Барча исмлар ўзгартирилган
Реабилитация ва мослаштириш марказларига хотин-қизлар турли хил тақдирлар ва кечмишлар билан келиб қолишади ва шундай ҳолатлар ҳам кузатиладики, марказлар нафақат мамлакатимиз, балки бошқа хорижий давлат фуқароларига ҳам беминнат ёрдам қўлини чўзишади. Бугунги бизнинг Наманган вилоятидаги воқеа ҳақидаги ҳикоямиз айнан шу хусусда. Шу билан бирга, ота-онанинг бурчини унутиши, катталар зиммасидаги масъулият, одамийлик ва инсонийлик ҳақида ҳам
Анна билан Тоҳир ўз юртларидан олисда, Россияда танишиб қолишди. Қиз ўзи туғилиб ўсган Молдовада иш топа олмай анча қийналгач, дугонаси билан Россияга келган, бир бадавлат одамнинг уйида оқсоч бўлиб ишларди. У ерда ишлаган камгап, оғир-босиқ, айтган ишни аъло даражада бажарадиган, узун бўйли, хушсурат йигит Аннанинг дарҳол эътиборини тортди. Бу ердаги қурилиш ишлари якунланиб, Тоҳир ўз дўстлари билан бошқа объектдан иш топганида, ундан ажралиб қолишдан қўрққан Аннанинг ўзи йигитга бирга яшашни таклиф қилди (Аннаниг биринчи никоҳдан бир нафар фарзанди бор эди).
Албатта, хушчақчақ, юзларида кулгичи ўйнаб турган хушрўй бу қизга Тоҳир ҳам бефарқ эмасди. Уни кўрганида узоқ Наманганда қолган хотини ва фарзандлари ҳам кўзига кўринмас, мусофир юртларда тирикчилик ташвишлари билан юрганини бир зум унутарди.
Шундай қилиб, Анна ва Тоҳир бирга яшаган даврларида бир нафар фарзанд кўришди. Ўтган йили бутун дунёни ўргимчак тўри сифатида қамраб олган короновирус пандемияси биринчи галда меҳнат муҳожирларининг ишсиз қолишларига сабаб бўлди. Ҳамма уйга қайтиш тараддудига тушди. Икки бола билан Анна ҳам Тоҳирга эргашди, чунки Молдовага, ота -онасининг олдига қайтиб бора олмасди.
Тоҳир қайтишда ҳам Аннага оиласи борлигини айтмади. Фақатгина Наманганга келгачгина Анна қилган хатосини тушунди.
– Энди шу уйда яшайсан. Шаръий қонунга кўра, мусулмонлар тўртта хотин олиши мумкин, – деди Тоҳир Молдовага қайтиб кетишни ўтиниб сўраган жувонга.
Аннага жуда қийин бўлди. Ўзбек тилини тушунмас, Тоҳирнинг оила аъзолари, қайнона ва қайнотаси эса рус тилини билишмасди. Тоҳир эса Аннани деярли уй қамоғида сақлаб, уни ўзига бутунлай қарам қилди.
Шу тарзда орадан бир йил ўтди…
Ҳамма тўйга кетганидан фойдаланиб, Анна бири 12, иккинчиси 10 ёшдаги фарзандларини олиб, уйдан қочди. Энди қаерга боради, нима қилади, жувон ҳозир буларни ўйламасди. Энг асосийси, тезроқ ўзини қулдордек тутган Тоҳир ва унинг оиласидан узоқроққа кетиш эди. Болалар билан Наманган шаҳрига келгач, бекатда икки кун тунади. Кўчада уни кўрган ички ишлар ходими аёлнинг тақдири билан қизиқди.
Анна ва унинг фарзандлари Наманган вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига келтирилганида аёл ҳам, болалар ҳам ночор аҳволда эдилар. Уларнинг биринчи галда қоринлари тўйдирилиб, тиббий ёрдам кўрсатилди. Марказ психологи анча вақт улар билан ишлади.
Наманган вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази раҳбари Назира Раҳимжонованинг айтишича, ҳозирда аёлнинг муаммолари ўрганиляпти. Уни Молдовага, ота-онасининг ёнига жўнатиб юбориш учун ҳужжатлар йиғилмоқда.
– Энг ачинарлиси, болалар нафақат молдован, ҳатоки рус тилини яхши билишмайди. Молдовага кетгандан сўнг уларнинг келажаги қандай кечади, шу мени ўйлантиряпти. Вақти келиб, улар тилни ҳам ўрганишар, аммо ўртада йўқотилган вақтчи? Уларнинг руҳиятига таъсир қилган салбий воқеалар, онасининг ҳаёти, отасининг ўз хотини ва бошқа фарзандлари борлигини билишлари, албатта уларнинг хотирасида салбий из қолдиради, – дейди Н. Раҳимжонова.
Тоҳир марказга келиб, Анна уйга қайтишини талаб қила бошлади, аммо аёл қайтишни мутлақо истамайди. Марказ ходимлари зўравон Тоҳирдан аёл ва болаларни ҳимоя қилишга тўғри келмоқда.
Бугун биз XXI аср – ҳуқуқий-демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятида яшаётган, инсон ҳуқуқ-манфаатларини олий қадрият даражасига кўтарган бир даврда, бундай ваҳший ва ақл бовар қилмас воқеа ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайди. Балки Тохир республикамиз қонунчилиги билан яхши таниш эмасдир, эҳтимол у Жиноят кодексини билмаслиги мумкин, аммо инсонийлик, меҳр-оқибат, одамийлик қонунлари ҳам борлигини наҳотки унутган бўлса?
Наманган вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефони”:
+998 69 227 12 85;
+998 93 408 11 56.
Наргис Косимова