Сожида (исмлар ўзгартирилган) оддий оилада катта бўлди. 19 яшар қизнинг, ягона укаси каби келажакдаги орзулари бисёр. Ҳар бир қиз сингари у ўқишни, ўзи севган кабини эгаллашни, оиа қуриб, бахтли бўлишни истарди. Аммо ҳеч қачон турмушга чиққач, эри томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраши мумкинлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди.
19 ёш инсоннинг энг гўзал фасли. Айниқса бу пайтда қизи бор уйнинг эшиги кунора совчилар томонидан тақиллайди. Сожиданинг уйида ҳам совчиларнинг оёғи узилмай қолди. Охирги Сожидани сўраб келганлар унинг ота-онасига ёқди, аммо қиз ҳали оила қуришни истамас, ўқишни хоҳлар эди. Совчилар кетиб, онаси бўлажак куёвни қизига таърифлар экан, Сожида онасига жаҳл қилди:
-Ойи, мен ҳали эрга тегмайман, ана куёв шунчалик яхши бўлса, унга ўзингиз тегинг.
-Вой, эси йўқ қиз, бу нима деганинг, аёлнинг бахти оилада. Ҳали ўқишингга ҳам улгурасан. Бунинг устига улар ўқитаман дейишаяпти.
Сожида жаҳл билан эшикни ёпиб, уйдан чиқиб кетди. Кўчада бемақсад кетар экан, кўзидан қуйилаётган ёшни тўхтата олмади. “Нега ота-онаси уни тушунмайди?”
-Нега йиғлаяпсиз? Биров хафа қилдими?
Сожида ёқимли овоздан кўз ёшларини артиб, бошини кўтарди. Ёнида келишган, ўзига қараб турган йигитни кўриб, жилмайишга ҳарракат қилди.
-Йўқ, ўзим…
-Одам ўзидан ўзи йиғламайдику, айтинг балки ёрдам берарман?
-Ёрдам бера олмайсиз. Совчилар келди. Аммо…Аммо мен эрга тегишни истамайман…
Шу учрашув Сожиданинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Энди улар Дониёр билан тез-тез учрашиб туришар, қиз унга ҳамма нарсани айтар, ўз навбатида ўзини қўллаб-қувватлайдиган, тушунадиган дўст топганидан хурсанд эди. Орадан кўп ўтмай, Сожида Дониёрни севиб қолганлигини тушунди. Унинг кўз ўнгида доимо жилмайиб турган Дониёр гавдаланар, кечаю-кундуз йигитнинг сиймоси хаёлидан кетмасди.
Бу орада Сожиданинг ота-онаси қизини узатиш учун тўй тараддудини бошлаб юборишди. Агарда ўзининг севган йигити борлигини ҳозир айтмаса, кейин кеч бўлишини тушинган Сожида, ниҳоят онасига ёрилди. Она доимо фарзандини бахтли кўришни истайди. Сожиданинг онаси ҳам қизини тушинди. Унинг ёнини олиб, отасини бўлажак қудалар биан келишувни бекор қилишга кўндирди. Кичкина, аммо чиройли тўй бўлиб ўтди. Сожида бахтиёр эди. Энди у Дониёр билан доимо бирга бўлиши, кечаю-кундуз унинг нигоҳларига тикилиб ўтириши мумкин эди. Аммо тўйдан кўп ўтмай, Дониёр ўзгарди. Бошида эрининг қўпол муомаласига ёш келинчак эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Оилада қизалоғи дунёга келгач ҳам аҳвол ўзгармади. Дониёр асосан хўроз уриштириш орқали даромад қиларди. Уйда фақат қайнотаси бўлиб, кейинчалик Сожида қайнонаси ўзининг жонига суиқасд қилганлигини билди. Уйдаги бор юмушлар- овқат пишириш. Уй тозалаш, кир ювиш, ҳовли, боғ ишлари, туни билан ёш болага қараш, хўрозларни парваришлаш ҳаммаси Сожиданинг бўйнида эди. Эри эса унга тобора кам эътибор берар, асосан хўрозлари билан машғул эди. Хўрозлар хаттоки уларнинг ётоқларида хам юришарди. Агарда Сожида уларни қувса жанжалнинг остида қолишдан келинчак чўчиб қолганди. Куз келди. Энди тетапоя бўлаётган қизалоғи шамоллаб қолди. Ҳарорати бланд қизининг дардига қай тарзда малҳам бўлишини билмаётган Сожида эридан боласини шифокорга олиб бориш учун пул сўради.
-Ана бор онангдан сўра. Бу пул хўрозларнинг овқатига…
Сожиданинг нима қилишни билмай, боши қотди. “Тез ёрдам” чақирай деса улар турган қишлоқда бундай хизматнинг ўзи йўқ. Амаллаб қизининг иситмасини тушириб, эрталаб қайнотасидан пул сўрашга жазм қилди. Аммо қайнотаси эрталаб тонг саҳарда, қаёққадир кетганини билиб, кайфияти тушиб кетди. Яна эрига ёлворди:
-Дадаси илтимос озгина пул беринг. Муҳаббатнинг иситмаси тушмаяпти..
-Битта шу болага қаролмасанг, қанақа онасан? Йўқол кўзимдан.
-Дадаси, илтимос..
Эрталабдан хўроз жангида хўрози ютқизгани учун аламини кимдан олшни билмай юрган Дониёрнинг кўзига шу топда ҳаммасига шу хотини айбдордек кўриниб кетди. Қизи учун яна пул сўраганида уни итариб юбориб, қўлига илинган болға билан унинг оёғига урди. Оғриқдан чинқириб юборган Сожида яна уриш учун қўл кўтарган, эрининг қўлига ёпишди. Аммо калтаклардан ҳушини юқотиёзгач, амаллаб уйга кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олди.
Кечқурун эри хўроз жангига кетгач, шоша-пиша нарсаларини йиғиб, қизини кийинтирганича, оқсоқланиб, йўлга отланди. Онаси қизиннг аҳволини кўриб, даҳшатга тушди.
Дониёр бир неча маротаба Сожидадан кечирим сўраб, уйга қайтишни илтимос қилди. Жанжалга маҳалла фаоллари аралашди. Аммо бу сафар Сожида ҳамда ота-онасининг қарори қатъий эди. Сожиданинг ўзи ҳам бир пайтлар жонидан ортиқ севган, аммо ҳаёт унга Дониёрнинг иккинчи “юзи”ни кўрсатган эркакнинг олдига боришни истамасди.
Дамира Тўхтасинова раҳбарлик қилаётган Фарғона вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказида Сожидага психолог Умида Марасулова ёрдам қўлини чўзиб, ёш жувон билан узоқ ишлади. Аммо Сожида жуда кучли стресс ҳолатида бўлганлиги сабабли, у даволанишни психиатрда давом эттирди. Уч ой муолажалардан сўнг ўзига келган аёл, қизини боғчага бериб, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун тайёрлана бошлади. Энди у албатта психолог бўлиш ниятида. Сожида уни қийин пайтда қўллаб- қувватлаган Реабилитация ва мослаштириш маркази ходимларидан миннатдор. Тез-тез қўнғироқ қилиб, психолог билан маслаҳатлашиб туради.
Наргис Қосимова