468

“…Аммо хориждаги ҳаёт Қурбоной тасаввур қилганидан мутлақо бошқача эди…”

«Истиқболли авлод» Республика ижтимоий ахборот маркази — одам савдоси билан боғлиқ оғир аҳволда қолган фуқароларимизга 20 йилдан буён ёрдам бериб келмоқда.

Ҳар куни мамлакатимиз ва дунёнинг турли бурчакларидан Марказга қилинаётган қўнғироқлар  орқали ёрдам сўралади. Жорий йилнинг январь ойидан июньгача Марказнинг ишонч телефонига 8062 та мурожаат келиб тушган.

Таъкидлаш жоизки, Марказнинг вазифаси нафақат одам савдосига, балки зўравонликнинг бошқа турларига қарши курашдир. «Истиқболли авлод» Марказининг раҳбари Нодира Каримова таъкидлаганидек, марказ мутахассислари кўпинча ўз фаолиятларида оиладаги зўравонлик каби муаммолар  билан шуғулланишади. Зўравонлик қурбонларининг аксарияти хотин- қизлардир. Бугунги ҳикоямиз ҳам ана шундай оиладаги зўравонлик қурбони ҳақида.

Курбоной (исмлар ўзгартирилган) биринчи никоҳида бахтли бўлмади.  Эрининг доимо ичиб келиб, уни уриши, ўғилчаси билан хотинини  мунтазам равишда кўчага ҳайдаб чиқариши охири сабрини  тугатди. Ажрашди.

Орадан кўп вақт ўтмай жувон Айтан билан танишганини ва у Қурбонойга уйланмоқчи бўлаётганини айтганида, ота-онаси бу никоҳга қарши чиқишди. Аммо севги-муҳаббат исканжасида қолган Қурбоной, Айтан билан никоҳсиз яшашга рози бўлди. Кўп ўтмай, Айтаннинг оиласи Қозоғистонга кўчиб кетиш тадоригини бошлади.  Қурбоной ўғлини онасига ташлаб,  фуқаролик эрининг оиласи билан Қозоғистонга кўчиб кетди.

Аммо хориждаги ҳаёт Қурбоной тасаввур қилганидан мутлақо бошқача эди..

…Айтаннинг оиласи Қурбонойни  чўри ўрнида кўришарди. Уй ишларидан ташқари, Қурбоной ҳар бир оила аъзосига хизмат қиларди. Агарда улгурмаса  нафақат эри, балки қайнонаси, қайнотаси, қайин опа ва  сингилларидан калтак ер эди. Кўп ўтмай Қурбоной ўғил фарзанд кўрди. Аммо ўғилчаси икки ёшга тўлди ҳамки, аёл калтак еб, хўрланиб яшарди.

Ўша куни уй ишларини қилиб бўлган Қурбоной, тушда ўғилчасини ухлатаман деб, чарчоқдан ўзининг ҳам кўзи илинганлигини сезмай қолди. Уйғонганида шом бўлганди. Югуриб ётоқдан чиққанида қайнонаси жавраганича кечки овқатга уннамоқда эди. Бунинг устига келиб қолган Айтан онасини ошхонада кўриб, бирданига жаҳли чиқди.  Қайнонаси  “Хотининг куни билан ухлайди. Чарчаб кетдим. Эплигина келин оламан девдим, сен эса мана бунисини  етаклаб юрибсан” дея алангаланаётган ғазабга мой сепиб, камига йиғлаб ҳам берди.

Айтан,  ҳали  уйқуси охиригача очилмаган Қурбонойни бир уриб йиқитиб, тепа кетди. Сўнг сочидан судраб, кўчага чиқариб ташлади, хатто ўғли билан хайрлашишга ҳам рухсат бермади…

 

Республика «Istiqbolli Avlod» ижтимоий-ахборот марказининг “Ишонч телефони”га йиғи аралаш, Қозоғистон Республикасида кўчада қолган қизига ёрдам беришларини сўраб қўнғироқ қилган аёл Қурбонойнинг онаси эди. Соҳиба опа Марказ ходимларидан қизига ёрдам беришларини ўтиниб сўради.

Марказ ҳуқуқшуноси Соҳиба опага қизига албатта ёрдам беришларини айтиб, унга Қозоғистонда оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам бериб келаётган  Марказнинг   ҳамда Петропавловск шаҳридаги аёлларни қўллаб-қувватлаб, уларга ёрдам кўрсатаётган Марказнинг ишонч телефонларини берди ва Қозоғистондаги Ўзбекистон Республикаси бош консуллигига мурожаат қилишини маслаҳат берди. Шу билан биргаликда  ҳуқуқшунос  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ва  Петропавловск шаҳридаги “Аёлларни қўллаб-қувватлаш” марказига Қурбонойни фарзанди билан Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрам кўрсатишларини сўраб, ёзма мурожаат билан чиқди.

Айни дамда Қурбоной рўйхатдан ўтмасдан узоқ муддат Қозоғистонда яшаганлиги учун каттагина жаримани тўлаш ва қайтиши учун чипта нархларини қоплашга маблағлар изланмоқда.

Ўйлаймизки, Қурбоной фарзанди билан ватанга, ота-онасининг бағрига тез кунда қайтади.

Шу ўринда, оқибатини ўйламай хорижга турмушга чиқаётган хотин-қизларимиз ўзга юртда зўравонликка, камситилиш ва таҳқирлашларга, одам савдосига дуч келмасликлари учун аввало бўлажак турмуш ўртоқлари ва унинг оиласини яхшилаб суриштириб ўрганишлари, мободо зўравонлик қурбонига айлансалар, албатта ўша мамлакатдаги Ўзбекистоннинг элчихонаси ёки бош консуллик,  «Istiqbolli Avlod» ижтимоий-ахборот марказининг ишонч телефонларини билишлари лозим.

Республика «Istiqbolli Avlod» ижтимоий-ахборот марказининг “Ишонч телефони”

+99895 143 94 94

Наргис Қосимова

 

 

Улашинг: