484

“…Ниҳоят фарзандини кўргани келган йигит, бола ундан эмаслигини айтди…”

Моҳира (исмлар ўзгартирилган) Асадбек билан танишганида илк муҳаббат шаробидан маст эди. Йигитнинг кулиб боқувчи кўзлари, ширин муомаласи, эркаловчи оҳангдаги майин сўзлари яқинлари, ота-онасидан меҳр кўрмаган, бирон ширин гап эшитмаган қизнинг бошини айлантириб қўйди. Ўз измини йигитга топшириб қўйганини сезмай ҳам қолди. Ҳаттоки, Асадбек билан бирга шаҳарга ишлагани ҳам бориб келишди. Шундан сўнг орадан кўп ўтмай, Моҳира вужудида ғалати ўзгариш сезиб, тез-тез ҳолсизлана бошлади.
Қизидаги ўзгаришлар, тез-тез кўнгил айнишлари Муҳаббат опанинг ҳам синчков назаридан четда қолмади. Уни қийин-қистовга олди. Моҳиранинг ҳомиладорлигини билгач, фиғони фалакка чиқди. Бироз ўзига келгач, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларга ошкор қилмаслик йўлини излай бошлади. Хаёлига синглиси Муниса келди. Дарҳол синглиси билан гаплашиб, Моҳирани фарзандини дунёга келтиргунича кўздан пана қилиш мақсадида уникига жўнатиб юборди. Ўзи эса гаплашиб олиш учун Асадбекнинг уйига борди.
Ўзи излаган ҳовлини топиб борганида кун пешинга яқинлашганди. Дарвозани очган ёшгина жувон Муҳаббатни уйга таклиф қилди. Ҳовлида ўйнаб юрган 4 яшар болакай, келиб жувоннинг этагига ёпишди.
— Бор ўғлим, акаларинг билан ўйнаб тургин, жувон тезда дастурхон ёзиб, чой дамлади. Бу орада хонага кириб келган 60 ёшлар атрофидаги аёл Муҳаббат билан саломлашиб, унга савол назари билан қаради.
— Исмим Муҳаббат, нариги маҳалладанман. Асадбек ўғлингиз экан. Уларда гапим бор эди.
— Ҳа, тинчликми? Тошкентга ишлагани кетувди. Энди оилани боқишни ўзи бўлмайди, учта боласи бор, ўзи нима гап?
— Нима дейишга ҳам ҳайронман. Ўғлингиз қизим билан Тошкентга бирга ишлагани борган экан. Унга уйланмаганман, деган экан. Шунга улар шўхлик қилиб қўйишган…
Вазиятга ойдинлик киритилгач, фарзандларининг ўйламай босган қадами иккала онани ҳам гангитиб қўйди. Бу орада ҳомиладор Моҳира йўлини қилиб, Асадбекни холасиникига чақириб, шу ерда у билан учрашди. Унга тезроқ тўй қилишини айтиб, йиғлаб-сиқтади, ялиниб-ёлворди.
— Албатта, мен гапимдан қайтмайман, сенга уйланаман. Аммо биласан, бунга бироз пул керак. Холангнинг пули борми?
Орадан уч-тўрт кун ўтиб, холаси жавон тортмасига солиб қўйган пулини қидира бошлади, аммо топа олмади. Моҳиранинг кўнглига шубҳа оралади. Холаси пули ўғирлангани ҳақида Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Бундан қўрқиб кетган Асадбек яна Моҳира билан учрашиб, ушбу ўғирликни ўз бўйнига олишини, шунда у қамоққа тушмаслигини, Моҳира ҳомиладор бўлгани сабабли унга енгиллик берилишини айтди.
— Сен ҳечам хавотир олма, албатта, ҳамма пулларини тўлаб бераман, — деди Асадбек ўйланиб қолган Моҳирага.
Моҳира холасини ҳаммасидан хабардор қилгач, Асадбек ўғирланган пулнинг ярмини қайтариб берди. Аммо ҳолат бўйича жиноят иши очилгани сабабли, суд Асадбекка уй қамоғи жазосини тайинлади.
Бу орада Моҳира ўғил фарзандли бўлди. Унинг қалбини ҳам қувонч, ҳам қўрқув қамраб олган эди. Энди нима қилади? Туққанидан бери Асадбек қорасини ҳам кўрсатмади. Муҳаббат опанинг қистови билан ниҳоят фарзандини кўргани келган йигит, бола ундан эмаслигини айтиб, гапида туриб олди. Моҳира фақат шундагина қай даражада ўйламай қадам босиб, ўзининг, янги дунёга келган фарзандининг ҳаётини барбод этганини англаб етди.
Неварали бўлганини эшитган Моҳиранинг дадаси бу “хушхабар”ни эшитиб, жаҳлини жиловлай олмади. Қизининг, хотинининг бошида калтак синди. Охир-оқибат қизини “кўчадан орттирган боланг билан сенга уйимда жой йўқ, йўқол, даф бўл” деб, ҳайдаб юборди.
Кўчада тентираб юрган Моҳирани маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Жиззах вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келганида, Моҳира кучли стрессда, ўта тушкун аҳволда эди.
Назифа Камолова раҳбарлик қилаётган Марказ психологи ёш жувоннинг руҳий ҳолатини тиклаш учун қатор психологик машғулотлар ўтказди. Ҳали бир ойлик ҳам бўлмаган чақалоқнинг соғлиғидаги салбий ўзгаришлар сабабли, она-бола зудлик билан касалхонага ётқизилди. Марказ ҳуқуқшуноси эса, Моҳиранинг фарзандига алимент ундириш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судга ариза ёзишига ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашди. Шунингдек, Ғаллаорол тумани ИИБ тергов бўлимига Асадбекка нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси бўйича тергов ва суриштирув ҳаракатлари бошланди.
Моҳиранинг келгуси тақдири эндиликда атрофдагилар, ота-онаси ва ўзига боғлиқ. Бирор касбни эгаллаб, фарзандининг етук инсон сифатида тарбиялашига ота-онаси ёрдам берса, Моҳира қилган хатосидан тўғри хулоса чиқарса, албатта унга ҳам келгусида бахт кулиб боқади.
Ушбу воқеа болалар учун ота-оналарнинг меҳри ва муҳаббати кераклиги нақадар муҳим эканидан далолат беради. Ёш бола ота-онаси билан маслаҳатлашиши, ҳаётида содир бўлаётган барча ҳодисалар ҳақида юрагини очиб гаплаша олиши, сирларини тортинмасдан айтиб йўл-йўриқ сўраши учун, у энг аввало онаси ва отаси билан ўзаро ишончга асосланган муносабатларни қуриши лозим. Фақат ана шундай шароитдагина, ота-оналар фарзандлари билан дўстона мулоқот қилиш орқали уларни кўплаб муаммолар ва хатолардан қутқариб қолишлари мумкин.
Наргис Қосимова

Улашинг: