Фарғона вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази ходимлари томонидан оиладаги зўравонликни олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш мавзусида вилоят бўйлаб қатор амалий учрашувлар, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари, конференция ва семинарлар ўтказиб бориш анъанага айланган.
Маҳалла фаоллари ва мактаб психологлари учун ташкил этилган ана шундай навбатдаги семинар-тренинглар жараёнида тадбир қатнашчиларидан бири Марказ психологи У. Марасуловага мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, аёл тумандаги маҳаллаларнинг бирида ишлар экан. Психолог билан суҳбатлашаркан, Мавлуда (исмлар ўзгартирилган) ўз ҳаётини ҳикоя қилиб берди:
“Мен оддий оилада вояга етдим. Отам фабрикада ишчи эди. Болалигим ука-сингилларимга “энагалик” билан ўтди, на ўқишимга, на бирон бир ҳунарни ўрганишимга қўйишмади. Мактабни битиришим биланоқ – 17 ёшимда мени дарҳол турмушга бериб юборишди. Бирин—кетин уч нафар фарзандим туғилди. Турмуш қурганимдан кейин ҳам бирор касбни эгаллашни, ўқишнинг имкони бўлмади. Чунки қайнота-қайнонам диндор одамлар бўлиб, улар учун аёл киши боласига қараши ва уй—рўзғор юмушларини бажариши, кўчага чиқмаслиги, ишламаслиги, фақат уйда ўтириши лозимлиги қатъий ақида эди. Эрим эса ота—онасининг чизган чизиғидан чиқмасди.
Булар ҳам майлику, аммо 15 йиллик турмушим давомида бирон ҳаловатли кун кўрганим йўқ, аксинча, бошим калтакдан чиқмади. Ҳар қандай вазиятда ҳам айбдор мен эдим. Уйда бирон муаммо чиқса, нимадир бузилиб қолса, болаларимдан бири йиқилиб, лат еса – ҳамма—ҳаммасида мени айблашарди. Вақт ўтгани сайин ҳар бир хатолик учун мен ўзимни ҳақиқатан ҳам айбдор сеза бошладим. Эрим баъзида уйдаги жанжал, калтакдан сўнг, ўзини айбор ҳис қилиб, мендан кечирим сўрарди. Аммо эртаси куни ҳаммаси яна бошидан бошланарди…
Семинарда қатнашиб, мен нафақат жисмоний, балки жинсий зўравонликка учраганимни ҳам англаб етдим. Барча яқинлик менинг хоҳишимга қарши бўларди. Коронавирус балоси бошланганида эрим ётиб қолди. Ҳаттоки комага тушди. Аммо вафотидан бир кун олдин ўзига келди. Мени, фарзандларини кўришни истади ва ёнига кирганимда бир марта, атиги бир мартагина меҳр билан сочларимдан силади. Унинг нигоҳидаги ана шу меҳрни фақатгина бир маротаба – тўйимизнинг эртасига кўрган эдим. 15 йил давомида буни бошқа кўрмадим ҳам, сезмадим ҳам. Балки тирик қолганида, мени яна севармиди, ардоқлармиди…”
Аёл ўзини тутиб тура олмай, йиғлаб юборди.
Психолог томонидан ўтказилган бир қатор суҳбатлар натижасида аёлнинг ўзига бўлган ишончи ортди, келажагига нисбатан умид уйғонди. Ўз фарзандларига керак экани, ўтган ҳаёти ортда қолганини тушуниб етди. Аммо аёлнинг қалбида ҳали ҳануз умид яшарди: агар эри ўлмаганида, балки унга бўлган муносабатини ўзгартириб, меҳрибон, ғамхўр эрга айланармиди… Бу умидни унда турмуш ўртоғининг ўлимидан олдин бир маротабагина аёлига меҳр билан қараб, сочидан силагани уйғотган эди.
Азиз муштарий! Қаранг 15 йил давомида бирга яшаб, эридан бирон оғиз ширин сўз эшитмаган, меҳр кўрмаган, боши таъна-маломатлардан, калтаклардан чиқмаган бўлса ҳам, турмуш ўртоғининг ўша охирги лаҳзалардаги ёқимли нигоҳи, биргина эркалаши Мавлуданинг бор аламларини унутиб юборишига сабаб бўлди.
Ҳа, аёллар ҳаммаси яхши бўлиб кетишига, ёруғ келажакка бўлган умид ҳеч қачон сўнмайди. Балки шунинг учун ҳам улар ҳаммасига чидаб яшашар. Мана шу ҳақиқатни қани энди барча эркакларимиз ҳам англашганида эди, бари бошқача бўларди…
Фарғона вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефон”лари:
+998 99 869 11 46 (психолог);
+998 99 875 11 46 (ҳуқуқшунос).
Наргис Қосимова