эди. Аёлнинг хаттоки ҳаётга бўлган қизиқишлари, келажакка бўлган умиди ҳам сўниб бўлган эди. Марказ психологи Неля билан суҳбат давомида барчаси инобатга олиниб, вазияти таҳлил килиниб, келажакни режалаштириш борасида кўникмалари шакллантирилди, мотивация бўйича индивидуал консультациялар ўтказилди. Стрессдан чиқиш ва стрессга бардош бериш борасида ишлар олиб борилиб, психолог машғулотлари бир неча кун давомида ўз натижасини кўрсатди. Айни пайтда Неляни ота-онасининг олдига жўнатиш учун маблағ изланмоқда.
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш хамда ўз жонига қасд қилишни олдини олиш Жиззах вилояти бўлимининг Ишонч телефони +99891 197-9494
Наргис Косимова