681

НУРХОН

Кўринишидан 14 ёки 15 ёшлар чамаси, эгнида узунасига қат-қат бурмали юбка, оқ шойи кўйлак, бошида дўппи ва лакланган қора туфлидаги бу марғилонлик қизалоқ ҳаётини нафис санъатга бағишлаган. Рақснинг сеҳрли оғушида у яқинлари ва жамоатчилик томонидан ўзига ола қарашларни, хатти-ҳаракатларини қоралашларини буткул унутган. Қиз бола ҳам рақсга тушадими? Қандай шармандалик! Қизалоқнинг ёши аллақачон 12 дан ошган. Демак, паранжи ва чачвон ёпинмоғи лозим. Кейин эса эрга бериш керак. 

Нурхон Юлдашхўжаева жамиятда “ножоиз” хатти -ҳаракатлари билан “ном” қозонди. У уйидан қочиб кетиб, Муҳиддин Қори Ёқубовнинг ўзбек мусиқа театри труппасига аъзо бўлди ва биринчи ўзбек раққосасига айланди. 1928 йилдаги суронли даврларда босмачилар ва эркакларнинг консерватив қисмига “тош отиш” билан баробар бўлган паранжидан воз кечиш ва раққосалик касбини танлаш ўта катта жасорат эди. Фақатгина жадидлар ва шўроларгина аёллар эмансипацияси (хотин-қизларни эркинликка чиқариш) тарафдори эдилар.

Нурхон учун гастроллар абадийдек туюларди. 1928 йили Нурхон аъзо бўлган театр труппаси қиз туғилиб ўсган уйнинг яқинида томоша кўрсатарди. Спектаклдан сўнг марғилонлик қизалоқ холасини кўргани борди. Холаси жиянини кўриб, унинг қучоқлаб ўпди-да, уйига таклиф этди. Бироздан сўнг қаердандир Нурхоннинг акаси Соли кириб келди. Холаси Нурхонга қараб, “Нурхон, сен ҳам кир ичкарига, шаҳарда ўрганган рақсларингдан ўйнаб бер”, деди. Нурхон хонага кириши билан Соли эшикни ичкаридан тамбалаб, бехосдан қўйнидан пичоқ чиқарди-да, қизнинг танасига бир неча бор аёвсиз тиғ урди. Шовқин-суронни эшитиб, хонага ёпирилиб кирган меҳмонлар Нурхоннинг қонга беланган жонсиз танасини кўриб, карахт бўлиб қолишди. Ўшанда қиз атиги 16 ёшда эди…

Кейинчалик маълум бўлишича, Солини синглисини ўлдиришга ўзининг йўриғига юрмасдан, раққосалик касбини танлаган қизини кечирмаган отаси мажбур қилган экан. Отани эса, бу қотилликка мулла Камол ва мингбоши ундашган. Кейинчалик бу ҳақда милицияга айбини тан олиб келган Солининг ўзи сўзлаб берган. Суд йигит ва унинг отасига ўлим, қолганларга эса узоқ йиллик сургун жазосини тайинлаган.

Нурхон фоижиали тарзда ҳалок бўлган куннинг эртасига Марғилоннинг асосий майдони қиз билан видолашишга чиққан одамлар билан лиқ тўлди. Унинг жасади солинган тобут баланд минбарга қўйилди. Аёллар қотилни қарғаб, тобут олдида паранжиларини ечишди.

16 ёшли раққоса қиз 1927 — 1929 йиллар оралиғида ўлдирилган, “Ҳужум” ҳаракати тарафдорлари бўлган икки минг нафарга яқин хотин-қизларнинг бири эди. Бу ҳам аниқланган рақамлар холос. Эрк ва озодликка интилган хотин-қизларнинг баъзиларини аёвсиз тошбўрон қилишган бўлса, бошқаларини майдоннинг ўртасида ваҳшийларча сўйишган, яна айримлари ўз оталарининг қўлида нобуд бўлган.

Мазкур фактларни Марианна Кэмп The New Woman of Uzbekistan китобида келтириб ўтади. Тарихчининг ёзишича, хотин-қизлар эмансипацияси фақатгина паранжидан воз кечиш билан тугамаган. Биринчи галда бу аёлларнинг эрк ва озодлиги учун ўзига хос чақириқ эди. “Ҳужум” ҳаракати муваффақиятли бўлганми ёки йўқ, бу ҳануз баҳсли мавзу.

Мазкур пост дин ёки диний либослардан воз кечиш учун ёзилмади. Ҳар бир инсон ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, қандай касб танлашни ва қанақа либос кийишни ўзи танлайди. Аммо ҳар биримиз ўзбек хотин-қизлари бугунги замонавий ҳаётни қуриш йўлида қандай қурбонликлар беришганини асло унутмаслигимиз лозим.

Рус тилидан Наргис Қосимова таржимаси

 

Улашинг: