447

ЗЎРАВОНЛИК ҲАЛҚАСИНИ КИМ УЗАДИ?

Маҳалла хотин-қизлар кенгаши маслаҳатчилари  бугунги кунда Реабилитация ва мослаштириш марказлари ходимлари, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда жойлара истиқомат қиладиган нотинч оилалар, зўравонликка учраган  хотин-қизларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Жиззах вилояти  аёллар ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Қалб нури” ННТ томонидан жамиятда  гендер тенглигини  таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган семинар-тренингларни Жиззах вилоятининг барча туманларида ўтказар экан,  туманларнинг биридаги Кенгаш маслаҳатчиси Ноила (исмлар ўзгартирилган)нинг аччиқ тақдири ҳақида сўзлаб берди:

…Қишлоқ жой эмасми, рўзғор ташвиши ва оғирликлари асосан аёл зиммасида ётади. Бола тарбияси, оила аъзоларининг барчасига хизмат қилиш, уй юмушларидан ташқари бир-икки сўм топиш учун қишлоқ хўжалик экинларини чопишга, ўтоқ қилишга мавсумий ёлланиб ишлаш… Эҳе, билсангиз эди, қишлоқ аёлининг ҳаёти нақадар оғирлигини… Ноила буларнинг барчасини сўзсиз, индамай бажарар. пешонасига ёзилган тақдир аравасини, кундан кунга  кўпайиб бораётган юклари билан ҳеч бир қаршиликсиз судрар эди. Аммо қанчалик итоатгуйликни намоён этса,  шунчалик бошида калтак синарди. Қайнонаси  Турсуной момо ҳассага таяниб қолган. Шундай бўлсада салкам 7 йилдан бери хизматини қилиб юрган келинини ёқтирмас. У ёққа ўтса ҳам, олдига ош-овқатини қўйса ҳам қарғарди. Бунинг устига баъзида ҳассаси билан  калтакларди. Нега дейсизми? Жавоби оддий. Ўғли унинг айтганига кўнмай, шу шўрпешона Ноилага уйлангани учун. Ўйларига тез-тез келиб турган қайин опаси ҳам онасига қўшиларди. Ноила у чақиргани билан етиб келмаса, ёш жувон бошида калтак синарди. Турмуши фарзанди бўлмагани учун бузилган Сайёра  онасига қўшилиб, келинини саваларди. Доимо юзи кўкариб, калтак зарбими ёхуд хўрлиги келибми, йиғидан кўзи қизариб юрадиган Ноиланинг юриш-туришидан айб топавериб, икки аёл уни йўқотиш пайтига тушишди.

-Она жиянларимни ўзим боқиб оламан. Ўзим оналик қиламан. Нега  Ноилага ўхшаган исқиртларга худо фарзанд беради, менга эса йўқ. Йўқотинг  шунингизни…

Бу сафар овқатни шўр қилиб қўйганликда айбланган Ноила эри ишдан келмасдан кўчага ҳайдалди. Онасининг орқасидан йиғлаб қолган 4 ва 2 ёшли жиянларини Сайёра конфет бериб овутди. Энди мен сизларнинг онангизман. Аянгизни унутинглар. У ёмон хотин, сизларни уришарди. Мен уришмайман. Чиройли кийим,  ўйинчоқлар олиб бераман, деди у йиғлаётган болаларнинг бошини силаб.

Ноила ҳарчанд йиғлаб, ёлвормасин қайнонаси ва қайинопаси уйга қўйишмади. Бу орада ишдан қайтган Эркин ҳам онасининг тарафини олди. Онамни хафа қилган, унинг кўнглини оғритган хотин билан яшамайман, дея эридан нажот кутган Ноиланинг юзига тарсаки туширди. Маҳалла хотин-қизлар Кенгаши  маслаҳатчисига онаси билан биргаликда мурожаат қилган Ноила фарзандлари билан бирга бўлишнинг охирги умиди улардан эканлигини айтиб, тўйиб-тўйиб йиғлади…

Прфилактика инспектори билан биргаликда Кенгаш маслаҳатчиси Турсуной аянинг уйига боришганида, 80 ёшни қоралаб қолган Ноиланинг қайнонаси мақсадини яшириб ўтирмади. Невараларини  фарзандсиз қизи Сайёрага олиб бермоқчи эканлигини  айтди.

-Ахир  ақли-ҳуши жойида онаси бўла туриб, невараларингизни қизингизга олиб бера олмайсиз, дейишганига қарамай кампир сўзида қатъий турди. Ўғил ҳам “онасининг кўнглини ола олмаган” хотинини қоралаб, онаси тарафга ўтди. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай инсонни камситиш, хўрлаш, калтаклаш учун жиноий жавобгарлик борлиги айтилгачгина, Турсуной она жимиб қолди. Ноила оиласига қайтарилиб, қайнонаси ва қайинопасига нисбатан унга “Ҳимоя ордери” берилди…

Афсуски, бундай оилалар жуда ҳам кўп, дейишди семинар қатнашчилари. Биз ҳар куни оиладагилари, айниқса келинларига нисбатан зўравонликни амалга оширадиган эр, қайнона, қайинопа, қайинсингилларга дуч келамиз. Баъзида бунинг акси бўлиб, уй бошқарувини қўлига олмоқчи бўлган келинлар зўравонлиги ҳам учрайди. Иложи борича бундай ҳолатда ҳар бир оила аъзолари билан суҳбатлашиб, ҳар бир инсоннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқ, мажбурият ва эркинликлари борлигини, ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик мамлакатимизнинг Маъмурий ва Жиноий кодексларининг тегишли моддалари орқали жавобгарлик белгиланганлигини тушинтириб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

Мамлакатимизда оиладаги зўравонликларга қачон чек қўйилади? Нега асрлар оша давом этиб келаётган зўравонлик халқасини уза олмаяпмиз? Азиз дўстлар балки мазкур саволларга сизда жавоб бордир. Фикрларингизни кутамиз.

 

Наргис  Қосимова

Улашинг: