488

“…Қизини излаган Мунира Зоҳиданинг аҳволини кўриб, даҳшатга тушди…”

Бу ёруғ дунё ажиб яралган: кимдир биттагина тирноққа зор, яна кимлардир ширин-шакар фарзандлари бўла туриб, уларнинг қадрига етмайди. Кўпчилик ҳолатларда эрлар ва қайноналар, бошқа яқин қариндошлар томонидан ўғилни қиздан устун қўйиш, қиз туғилса оилада жанжал-тўполон кўтариш “анъана” тусига кирган, ҳаттоки шу можаро туфайли ажрашишларга бориб етилмоқда.

Зоҳиданинг (исмлар ўзгартирилган) ҳам болаликдаги аччиқ хотиралари отасининг доимо онасини ҳақоратлаб, «ўғил туғмадинг, ичинг тўла қиз сени, фақат қиз туғасан» деган жанжаллари билан боғлиқ. Эндигина 38 ёшни қоралаган онаси Мунира эри билан биргаликдаги турмуши давомида бир биридан ширин ва гўзал Зоҳида, Зулайҳо, Заҳроларни дунёга келтирди. Бироқ, ўғил туғмаганидан доим юзи тунд, қовоғи солиқ Даврон барибир аёлига кун бермасди.

Уйдаги уруш-жанжаллардан юраги безиллаб қолган Зоҳида иложи борича мактабдан уйга кеч қайтишга ҳаракат қила бошлади. Ўртоқлари билан истироҳат боғига бориб кечгача айланар, уларнинг вақти йўқлигида эса, бир ўзи бемақсад кўча-кўйларда санғирди. Аввалига бунга у қадар эътибор бермаган Мунира, бора бора қизининг доим кеч келаётганидан хавотирланиб, унга танбеҳ бера бошлади. Отасининг қизларини ёмон кўришидан кўнгли оғриб юрган, эндигина балоғат ёшига қадам қўйган қиз бор аламини онасидан олди. “Мени яхши кўрмайсизлар, унда нега туғдингиз?” дея, йиғлаганича уйдан чиқиб кетди. Зоҳида ўй-хаёллари билан андармон бўлиб, тушкун кайфиятда анчагина кўча кезиб, доимо ўртоқлари билан айланиб юрадиган истироҳат боғига келиб қолганини сезмай ҳам қолди.

— Яхши қиз, танишамизми? Бир ўзингиз қўрқмайсизми, бу ерларда юргани?

Қўққисдан қаршисидан чиқиб қолган 4-5 нафар йигитни кўриб, Зоҳида бироз довдиради.

— Вой, сизни ким хафа қилди? Қани айтинг, ўзимиз таъзирини бериб қўямиз, тўғрими, болалар? – йигитларнинг бири унга гап отиб, ёнидаги шерикларига кўзини қисиб қўйди.

— Илтимос, мени тинч қўйинглар. Мен уйга кетаяпман, – Зоҳиданинг овози қалтираб чиқди.

— Йўқ, йўқ, шундай чиройли қиз бир ўзи кўчада юриши яхшимас. Ўзимиз кузатиб қўямиз.

Зоҳида бирданига ўзига ташланиб, оғзини қўли билан маҳкам ёпиб, буталар орасига судраб кетган зўравонлар олдида ожиз қолди. Қанчалик қаршилик кўрсатмасин, типирчилаб, юлқиниб уларнинг қўлидан чиқиб кетишга уринмасин, айнан кучга тўлиб, ҳирсини жиловлай олмаган йигитларнинг чангалидан қутула олмади…

Тонг отар маҳал уйига келганида, туни билан мижжа қоқмай, қизини излаган Мунира Зоҳиданинг аҳволини кўриб, даҳшатга тушди. Амаллаб қизидан нима бўлганини сўраб олди. Аввалига ёпиқ қозонни ёпиқлигича қолдирмоқчи бўлди-ю, аммо эртаси куни Даврон Зоҳидани кўриши билан уни фоҳишаликда айблаб, унга қўл кўтарганини кўриб, фикридан қайтди. Зоҳидани етаклаб ҳуқуқ-тартибот идорасига олиб борди. Улар берган ариза асосида тез орада жиноятчилар қўлга олиниб, мазкур иш юзасидан жиноят ишлари бўйича Кармана тумани судида суд мажлиси бўлиб ўтди. Жиноятчилар қилмишларига яраша жазо олишди.

Аммо бу билан оиладаги жанжаллар тўхтамади, аксинча, бадтар авж олаверди. Энди Даврон хотинини қизларини беҳаё, фоҳиша қилиб тарбиялаётганликда айблаб кўз очирмас, уни доим уриб-калтакларди. Бунинг устига спиртли ичкиликка муккасидан кетди, кунда кунора уйга маст бўлиб келадиган одат чиқарди…

…Ўша куни ҳам уйга маст ҳолда келган Даврон ичкарига кириши биланоқ туфлисини ечишга ёрдамлашмоқчи бўлган Мунирани тепиб юборди. Онасининг дод-войини эшитиб югуриб чиққан қизларини ҳам аёвсиз ҳақоратлай кетди. Ўғли бўлганида ҳаёти бошқача бўлишини, “фоҳишалар” қуршовида яшамаслигини айтиб сўкинди, сўнг турткилай-турткилай қоронғу кўчага аёли ва қизларини ҳайдаб чиқарди.

Мунира изиллаб йиғлаётган қизларини қучоқлаганича анчагина кўча юзида туриб қолди. Кеч кирганида пулсиз қаерга боради? Ота-онаси бошқа шаҳарда туришади. Бу ерда на акаси бор, на укаси, на бошқа бир яқин одами.

Шунда беихтиёр дугонаси айтиб берган, қийин вазиятда қолган хотин-қизларга ёрдам бериб келаётган Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази ёдига тушди. Вақтинча бошпана сўраб, ариза билан мурожаат этганида Мўътабар Ҳасанова раҳбарлик қилаётган Марказ ходимлари аёлни қизлари билан қабул қилиб олишди. Муниранинг ҳолати марказ психологи Ш.Рўзиқулова, ҳуқуқшуноси Р.Явакчов томонидан ўрганиб чиқилди ва муаммо ҳал этилгунга қадар 2020 йил 18 августдан, 2020 йил 4 сентябргача Хатирчи туманидаги бошпанага жойлаштирилди. Мунира ва қизларига биринчи тиббий, сўнг психологик ёрдам кўрсатилди. Унинг турмуш ўртоғи билан профилактик суҳбатлар олиб борилди. Муниранинг олдида ўзига азоб бериб келган эри билан ажрашиш ёки ярашиш йўли турарди. Мунира иккинчи йўлни танлади…

Афсуски, аёлларнинг кўпчилиги ўз ҳаётини эмас, фарзандларининг келажагини, бахту иқболини ўйлашади. Мунира  оғир  иккинчи йўлни танлади, Даврон билан ярашиб, уйига қайтди.

 

Наргис Қосимова

Улашинг: