520

Аёлнинг на борар жойи, на  суянадиган  елкадоши йўқ эди…

Хуринисо Камалова раҳбарлик қилаётган Бухоро вилояти реабилитация ва мослаштириш марказида  2019 йил сентябрь ойидан буён яшаб келаётган ногиронлиги мавжуд  Роҳила (исмлар ўзгартирилган)нинг иродаси, яшашга интилиши  тўрт мучаси соғ бўла туриб,  ҳаётдан нолийдиган инсонларга ибрат бўлишга арзигулик. Бу даргоҳга келган инсонларнинг барчаси ҳаётнинг оғир сўқмоқларида қоқилиб, яқинларидан озор чекиб келган одамлардир.  Роҳила олий маълумотли, касби бўйича  муҳандис-технолог.  Аммо аёл ўз касби бўйича деярли ишламади.  Уч  қиз ва бир ўғилни ёлғиз вояга етказган онаси, ҳаётинг аччиқ зарбалари оқибатида бедаво дардга чалингач, ҳаётини волидасига қараш учун бағишлади. Бунинг устига тез орада акасида ҳам саратон касаллиги топилди. Опаси Хоразм вилоятига, синглиси  Бухоро шаҳрида турмушга чиққач, онасига қараш учун акасининг оиласи билан бирга яшай бошлади.  Аммо муолажалар таъсир қилмади, онаизор  вафот этди.

Шу кундан бошлаб  келин ойиси Роҳилани  чиқиштирмай, оиланинг барча кўргуликларида  қайинсинглисини айблади. “Ўтирса упоқ, турса супоқ” деб,  хаттоки эрининг касаллиги бўлишига Роҳилани сабабчи қилди. Акаси дардни енга олмай, вафот этгач, энди аммасини онасига  қўшилиб жиянлари ҳам уйдан чиқиб кетишини талаб қилишди.  Орқама -кетин жигарларини йўқотган, деярли уларга ўз умрини бағишлаган Роҳила  бир пайтлар ўзи ишлаган собиқ “Бухоротекс” АЖнинг ётоқхонасига қайтиб боришга мажбур бўлди. Аммо онаси касал бўлгунга қадар турган хонасини бошқалар аллақачон эгаллаб бўлишган эди. Роҳила ётоқхонадаги хона ўзининг номида бўлса ҳам, улар билан тортишиб ўтирмади. Ёш оиланинг фарзанди борлигини кўриб, индамай ётоқхондан чиқиб кетди. Энди қаерга боради? Нима қилади?

Яқинларини йўқотиш, оиласининг йўқлиги,  доимий камситишлар, стрессда бўлиш ўз ишини қилган эди. Роҳила аввалига тез-тез ҳушидан кетадиган бўлди, кейин эса тинимсиз бош оғриқлар оқибатида 2-гуруҳ ногиронига айланди. Аёлнинг на борар жойи, на  суянадиган  елкадоши йўқ эди. Яхшиямки  кўчада қолган Роҳилага “Ойдин нур” маркази ходимлари  ёрдам қўлини чўзишди. 2019 йил сентябригача марказ қошидаги бошпанада яшагач, Бухоро шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб -қувватлаш бўлими томонидан Реабилитация марказига олиб келинди.

Реабилитация маркази  психологи З.Саидова Роҳила билан анча ишлади. Энг аввало аёлнинг ҳаётга бўлган ишончини қайтариш зарур эди. Иккинчиси эса турар-жой муаммоси. Маълумки, Реабилитация маркази уйсиз қолган юртдошларимизни вақтинчалик бошпана билан таъминлайди, холос.

Марказ ходимлари ёрдамида Роҳила вилоят хокимлиги, прокуратурага кам таъминланганлар учун ажратиладиган уй беришларини сўраб, бир  неча маротаба мурожаат қилди. Аммо ҳар сафар “Номингизда ётоқхонада хона бор, ўша ерда яшашингиз мумкин” деган рад жавобини олди. Шундай бўлсада умидсизликка тушмай, Меҳнат ва бандлик бошқармаси томонидан ажратилган тикув машинасида бир тадбиркор билан меҳнат шартномасини тузиб, қоплар тикишга киришди. Бунинг учун  Реабилитация маркази унга  алоҳида хона ажратиб берди.

Бугун Роҳила ўз меҳнати билан бир хонали бўлсада уй олишига ишонган ҳолда  ҳаракат қилаётир. Ажаб эмас,  вилоят хокимлиги аёлга раҳми келиб, уй билан таъминласа…

Биз албатта Роҳиланинг кейинги ҳаёти билан ўқувчиларимизни хабардор қилиб борамиз. Балки Роҳила ҳақиқатан ҳам ётоқхонага бориб яшагани маъқулдир? Сиз нима дейсиз?

Наргис Қосимова

Улашинг: