462

“…Агар Ноила қизчасини ташлаб хорижга кетиб қолса, неварасини ўлдиришини айтди…”

Умидсизлик… Бўшлиқ… Ёлғизлик… Ишончнинг йўқолиши… Тушкунлик… Ғам-алам, қайғу ва изтироблар… Аслида бу ёруғ оламда ўлимдан бошқа ҳамама нарсанинг иложини топиш мумкин, ҳар бир муаммонинг ечими бор. Фақатгина чорасизликка тушиб қолган инсон бундан фожиа ясамаслиги, аксинча, ҳаёт йўлида дуч келган машаққатларга қарши мардонавор курашиши, ортга чекинмаслиги, мустаҳкам иродали бўлиши лозим. Ва албатта, унинг ёнида уни қўллаб-қувватловчи, далда берувчи, маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатувчи одамнинг бўлиши ниҳоятда муҳим.

“Истиқболли авлод” Республика марказининг Андижон вилояти бўлимига мурожаат қилган аёлнинг руҳи тушкун, кўзлари маъюс, кўриниши абгор эди. Эзилган, паришон жувоннинг нигоҳида ҳадик, юзида қаттиқ қўрқув зоҳир эди.

Ноила (исмлар ўзгартирилган) оилада ягона  қиз. Ўрта мактабни тамомлаши билан ота-онаси уни “Қиз бола бировнинг хасми” дея, ўзидан салкам 15 ёш катта Ботирга узатиб юборишди. Ноила ҳам қиз боланинг тақдири шу эканда, дея қисмат битигига кўниб қўя қолди.

Бироқ, турмуш қурганларининг илк куниёқ эри ёш келинчакка қўл кўтарди. Болалигидан отасининг калтакларини еб юрган эмасми, ҳамма эркаклар ҳам бир хил экан-да, деб бошини эгди. Кунда кунора эрининг зуғумлари билан кун кечириб юрган Ноила вақти-соати етиб қиз фарзандни дунёга келтирди. Аммо оилага кириб келган янги меҳмон, унга оталик масъулияти ҳам Ботирни ўзгартира олмади. Ичкиликка муккасидан кетган эри маст аҳволда келиб, хотини билан бирга мурғак қизалоғига ҳам қўл кўтара бошлади. Энди бу тоқат қилиб бўлмас ҳол эди, шу боис Ноила эри билан ажрашишга қарор қилди. Бироқ, қизларининг бу қарори ота-онасига асло маъқул келмади. Отаси невараси билан қайтиб келган қизининг ҳар бир хатти-ҳаракати, юриш-туришидан нуқсон топа бошлади.

Шундай қилиб, ўгай отасининг уйида ҳам жувон яқинларидан ўзи кутган меҳр ва ёрдамни ололмади, бир зум бўлса-да, ҳаловат топмади. Отаси уни ҳар куни қизи билан текинтомоқликда айблаб уйдан ҳайдаб солар, шунинг учун Ноила кун бўйи боласи билан кўча-кўйларда санғиб юрар ёки қўшнилариникида яшириниб ўтиришга мажбур бўларди. Отаси буни ҳам бошқача маънога бурар, унинг калтагу ғазабидан қочаётган қизини “фоҳишалик” қилиш учун кўчага чиқиб кетаётганида айбларди. Бир меҳрибон қўшнисининг ёрдами билан амаллаб қаҳвахонага идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга кирган Ноилага отаси бу ерда ҳам тинчлик бермади. Қизи кўзига фоҳиша бўлиб кўринаётган ота бу ерга ҳам келиб бир неча маротаба жанжал кўтаргач, қаҳвахона эгаси Ноиладан бошқа жойдан иш топишини сўради.

Ноилож қолгач, аёл қизчасини боқиш, ота-онасига қарам бўлмаслик ниятида Туркияга ишга кетмоқчилигини юрак ютиб онасига айтди. Аммо буни эшитган отанинг бадтар қаҳр-ғазаби қўзғади. Агар Ноила қизчасини ташлаб хорижга кетиб қолса, неварасини ўлдиришини айтиб, таҳдид қилди.

Шундан сўнг Ноила қизчасини олиб, бу уйдан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бир неча кун таниш-билишларникида ётиб юрган аёлга “Истиқболли авлод” маркази ходимлари ёрдам қўлини чўзишди. Марказ ҳуқуқшуноси унга ўзининг қонун билан белгиланган ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари, “Ҳимоя ордери” ҳақида маълумот берди ҳамда у “Меҳрим сизга” Реабилитация ва мослаштириш марказининг бошпанасига вақтинчалик яшаб туриш учун жойлаштирилди.

Ноила узоқ вақтлик реабилитацияга муҳтож эди. Шу боис, Марказ психологи ҳафталар давомида у билан жиддий машғулотлар олиб борди ва бу секин-аста ўз самарасини бера бошлади.

Ниҳоят, аёлнинг юзида илк маротаба табассум жилва қилди. Марказ ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзини таҳдид ва зўравонликдан ҳимоя қилиш хусусида янги билим ва кўникмаларга эга бўлди, отасига нисбатан Ҳимоя ордерини олди ва уйига қайтишга тайёрлигини билдирди.

Орадан икки ой ўтгач, Ноила яна Марказга мурожаат қилди. Бу сафар у собиқ эридан фарзанди учун алимент ундириб бериш масаласида кўмак сўради. Бу вақтда Ботирнинг алимент бўйича қарзи 12 млн. сўмга етган эди. Марказ ҳуқуқшуноси Ноилага вилоят прокуратурасига ариза билан мурожаат қилишида ёрдам берди. Ҳимоя ордери билан ҳимояланган қизига яна бир бор қўл кўтарса, жиноий жавобгарликка тортилишини тушунтиришгач, отаси қизини тинч қўйди. Айни вақтда аёлнинг кейинги ҳаёти “Истиқболли авлод” маркази ходимларининг доимий назоратида турибди.

Ха, ҳаётнинг паст-баланд кўчаларида инсон кўплаб синовларга дуч келади. Аммо юзага келган қийинчилик, азоб-уқубат ва машаққатларни ҳамма ҳам бардош билан енгиб ўтиши оғир.

Ноиланинг мисолида, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот марказининг барча вилоятлардаги бўлимлари ходимлари ана шундай тақдир синовларини енгиб ўта олмаган шахсларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзишади. Қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган, чорасизликдан тушкунлик гирдобига ғарқ бўлган хотин-қизларга ўзларига бўлган ишончни уйғотиш, оёққа туришларига беминнат кўмаклашиш нажот фаришталарининг устувор мақсадидир. Бу эзгу ишлари йўлида уларга муваффақиятлар тилаймиз ва фидокорона меҳнатлари учун ташаккур айтамиз.

Республика “Истиқболли авлод” Андижон вилояти бўлимининг “Ишонч телефони”:

+99895 201 94 94.

Наргис Қосимова

 

 

 

Улашинг: