387

НЕГА АЁЛЛАР ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛМОҚДА?

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда оилавий зўравонлик қурбонларининг фожеавий ҳаёти ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Чироқчилик аёлнинг зўравонлик ҳукм сурган оилада яшашга сабри қолмай ўзи ва фарзандларини поезд тагига ташлаб, вафот этгани,  Шовот тумани, «Катқалъа» маҳалласида яшаган 19 ёшли келинчакнинг  оғилхонада ўзини осгани,  Навоий вилоятининг Кармана туманида 31 ёшли уч фарзанди бор аел тўртинчи фарзанди ҳам қиз бўлгани сабабли, эри томонидан доимий камситилгани учун ўзи ва уч қизининг жонига қасд қилгани, аммо бахтли тасодиф туфайли, икки қизи омон қолиб, бири оғир жароҳат олгани ва ўзи ўлгани…. Афсуски, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Нега аёллар ўз жонига қасд қилишмоқда? Нега фарзандларини ҳам ўзларига қўшиб ўлдиришаяпти? Бу ҳукуматнинг жамиятда гендер тенгликни ўрнатиш борасидаги

саъй-ҳаракатларига  қарамай, ҳануз хотин-қизларга  нисбатан  жисмоний, жинсий, руҳий, иқтисодий зўравонликларнинг жуда ҳам кўплигидан, зудлик билан бунинг олди олинмаса, бевосита жамият аъзоларининг аёлни “одамнинг дўсти” сифатида кўрмай, ўзи каби тенг ҳуқуқли, юксак салоҳият ва имконият эгаси сифатида тан о

лмаса мазкур фожеалар сони янада кўпайишининг белгиси эмасми? Балки бу аёлларнинг шу тариқа  жамиятда ва оилада уларга нисбатан содир бўлаётган норозигарчилик намойишидир?

Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси томонидан 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давридаги фаолият юзасидан тақдим этилган маълумотларга кўра, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан республика бўйича ички ишлар органларига қилинган мурожаатлар сони жорий йилнинг биринчи ярмида жами 20 704 тани ташкил этган.

Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш бўйича мурожаатлар сони Фарғона вилоятида кескин ошган – 2 766 та. Бу кўрсаткичлар Қашқадарё вилоятида – 2 284 та ва Андижон вилоятида 1 837 тани ташкил этиб, ушбу ҳудудлар энг юқори учталикдан ўрин эгаллашган.

Сурхондарё (917 та), Навоий (946 та) ва Наманган (974 та) вилоятларида бу борада нисбатан паст кўрсаткичлар қайд этилган бўлса-да, мазкур ҳудудларда ҳам мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир неча баробарга ортганини кузатиш мумкин.

Мурожаат қилган шахсларнинг 9 716 нафари руҳий, 7 088 нафари жисмоний, 142 нафари иқтисодий, 75 нафари жинсий зўравонлик ҳамда 3 683 нафари тазйиқ ва таҳдидларга дуч келганини маълум қилган.

Шунингдек, зўравонлик ҳолатларининг 17 919 таси оилада, 1690 таси кўчада, 459 таси жамоат жойида, 283 таси иш жойида ва 36 таси таълим муассасасида содир этилган.

Жисмоний зўравонлик билан боғлиқ мурожаатларнинг энг кўп сони Фарғона (1 021 та), Қашқадарё (987 та) ва Самарқанд (753 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Руҳий зўравонлик бўйича ички ишлар органларига бўлган мурожаатларда Қорақалпоғистон Республикаси мутлақ “рекорд” қўйган – 1 330 та. Кейинги ўринларни эса – Қашқадарё (1 199 та) ҳамда Андижон (1 034 та) вилоятлари эгаллаган.

Иқтисодий зўравонлик юзасидан Тошкент вилояти бошқа ҳудудлардан анчагина “ўзиб” кетиб, мутлақ “биринчи”ликни қўлдан бермаган – 56 та. Бу борада Сурхондарё вилояти (18 та) иккинчи ва Наманган вилояти (14 та) учинчи ўринни банд қилишган бўлса, Сирдарё, Жиззах вилоятларида эса иқтисодий зўравонлик умуман қайд этилмагани диққатга сазовордир.

Жинсий зўравонлик ҳодисаларида Тошкент вилояти (18 та), Тошкент шаҳри (12 та), Навоий вилояти (11 та) “кучли учлик”дан жой олишган.

Фарғона, Наманган вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида эса, январь-июнь ойларида жинсий зўравонлик ҳолатлари умуман рўйхатга олинмаган. Тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича Фарғона вилояти (1 111 та) “рекорд” ўрнатган. Иккинчи ўринни эса Наманган вилояти (727 та), учинчи ўринни Хоразм вилояти (539 та) эгаллаган.

Кўриб турганингиздек, зўравонликнинг барча турлари бўйича  мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Бунинг сабаби нима? БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ва Гендер тенглиги Комиссияининг қўшма лойиҳаси бўлган “Зўравонликка йўл йўқ” телеграм канали бевосита хотин-қизлар билан ишлайдиган ННТлар, реабилитация ва мослаштириш марказлари билан ҳамкорлик қилади. Каналимизга келиб тушаётган кейслар орқали оилада зўравонлик сабаблари турлича бўлиши мумкинлигини кўриш мумкин.  ОАВда  асосан қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги салбий муносабатлар кўп ёритилади. Аммо зўравонликка хотин-қизлар, яқин қариндошлари, ўз ота -оналари томонидан ҳам учрашлари мумкин.

 

                                                 Ирода нега ўз жонига қасд қилди?

Ирода (исмлар ўзгартирилган) мактабда аълочи қизлардан эди. Аммо охирги пайтларда ўқитувчилари унда салбий ўзгаришларни кузата бошлашди: қизнинг ўқишга нисбатан иштиёқи сўниб борар, дарсларга қатнашиши ҳам олдингидек тўлиқ эмасди.Иродага нима бўлаётганини билиш мақсадида устозлари унинг ота-онасини бу ҳолдан огоҳлантиришди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Чунки Ирода ўсиб-улғаяётган оилада носоғлом муҳит ҳукм сурар, хонадон доим нотинч эди. Қизнинг отаси кунда кунора ичиб, маст-аласт ҳолда уйга келар, остонадан ҳатлаб ўтар ўтмас жанжал-суронни бошлар, унинг истиқболига ошиқиб, қўлтиғидан олиб ёрдамлашмоқчи бўлган хотини ҳар гал калтаклар остида қоларди. Сўнгги йилларда сурункали равишда рўй бераётган бу тинимсиз можаролар оиланинг барча аъзоларини, айниқса онани ниҳоятда асабий қилиб қўйди. Онаси арзимаган сабаблар туфайли гарчи ҳеч қанақа айби бўлмаса ҳам, бор аламини Иродадан олишга уринар, уни тергаб, ҳатто қўл кўтарарди ҳам.

…Тарки одат амри маҳол, ўша куни ҳам отаси одатдагидек яна ичиб келди. Аллақачон қоронғу тушиб, алламаҳал бўлган чоғда ичкаридан беркитилган ҳовли дарвозасини мушти билан тарақлатиб урар экан, эшикнинг тамбалаб қўйилгани унинг ғазабини бадтар қўзғатарди.

Бу тўполондан чўчиб уйғониб кетган Иродага онаси Улбўсин “сен ухлайвер” деди-да, ўзи апил-тапил эгнига халатини илиб, ҳовлига отилди. Эрининг ширакайф овозини эшитиб, оёқ-қўли бирдан бўшашди, бошига келиб тушадиган мушт зарбини олдиндан сезгандек, миясига кучли оғриқ кирди. Зўрға оёқда турган Одил дарвозани очиши билан Улбўсиннинг юзига мушт туширди. Онасининг дод солиб йиғлаб бақиргани, орқасидан отасининг қаттиқ сўкинган овозини эшитиб, Ирода бошини ёстиқ остига яширди. Аммо ҳовлидаги йиғи-сиғи ва тинимсиз сўкинишлар, калтак зарбидан онасининг додлашлари авжига чиққан сари, ёстиқ ҳам ёрдам бермай қўйди. Қиз овозларини чиқаролмай унсиз йиғлаётган укаларига “сизлар уйдан чиқманглар” деди-да, ташқарига отилди. Ҳовлининг ўртасида онаси узала тушиб ерда ётар, отаси уни дуч келган жойига аёқсиз тепарди. Ирода югуриб бориб, отасини итариб юборди. Буни кутмаган Одил гандираклаб, орқаси билан ерга ўтириб қолди. Фурсатдан фойдаланиб, Ирода онасини суяб ўрнидан турғизди ва улар ҳовлидан қочиб чиқишди. Шу кеча она-бола қўшнилариникида тунаб, тонг саҳарда уйларига қайтиб чиқишди. Ота ҳовлидаги сўрида ухлаб ётарди. Онаси болаларидан хабар олгани инқиллаганича уйга кириб кетди. Ирода хуррак отаётган отасига нафрат билан қараб туриб қолди.

Уй ичидан онасининг бақирган овози унинг хаёлларини тўзғитиб юборди:

— Қаққайиб тургунча бор, сигирни соғ, ем-хашагини бер. Аҳволимни кўрмаяпсанми? Эй худо, жонимга тегдинг ҳамманг, ўлсам қутиламанми, бу азоблардан?

Ирода онасининг дийдиёларини эшитиб, шоша-пиша ошхонадан челакни олиб, оғил томон юрди. Сигирни соғиб, олдига хашак ташлагач, челакни кўтариб, оғилхонадан чиқди. Бу орадан онаси ошхонада нонушта тайёрлаш билан овора эди. Оғилхонадан чиққан Иродани кўриб, калтак зарбидан баданида турган оғриққа чидай олмай, яна қизига заҳрини сочди :

-Тезроқ кел, мунча шалпаясан!

Бадтар талвасага тушган Ирода сут тўла челакни кўтариб, ошхона томон шошганича бораётганида, қоқилиб кетиб, сут тўкиб юборди. Буни кўрган онаси югуриб келиб, қарғанганича Иродани аямасдан ура кетди.

Амаллаб онасининг қўлидан қутилган қиз, икки кўзи жиққа ёш, югуриб кўчага чиқди, боши оққан томонга кетаркан, миясида фақатгина “мен ўлсам ҳаммасидан қутиламан, ота-онам эса қилган ишларидан пушаймон бўлишади” деган биргина фикр чарх урарди.

Қизкетген (Дўстлик) каналига етиб келганида, атрофда ҳеч ким кўринмасди. Қиз бирпас мавжланиб оқаётган сувга қараб турдида, кўзини чирт юмиб, кўприкдан ўзини каналга ташлади. Усти сокин кўринган сув оқимининг таги анча кучли эди, бир зумда қизни ўз домига тортиб кетди. Ирода фақат шундагина ҳали ҳаётга тўймаганини, яшаш барибир нақадар яхшилигини оний лаҳзаларда кўнглидан ўтказди. Бор кучи билан юқорига интилиб, сув юзига чиқиши билан ёрдамга чақирди. Аммо қуйи оқим яна уни ўз домига тортди, оғиз-бурни сувга тўлиб, нафас ола олмай қолди. Кўз олди қоронғилашди.

Ирода кўзини очганида, устига энгашиб турган Миллий гвардия формасидаги йигитни кўрди:

— Синглим, одамнинг юрагини ёрдинг-ку, исминг нима? Каналга қандай тушиб кетдинг? — деди йигит кулимсираб.

Анча ўзига келиб қолган Ирода уйига боришдан қатъиян бош торгач, уни қутқариб қолган Миллий гвардия ходимлари Иродани Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келишди.

Бу ерда Ирода 14 кун давомида психолог Роза Аманова томонидан амалга оширилган психологик реабилитация курсини ўтди. Роза Аманова дастлаб у билан коррекцион машғулотлар олиб борди, қизни руҳий хотиржамлик ҳолатига келтириш учун медитация ишларини амалда қўллади, ўзига бўлган ишончни уйғотиш ва ўзини ўзи баҳолаш даражасини кўтаришда турли аффирмациялардан фойдаланди.

Бу орада қизнинг ота-онаси билан ҳам бир неча маротаба профилактик ва психологик суҳбатлар олиб борилди. Оилада аёл, фарзандларнинг ўрни, улар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида давлат томонидан ҳимояланиши, ҳар бир оила аъзосига етказилган жисмоний ва руҳий жароҳат учун жазо борлиги оила бошлиғига тушинтирилди.

Реабилитация курсини тўлиқ ўтаган Ирода оиласига қайтса-да, ҳануз Марказ ходимларининг назоратида бўлиб турибди. Қизнинг айтишича, ушбу воқеа ва суҳбатлардан сўнг оила ниҳоят тинч ҳаёт кечирмоқда. Ота-онасининг ҳам фарзандларга нисбатан муносабати, муомаласи яхши томонга ўзгарган.

Мазкур воқеа яхшилик билан тугади, аммо бунинг акси ҳам бўлиши, эндигина балоғат ёшига қадам қўяётган қиз ҳаётдан кўз юмиши мумкин эди… Нега ота-она шакллантира олмаган муносабатларининг аламини фарзанларидан олишади? Нега аксарият ота-оналар фарзандларини одам ўрнида кўришмайди? Буни тўхтатиш учун нима қилишимиз керак?

Биринчи галда барчамиз оила ва жамиятда зўравонликка ўрин йўқлигини англашимиз зарур. Зўравонликка чидаш ва уни яшириш керак эмас! Зўравонликка болалар учун, кўчада қолмаслик учун чидаш керак эмас…. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо бу зарурми? Энг муҳими: ЗЎРАВОНЛИККА ЧИДАШ КЕРАК ЭМАС!

                  Оиладаги зўравонлик  нима сабадан содир этилади?

 Психолог Зухра  Мўсаеванинг айтишича, оиладаги зўравонлик (маиший, оилавий) – бу оилавий, яқин ёки бошқа шунга ўхшаш муносабатларда бўлган, бир инсон томонидан бошқа шахсга нисбатан жисмоний, жинсий, психологик ёки иқтисодий зўравонликдир. Мазкур жисмоний, руҳий, вербал (оғзаки), иқтисодий зўравонлик борган сари тез такрорланадиган куч ишлатиш, бошқариш, қўрқитиш ва қўрқув туйғусини кучайтириш мақсадида амалга ошириладиган циклдир. Яъни, содда қилиб айтганда, оилавий зўравонлик ҳолатида, бир киши у билан бирга яшайдиган бошқасининг хатти-ҳаракатлари ва ҳис-туйғуларини (турли хил йўллар билан, зўравонлик ёрдамида) бошқаради ёки бошқаришга ҳаракат қилади.

Зўравонлик ўзини жуда хилма-хил шаклларда намоён қилиши мумкин – бақир-чақирдан тортиб ҳақорат, хўрлаш, аёвсиз калтаклашлару қотилликка қадар. Аммо у қандай шаклда намоён бўлишидан қатъи назар, бу зўравонлик ва жиноятдир.

Оиладаги зўравонликнинг сабаблари қуйидагилар:

  • оиладаги зўравонлик гендер асосга эга: аксарият ҳолларда аёллар айнан жинси туфайли оилавий зўравонлик жабрланувчисига айланишади.
  • оиладаги зўравонлик мунтазам равишда амалга оширилади; улар такрорланадиган ҳаракатлар, бир марталик зиддият ёки жанжал эмас. Зиддият одатда ечилиши мумкин бўлган баъзи бир аниқ муаммоларга асосланади. Оиладаги зўравонлик жабрланувчи устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиш мақсадида амалга оширилади.
  • ва, ниҳоят, учинчи ўзига хос хусусият шундаки, жабрланувчи ва тажовузкор бир бирига яқин одамлардир. Оиладаги зўравонлик турмуш ўртоғи, аёлнинг муносабатда бўлган эркаги, собиқ турмуш ўртоғи, ота-онаси, фарзандлари, бошқа қариндошлари, куёви ва бошқалар томонидан содир этилади.

Оиладаги зўравонлик жиддий бузилиш ҳисобланади ва жабрланган аёлнинг жисмоний, психологик, жинсий ва репродуктив саломатлигига салбий таъсир қилади.

Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олса бўладими?

Ҳўш, биз мақоламиз бошида тилга олган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олса бўладими?  Бугунги  кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида суитсидолог лавозими ҳамда ўз жонига қасд қилган ёки унга мойил бўлган, кризис ҳолатидаги шахсларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатувчи кризис (стационар) ўринлари ташкил этилган.

Хотин-қизлар билан ишлашда ҳимоя ордери механизми йўлга қўйилганлиги ҳам юз бериши мумкин бўлган турли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Жумладан, Ҳимоя ордери берилиши натижасида 6 ой ичида 10 367 та оила яраштирилишига эришилган. 7 841 та оиладаги низолар эса, бартараф этилган. Афсуски, 1 246 та оиладаги можаролар барибир барҳам топмаган бўлса, 460 та оила ажрашиб кетган.

Берилган ҳимоя ордери билан биргаликда, 820 нафар шахс бошқа шахсларга нисбатан зўровонлик содир этгани ва тазйиқ ўтказгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилган.

Аммо  бу етарли эмас, албатта. Аввало жамиятда аёлга нисбатан муносабатни ўзгартириш керак. Бу борада фуқаролар, айниқса эркакларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, оилада келин бўлиб тушган қиз чўри эмаслиги,  у ҳаи бошқа оила аъзолари сингари тенг ҳуқуқли аъзо эканлигини, ҳам бошқа оила аъзолари сингари ўз фикрини айтишга ҳаққи борлигинини,  аёлми ёхуд эркак, бой ёки камбағал, миллати, динидан қатъий назар ҳар бир ИНСОН  зўравонликдан ҳоли ҳаёт кечиришга ҳақли эканлигини ва уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозимлигини тушуниб етишлари зарур.

Наргис Қосимова, журналист

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг: